Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Олий таълимдан кейинги таълимга қўйиладиган Давлат талаблари (ЎзР ВМ 22.05.2017 й. 304-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 22 майдаги

304-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий таълимдан кейинги таълимга қўйиладиган

ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Олий таълимдан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари (кейинги ўринларда Давлат талаблари деб аталади) олий таълимдан кейинги таълим тизимига мажбурий талабларни, шунингдек умумий қабул қилинган халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (кейинги ўринларда PhD деб аталади) ва фан доктори (Doctor of Science (кейинги ўринларда DSc деб аталади) илмий даражалари изланувчиларининг диссертация иши мазмунига ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди.

2. Давлат талаблари олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи илмий ташкилот ва таълим муассасалари учун мажбурийдир.

3. Ушбу Давлат талабларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


олий таълимдан кейинги таълим - докторлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш мақсадида мутахассисликни чуқур ўрганишни ва илмий изланишлар олиб боришни назарда тутадиган таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчанлик асосида илмий даражага эга илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни таъминлайдиган таълим тури;


олий таълимдан кейинги таълим институти - илмий ташкилот ёки таълим муассасаларида таянч докторантура, докторантура ёки мустақил изланувчилик шаклларидаги олий таълимдан кейинги таълимни амалга ошириш тизими;


стажёр-тадқиқотчилик - ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда тегишли ихтисослик бўйича илмий ва илмий-ижодий изланишларни олиб бориш ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун изланувчини тайёрлаш шакли;


таянч докторантура - фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;


докторантура - фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;


мустақил изланувчилик - фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли;


стажёр-тадқиқотчи - илмий ташкилот ёки таълим муассасаларига стажёр-тадқиқотчиликка белгиланган тартибда қабул қилинган шахс;


докторант - илмий ташкилот ёки таълим муассасаларига таянч докторантура ёки докторантурага белгиланган тартибда қабул қилинган шахс;


мустақил изланувчи - илмий ташкилот ёки таълим муассасаларида мустақил изланувчиликка белгиланган тартибда қабул қилинган шахс;


изланувчи - фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини тайёрлаётган шахс;


олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими (кейинги ўринларда - Ягона электрон тизим) - олий таълимдан кейинги таълим институтларига қабул қилиш, стажёр-тадқиқотчи ва изланувчиларнинг якка тартибдаги режалари бажарилиши бўйича ҳисоботларни шакллантириш бўйича ҳужжатларнинг электрон алмашинувини ташкил этишга мўлжалланган ахборот тизими.


2-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ

ИНСТИТУТЛАРИДА ЎҚИТИШ ШАКЛЛАРИ

ВА МУДДАТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР

4. Олий таълимдан кейинги таълим қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

таянч докторантура;

докторантура;

мустақил изланувчилик.

Стажёр-тадқиқотчилик институти олий таълимдан кейинги таълим институтига тайёргарлик босқичи ҳисобланади.

5. Олий таълимдан кейинги таълим институтларида ўқиш уч йилгача давом этади.

Стажёр-тадқиқотчилик институтига ўқиш бир йилгача давом этади.

6. Олий таълимдан кейинги таълим институтини ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши учун илмий ташкилот ва таълим муассасалар доимий фаолият кўрсатадиган мувофиқлаштирувчи-коллегиал органга (илмий кенгаш, кенгаш, илмий-техникавий кенгаш, илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш ва бошқа шаклларда) (кейинги ўринларда Коллегиал орган деб аталади) эга бўлиши лозим.

7. Стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантурага ва докторантурага қабул қилиш илмий ташкилот ёки таълим муассасалари ташкил этадиган қабул комиссиялар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов асосида амалга оширилади.

Таянч докторантурада ўқишга талабгорларни танлаб олиш кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, докторантурага эса - суҳбат натижаларига кўра амалга оширилади.

Стажёр-тадқиқотчилик ва мустақил изланувчилик институтига расмийлаштириш суҳбат натижаларига кўра амалга оширилади.

8. Олий таълимдан кейинги таълим институтларига хорижий фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилиш қонун ҳужжатларига ва/ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда олий таълимдан кейинги таълим институтларига ўқишга киришга ва таълим олишга ҳақлидир.


3-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ

ИНСТИТУТЛАРИГА КИРУВЧИ ТАЛАБГОРЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

9. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун таянч докторантурага кирувчи ёки мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилувчи шахслар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

магистр даражаси ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун), ёки олий маълумот (мутахассислик дастурлари бўйича) тўғрисидаги дипломга эга бўлиш;

фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган муайян илмий натижаларга, шу жумладан, илмий журналлар ва нашрларда чоп этилган камида битта илмий мақолага ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарларда, тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида камида иккита тезисга эга бўлиш;

Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун мустақил изланувчиликка икки йилдан кам бўлмаган илмий-педагогик стажга ёки аниқ илмий ютуққа (ихтирога патент ёки муаллифлик гувоҳномаси) эга бўлган шахслар расмийлаштирилади.


10. Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторантурага кирувчи ёки мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилувчи шахслар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган хорижий мамлакатларда олинган илмий даражалар;

фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олгандан сўнг муҳим илмий ютуқларга эришиш, шу жумладан, фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асосини ташкил қилиши мумкин бўлган илмий журналларда чоп этилган камида учта илмий мақолага ҳамда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва тегишли илмий йўналишлар бўйича илмий ишлар тўпламларида камида иккита тезисга эга бўлиш.


10-1. Стажёр-тадқиқотчиликка кирувчи шахслар магистр даражаси ёки клиник ординатура (тиббиёт фанлари учун), ёки олий маълумот (1997 йилгача олинган мутахассислик дастурлари бўйича) тўғрисидаги дипломга эга бўлиши лозим.

12. Олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилинадиган талабгорларнинг таянч мутахассислиги олий таълимдан кейинги таълим институтидаги ихтисослик тегишли бўлган фан тармоғига мувофиқ бўлиши керак.

Мутахассисликлар мувофиқ бўлмаганда диссертацияларни тайёрлаш ва ҳимоя қилиш масалалари Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.


4-БОБ. ОЛИЙ ТАЪЛИМДАН КЕЙИНГИ

ТАЪЛИМ ИНСТИТУТЛАРИДА ЎҚИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

13. Стажёр-тадқиқотчи, докторант ва мустақил изланувчилар Коллегиал орган қарори билан тасдиқланадиган индивидуал режага мувофиқ равишда таълим оладилар.

14. Индивидуал режа олий таълимдан кейинги таълим институтида ўқишнинг бутун даври учун тузилади.

15. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, шунингдек диссертация тадқиқотларини олиб боришда уларга илмий ва ўқув-методик ёрдам кўрсатиш мақсадида Коллегиал орган қарори билан:

стажёр-тадқиқотчи ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси изланувчиларига илмий раҳбарлар тайинланади;

фан доктори (DSc) илмий даражаси изланувчиларига илмий консультантлар тайинланади(мазкур банднинг олтинчи банди бундан мустасно).

Илмий раҳбарлар этиб, фаол тарзда илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб борувчи фан доктори, шунингдек илмий унвонга эга бўлган фан номзоди ёки фалсафа докторлари (PhD) тайинланиши мумкин.

Фаол тарзда илмий ва илмий-педагогик фаолият олиб борувчи фан докторлари илмий консультантлар бўлиши мумкин.

Фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотларини, изланувчининг хоҳишига кўра, илмий консультантсиз ҳам олиб бориш мумкин.


16. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олишда диссертация ҳимоясига қадар изланувчилар:

ихтисослик ҳамда чет тили бўйича малакавий имтиҳон топшириши;

диссертация натижаларининг халқаро ва республика илмий ва илмий-амалий конференцияларида кенг муҳокама қилинишини таъминлаши;

ОАК томонидан белгиланган илмий журналларда чоп этилган диссертациясининг асосий натижаларини акс эттирадиган камида учта (шу жумладан биттаси хорижда) илмий мақолага эга бўлиши шарт.


17. Фан доктори (DSc) илмий даражаси учун диссертация ҳимоя қилишгача изланувчилар:

диссертация натижаларининг халқаро ва республика илмий ва илмий-амалий конференцияларида кенг муҳокама қилинишини таъминлаши;

ОАК томонидан белгиланган илмий журналларда чоп этилган диссертациясининг асосий натижаларини акс эттирадиган камида ўнта (шу жумладан биттаси хорижда) илмий мақолага эга бўлиши шарт.

Ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси учун изланувчилар диссертация натижалари бўйича монография чоп этган бўлиши лозим.



5-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


18. Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш изланувчининг хоҳишига кўра ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларидан бири ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.


19. Фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация билимларнинг тегишли тармоғида муҳим аҳамиятга эга масаланинг янги ечимидан иборат ёки долзарб илмий масаланинг ечимига қаратилган илмий асосланган илмий-техник ёки ижтимоий-иқтисодий тавсиялар ишлаб чиқилган тугалланган шаклдаги илмий иш бўлиши лозим.


20. Фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация тугалланган илмий иш бўлиши ва унда:

муҳим ижтимоий-иқтисодий, илмий ёки амалий муаммолар ечими келтирилган;

ёки тегишли фан соҳасининг истиқболли йўналишини ривожлантириш учун йирик ютуқ сифатида баҳоланадиган янги назарий қоидалар комплекси ишлаб чиқилган;

ёки жорий этилиши фан ва техника, ижтимоий-сиёсий соҳа ёки иқтисодиёт тармоғининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшадиган назарий-методологик ва услубий асослар, илмий асосланган техник, иқтисодий ёки технологик ечимлар ишлаб чиқилган (такомиллаштирилган) бўлиши лозим.


21. Диссертация ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари ОАК томонидан белгиланади.



6-БОБ. ОЛИЙ МАЛАКАЛИ ИЛМИЙ ВА ИЛМИЙ-

ПЕДАГОГ КАДРЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


22. Қуйидагилар олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёргарлигининг зарурий ва етарли даражасини белгилайдиган асосий талаблар ҳисобланади:

а) фалсафа докторлари учун (PhD):

умумилмий ва аниқ тармоқ тадқиқотларининг методологиясини эгаллагани, муаммони малакали тарзда аниқлаши ва асослай олиши, илмий маълумотлар ва материалларни мақсадли тарзда излай олиши, таҳлил қилиши, тизимлаштириши ва умумлаштириш қобилиятига эга бўлиши;

тадқиқот натижаларига асосланиб муаммо мазмунини баён қила билишни, илмий хулосалар ва тавсияларни аниқ ва лўнда ифодалай олиши;

илмий натижаларни амалиётда жорий этиш учун тақдим қила олиши;

б) фан докторлари учун (DSc):

ихтисослик бўйича чуқур фундаментал билимларга эга бўлиши;

фундаментал тадқиқотларни юқори савияда бажара олиши ва муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга илмий-амалий муаммоларни еча олиши;

илмий натижаларни амалиётга жорий этиши.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 29 май, 21-сон, 396-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 5-сон, 79-модда