Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 03.04.2013 й. 20-1105/19150-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

03.04.2013 й.

N 20-1105/19150


(КЎЧИРМА)




Агар апелляция ва кассация шикоятлари берилганда суд ҳужжатининг фақат ундириш ёки ундиришни рад этиш қисми шикоят қилинаётган бўлса, давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланиши лозим


Даъвогар - "Олот пахта тозалаш заводи" масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Чарос" фермер хўжалигидан (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) 10845940 сўм жарима ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Мазкур суд қароридан норози бўлиб, Бухоро вилоят прокуратураси кассация протести билан мурожаат қилиб, апелляция инстанцияси суди томонидан ортиқча давлат божи ундирилганлигини асос қилиб, суд қарорининг давлат божи ундириш қисмини бекор қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати кассация протестида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация протестини қаноатлантиришни ва апелляция инстанцияси судининг қарорини қисман бекор қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгардан шартнома мажбуриятини бажармаганлиги учун 10845940 сўм жарима ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабини қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 10845940 сўм жарима, судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига эса 108459 сўм давлат божи ундирган.

Мазкур ҳал килув қароридан норози бўлган жавобгар апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва апелляция шикоятига 54230 сўм давлат божи тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатини илова қилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги қарорига кўра, хўжалик судлари қарорларини қайта кўришда биринчи инстанцияда кўриб чиқиш учун ариза берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи, мулкий тусдаги низолар бўйича эса, низолашилаётган сумма ҳисобидан давлат божи ундирилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2008 йил 18 апрелдаги 180-сонли қарорининг 4.6-бандида агар апелляция ва кассация шикоятлари берилганда суд ҳужжатининг фақат ундириш ёки ундиришни рад этиш қисми шикоят қилинаётган бўлса, давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳақида тушунтириш берилган.

Бироқ, жавобгар томонидан апелляция шикоятига олдиндан давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати илова қилинган бўлса-да, апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, жавобгардан яна 54229 сўм ортиқча давлат божи ундирилиб, хатога йўл қўйилган.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати кассация протестини қаноатлантиришни, апелляция инстанцияси суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги сабабли, апелляция инстанцияси суди қарорининг 54229 сўм давлат божини ундириш қисмини бекор қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 11-сон