Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 23.12.2015 й. 15-1506/9299-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

23.12.2015 й.

N 15-1506/9299


(КЎЧИРМА)



Хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан қарздор раҳбарининг ваколатлари тугатилади


“Наманган йўловчи ташиш” давлат унитар корхонаси тугатиш бошқарувчиси (бундан буён матнда - унитар корхона) “Fergana Sam Avto Tex Servis” масъулияти чекланган жамиятига (бундан буён матнда - МЧЖ) нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖнинг ҳисобрақами ва мол-мулки ҳисобидан 4 000 000 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириш рад этилган

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармасига нисбатан хусусий ажрим чиқарилган.

Кассация шикоятида судлар томонидан иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги, ишдаги мавжуд далилларга эътибор берилмаганлиги, унитар корхона банкрот деб топилишига қарамасдан, тўлов топшириқномаларига асосан унитар корхонада пул маблағлари чиқиб кетганлиги ҳақида важлар келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиб, адолатли қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, унитар корхона Наманган вилоят хўжалик судининг 16-1407/3371-сонли иши бўйича қабул қилинган 2014 йил 2 июндаги ҳал қилув қарори билан банкрот деб топилган ва тугатишга доир иш бошланган.

Унитар корхона тугатиш бошқарувчиси томонидан тугатиш ишларини олиб бориш жараёнида унитар корхона МЧЖнинг ҳисобрақамига 2014 йил 4 июндаги 517-сонли тўлов топшириқномаси билан 1 000 000 сўм, 2014 йил 9 июндаги 531-сонли тўлов топшириқномаси билан 1 000 000 сўм, 2014 йил 10 июндаги 529-сонли тўлов топшириқномаси билан 1 000 000 сўм, 2014 йил 19 июндаги 580-сонли тўлов топшириқномаси билан 1 000 000 сўм, жами 4 000 000 сўм пул маблағлари эҳтиёт қисмлар учун ўтказиб берилган.

Унитар корхона тугатиш бошқарувчиси ушбу пул маблағлари унитар корхона раҳбари томонидан асоссиз равишда МЧЖга ўтказиб берилганлиги сабабли, уни ихтиёрий қайтариш тўғрисида МЧЖга талабнома юборган. Аммо, талабнома МЧЖ томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Шу боис, унитар корхона хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, МЧЖнинг ҳисобрақами ва мол-мулки ҳисобидан 4 000 000 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди унитар корхона томонидан даъво талаблари исботлаб берилмаган деган асос билан даъвони қаноатлантиришни рад қилиб нотўғри хулосага келган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича унитар корхона ва МЧЖ ўртасида 2014 йил 19 февралда автомобиль эҳтиёт қисмларини олди-сотдиси ҳақида F-001 шартнома тузилган.

Шартнома шартларида МЧЖ унитар корхонага ISUZU маркали автомашинанинг эҳтиёт қисмларини етказиб бериш, унитар корхона эса уни қабул қилиб, тегишли пул маблағларини тўлаб бериш белгиланган.

Наманган вилоят хўжалик судининг 16-1407/3371-сонли иши бўйича қабул қилинган 2014 йил 2 июндаги ҳал қилув қарори билан унитар корхона банкрот деб топилган ва тугатишга доир ишлар бошланган.

Аммо, унитар корхона банкрот деб топилиши ва уни тугатишга доир ишлар бошланганлигига қарамасдан, юқорида қайд этилган тўлов топшириқномалари билан МЧЖнинг ҳисобрақамига унитар корхона раҳбари ва бош ҳисобчиси томонидан жами 4 000 000 сўм пул маблағлари ўтказиб берилган.

Ваҳоланки, “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 124-моддасига кўра, хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан пул мажбуриятлари, мажбурий тўловлар бўйича барча талаблар, бошқа мулкий талаблар фақат тугатишга доир иш юритиш доирасида қарздорга тақдим этилиши мумкин. Қарздорнинг барча мажбуриятлари бажарилишига фақат тугатишга доир иш юритиш доирасида йўл қўйилади.

Хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан қарздорнинг бошқарув органлари қарздорнинг мол-мулкини бошқариш ва тасарруф этиш вазифаларини бажаришдан, агар илгари четлаштирилмаган бўлса, четлаштирилади, қарздор раҳбарининг ваколатлари тугатилади (қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади), қарздорнинг ишларини бошқариш тугатиш бошқарувчисига юклатилади, шунингдек қарздорнинг мол-мулкини бошқариш ва тасарруф этиш бўйича мулкдорнинг ваколатлари тугатилади. Тугатиш бошқарувчиси қарздорнинг раҳбари билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки мазкур раҳбарни бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Иш ҳужжатларида юқорида қайд этилган тўлов топшириқномалари ва унитар корхона ва МЧЖ ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси мавжуд.

Юқорида қайд этилган қонун нормаларига кўра, қарздор раҳбарининг корхона банкрот деб топилганидан сўнг пул маблағларини ўтказиш ваколати бўлмаган ва у ўз ваколатидан четга чиқиб, 4 000 000 сўм пул маблағини МЧЖга ўтказган.

Шу боис, судлов ҳайъати мазкур ҳолатда унитар корхона банкрот деб топилгандан кейин тўлов топшириқномалари асосида амалга оширилган банк операцияларини ноқонуний деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида апелляция инстанцияси суди биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, хатоликка йўл қўйиган.

Судлов ҳайъати унитар корхонасининг даъвосидаги 4 000 000 сўмни МЧЖнинг мол-мулкидан ундириш талабини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади. Чунки, амалдаги қонунчиликда бундай даъволар бўйича қарздорликни суд қарори асосида мол-мулкидан ундириш назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида” 2005 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарори 15-моддасининг учинчи хатбошида, агар кассация инстанцияси суди иш ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш асосида аниқланганлигини, аммо суднинг хулосалари бу ҳолатларга мос эмаслигани аниқласа, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилади ва янги қарор қабул қилиши ҳақида тушунтириш берилган.

Баён этилганларга асосан, судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, даъвони қисман қаноатлантириш ҳақида янги қарор қабул қилишни, ишни биринчи, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 236 800 сўм давлат божи ва 13 000 сўм почта харажатларини МЧЖдан ундиришни лозим топади.