Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1996 й. 278-I-сон "Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуни

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1996 й.

N 278-I



ШАҲАР ЙЎЛОВЧИЛАР ТРАНСПОРТИДАН

БЕПУЛ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАРТИБГА

СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи фақат:

1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;

1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;

1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;

Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;

ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;

Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;

ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар учун ва ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсга сафарларда ҳамроҳлик қилувчи шахс учун сақлаб қолинсин.

2. Қуйидаги қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

1992 йил 9 декабрда қабул қилинган "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 1, 29-модда) 52-моддаси тўртинчи қисмининг;

1993 йил 7 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган "Соғлом авлод учун" ордени тўғрисидаги Низомнинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 6, 257-модда) 4-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошисининг ва 5-моддаси биринчи қисми иккинчи хатбошисининг;

1994 йил 5 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони тўғрисидаги Низом (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 5, 113-модда) 6-моддаси иккинчи қисмининг;

1995 йил 24 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари фаолиятининг таъминоти тўғрисидаги Низом (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 4, 30-модда) 9-моддаси биринчи қисмининг;

1995 йил 6 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 6, 114-модда) 27-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларининг шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишга доир қисмлари.


3. Ушбу Қонун 1996 йил 1 сентябрдан эътиборан кучга киритилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1996 й., N 9, 141-модда