Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 20.10.2015 й. 15-1507/13476-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

20.10.2015 й.

N 15-1507/13476




Тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироз қилинадиган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари хўжалик суди қарори бўйича ундирилади


"Автоойна" масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда жамият деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилоят бошқармасининг (бундан буён матнда бошқарма деб юритилади) 2015 йил 29 майдаги 3-сонли 305 949 163,7 сўмлик ундирилиши сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган инкассо топшириқномасини ижро этилиши мумкин эмас деб топишни сўраган.

Суднинг 2015 йил 23 июндаги ажрими билан ишга ДАТ "Асака банк" жавобгар, 2015 йил 8 июлдаги ажрими билан Тошкент вилоят молия бошқармаси ва "GM-USBEKISTAN" АЖ низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида жалб этилган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 22 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Шунингдек божхона органи ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида биринчи инстанцияси суди томонидан ишни кўришда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги 800-сонли қарорининг 8-бандига асосан "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖ, "Ўзавтосаноат" АК, шунингдек 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖ автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотлар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилганлиги белгиланганлиги, бироқ жамият томонидан олиб келинган маҳсулотларнинг бир қисми "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖ корхонасига эмас, балки ички ва ташқи бозорга етказиб берилганлиги, бу ҳақда қонуний кучга кирган суд қарори борлиги кўрсатилиб, ҳал қилув қарори ва хусусий ажримни бекор қилиш сўралган.

Кассация протестида биринчи инстанция суди томонидан иш ҳужжатлари тўлиқ ўрганилмаганлиги сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш бўйича янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати Фарғона вилоят прокуратурасининг 2015 йил 19 октябрдаги 13/13.4-15-сонли хатига асосан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 184-моддасининг учинчи қисмига кўра мазкур иш юзасидан киритилган кассация протести чақириб олинганлиги сабабли, кассация инстанцияси судида кассация протести бўйича иш юритишни тугатишни лозим топади.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, кассация протести бўйича кассация инстанцияси судида иш юритишни тугатишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2014 йил 14 сентябрдаги 14/1-16628-сонли хатига кўра Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан 2014 йил (июль ойи) учун тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига асосан 2014 йилнинг июль-август ойларида жамиятда режали солиқ текшируви ўтказилган.

Бошқарманинг 2014 йил 25 июлдаги 02-3/8-6746-сонли хати орқали жамият томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли қарорининг (бундан буён матнда Қарор деб юритилади) 8-бандига асосан божхона тўловлари бўйича имтиёздан фойдаланилаётганлиги маълум қилиниб, хўжалик юритувчи субъектларда ўтказиладиган текширувда имтиёзлардан мақсадли фойдаланилиши кўриб чиқилиши сўралган.

Ўтказилган текширувда жамият томонидан Қарорнинг 8-банди билан белгиланган божхона тўловлари бўйича имтиёздан нотўғри фойдаланганлиги аниқланган деб ҳисобланиб, Қарорнинг 8-бандида "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖ "Ўзавтосаноат" АК, шунингдек 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖ автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотлар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилган бўлиб, текширилган даврларда жамият томонидан ишлаб чиқарилиб, "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖдан бошқа корхона ва ташкилотларга сотилган автомобиль ойна маҳсулотлари бўйича божхона тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилинмаган. Текширилган даврларда жамият томонидан "Женерал Моторс Ўзбекистон" ЁАЖдан бошқа корхона ва ташкилотларга сотилган автомобиль ойна маҳсулотлари суммаси 3 816 621 300 сўмни ташкил қилганлиги баён қилинган.

Бошқарма 2015 йил 26 майда 02-3/8-04222-сонли хат билан мурожаат қилиб, Божхона кодексининг 112-моддасига асосан 3 кунлик муддат ичида 305 949 163,7 сўм миқдоридаги нотўғри қўлланилган имтиёз орқали вужудга келган божхона тўловларини тўлаб бериш, акс ҳолда акцептсиз равишда ундирилиши кўрсатилган.

Жамият 2015 йил 28 майдаги 02-016-0636-сонли жавоб хати билан бошқармага мурожаат қилиб, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари асоссиз эканлиги ҳақида ўз эътирозларини билдирган.

Бошқарма томонидан жамиятнинг ҳисоб рақамига 2015 йил 29 майда 3-сонли инкассо топшириқномаси қўйилиб, унда 305 949 163,7 сўм божхона тўловлари бўйича қарздорлик суммасини ундириш кўрсатилган.

Бошқарманинг ушбу ҳаракатларидан норози бўлган жамият судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ушбу инкассо топшириқномасини ижро этилиши мумкин эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида асосли тўхтамга келган.

2015 йил 15 майда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони 4-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра тадбиркорлик субъектлари томонидан эътироз қилинадиган қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари хўжалик суди қарори бўйича ундирилиши белгиланган.

Бошқарма томонидан ҳисобланган қўшимча божхона тўловларига нисбатан жамият томонидан эътироз билдирилган бўлса-да, бошқарма ушбу Фармонга зид равишда божхона тўловларини сўзсиз ундириш юзасидан банк муассасасига инкассо топшириқномасини тақдим қилган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан бошқарма ходимлари томонидан қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлигини инобатга олиб, асосли равишда бошқарма ходимларига нисбатан хусусий ажрим чиқарган деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Биринчи инстанция суди ушбу Пленум қарори талабларига риоя қилган ҳолда ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақида асосли тўхтамга келган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важлар билан келиша олмайди. Чунки қўшимча ҳисобланган божхона тўловларига нисбатан жамият томонидан эътироз билдирилган бўлса-да, бошқарма эътироз қилинган қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини хўжалик суди қарори бўйича ундириш чорасини кўрмасдан, жамиятнинг ҳисоб рақамига асоссиз равишда инкассо топшириқномасини қўйган.

Қайд этилганларга кўра судлов ҳайъати ҳал қилув қарори ва хусусий ажримни ўзгаришсиз қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун тўланган 7 000 сўм почта харажатларини бошқарма зиммасида қолдиришни лозим топади.