Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 17.12.2014 й. 17-1406/3583-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

17.12.2014 й.

N 17-1406/3583


(КЎЧИРМА)




Иш бўйича янги очилган холатлар мавжуд бўлмаганлиги учун даъво рад этилган


"Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Р.Турсунова "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти, таъсисчилар А.Рахимжонов, Я.Батироваларга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2009 йил 20 сентябрдаги ва 2011 йил 29 апрелдаги умумий йиғилиш қарорларини ҳамда "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсис ҳужжатларига киритилган ва 2009 йил 29 декабрда рўйхатдан ўтказилган ўзгартиришларни ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Суднинг 2014 йил 11 апрелдаги ажрими билан иш бўйича низонинг предметига мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2014 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2009 йил 20 сентябрдаги ва 2014 йил 29 апрелдаги йиғилиш қарорлари ҳамда "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсис ҳужжатларига киритилган ва қайта давлат рўйхатдан ўтказилган ўзгартиришлар ҳақиқий эмас деб топилган. Апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарори билан биринчи инстанция судининг 2014 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарори бекор қилинган ва даъвони рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 28 октябрдаги қарори билан "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Турсунова Раъно Юлдашевнанинг апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган.

"Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Турсунова Раъно Юлдашевна кассация тартибида шикоят билан мурожаат қилиб, унда апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 28 октябрдаги қарорини бекор қилишни ва ишни янги очилган ҳолат бўйича апелляция инстанцияси судида қайтадан кўриш ҳақида қарор чиқаришни сўраган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз қолдиришни сўради.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2006 йил 17 августда "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан 11525-сонли реестр рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Жамият низом жамғармаси 600 000 сўм миқдорида белгиланган ва таъсисчилар ўртасида қуйидагича тақсимланган:

Батиров Касимжон - 200 000 (икки юз минг) сўм - 33,4 % ;

Рахимжанов Абдурахим - 200 000 (икки юз минг) сўм - 33,3 % ;

Турсунова Раъно - 200 000 (икки юз минг) сўм - 33,3 % ;

2009 йил 20 сентябрь куни "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг йиғилиши ўтказилиб, унда "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси бўлган Батиров Касимжон вафот этганлиги сабабли у кишини таъсисчилар сафидан чиқариш ҳамда қонуний меросхўри бўлган Батирова Январхонни таъсисчилар сафига қабул қилиш, жамиятнинг таъсисчилар сафи ўзгарганлиги муносабати билан низомга ўзгартиришлар киритиш ва тасдиқлаш, жамият низомига киритилган қўшимчаларни тасдиқлаб бериш Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясидан сўралган.

Ушбу қарорга асосан 2009 йил 14 октябрда жамиятнинг таъсис шартномаси ўзгартирилиб, уни А.Рахимжанов ва Я.Батировалар имзолашган. 2009 йил 29 декабрда жамиятнинг янги низоми тасдиқланган ва давлат рўйхатидан ўтказилган.

2011 йил 29 апрелда "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг йиғилиши ўтказилиб, унда Назаров Ойбекга жамият директори лавозимига 2011 йил 30 апрель кунидан ишга тайинлаш ва унга молиявий ҳужжатларга биринчи имзо қўйиш ҳамда жамият номидан ишончномасиз иш юритиш, ҳар қандай битимлар тузиш ва бошқа қонунчиликда ҳамда низомда белгиланган ҳуқуқлар бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарорида "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2009 йил 20 сентябрь ва 2011 йил 29 апрель кунлари йиғилишлари ўтказилганлиги ва бу йиғилишлардан Турсунова Раъно Юлдашевна ҳабардор бўлганлиги, "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти низомининг 10.3-бандида овозга қўйилган масалалар бўйича қатнашчилар умумий йиғилишининг қарори мажлисда иштирок этаётган жамият қатнашчиларининг 60 фоиз овозлари билан қабул қилиниши белгиланганлиги, 2011 йил 29 апрелдаги О.Назаровни жамият директори лавозимига тайинлаш тўғрисидаги йиғилиш жамият икки иштирокчиси иштирокида ўтказилганлиги ва бу ҳолатда кворум 66,7 фоизни ташкил этиши, жиноят ишлари бўйича Асака туман судининг 2012 йил 5 мартдаги ҳукмида "Новатор Андижон" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиларининг 2009 йил 20 сентябрь куни йиғилиш ўтказилиб, ушбу йиғилишга асосан Я.Батирова 33,4 фоиз улуши эгаси эканлиги тасдиқланганлиги, бироқ бошқа таъсисчилар А.Рахимжанов ва Р.Турсунова ўзаро тил бириктириб Я.Батировага тегишли бўлган мулкларни талон-торож қилганлиги кўрсатиб ўтилган.

Турсунова Раъно Юлдашевна хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриб чиқиб, уни бекор қилишни ва ишни янгидан шу инстанция судида қайта кўриб чиқишни сўраган.

Турсунова Раъно Юлдашевнанинг апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасида суд мажлисидан кейин Турсунова Раъно Юлдашевна Андижон шаҳар ИИБга 2009 йил 20 сентябрдаги жамият таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори сохталаштирилганлиги ва бунинг оқибатида унинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида ариза ёзганлиги, аризани текшириш давомида судга оид хатшунослик экспертизаси ўтказилганлиги, экспертнинг 2014 йил 6 августдаги 580-сонли хулосасида Р.Турсунова номидан қўйилган имзо Р.Турсуновага тегишли эмаслиги, балки бу имзо ўхшатиш йўли билан бошқа шахс томонидан қўйилганлиги аниқланганлиги, Андижон шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан 2014 йил 13 сентябрь куни қарор қабул қилинганлиги, қарорда жамият таъсисчиларининг 2009 йил 20 сентябрдаги умумий йиғилиш қарори ҳақиқатдан ҳам сохталаштирилгани, қарорда қўйилган имзо Р.Турсуновага тегишли эмаслиги кўрсатилганлиги ва номаълум шахслар ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган жиноят аломатлари, яъни маълум бир ҳуқуқ берувчи расмий ҳужжатларни сохталаштириш жиноят аломатлари мавжудлиги кўрсатилганлиги, қарорда ушбу ҳужжат сохта бўлганлиги боис ҳеч қандай юридик оқибатлар туғдирмаслиги, мазкур жиноятни содир қилган номаълум шахсни жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПК 84-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад қилинганлиги баён қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 204-моддасига кўра, хўжалик суди ўзи қабул қилган ва қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин.

Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;

2) гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар бергани, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бергани, таржимоннинг била туриб нотўғри таржима қилгани, ҳужжатлар ёки ашёвий далилларнинг сохталиги, бу ҳол суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ва ноқонуний ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;

3) ишда иштирок этувчи шахслар ёхуд улар вакиллари ёки судьяларнинг шу ишни кўриш вақтидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган жиноий қилмишлари;

4) ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилишга асос бўлган хўжалик судининг ҳужжати ёки суднинг ҳал қилув қарори, ҳукми ёхуд бошқа органнинг қарори бекор қилинганлиги.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги "Хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши ҳақида"ги 111-сонли қарорининг 4-бандида янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозимлиги, агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмаслиги, чунки бу ХПКнинг 204-моддаси 2-қисми 1-банди мазмунига зид бўлиши, янги очилган ҳолатлар мавжуд бўлмасдан, ишни кассация ёки назорат тартибида кўриб чиқиш асослари мавжуд бўлган ҳолатда ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш мумкин эмаслиги, бундай ҳолларда хўжалик суди кўрсатиб ўтилган ҳолатлар мавжуд эмаслигига асосланиб, ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни рад этиши лозимлиги, суд ҳужжати қабул қилингандан кейин вужудга келган янги ҳолатлар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун эмас, балки янги даъво билан мурожаат этиш учун асос бўлиши мумкинлиги, 5-бандида хўжалик судлари шуни эътиборга олишлари лозимки, суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлаётган ҳолатлар жиддий бўлиши, яъни суд ҳужжатини қабул қилишда хўжалик суди хулосасига таъсир кўрсатадиган даражада бўлиши лозимлиги, бу ҳолат хўжалик суди томонидан аввалда текшириш предмети бўлган фактга нисбатан янги далиллар эмас, балки айнан юридик фактларнинг ўзи бўлиши лозимлиги, суд томонидан ишни кўриб чиқишда текшириш предмети бўлмаган ҳамда мавжудлиги аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган юридик фактни белгиловчи янги далиллар янги очилган ҳолатлар деб эътироф этилиши мумкинлиги, агар ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш давомида суд келтирилган далиллар аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлганлигини аниқласа, янги очилган ҳолатлар бўйича келтирилган аризани қаноатлантириш рад этилиши лозимлиги, чунки ХПКнинг 55-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши кераклиги (тортишув принципи), 6-бандида ХПКнинг 204-моддаси 2-қисми 2 ва 3-бандларига биноан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёхуд улар вакилларининг ёки судьяларнинг жиноий ҳаракатлари, шунингдек гувоҳнинг била туриб ёлғон гувоҳлик бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши ва таржимоннинг била туриб нотўғри таржима қилиши (улар иштирокида кўрилган бошқа ишларда эмас) айнан ушбу ишни кўришда содир этилган бўлса, янги очилган ҳолатлар бўйича ишни қайта кўриш учун асос бўлиши мумкинлиги, ушбу бандларда кўрсатилган ҳолатлар суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланган бўлиши лозимлиги, ушбу бандларда кўрсатиб ўтилган шахсларни жиноий жавобгарликка тортишнинг имкони бўлмаган тақдирда, хусусан авф эълон қилиш, вафот этганлик, жавобгарлик учун даъво муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан хўжалик судининг суд ҳужжати кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги, 7-бандида хўжалик суди ҳужжатини суднинг бошқа иш бўйича ҳал қилув қарори, ҳукми ёхуд бошқа орган қарорининг бекор бўлиши оқибатида янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш мумкинлиги (ХПКнинг 204-моддаси 2-қисми, 4-банди), башарти, агар бекор қилинган суд ҳужжатлари хўжалик судининг қайта кўриб чиқилаётган ҳужжатига ҳақиқатан ҳам асос қилиб олинган бўлса мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилган.

Бундан ташқари, биринчи инстанция судининг 2014 йил 25 апрелдаги ҳал қилув қарорида 2009 йил 20 сентябрдаги ўтказилган йиғилишда тузилган баённомадаги имзо Турсунова Раъно Юлдашевнага тегишли эмаслиги суд мажлисида маълум бўлганлиги қайд этилган.

Даъвогар Турсунова Раъно Юлдашева томонидан келтирган асослар апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун асос бўлмайди.

Шу боис, апелляция инстанция суди асосли равишда даъвогар Турсунова Раъно Юлдашевнанинг апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 26 майдаги қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этган.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, апелляция инстанция судининг 2014 йил 28 октябрдаги қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанция судида кўриш билан боғлиқ суд ҳаражатлари масаласини муҳокама қилиб, тўланган 7 000 сўм почта харажатини фуқаро Турсунова Раъно Юлдашевна зиммасида қолдиришни ҳамда ишни видеоконференцалоқа режимида кўриш билан боғлиқ 30 000 суд харажатини фуқаро Турсунова Раъно Юлдашевнадан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди фойдасига ундиришни лозим топади.