Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 24.06.2015 й. 13-1503/5169-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

24.06.2015 й.

N 13-1503/5169


(КЎЧИРМА)




Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза ХПКнинг 104-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса, аризани қабул қилиш рад этилади


"Пахтакор тола базаси" МЧЖ судга ариза билан мурожаат қилиб, “Жиззахпахтасаноат” АБдан 230 269 585 сўм қарздорлик ундириш ҳақида суд буйруғи беришни сўраган.

Суднинг 2015 йил 22 апрелдаги ажрими билан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 107-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан аризани қабул қилиш рад этилган. 

"Пахтакор тола базаси" МЧЖ кассация шикоятида, 230 269 585 сўм ундириш талаби қарздор томонидан тан олинганлигини, қарздорликни тасдиқловчи барча ҳужжатлар тақдим қилинганлигига қарамасдан аризани қабул қилиш рад этилганлигини кўрсатиб, суднинг ажримини бекор қилиб, қарздорликни ундириш ҳақида суд буйруғи беришни сўраган.

Судлов ҳайъати қуйидаги асосларга кўра суднинг ажримини ўзгаришсиз қолдиришни, кассация шикоятини эса қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Пахтакор тола базаси" МЧЖ  бажарувчи ва “Жиззахпахтасаноат” акциядорлик бирлашмаси буюртмачи ўртасида 2014 йил 19 сентябрда юклаш-тушириш ишларини ва пахта толасини сақлаш хизматларини кўрсатиш ҳақида 3-сонли шартнома тузилган. Шартномага асосан "Пахтакор тола базаси" МЧЖ томонидан  230 269 585 сўмлик юклаш-тушириш ишлари ва пахта толасини сақлаш хизматлари кўрсатилган.

Шартноманинг 4.5-бандида, кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш муддати ҳақида шарт мавжуд бўлиб, унга кўра буюртмачи бажарувчининг хизматлари ҳақини, пахта толаси ҳақиқатда реализация қилинган санадан 90 кунгача бўлган муддатда, бироқ пахта толаси учун пул маблағлари буюртмачи ҳисоб рақамига келиб тушган вақтдан 10 кунгача муддатда буюртмачи томонидан тўланиши белгиланган.

Шартноманинг мазкур шарти "Пахтакор тола базаси" МЧЖнинг қарздордан пул мажбуриятини талаб қилиш муддатини белгилаган ва бу муддатнинг келганлиги ҳолати, "Пахтакор тола базаси" МЧЖнинг қарздордан пул мажбуриятини талаб қилиш асосларидан бирини ташкил қилган. 

Шундай бўлса-да, "Пахтакор тола базаси" МЧЖ суд буйруғи бериш ҳақидаги аризасида, бажарилган ишлар ҳақини шартномага асосан талаб қилиш муддати келганлиги ҳолатларини уни тасдиқловчи далилларни кўрсатмаган. Шартноманинг ўзидан эса, бу муддат келганлигини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаган. 

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги матнларда ХПК) 104-моддасига мувофиқ суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби, талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар кўрсатилиши керак. 

ХПК 107-моддасига асосан, ариза ушбу кодекснинг 104-моддасида белгиланган талабларга риоя қилмаган ҳолда берилган бўлса, судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади.

Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати, суд томонидан суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада талабга асос бўлган ҳолатлар ва уни тасдиқловчи далиллар кўрсатилмаганлиги тўғри аниқланган ва асосли равишда аризани қабул қилиш рад этилган деб ҳисоблайди. 

Шундан келиб чиқиб ҳамда ХПКга биноан суд буйруғи кассация инстанцияси суди томонидан берилмаслигини эътиборга олиб, судлов ҳайъати суднинг 2015 йил 22 апрелдаги ажримини ўзгаришсиз қолдиришни, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатларини қоплашни аризачи зиммасига юклашни лозим деб топади.