Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 20.04.2010 й. 18-0908/16761-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

20.04.2010 й.

N 18-0908/16761


(КЎЧИРМА)




Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланиши, агар бу бузилиш нотўғри ҳал қилув қарори ёки қарорнинг қабул қилинишига олиб келган бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни бекор қилиш учун асос бўлади


Ғузор туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, "Муштарийбону кўзгуси" хусусий савдо дўконига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 9946000 сўм, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сон Қарори билан тасдиқланган "Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидалари"нинг 16-бандига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2009 йил 29 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2009 йил 23 декабрдаги ажрими билан апелляция шикояти бўйича иш юритиш тугатилган.

2010 йил 26 январдаги суд ажрими билан ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича ўзгартирилган. Кирим ҳужжатлари бўлмаган алкоголли ичимликлар учун 204000 сўм молиявий жарима қўлланилиб, даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Кассация протестида суднинг 2010 йил 26 январдаги ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш, кассация шикоятида эса ушбу суд ажримини бекор қилиб, жавобгарга энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан 300 бараваригача молиявий жарима қўллаш сўралган.

Судлов ҳайъати протест ва шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, биринчи инстанция суди "Муштарийбону кўзгуси" хусусий савдо дўконига нисбатан молиявий жарима қўллаш ҳақида 2009 йил 29 сентябрда ҳал қилув қарори қабул қилган.

Хўжалик процессуал кодексининг 208-моддасига биноан хўжалик суди суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани кўриб чиқиб, уни қаноатлантиради ва суд ҳужжатини бекор қилади ёки аризани қаноатлантиришни рад этади ва бу ҳақда ажрим чиқаради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланиши ҳақида" 2003 йил 25 июлдаги 111-сон қарорининг 14-бандида тушунтириш берилган.

"Муштарийбону кўзгуси" хусусий савдо дўкони жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг 2009 йил 16 ноябрдаги ҳукмида баён этилган ҳолатларга асосланиб, ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди ишни кўришда процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйган. Яъни, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани кўриб чиқиб, уни қаноатлантириши ва суд ҳужжатини бекор қилиши ёхуд аризани қаноатлантиришни рад этиб, шу ҳақда ажрим чиқариши лозим бўлса-да, ҳал қилув қарорини ажрим билан ўзгартириб, хатоликка йўл қўйган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди аризадаги важларни муҳокама қилиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.

Ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ 5000 сўм почта харажатлари жавобгар зиммасига юкланади.