Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 10.02.2016 й. 16-1303/16066-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

10.02.2016 й.

N 16-1303/16066


(КЎЧИРМА)



Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак


Давлат-тижорат “Халқ банки” (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) билан “Эҳтиётқисмсервис-МТП” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) ўртасида 2009 йил 18 февралда 25-сонли қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериш бўйича шартнома тузилган.

Шартнома шартларига кўра, даъвогар томонидан 2009 йил 20 февралдаги 287-сонли мемориал ордер билан жавобгар ҳисобига қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бериши учун 1 200 000 000 сўм ўтказиб берилган.

Бироқ, жавобгар томонидан шартнома мажбуриятлари лозим даражада бажарилмасдан 342 260 000 сўмлик товар етказиб берилмаганлиги оқибатида даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан 342 260 000 сўм асосий қарз, мажбурият лозим даражада бажарилмаганлиги учун 17 113 000 сўм пеня ҳамда 70 814 632 сўм миқдорида бой берилган фойда ундиришни сўраган.

Наманган вилоят хўжалик судининг 16-1103/1290-сонли иши бўйича 2011 йил 11 мартда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан даъвогарга жами 354 593 494 сўм ундирилган.

Мазкур суд ҳужжати бўйича 2011 йил 12 апрелда берилган ижро варақа асосида қўзғатилган ижро иши натижа бермагач, 2011 йил 27 августда жавобгар 9-сонли хат билан мурожаат қилиб, даъвогарга қарздорлик эвазига омборхонада сақланаётган қишлоқ хўжалиги техникаларини қабул қилишни таклиф этган.

Сўнг, “Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг” компаниясининг Хоразм вилояти техник маркази (бундан буён матнда аризачи деб юритилади) ўзига тегишли 1988 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 01-52 бўлган “К-701” русумли тракторини 65 669 450 сўм қарздорлик эвазига, “Мадраҳимхон” фермер хўжалиги ўзига тегишли бўлган, 2005 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 04-12 бўлган “БТ-150 Д” русумли гусеничный тракторини ҳамда 2007 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 16-57 бўлган “Синьцен-2А” русумли комбайнни 104 000 400 сўм қарздорлик эвазига, “Жаҳонгир Бектош” фермер хўжалиги ўзига тегишли 2004 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 11-76 бўлган “БТ-150 Д” русумли тракторини 55 595 400 сўм қарздорлик эвазига, шунингдек “Болтаобод” фермер хўжалиги ўзига тегишли “ДТ-70” русумли ва 2 дона “МТЗ-80” русумли тракторларини 90 793 643 сўм қарздорлик эвазига даъвогарга ихтиёрий равишда топширишлари ҳақида 2011 йил 12 сентябрда розилик хатлари беришган.

Қайд этилган қишлоқ хўжалиги техникаларини даъвогарга топширишган ва бу ҳақда тегишли далолатномалар расмийлаштиришган.

Бироқ, келтирилган қишлоқ хўжалиги техникаларини расмийлаштириш билан боғлиқ айрим муаммолар чи??анлиги боис, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси даъвогар манфаатида жавобгар, аризачи, “Мадраҳимхон”, “Жаҳонгир Бектош” ҳамда “Болтаобод” фермер хўжаликларига нисбатан даъво билан мурожаат қилиб, жавобгарларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги техникаларига нисбатан мулк ҳуқуқини даъвогар номига расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 3 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. “Болтаобод” фермер хўжалигининг розилик хати ва товарни топшириш-қабул қилиш далолатномалари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, унга тегишли техникага нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш мажбуриятини юклаш талабини қаноатлантириш рад этилган.

Кассация шикоятида, биринчи инстанция суди ишни кўришда иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмаганлиги, процессуал ва моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келганлиги баён қилиниб, ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни ишдаги ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга биноан ҳал қилув қарорини бекор қилиб, палатанинг даъвосини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни, аризачининг кассация шикоятини тўлиқ қаноатлантиришни лозим топди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) 135-моддасига мувофиқ хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 8 ва 234-моддаларига кўра, мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ва ушбу Кодексда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.

Ушбу ҳолатда тарафлар ўртасидаги низо, суд ҳужжатининг ижросини амалга ошириш жараёнида учинчи шахсларга тегишли техникани қарз эвазига қабул қилиб, уни давлат рўйхатидан ўтказишда вужудга келган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Наманган вилояти хўжалик судининг қонуний кучга кирган (16-1103/1290-сонли иши бўйича) 2011 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори билан жавобгардан даъвогарга ундириш белгиланган қарз суммасини ижро этиш бўйича берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган ижро иши юритуви жараёнида, жавобгар 2011 йил 27 августда даъвогарга қарз эвазига қишлоқ хўжалиги техникаларини қабул қилишни таклиф қилган.

Таклиф асосида даъвогар томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари қабул қилингач, уларни тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича мажбурият юклаш ҳақида даъво қўзғатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги ишларни кўришда қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2010 йил 19 ноябрдаги 220-сонли Қарорининг (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) 4-бандига кўра, ФК 11-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида фуқаролик ҳуқуқлари ҳуқуқни тан олиш йўли билан ҳимоя қилиниши белгиланган. ХПК 24-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига кўра хўжалик суди мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги низоларни ҳал этади.

Ушбу ҳолатда, биринчи инстанция суди келтириб ўтилган техникаларни даъвогар номига расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклаш ҳақида барвақт хулосага келган. Чунки, палата томонидан даъво аризасида, қишлоқ хўжалиги техникаларига нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириш сўралган.

Бундан ташқари, палата техникаларни даъвогар номига расмийлаштириш мажбуриятини жавобгар ҳамда фермер хўжаликларига юклашни сўраганлиги ҳолатига суд эътибор бермаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги 345-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш давлат бош инспекцияси тўғрисида”ги Низом 7-бандининг а) кичик бандига кўра, тракторлар, трактор тиркамалари, йўл-қурилиш ва мелиоратив техника, ўзиюрар машиналарни рўйхатдан ўтказади, уларга давлат рақами белгиларини ва техник паспортларни, шунингдек қишлоқ хўжалиги машинаси гувоҳномасини беради.

Ушбу ҳолатда, палата томонидан қишлоқ хўжалиги техникасига нисбатан мулк ҳуқуқини даъвогарга расмийлаштириш мажбуриятини юклаш сўралган.

Бироқ, аризачи, ўзининг “К-701” русумли тракторини, “Мадраҳимхон” фермер хўжалиги “БТ-150 Д” русумли трактори ва “Синьцен-2А” русумли комбайнини, “Жаҳонгир Бектош” фермер хўжалиги “БТ-150 Д” русумли тракторини ҳамда “Болтаобод” фермер хўжалиги ўзига тегишли “ДТ-70” ва 2 дона “МТЗ-80” русумли тракторларини қарздорлик эвазига даъвогарга ихтиёрий равишда топшириш ҳақида 2011 йил 12 сентябрда розилик хатлари, шунингдек топшириш ва қабул қилиш далолатномаларини имзолаб беришган. Бундан ташқари, низоли техникаларга тегишли барча техник паспорт ва бошқа ҳужжатлар ҳисоб-китоб фактуралари асосида даъвогарга тақдим этилган бўлса-да, даъвогар ушбу ҳужжатлар билан низоли қишлоқ хўжалиги техникаларини давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрганлиги ёхуд унинг тегишли давлат органининг рўйхатдан ўтказишни рад этиши устидан судга шикоят қилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этмади.

Ваҳоланки, Қарорнинг 10.1-бандига мувофиқ, агар судга нотариус ёхуд тегишли давлат органи томонидан олди-сотди шартномаси (ёки бошқа ҳужжат)ни тасдиқлаш ёки рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги асос қилиниб, мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақида даъво киритилса, уни қаноатлантириш рад қилинади. Бундай ҳолда даъвогарга нотариуснинг нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад қилиш тўғрисидаги қарори ёки шартнома (ёки бошқа ҳужжат)ни тегишли давлат органининг рўйхатдан ўтказишни рад этиши устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Шунга кўра, даъвогар манфаатида палата томонидан берилган даъвони қаноатлантириш рад этилиши лозим.

ХПК 188-моддасининг биринчи қисмида моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилган.

Ушбу ҳолатда, ҳал қилув қарори бекор қилиниши, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш лозим.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ ўрганмасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаган ҳолда қарор қабул қилганлиги сабабли, ушбу ҳал қилув қарорини бекор қилишни, даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни, аризачи кассация шикоятини тўлиқ қаноатлантиришни, ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатларини, жумладан суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатини ХПКнинг 95-моддасига кўра даъвогар зиммасига юклашни лозим топди.



"Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси",

2016 й., 8-сон