Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 14.03.2013 й. 19-1207/17174-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

14.03.2013 й.

N 19-1207/17174


(КЎЧИРМА)




Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади


"Дўстлик" фермер хўжалиги (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) жавобгар - "Ҳайбатбобо" фермер хўжалигига (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, Денов тумани ҳокимининг 2008 йил 5 ноябрдаги 1562-сонли, 2008 йил 7 ноябрдаги 2042-сонли қарорларини, Денов тумани тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясининг 2010 йил 23 мартдаги 9-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, Денов тумани, Амир Темур СИУ, Пистамозор ҚФЙ ҳудудида жойлашган 7,0 га боғдорчилик йўналишидаги ер майдонини жавобгарнинг ноқонуний эгалигидан қонуний эгасига олиб беришни сўраган.

Жавобгар қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Денов тумани ҳокимининг 2011 йил 31 майдаги 245-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2013 йил 3 январдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талаби қисман қаноатлантирилиб, Денов тумани ҳокимининг 2008 йил 5 ноябрдаги 1562-сонли, 2008 йил 7 ноябрдаги 2042-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган, Денов тумани, Амир Темур СИУ, Пистамозор ҚФЙ ҳудудида жойлашган 7,0 га боғдорчилик йўналишидаги ер майдонини жавобгарнинг ноқонуний эгалигидан қонуний эгасига олиб бериш ҳақидаги талаби қаноатлантирилган. Денов тумани тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясининг 2010 йил 23 мартдаги 9-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва жавобгарнинг қарши даъво аризаси бўйича иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида дастлабки даъво аризаси ҳам, қарши даъво аризаси ҳам ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида бўлса-да, суд қарши даъво аризаси бўйича иш юритишни тугатиш ҳақида асоссиз хулосага келганлиги сабабли, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоятда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини бекор қилиб ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди кассация инстанциясининг 2012 йил 7 августдаги ажрими билан даъвогар - С. М.нинг жавобгар - Денов тумани ҳокимлиги, Денов туман тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси, жавобгар ва "Олтинкуз Денов" агросаноат фирмаси МЧЖга нисбатан, Денов туман ҳокимининг 2008 йил 5 ноябрдаги 1562-сонли, 2008 йил 7 ноябрдаги 2042-сонли қарорларини, Денов тумани тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясининг 2010 йил 23 мартдаги 9-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш, Денов тумани, Амир Темур СИУ, Пистамозор ҚФЙ ҳудудида жойлашган 7,0 га боғдорчилик йўналишидаги ер майдонидан жавобгарни мажбурий тартибда чиқариш ҳақидаги даъво аризаси, шунингдек жавобгарнинг Денов тумани ҳокимининг 2011 йил 31 майдаги 245-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қарши даъво аризаси бўйича низо хўжалик судига тааллуқли бўлганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.

Биринчи инстанция суди жавобгарнинг қарши даъво аризасини муҳокама қилмасдан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларини суд амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2012 йил 14 сентябрдаги 12/239-сонли қарорининг 5-бандига асосан қарши даъво аризасини хўжалик судига тааллуқли эмас деб топиб, у бўйича иш юритишни тугатган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддасига кўра, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, агар бу бузилиш нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2005 йил 23 декабрдаги 136-сонли қарорининг 14-бандида кассация инстанцияси суди ишни кўриб чиқишда суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ текширилганлиги, суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланганлигини текширишда кассация шикоятида баён этилган важлар билан чекланмаслиги лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмасдан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги сабабли, уни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқоридаги камчиликларни бартараф этиб, даъвогар ва жавобгар томонидан арз қилинган талабларнинг ҳар бирига алоҳида ҳуқуқий баҳо бериб, тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил этиб, ишдаги ва тўпланган далилларга асосланиб, қонуний ҳамда асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 9-сон