Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2009 й. 207-сон "Давлат солиқ хизмати органларининг маълумотлар узатиш тармоғини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.07.2009 й.

N 207



ДАВЛАТ СОЛИҚ ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИНИНГ

МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ ТАРМОҒИНИ ЯНАДА

МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Солиқ тўловчиларга ахборот хизмати кўрсатишни ва давлат солиқ хизмати органларининг ахборот тизимини янада такомиллаштириш, маълумотлар узатиш тезлигини ошириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш асосида тармоққа рухсатсиз уланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 4 августдаги 157-сон қарори билан тасдиқланган 2006 - 2010 йилларда солиқ тўловчиларга ахборот хизмати кўрсатиш ва давлат солиқ хизмати органларининг ахборот тизимини такомиллаштириш дастурига мувофиқ:

алоқанинг йўлдош тизими базасида маълумотлар узатиш тармоғидан алоқанинг оптик тола линиясига асосланган ерусти алоқа каналлари асосида яратиладиган корпоратив тармоққа босқичма-босқич ўтишни назарда тутадиган "Ўзбектелеком" АК коммуникациялари тармоғи базасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар узатиш корпоратив тармоғини модернизация қилиш" инвестиция лойиҳаси белгиланган тартибда ишлаб чиқилгани, ваколатли органларда экспертизадан ўтгани ва унинг дастлабки техник-иқтисодий ҳисоб-китоби тасдиқланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан маълумотлар узатишнинг корпоратив тармоғини модернизация қилиш учун технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш ва монтаж қилишга тендер ўтказилганлиги ва унинг якунлари бўйича тендер ғолиби "ТехноСерв АС" МЧЖ (Россия Федерацияси) билан 3980 минг АҚШ доллари суммасига контракт тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўтказилган тендерларни ҳисобга олган ҳолда "Ўзбектелеком" АК коммуникациялари тармоғи базасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси маълумотлар узатиш корпоратив тармоғини модернизация қилиш" инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхат бўйича давлат солиқ хизмати органлари маълумотлар узатиш корпоратив тармоғини модернизация қилиш учун зарур бўлган, четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, буюмлар ва материалларга божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинсин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                               И. Каримов