Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 19.01.2016 й. 15-1506/18895-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

19.01.2016 й.

N 15-1506/18895


(КЎЧИРМА)



Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак


“Transqurilishta`mir-5” МЧЖ хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Қувасой шаҳар ҳокимининг 2014 йил 19 июндаги 280-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг 2015 йил 14 августдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Қувасой шаҳар “Ермулккадастр” давлат корхонаси жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 14 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2015 йил 10 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Шунингдек хусусий ажрим чиқарилиб, Фарғона вилоят прокуратурасига юборилган.

Кассация шикоятида ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги, иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, “Ором” дам олиш маскани жойлашган ер майдонларида йўқлама ўтказилиб, унинг натижалари бўйича Қувасой туман ҳокимининг 2004 йил 3 ноябрдаги 339/11-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан “Ором” дам олиш маскани фойдаланаётган бино ва иншоотлари ўрни - 0,017 га, боғ ва гулзорлар - 0,15 га, бошқа ер майдонлари - 3,83 га, жами - 4,0 га ер майдони фуқаро Х.Исаевга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 22-моддасига асосан доимий фойдаланиш учун бириктириб берилган.

Кейинчалик, фуқаро Х.Исаев ва А.Тожибоев ўртасида 2008 йил 21 апрелда тузилган 101-сонли шартномага асосан қурилиш эгаллаган майдон 2207,01 кв.м, фойдали майдони 170,23 кв.м бўлган, Қувасой шаҳар, Чек 1 қишлоғида жойлашган “Ором” дам олиш масканини фуқаро А.Тожибоев сотиб олган.

Шундан кейин, 2010 йил 20 декабрда Республика кўчмас мулк биржасида фуқаро А.Тожибоев ва “Transqurilishta`mir-5” МЧЖ ўртасида 503-сонли “Кўчмас мулк бўйича олди-сотди шартнома”си тузилган.

Шартнома шартларига кўра “Transqurilishta`mir-5” МЧЖ фуқаро А.Тожибоевдан 7 000 000 сўмга қурилиш эгаллаган майдон 2207,01 кв.м, фойдали майдони 2186,58 кв.м бўлган, Қувасой шаҳар, Исфайрамсой (Чек) ҚФЙ Чек 1 қишлоғида жойлашган “Ором” дам олиш масканини сотиб олган.

2013 йил 12 октябрда “Transqurilishta`mir-5” МЧЖ Қувасой шаҳар ҳокимлигига 19/10-сонли хат билан мурожаат қилиб, муддатсиз фойдаланиш учун ажратилган ернинг ишлов берилмаган 1 гектарини захирага олиш, қолган 3 гектарини дам олиш масканига бириктириб беришни сўраган.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича ер участкаларини ажратиш ва танлаш комиссиясининг 2014 йил 20 майдаги хулосасида “Ором” дам олиш маскани “Transqurilishta`mir-5” МЧЖга тегишли эканлиги, фойдаланишида 41654,0 кв.м ер майдони мавжудлиги, бироқ мазкур ер майдони белгиланган тартибда МЧЖга фойдаланиш учун бириктириб берилмаганлиги, МЧЖ ер майдонларидан самарасиз фойдаланаётганлиги, камчиликлар бартараф этилмаса ер майдони шаҳар ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтариш лозимлиги баён қилинган.

Шундан кейин, 2014 йил 19 июнда Қувасой шаҳар ҳокимининг 280-сонли қарори қабул қилиниб, унга кўра “Ором” дам олиш маскани ҳудудидаги жами 4,16 га ер майдонидан “Transqurilishta`mir-5” МЧЖга 2,23 га ер майдони дам олиш маскани сифатида доимий фойдаланиш учун бириктириб берилиб, самарасиз фойдаланилаётган 1,96 га ер майдони шаҳар ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтарилган. Натижада мазкур низо келиб чи??ан.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 22-моддасининг учинчи қисмига кўра корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мол-мулк жойлашган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган органлар ҳамда шахсларнинг тегишинча шартномалари, қарорлари асосида туман, шаҳар ер-кадастр дафтарига ернинг янги эгаси ёки ердан янги фойдаланувчи тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва уларга ер участкасига доимий эгалик қилиш, ундан доимий фойдаланиш ёки ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжатларини топшириш йўли билан расмийлаштирилади.

Республика кўчмас мулк биржасида 2010 йил 20 декабрда тузилган 503-сонли “Кўчмас мулк бўйича олди-сотди шартнома”сига кўра “Transqurilishta`mir-5” МЧЖ фуқаро А.Тожибоевдан Қувасой шаҳар, Исфайрамсой (Чек) ҚФЙ Чек 1 қишлоғида жойлашган қурилиш эгаллаган майдон 2207,01 кв.м, фойдали майдони 2186,58 кв.м бўлган, “Ором” дам олиш масканини сотиб олган бўлиб, бироқ мазкур шартномада Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 482-моддасининг биринчи қисмида белгиланганидек “Ором” дам олиш маскани ҳудудидаги жами 4,16 га ер майдони унга берилиши ёки топширилиши белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 33-моддасига кўра Ер участкасига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат ҳужжати, Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери, ер участкаси ижараси шартномаси ёки ер участкасидан муддатли фойдаланиш шартномаси, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлардир.

“Transqurilishta`mir-5” МЧЖ туман ҳокимининг қарори билан захирага қайтарилган ер майдони унга тегишли эканлигини баён қилган бўлса-да, бироқ мазкур ер майдони унга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 22-моддасида белгиланган тартибда бириктириб берилганлигини тасдиқловчи далилларни судга тақдим қилмаган ва исботламаган.

Қолаверса, Қувасой шаҳар ҳокимининг 2014 йил 19 июндаги 280-сонли қарори билан “Transqurilishta`mir-5” МЧЖга бириктириб берилган ер майдонларига бўлган ҳуқуқ бекор қилинмаган, балки “Ором” дам олиш маскани ҳудудидаги жами 4,16 га ер майдонидан унга 2,23 га ер майдони дам олиш маскани сифатида доимий фойдаланиш учун бириктириб берилиб, самарасиз фойдаланилаётган 1,96 га ер майдони шаҳар ҳокимлиги захира ерлари ҳисобига қайтариш ҳақида қарор қабул қилинган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб даъвони рад этиш ҳақида, апелляция инстанцияси суди эса ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қонуний тўхтамга келган ва суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос йўқ деб ҳисоблайди.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, тўланган 592 000 сўм давлат божи ва 7 000 сўм почта харажатларини “Transqurilishta`mir-5” МЧЖ зиммасида қолдириб, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатларини унга юклашни лозим топади.