Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.03.2013 й. 62-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда кўздан кечириш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" 2006 йил 4 майдаги 75-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.03.2013 й.

N 62



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ "ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БОЖХОНА ЧЕГАРАСИ

ОРҚАЛИ    ОЛИБ   ЎТИЛАЁТГАНДА    КЎЗДАН

КЕЧИРИШ МАЖБУРИЙ БЎЛГАН ТОВАРЛАР

РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА"

2006 ЙИЛ 4 МАЙДАГИ 75-СОН ҚАРОРИГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2011 йил 10 августдаги ПҚ-1595-сон ва "Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида" 2013 йил 29 январдаги ПҚ-1913-сон қарорларини бажариш юзасидан, шунингдек божхонада амалга оширилаётган кўздан кечиришлар механизмини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, божхона назоратини амалга оширишда давлат божхона хизмати органлари ходимларининг жавобгарлигини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасининг Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда кўздан кечириш мажбурий бўлган товарлар Рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" 2006 йил 4 майдаги 75-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 4 мартдаги

62-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

"Ўзбекистон Республикасининг Божхона чегараси орқали

олиб ўтилаётганда кўздан кечириш мажбурий бўлган товарлар

Рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" 2006 йил 4 майдаги 75-сон

қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 2-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"республиканинг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва кўрсатиб ўтилган Рўйхатга киритилган товарлар юк божхона декларациялари тақдим этиш жойларида пухта кўздан кечирилишини таъминласин".


2. Қуйидаги мазмундаги 2-1-банд қўшилсин:

"2-1. Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган Рўйхатга киритилган товарларнинг чегарадош божхона постларида кўздан кечирилиши қуйидаги ҳолларда:

товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар ўзаро бир-бирига мувофиқ бўлмаган ёхуд ташилаётган товарларнинг тўлиқ номи ва кодлари Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ камида 6 та белги даражасида кўрсатилмаганда;

божхона назоратининг техник воситаларини қўллаш якунлари бўйича амалдаги маълумотларнинг товарга илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотларга номувофиқлиги аниқланганда;

транспорт воситасининг юк бўлмасига бевосита (эркин) кириш имконияти мавжуд бўлганда;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига республиканинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки республика давлат бошқаруви бошқа органларидан тушган материаллар, шунингдек хорижий давлатларнинг божхона ва бошқа давлат органларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан олинган божхонада кўздан кечиришни амалга ошириш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлганда;

давлат божхона хизмати органлари ходимларида божхона қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида асосли гумони мавжуд бўлганда мажбурий тартибда амалга оширилади.

Бунда кўздан кечириш давлат божхона хизмати органи ходимининг билдиргиси асосида ҳамда божхона пости бошлиғининг ёхуд унинг вазифасини бажарувчи шахснинг ёзма рухсати билан амалга оширилади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 11 март, 10-сон, 127-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 3-сон, 15-модда