Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 05.01.2016 й. 16-1505/14371-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

05.01.2016 й.

N 16-1505/14371


(КЎЧИРМА)



Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) - товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади


Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда ДСИ деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “Чорсу де??он бозори” АЖга (бундан буён матнда жамият деб юритилади) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг иккинчи қисмига асосан 41 994 200 сўм молиявий санкция қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатларга ҳуқукий баҳо берилмаганлиги сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб аризани қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш” бош бошқармасининг 14011196-сонли жиноят иши юзасидан 2014 йил 22 октябрдаги “Ҳужжатли тафтиш ўтказиш ва ҳужжатларни асл нусхаларини олиб қўйиш ҳақида”ги қарори ва 2014 йил 5 ноябрдаги 315-хс-сонли “Хизмат сафарига юбориш тўғрисида”ги буйруғи, 2014 йил 21 ноябрдаги 333-сонли ва 2015 йил 14 ноябрдаги 9-хс-сонли “Хизмат сафари муддатини узайтириш тўғрисида”ги буйруқлари ҳамда ДСИнинг 2014 йил 23 октябрдаги 624-хс-сонли ва 2014 йил 20 ноябрдаги 674-сонли “Хизмат сафарига юбориш тўғрисида”ги буйруқларига асосан жамиятда 2011-2014 йиллар иш фаолияти давомида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши ва ҳисобланган солиқ, мажбурий тўловларни бюджетга ўз вақтида тўланиши юзасидан ҳужжатли текшириш ўтказилган ва унинг натижаси бўйича далолатнома расмийлаштирилган.

Текширишда жамият ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган 155 та ижара шартномаларида ижарага берилган майдон кам кўрсатилганлиги ва кўрсатилган майдонга нисбатан Наманган вилоят ҳокимининг қарорларида белгиланган ставкаларга нисбатан кам ставкалар белгиланганлиги ҳамда ижара шартномалари тузмасдан фойдаланишга берилганлиги натижасида 2011 йилда 24 809 300 сўм, 2012 йилда 22 710 460 сўм, 2013 йилда 40 707 082 сўм, 2014 йилда 105 531 260 сўм, жами 193 758 102 сўмга кам тузилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари жамият томонидан хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартномаларни вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги мурожаатларига кўра 2013 йилда 3 765 400 сўмга, 2014 йилда 12 447 600 сўмга жами 16 213 000 сўмга қўшимча шартномалар расмийлаштирилмаганлиги аниқланган.

2015 йил 26 мартда ДСИнинг соли??а оид қонунбузарликни бартараф этиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниб, унда жамиятга Солиқ кодекси 114-моддасининг иккинчи қисмига асосан 41 994 200 сўм молиявий жаримани ихтиёрий тўлаш тавсия қилинган. Жамият томонидан ушбу жарима белгиланган муддатда ихтиёрий тўланмаганидан кейин ДСИ судга ариза билан мурожаат қилиб, жамиятга нисбатан шу сумма миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраган.

Бироқ биринчи инстанция суди жамиятга нисбатан молиявий санкция қўллашни рад этиш ҳақида хатоликка йўл қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига кўра товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) - товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Текширишда аниқланган ҳолатлар ишдаги ҳужжатлар ва жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2015 йил 17 апрелдаги ҳукми билан ҳам тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2010 йил 18 июндаги “Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 210-сон Қарори 20-банди иккинчи хатбошига кўра, ХПК 60-моддаси тўртинчи қисмининг мазмунига кўра солиқ тўловчининг раҳбари ёки ходимига нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир. Бунда ваколатли орган текшириш тартиби ва қоидалари бузилмаган ҳолда ўтказилганлигини ҳамда солиқ тўловчининг соли??а оид ҳуқуқбузарлик содир этганлигини исботлашдан озод этилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Судлов ҳайъати юқорида кўрсатилганларга асосан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ДСИнинг талабини қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни, жамиятга нисбатан Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига асосан 41 994 200 сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни лозим топади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 330-моддасининг 31-бандига кўра аризачи ва жавобгар - ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича давлат божи тўловидан озод қилинганлиги муносабати билан давлат божини ундирмасликни, 7 000 сўм почта харажатларини жамиятдан ДСИ фойдасига, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатларини Олий хўжалик судига ундиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2016 й., 4-сон