Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.05.1993 й. ПФ-601-сон "Ижодкор ёшларнинг "Истеъдод" республика жамғармасини тузиш ҳақида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

04.05.1993 й.

N ПФ-601



ИЖОДКОР ЁШЛАРНИНГ "ИСТЕЪДОД"

РЕСПУБЛИКА ЖАМҒАРМАСИНИ

ТУЗИШ ҲАҚИДА


Адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳаларида истеъдодли ёшларни излаб топиш, уларнинг ижод салоҳиятини Ватанимиз мустақиллиги ва халқимиз маънавиятини мустаҳкамлаш, бойитишга йўналтириш, уларга ғамхўрлик кўрсатишни замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида:


1. Ижодкор ёшларнинг "Истеъдод" республика жамғармаси тузилсин. Жамғарманинг асосий вазифалари этиб:

- мавжуд таълим-тарбия тизимларида махсус ўқув дастурларини мувофиқлаштиришда иштирок этиш;

- жойларда иқтидорли ёшларни турли мақбул шаклларда синов, танлов-кўриклар воситаларида аниқлашга алоҳида эътибор қаратиш;

- халқ ижодиёти ва амалий санъат турларини ривожлантиришда фаол қатнашиш;

- иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ва камол топишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;

- ёш ижодкорлар асарлари нашри, намойиши ва кенг тарғиб этишда ҳомийлик қилиш кабилар белгилансин.


2. Жамғарманинг молиявий, моддий-техникавий негизини яратиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 250 миллион сўм пул ажратилсин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва барча вилоят ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар мазкур жамғарма фаолиятини маънавий ҳамда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чораларини кўрсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тегишли вазирликлар, ташкилотлар ва ижодий уюшмалар билан келишган ҳолда бир ой муддат ичида мазкур Фармонни рўёбга чиқаришни ташкилий жиҳатдан таъминлаш учун қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси", 1993 й., 4-сон, 181-модда