Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 06.12.2010 й. 10-1006/9021-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

06.12.2010 й.

N 10-1006/9021


(КЎЧИРМА)




Суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак


"Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси" ОАЖ Миробод туман "Электр тармоқлари корхонаси"нинг манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар 174-сон мактабгача таълим муассасасидан 270494,40 сўм асосий қарз, 1853787,75 сўм жарима, 297362,01 сўм пеня, жами - 2426646,16 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, 174-сон мактабгача таълим муассасасидан "Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси" ОАЖ фойдасига 270494,40 сўм асосий қарз, 1853787,75 сўм жарима ва 45000 сўм пеня ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Кассация протестида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти ва протестда келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қисман, протестни тўлиқ қаноатлантиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида 2010 йил 28 январда 0417-сонли электр энергиясини етказиб бериш ва ундан фойдаланиш шартномаси тузилган. Шартномага кўра, даъвогар электр энергиясини етказиб бериб туриш мажбуриятини, жавобгар эса қабул қилинган электр энергияси ҳақини тўлаш мажбуриятини олган. Даъвогар томонидан шартнома шартлари бажарилган, лекин жавобгар томонидан етказиб берилган электр энергиясининг ҳақи - 270494,40 сўм тўланмаган. Натижада, 297364,01 сўмлик пеня юзага келган.

Даъвогар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 ноябрдаги 511-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида жавобгардан шартноманинг 6.4 бандига асосан 2008 - 2010 йилларда шартномавий ҳажмлардан ортиқча олинган электр энергиясининг миқдори учун 1853787,57 сўм жарима ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъво талабларини қисман қаноатлантириш ҳақида барвақт хулосага келган.

Чунки, биринчи инстанция суди жавобгардан 2008, 2009 ва 2010 йиллар мобайнида шартномавий ҳажмлардан ортиқча олинган электр энергиясининг миқдори учун 1853787,57 сўм жаримани ундиргани ҳолда, даъвогардан ушбу талабни асословчи тегишли ҳужжатларни, яъни 2008-2009 йиллардаги шартномалар, далолатномалар, ҳисоб-китобларни талаб қилиб олмаган ҳамда уларга тегишлича ҳуқуқий баҳо бермаган.

Даъвогарнинг ушбу талабларини тасдиқловчи бирор-бир ҳужжат иш ҳужжатларида мавжуд эмас.

Бундан ташқари, иш ҳужжатларида тарафлар ўртасида 2010 йил 28 январда тузилган бюджет ташкилотлари учун электр энергияси шартномаси мавжуд бўлиб, унга кўра жавобгар бюджет ташкилоти бўлгани ҳолда биринчи инстанция суди даъвогарнинг жарима ундириш ҳақидаги даъво талабидан келиб чи??ан ҳолда ишга ғазначилик идораси вакилларини жалб этиш чораларини кўрмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 161-сонли қарори 1-бандининг иккинчи хатбошисида суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги, қайд этилган талабларга риоя этмаслик қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Юқорида қайд этилганларга асосан судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман, протестни эса тўлиқ қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган ҳолатларни муҳокама қилиб, даъво талабларини асословчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини талаб қилиб олган ҳолда уларни ўрганиб, ишга ғазначилик идораси вакилларини жалб этиш масаласини ҳал этиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши ва ишни судда кўриш билан боғлиқ бўлган суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаб, ундириши лозим бўлади.