Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудуди орқали халқаро транзит тартибида ташиладиган акциз солиғига тортилувчи товарлар учун божхона тўловларини Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига тўлаш Тартиби (ЎзР ВМ 12.11.1997 й. 509-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 12 ноябрдаги

509-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудуди

орқали халқаро транзит тартибида ташиладиган акциз

солиғига тортилувчи товарлар учун божхона

тўловларини Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

депозит счётига тўлаш

ТАРТИБИ


Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларга акциз маркалари қўлланишни такомиллаштириш тўғрисида" 1997 йил 12 июндаги Фармонига мувофиқ, республиканинг бож олинадиган ҳудуди орқали халқаро транзит тартибида ташиб ўтиладиган акциз солиғига тортилувчи товарлар устидан божхона назоратини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу Тартибнинг амал қилиши транзит тартибида ташишнинг божхона тартибига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида ташиладиган акциз солиғига тортилувчи товарларга, шунингдек, уларни темир йўл, дарё ва ҳаво транспортидан автомобиль транспортига ўтказиш ҳолларида татбиқ этилади.

Мазкур Тартибнинг амал қилиши МДП (МДП Конвенцияси, 1975 йил) китоби қўлланган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясига мувофиқ транзит тартибида ташиладиган акциз солиғига тортилувчи товарларга, шунингдек, транзит тартибида ташиш шартлари Ҳукуматлараро битимларда келишилган товарларга татбиқ этилмайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Тартибда фойдаланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:

транзит товар - божхонанинг транзит тартибига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудуди орқали ташиладиган, божхона тўловлари суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига тўлаш йўли билан уларнинг тўланишини таъминлаш қўлланадиган акциз солиғига тортилувчи товарлар;

ўтказиш пункти - амалда товарни ташиб кириш (ташиб чиқиб кетиш) амалга ошириладиган божхона комплекси ёки божхона пости;

божхонанинг ташиб кириш (ташиб чиқиб кетиш) органи - фаолият кўрсатиш ҳудудида ўтказиш пункти жойлашган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Бошқармаси;

тўловни таъминлаш суммаси - ушбу товар Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудига эркин муомалага чиқарилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига ушбу тўловларни таъминлаш ҳисобига тўланадиган (импорт пошлина, акциз солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган йиғим ва 1998 йил 1 январдан бошлаб - қўшилган қиймат солиғидан иборат бўлган) божхона тўловлари суммаси;

тўловчи - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига тўловни таъминлаш суммасини тўловчи ҳар қандай манфаатдор шахс;

товарлар гуруҳи - битта ўтказиш пункти орқали битта транспортда ёки уларнинг таркибида (колоннада) айни бир вақтда ташиб киритиладиган транзит товарлар.



II. ТРАНЗИТ ТОВАРЛАРНИНГ БОЖХОНА НАЗОРАТИ


2. Транзит товарлар улар Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудига амалда ташиб киритилган вақтдан бошлаб ушбу ҳудуддан амалда ташиб чиқиб кетилган вақтгача божхона назоратида бўлади.


3. Транзит товарларни ташувчи автотранспорт воситалари божхона органларининг ташиб киритиш ва ташиб чиқиб кетишни ўтказувчи пунктларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган автоўтказиш жойлари орқали ўтказилади.


4. Темир йўл орқали ташиладиган транзит товарлар, тўловни таъминлаш суммасини тўламасдан, амалдаги қонунчилик билан белгиланган божхона транзит тартибига қатъий риоя қилинган ҳолда ташилади.

Ташувчининг айби билан божхона транзит тартиби бузилган тақдирда жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тегишли темир йўл корхонаси зиммасига юкланади.


5. Акциз солиғига тортилувчи товарларни транзит тартибида темир йўл транспортида ташиётган жисмоний шахслар тўловни таъминлаш суммасини тўламайдилар.

Транзитнинг божхона тартиби бузилган тақдирда юқорида кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавоб берадилар.


6. Транзит товарлар назоратини товар келтираётган томоннинг божхона органи амалга оширади.



III. ТРАНЗИТ ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНА

ТОМОНИДАН РАСМИЙЛАШТИРИШ


7. Транзит товарларни божхона томонидан расмийлаштириш тўловчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига тўловни таъминлашнинг тегишли суммалари тўлангандан ҳамда бу ҳақда тўлов ҳужжати тақдим этилгандан сўнг Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига тўловни таъминлаш суммаси тўланмаган транзит товарлар келтирилмайди, мазкур Тартибнинг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


9. Транзит товарни олиб чиқиб кетиш божхона органининг ўтказиб юбориш жойига етказиб бериш муддати ва транспорт воситасининг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб қатнов йўналиши товар келтирилаётган божхона органининг ўтказиш пунктида белгиланади.


10. Транзит товар Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудига ташиб келинаётганда белгиланган тартибда юкнинг божхона декларацияси (бундан кейин ЮБД деб аталади) тўлдирилади.

Бунда ЮБД да қуйидаги тўловлар турлари бўйича тўловни таъминлашнинг тўланган суммаси кўрсатилади:

импорт пошлина,

акциз солиғи,

қўшилган қиймат солиғи (1998 йил 1 январдан бошлаб),

жисмоний шахслардан олинадиган йиғим.

Бир вақтнинг ўзида транзит товар тўғрисидаги барча зарур маьлумотлар назорат қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига берилади.


11. Транзит товарни Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудуди ташқарисига амалда ташиб кетишда ЮБД да товарни ташиб кетиш божхона органининг ўтказиш пунктида божхона белгиси қўйилади.

Бунда товарни ташиб кетиш божхона органи томонидан ўзи белгиланган тартибда тасдиқлаган ЮБДнинг нусхалари юкни ташиб келтириш божхона органига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига жўнатилади.


12. Авария содир бўлганда ёки енгиб бўлмас кучлар таъсир қилганда транзит товарлар транспортлардан туширилиши мумкин. Бундай ҳолларда юк ташувчи:

товарларнинг сақланишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришга ва улардан рухсат этилмаган бирон-бир тарзда фойдаланишга йўл қўймасликка;

Ўзбекистон Республикасининг яқин жойдаги божхона органига ишларнинг аҳволи, товар ва транспорт воситаларининг турган жойи ҳақида зудлик билан хабар беришга;

товарларни яқин жойдаги божхона органига ташишни ёки Ўзбекистон Республикаси божхона органининг мансабдор шахсларини товарлар турган жойга етказишни таъминлашга мажбурдир.

Бунда Ўзбекистон Республикаси божхона органлари авария ёки енгиб бўлмас кучлар таъсири оқибатида ташувчи қиладиган бирон-бир сарф-харажатларни ўз зиммасига олмайдилар. Бундай ҳолларда божхона органлари тегишли идораларнинг тасдиқловчи ҳужжатлари асосида товарни Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудидан ташиб кетиш муддатини узайтириш тўғрисида зудлик билан қарор қабул қиладилар, товарлар ташувчининг айбисиз йўқолган ҳолларда эса тўловни таъминлаш суммаларини қайтариш ҳақида қарор қабул қиладилар ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасини ҳамда товарни ташиб кетаётган божхона органини хабардор қиладилар.



IV. ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ДАВЛАТ БОЖХОНА

ҚЎМИТАСИНИНГ ДЕПОЗИТ СЧЁТИГА

ТОПШИРИШ


13. Транзит товарларга нисбатан божхона тўловларини таъминлаш суммаси сифатидаги пул маблағлари тўловчи томонидан Ўзбекнстон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига тўланади.


14. Божхона тўловларини таъминлаш суммаси курси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган эркин алмаштириладиган валютада тўланади.


15. Юридик шахслар томонидан пул маблағларини тўлаш транзит товарлар Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган чегарасидан ўтказилгунгача ёки ўтказилаётган вақтда нақд пулсиз ёхуд пластик карточкалар бўйича, жисмоний шахслар томонидан эса яқин жойдаги банк бўлимига нақд пул тўлаш йўли билан ёхуд пластик карточкалар бўйича амалга оширилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг депозит счётига тўланадиган пул маблағлари, қонунчиликка мувофиқ акциз солиғига тортиладиган товарлар учун белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади.

Агар амалда тўланган пул маблағлари суммаси ЮБДда ҳисобланган суммадан кам бўлса, транзит товарлар ташиб келтирилмайди.


17. Тўловчи томонидан тўлов топшириқномаси ёки товарларнинг ҳар бир гуруҳи учун алоҳида тўлов тўғрисидаги квитанция тақдим этилади. Кўрсатиб ўтилган пул маблағлари бошқа хил тўловлар ҳисобига қабул қилинмайди.

Бунда товарни келтираётган божхона органининг ўтказиш пунктида тўловни таъминлаш суммаси тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатининг нусхаси қолдирилади.


18. Пул маблағлари ўтказиш бўйича тўлов топшириқномасининг "Тўловнинг мақсади" бандида қуйидагилар кўрсатилиши керак "__________ даги _______-сон счёт-фактура бўйича Давлат божхона қўмитаси бошқармасининг _________________ (Қорақалпоғистон Республикаси, вилият, Тошкент шаҳар) ўтказиш пункти орқали _____ даги _____ -сон контракт бўйича _____ миқдоридаги акциз солиғига тортиладиган транзит товарга _________________ нисбатан божхона тўловини таъминлаш.

Пул маблағларни товар эгаси бўлмаган бошқа шахс томонидан тўланган тақдирда, ушбу бандда пул маблағлари қайси шахс манфаатлари учун тўланаётгани қўшимча равишда кўрсатилиши керак.



V. ТРАНЗИТ ТОВАР УЧУН ТЎЛАНГАН

МАБЛАҒЛАРНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


19. Давлат солиқ қўмитасининг депозит счётига пул ўтказган тўловчи транзит товар Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудидан амалда олиб чиқиб кетилгунга қадар уларни тасарруф этишга ҳақли эмас; товарларни ушбу ҳудудга олиб келишни рад этиш ҳоллари бундан мустасно.


20. Транзит товар Ўзбекистон Республикасининг бож олинадиган ҳудудидан амалда олиб чиқиб кетилган ҳолда, бу чиқариб юбориш божхона органи томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси 3 кун мобайнида тегишли банкка тўлов топшириқномаси юборади, унинг асосида ушбу банк таъминлаш тўлови тўланган валютадаги маблағларни тўловчига у кўрсатган счётга ёки пластик карточкаларга ўтказади.

Жисмоний шахс томонидан тўланган таъминлаш тўлови суммаси жисмоний шахс хоҳишига кўра, белгиланган тартибда нақд пул шаклида қайтарилади ёки бу маблағлар бож ҳудудидан чиқиб кетишда пластик карточкаларга ёхуд таъминлаш тўлови валютасида шахсий счётларга ўтказилади.


21. Тўловни таъминлаш суммалари депозит счётида бўлган вақт учун фоизлар ҳисобланмайди.


22. Транзит товарни товар эгасининг ёзма ҳолдаги аризаси бўйича бошқа хил божхона тартиби бўйича жойлаштмришда божхона тўловлари счётига тўланган тўловларни таъминлаш суммаси, қонунчиликка мувофиқ конвертация қилинган суммаларни республика бюджети даромадига ўтказган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига сотилиши керак.


23. Транзит товар товарни ташиб келтирувчи божхона органининг ўтказиш жойида белгиланган муддатда товарни ташиб кетувчи божхона органининг ўтказиш жойигача етказиб берилмаган тақдирда ва товарни ташиб кетиш муддатини узайтириш тўғрисидаги билдириш ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда товарни ташиб кетишнинг белгиланган муддати тугаган кундан бошлаб 30 калеьдарь кун тугаши билан тўловни таъминлаш суммаси мазкур Тартибнинг 22-бандига мувофиқ республика бюджети даромадига ўтказилиши керак.

Республика бюджети даромадига ўтказилган пул маблағлари қайтариб берилмайди.


24. Тўловни таъминлаш тўланган суммаларининг республика бюджети даромадига ўтказилиши божхона қоидаларини бузган шахсни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликдан озод қилмайди.