Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2003 й. 5-сон "Маъмурий-бошқарув ходимлари сонини қисқартириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.01.2003 й.

N 5



МАЪМУРИЙ-БОШҚАРУВ ХОДИМЛАРИ

СОНИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Бошқарув аппарати тузилмасини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, маъмурий-бошқарув ходимлари сонини мақбуллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг, Молия вазирлигининг 2003 йил 1 январдан бошлаб:

вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталарининг ҳамда улар тасарруфидаги давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган муассасалар ва ташкилотлар маъмурий-бошқарув аппарати ходимлари сонини 1-иловага* мувофиқ;

республика вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари лавозимларини 2-иловага мувофиқ;

уюшмалар, концернлар, корпорациялар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг хўжалик ҳисобидаги фаолияти ҳисобига маблағ билан таъминланадиган маъмурий-бошқарув аппаратини 3-иловага мувофиқ қисқартириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Ҳудудларнинг агросаноат комплекслари котибиятлари тузилмасини тартибга солиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг кўрсатиб ўтилган котибиятларида ходимлар сони 2 нафарга, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимликларида эса 1 нафарга қисқартирилсин.


3. Вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, уюшмалар, концернлар, корпорациялар, компаниялар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бошқарув аппарати ходимлари сонини 2003 йил 1 январдан бошлаб қисқартириш бўйича белгиланган топшириқларнинг бажарилишини таъминласинлар;

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари билан биргаликда бўшаб қоладиган ходимларни ишга жойлаштириш масалаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2003 йил бюджетини шакллантиришда бюджет ташкилотларида бошқарув аппарати ходимлари сонининг қисқартирилиши муносабати билан бўшайдиган маблағларнинг моддий-техникавий базани мустаҳкамлашга ва юқори малакали ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилишини назарда тутсин;

бюджет муассасалари ва ташкилотларининг штат жадвалларини ҳамда харажатлар сметаларини рўйхатдан ўтказишни бошқарув аппарати ходимларининг ушбу қарорда белгиланган чекланган сонига қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг  Бош вазири Ў.Т.Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                      И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.