Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 03.08.2015 й. 10-1503/3118-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

03.08.2015 й.

N 10-1503/3118


(КЎЧИРМА)




Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юклатилади


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси (бундан буён матнда - палата) “Андижонпахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаси (бундан буён матнда - даъвогар)нинг манфаатини кўзлаб, “Ўзмарказимпекс” давлат акциядорлик ташқи савдо компанияси (бундан буён матнда - жавобгар)дан 46 860 882 333 сўм асосий қарз, 527 903 566,66 сўм пеня, 1 589 065 873,11 сўм зарар, 3 044 754 027,47 сўм тўланган кредит фоизини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Жавобгардан даъвогар фойдасига 39 276 097 470 сўм асосий қарз ундирилган. Даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Жавобгар томонидан берилган кассация шикоятида суд ишни кўриш натижаси бўйича давлат божини нотўғри тақсимлаганлиги баён қилиниб, ҳал қилув қарорининг давлат божи ундириш қисмини даъво талабининг қаноатлантирилган қисмига мос ҳолда ўзгартириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2012 йил 16 августда 30/2012-66-сонли ва 2013 йил 3 июлда 30/2013-1-сонли хорижий ва республика ички истеъмолчиларга сотиш учун пахта толаси етказиб бериш ҳақида шартномалар тузилган.

Шартномаларнинг 4.2-бандига асосан харидор етказиб бериладиган пахта толаси учун олдиндан ҳақ тўлаш ҳамда аккредитив усулида ҳақ тўлаш мажбуриятини олган, жавобгар томонидан тўлов усулининг фақат олдиндан ҳақ тўлаш шартларида тўловлар амалга ошириб келинган.

Бироқ, жавобгар томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилмасдан, 2012 йил ҳосили бўйича етказиб берилган маҳсулотнинг 12 215 960 208 сўмга, 2013 йил ҳосили бўйича етказиб берилган маҳсулотнинг 34 644 992 124,60 сўмга тенг қисми тўлаб берилмаганлиги натижасида жавобгарнинг даъвогар олдидаги қарзи 46 860 882 333 сўмни ташкил қилган.

Ушбу қарздорлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш Бош бошқармаси ходимларининг 2014 йил 26 декабрдаги даъвогар манзилида ўтказган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномаси билан ўз тасдиғини топган.

Биринчи инстанция суди даъво талабларини қисман қаноатлантириб, жавобгардан даъвогар фойдасига 39 276 097 470 сўм асосий қарз, 7 200 сўм почта харажати, республика бюджетига 468 608 823,30 сўм давлат божи, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига 30 000 сўм суд харажати ундириш тўғрисида қонуний тўхтамга келган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган “ҳал қилув қарорининг давлат божи ундириш қисмидаги  468 608 823,30 сўм давлат божи ўрнига 392 760 974,7 сўм давлат божи ундирилиши лозим эди” деган важи билан келишмайди. Чунки, даъвода сўралган асосий 46 860 882 333 сўм қарздорликнинг 7 584 784 862,6 сўм қисми даъво аризаси судга тақдим этилганидан кейин тўланганлиги иш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2008 йил 18 апрелдаги 180-сонли қарорининг 21.4-бандида Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юкланиши тўғрисида тушунтириш берилган.

  Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 186-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кассация инстанциясида кўрганида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судида тўғри қўлланилганлигини текширади.

Ишни кўришда биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2008 йил 18 апрелдаги 180-сонли қарорининг 4.6-бандига кўра, агар апелляция ва кассация шикоятлари берилганда суд ҳужжатининг фақат ундириш ёки ундиришни рад этиш қисми шикоят қилинаётган бўлса, давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланади, суд ҳужжати фақатгина давлат божини ундириш қисмида шикоят қилинаётган ҳолда, давлат божи тўланмайди.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 7000 сўм почта харажатини жавобгар зиммасида қолдиришни, олдиндан тўланган 379 239,24 сўм давлат божини жавобгарга қайтаришни ва бу тўғрисида маълумотнома беришни лозим топади.