Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 10.09.2013 й. 10-1314/9442-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

10.09.2013 й.

N 10-1314/9442


(КЎЧИРМА)




Низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, хўжалик суди иш юритишни тугатади


"Lakrisa" масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда - МЧЖ) хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг Тошкент шаҳар ҳудудий Бошқармаси (бундан буён матнда - Бошқарма) ва унинг Сергели туман суд ижрочилари бўлими суд ижрочисининг (бундан буён матнда - Бўлим) хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топишни ва Бўлим суд ижрочисининг 2013 йил 8 январдаги 1 193 850 сўм жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қаноатлантирилган. Даъво талабининг Бўлимга нисбатан қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида МЧЖ томонидан ижро ҳужжатини ихтиёрий ижро этиш бўйича ҳеч бир чоралар кўрилмаганлиги, МЧЖ ҳисоб рақамида пул маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд ижрочилар бўлимига қарздорликни қоплаш бўйича таклиф бермаганлиги ва асосий воситалар ва тегишли мол-мулклари рўйхати тақдим қилинмаганлиги ҳақида важлар келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тамомлаш сўралган.

Кассация протестида биринчи инстанция суди томонидан давлат божи ундиришда хатога йўл қўйилганлиги, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида МЧЖнинг арз қилинган барча талаблари бўйича хулосалар мавжуд эмаслиги ҳақида важлар келтирилиб, ҳал қилув қарорни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят ва протест важларини иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2012 йил 14 августдаги 10-1203/12564-сонли ижро варақасига асосан МЧЖдан давлат фойдасига 86 853 сўм давлат божи ундирилган. Бўлим томонидан мазкур ижро ҳужжати бўйича 2012 йил 14 ноябрь куни ижро иши қўзғатилган. Ижро жараёнида Бўлим томонидан 2013 йил 8 январдаги қарорига асосан МЧЖнинг мансабдор шахси ҳисобланган раҳбар Т.Султановга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-1-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 15 баравари, яъни 1 193 850 сўм миқдорида жарима қўлланилган.

Мазкур қарордан норози бўлиб, МЧЖ томонидан хўжалик судига шикоят ариза киритилиб, суд ижрочиларнинг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиш ва Бўлим суд ижрочисининг 2013 йил 8 январдаги 1 193 850 сўм жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди МЧЖнинг арз қилинган талаби хўжалик судига тааллуқли эмаслигини эътибордан четда қолдириб, арз қилинган талабни мазмунан кўриб, хатога йўл қўйган.

ХПК 23-моддасининг 1-қисмига асосан хўжалик судига қуйидаги иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқли.

Бўлим суд ижрочиси томонидан МЧЖнинг мансабдор шахси ҳисобланган раҳбар Т.Султанов, яъни фуқарога нисбатан жарима қўлланилган. Шундан келиб чи??ан ҳолда, суд ижросининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиб ва жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб хўжалик судига тааллуқли эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида"ги 162-сонли қарорининг 19-банди 1, 2-қисмларига кўра хўжалик суди ХПКнинг 86-моддасида белгиланган асосларга кўра иш бўйича иш юритишни тугатади. Иш юритишни тугатиш низонинг моҳияти бўйича суд қарорини чиқармасдан иш юритишни тамомлаш шаклларидан бири ҳисобланади. Ушбу моддада назарда тутилган иш юритишни тугатиш асосларининг рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишга йўл қўйилмайди. Агар иш хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, суд иш юритишни тугатади. Ишнинг хўжалик судига тааллуқлилиги ХПК 23 ва 24-моддаларининг талабларидан келиб чи??ан ҳолда аниқланади деб тушунтириш берилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 1-бандига кўра низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, хўжалик суди иш юритишни тугатиши белгиланган.

Баён этилганларга асосан судлов ҳайъати, биринчи инстанция суди томонидан низони ҳал қилишда моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўлланиб, арз қилинган талабни қаноатлантириш ҳақида нотўғри хулосага келган деб ҳисоблаб, кассация шикоятни ва протестни қисман қаноатлантириб, юқорида қайд этилган Пленум қарорида берилган тушунтиришларга риоя қилган ҳолда низо бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, низо бўйича иш юритишни тугатишни, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2008 йил 18 апрелдаги "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 180-сонли Қарорининг 14-бандини қўллаб давлат божини ундирмасликни лозим топади.