Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.05.2006 й. 75-сон "Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда кўздан кечириш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.05.2006 й.

N 75



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ ОРҚАЛИ ОЛИБ

ЎТИЛАЁТГАНДА КЎЗДАН КЕЧИРИШ

МАЖБУРИЙ БЎЛГАН ТОВАРЛАР

РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятини ташкил этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2006 йил 9 мартдаги ПҚ-302-сон қарори 12-бандини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда кўздан кечириш мажбурий бўлган товарлар рўйхати иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

республиканинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва кўрсатиб ўтилган Рўйхатга киритилган товарлар юк божхона декларациялари тақдим этиш жойларида пухта кўздан кечирилишини таъминласин;

товарлар республиканинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда уларни божхонада кўздан кечиришни амалга оширишнинг самарадорлиги юзасидан доимий мониторинг ўрнатсин.


2-1. Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган Рўйхатга киритилган товарларни чегарадош божхона постларида кўздан кечирилиши қуйидаги ҳолларда:

товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ўзаро бир-бирига мувофиқ бўлмаган ёхуд ташилаётган товарларнинг тўлиқ номи ва кодлари Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ камида 6 та белги даражасида кўрсатилмаганда;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

транспорт воситасининг юк бўлмасига бевосита (эркин) кириш имконияти мавжуд бўлганда;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига республиканинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки республика давлат бошқаруви бошқа органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан олинган божхонада кўздан кечиришни амалга ошириш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда;

давлат божхона хизмати органлари ходимларида божхона қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида асосли гумони мавжуд бўлганда мажбурий тартибда амалга оширилади.

Бунда кўздан кечириш давлат божхона хизмати органи ходимининг билдиргиси асосида ҳамда божхона пости бошлиғининг ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахснинг ёзма рухсати билан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда кўрсатиб ўтилган Рўйхатга экспорт-импорт операциялари тенденцияларига кўра ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 19-сон, 162-модда.