Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 25.10.2010 й. 11-1006/14930-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

25.10.2010 й.

N 11-1006/14930


(КЎЧИРМА)




Агар суд ишни мажлис жойи ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрган бўлса, бу ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади


"Қибрай туман электр тармоқлари" хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Қибрай туман тиббиёт бирлашмаси"дан 78222560 сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Қибрай туман тиббиёт бирлашмаси"дан "Қибрай туман электр тармоқлари" фойдасига 77197960 сўм асосий қарз ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад қилинган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Қибрай туман тиббиёт бирлашмаси" ҳамда "Қибрай туман электр тармоқлари" ўртасида 2010 йил 20 январда 240109-сонли электр энергиясидан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузилган.

Шартнома шартларига биноан энерготаъминот ташкилоти тармо??а бевосита уланган ва истеъмолчига тегишли электр ускуналарига электр энергиясини бериш, истеъмолчи эса ушбу шартномада белгиланган шартлар асосида электр энергиясини ва қувватни 1-иловада кўрсатилган миқдорда қабул қилиш ҳамда электр энергияси ҳақини тўлаш мажбуриятини олган.

Бироқ, етказиб берилган электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгардан 78222560 сўм миқдоридаги асосий қарзни ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 61-моддасига кўра, хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳолайди.

Биринчи инстанция суди томонидан иш жавобгар вакилининг иштирокисиз кўриб чиқилган. Иш ҳужжатларида жавобгарнинг мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинганлигини, жавобгарнинг иш судда кўрилаётган вақтда электр энергиясидан қанча миқдорда қарзи борлигини тасдиқловчи солиштирма далолатнома ёки бошқа ҳужжатлар мавжуд эмас.

Жавобгарнинг кассация шикоятида келтирган важларида Тошкент вилоят Қибрай туман прокуратураси томонидан 2007 йил 10 октябрда Қибрай туман марказий шифохонасида тафтиш ўтказилганлиги ва ушбу тафтиш натижасида электр энергиясидан бўлган қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинганлиги қайд этилган. Бироқ, суд томонидан ушбу ҳужжатлар талаб қилиб олинмаган ва ўрганилмаган. Жавобгар эса суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаганлиги учун суд мажлисига қатнаша олмаган ва ушуб ҳужжатларни тақдим эта олмаган.

Биринчи инстанция суди томонидан ғазначилик ишга мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилмаган. Суд томонидан тарафлар ўртасида тузилган шартнома ғазначиликдан рўйхатдан ўтганлигига аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг биринчи қисмига кўра, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Шунинг учун судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, тарафларни суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилиб, ўтказилган тафтиш ҳужжатларини ўрганиб, ғазначиликни ишга жалб қилиш масаласини ҳал қилиб, ишдаги мавжуд далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим бўлади.