Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.06.2016 й. ПҚ-2538-сон "Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.06.2016 й.

N ПҚ-2538




МУБОРАК РАМАЗОН ОЙИНИ МУНОСИБ

ТАРЗДА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА



Бугунги кунда она-юртимиз, Ўзбекистонимизнинг жадал тараққий этиб, барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритаётганини, диёримизда ҳукм сураётган тинч ва осойишта, фаровон ҳаётни, файз ва қут-баракани халқимиз авваламбор Яратганимизнинг чексиз марҳамати сифатида шукроналик ва розилик билан қабул қилмоқда.

Шу борада эл-юртимиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:


1. 2016 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

Мазкур тадбирларни ўтказишда муқаддас Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилишга қаратилган кенг кўламли савобли амаллар ва тарғибот ишлари ташкил этилсин.

Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин.


3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.


4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



"Халқ сўзи", 2016 йил 2 июнь