Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ва қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлаш Қоидалари (ЎзР ВМ 14.08.2013 й. 224-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 14 августдаги

224-сон қарорига

ИЛОВА


Сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни

яшириш ва қасддан тўловга қобилиятсизликка

олиб келиш аломатларини аниқлаш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур қоидалар суд бошқарувчиси томонидан қарздорнинг молиявий-хўжалик фаолиятини сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ва қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлаш юзасидан таҳлил қилиш (кейинги ўринларда - таҳлил қилиш) тартибини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар ва атамалардан фойдаланилган:


қарздор - кредиторларнинг пул мажбуриятлари юзасидан талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;


тўловга қобилиятсизлик - суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги;


сохта тўловга қобилиятсизлик - юридик ва жисмоний шахс, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олиши ҳақида била туриб, пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш ва (ёки) солиқ ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажара олмаслиги тўғрисида эълон бериши натижасида кредиторларга зарар етказилиши;


тўловга қобилиятсизликни яшириш - юридик ва жисмоний шахс, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор томонидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилганлиги, бухгалтерлик ҳисоботлари бузиб кўрсатилганлиги ёки ўзининг тўловга қобилиятсизлиги бошқача тарзда қасддан яширилганлиги натижасида кредиторларга зарар етказилиши;


қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш - юридик шахснинг бошқарув органи таркибига кирадиган шахс, кузатув кенгаши таркибига кирадиган шахс, муассис (иштирокчи) ёхуд юридик шахснинг мулкдори, шунингдек жисмоний шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки кўпайтириш;


суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси, молиявий бошқарувчи) - тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини ўтказиш учун суд томонидан тайинланадиган шахс.

3. Суд бошқарувчиси, ўзи тайинланган вақтдан бошлаб, мазкур Қоидаларда назарда тутилган сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ва қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириши ҳамда чоралар кўриши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахслар тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қўлланиладиган ҳар қандай тартиб-таомил жараёнида судга сохта тўловга қобилиятсизликка, тўловга қобилиятсизликни яширишга ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келган аломатларни аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.

4. Суд бошқарувчиси томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги 2 йилгача бўлган даврдаги фаолият таҳлил қилинади, агар ушбу кўрсатилган даврда қарздор фаолият юритмаган тақдирда қарздорнинг молия-хўжалик фаолиятини амалга оширган охирги икки йилдаги фаолияти таҳлил қилинади.

5. Таҳлил қилиш даврида қуйидагилар ўрганилади:

а) қарздорнинг таъсис ҳужжатлари;

б) қарздорнинг молиявий ҳисоботлари;

в) қарздорнинг мол-мулки ўзгаларга ўтказилганлиги ёки сотиб олинганлиги, активлар таркибининг ўзгарганлиги, кредиторлик қарзларининг кўпайганлиги ёки камайганлигига асос бўлган шартномалар;

г) қарздорнинг бошқарув органлари таркиби, шунингдек қарздор учун мажбурий кўрсатмалари ёхуд унинг ҳаракатини бошқача тарзда аломатлаш имкониятларини бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган ҳужжатлар;

д) қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилган санадаги қарздор мол-мулкининг рўйхати, шунингдек қарздорнинг текширилаётган даврда сотиб олинган ёки ўзгаларга берилган мол-мулкининг рўйхати;

е) қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилган санада ҳар бир дебитор бўйича дебиторлик қарзининг миқдорини кўрсатган ҳолда дебиторлар рўйхати, шунингдек текширилаётган даврда дебиторлик қарзларни талаб қилиб олиш бўйича кўрилган чораларни тасдиқловчи ҳужжатлар (қарздорлик миқдори умумий дебиторлик қарзларнинг 5 фоизидан кам бўлган дебиторлардан ташқари);

ж) қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилган санадаги ва таҳлил қилинган санадан олдинги охирги ҳисобот санасидаги асосий қарзлар, жарималар, пенялар ва бошқа молиявий жарималар миқдорларини алоҳида кўрсатган ҳолда барча даражадаги бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги қарзлари тўғрисидаги маълумот;

з) ўрганилаётган даврда қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берилган санада ҳар бир кредитор бўйича қарздорликнинг асосий суммаси, жарималар, пенялар ва мажбуриятлар зарур даражада бажарилмаганлиги учун бошқа молиявий санкциялар ҳамда уларнинг бажарилишини бошлаш муддатларини кўрсатган ҳолда қарздорнинг кредиторлари рўйхати (қарз миқдори умумий кредиторлик қарзларнинг 5 фоизидан кам бўлган кредиторлардан ташқари);

и) қарздорнинг бизнесини баҳолаш, мол-мулки тўғрисидаги ҳисоботлар, аудиторлик хулосалари, муваққат бошқарувчининг кузатув тартиботини ўтказиш тўғрисидаги ҳисоботи, тафтиш комиссиясининг протоколлари, хулосалари ва ҳисоботлари, қарздор бошқарув органларининг протоколлари ва қарорлари;

к) қарздорнинг аффилланган шахслар ва шуъба корхоналари тўғрисидаги, шунингдек улар билан тузилган битимлар тўғрисидаги маълумотлари;

л) қарздор иштирокидаги суд жараёнлари материаллари;

м) қарздорни солиқ юзасидан текширувлар материаллари;

н) қарздорга беғараз берилган ва у тугатилганда давлатга қайтарилиши зарур бўлган давлат мулки рўйхати;

о) қарздорга сақлаш учун берилган, уларнинг сақланиши ва бутлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлган давлат захиралари, моддий бойликларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

п) қарздорнинг фаолиятини тартибга соладиган бошқа ҳисобга олиш ҳужжатлари, локал ҳужжатлар.


6. Суд бошқарувчиси томонидан таҳлил қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлар қарздорнинг раҳбаридан, тегишли давлат органларидан ҳамда зарур маълумотларга эга бўлган бошқа шахслардан сўраб олинади.

Суд бошқарувчисига тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги юзасидан жавобгарлик қарздорга, давлат органларига ҳамда зарур маълумотларга эга бўлган бошқа шахсларга юкланади.


7. Суд бошқарувчиси ушбу Қоидаларнинг 5-бандида назарда тутилган маълумотлар ва ҳужжатларни ўрганиш учун аудиторлик ва баҳолаш ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.


8. Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиботини амалга оширишда суд бошқарувчиси томонидан экспертиза тайинланган тақдирда, харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан қопланади.


II. СОХТА ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК

АЛОМАТЛАРИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ

9. Қарздорнинг аризасига кўра тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иқтисодий суд томонидан иш қўзғатишнинг барча ҳолатларида сохта тўловга қобилиятсизлик аломатларини аниқлаш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади ҳамда кузатув тартиботи жараёнида рўёбга чиқарилади.

10. Қарздорнинг уни тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилган санада пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш ва (ёки) солиқ ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш имкониятининг мавжудлиги сохта тўловга қобилиятсизлик аломати ҳисобланади.

11. Сохта тўловга қобилиятсизлик аломатларининг мавжудлигини (йўқлигини) аниқлаш учун қарздорнинг ўрганилаётган даврдаги тўлов қобилияти таҳлил қилинади.

12. Қарздорнинг кредиторлар олдидаги тўлов қобилияти даражасини тавсифлайдиган кўрсаткичларга қуйидагилар киради:

а) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлиги;

б) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлиги;

в) соф активлар миқдори.


13. Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлиги баланс валютасининг жорий мажбуриятлар суммасига тенг бўлган активлар балансининг нисбати сифатида аниқланади.

Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлиги қарздорнинг қарз бирлигига тўғри келадиган активлари миқдори билан тавсифланади.


14. Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлиги қарздорнинг қарз бирлигига тўғри келадиган жорий активлари миқдори билан тавсифланади.

Қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлиги жорий активлар қийматининг жорий мажбуриятлар суммасига нисбати сифатида аниқланади.


15. Қарздорнинг соф активлари миқдори мажбуриятлар юкланмаган активлар мавжудлигини тавсифлайди.

Соф активлар қарздор активлари ва унинг мажбуриятлари умумий суммаси ўртасидаги тафовут сифатида ҳисобланади.


16. Таҳлил қилиш ушбу Қоидаларнинг 12-бандида кўрсатилган кўрсаткичлар динамикасини, шунингдек ўрганилаётган даврдаги (мутлақо, тез, жорий) ликвидлилик кўрсаткичларини ўрганишни назарда тутади.


17. Кредиторларнинг пул мажбуриятлари бўйича талаблари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар таъминланишини тавсифлайдиган кўрсаткичларни кўриб чиқишда мажбуриятлар таркибида асосий қарз қийматидан ташқари, эътироф этилган жарималар, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар миқдори ҳисобга олиниши керак.


18. Сохта тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжудлиги ва қарздорнинг тўлов қобилияти тўғрисида хулоса чиқариш учун қуйидаги шартларнинг мавжудлиги асос ҳисобланади:

а) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли барча активлар билан таъминланганлик кўрсаткичи камида - 1 бўлганда;

б) қарздор мажбуриятларининг унга тегишли жорий активлар билан таъминланганлик кўрсаткичи камида - 1,25 бўлганда;

в) соф активлар миқдори ижобий ва қарздорнинг устав капитали миқдоридан ортиқ бўлганда;

г) ликвидлилик кўрсаткичлари норматив қийматлар доирасида бўлганда;

д) тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш била туриб берилган ёлғон маълумот асосида қўзғатилганда.

19. Қарздорнинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш натижаларига кўра қуйидаги хулосалардан бири чиқарилади:

агар қарздорнинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш ва (ёки) жиддий қийинчиликсиз ёки хўжалик фаолиятини тўхтатмасдан мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажариш имконияти мавжудлигини кўрсатса, қарздорнинг сохта тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжудлиги тўғрисида хулоса қилинади;

агар тақдим этилган маълумотлар ва ҳужжатлар асосида қарздорнинг тўлов қобилиятини таҳлил қилиш қарздорнинг ўз мажбуриятлари бўйича ҳисоб-китоб қилиш имконияти йўқлигини кўрсатса, қарздорнинг сохта тўловга қобилиятсизлик аломатлари йўқлиги тўғрисида хулоса қилинади.

20. Агар қарздор томонидан қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондириш ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажариш имконияти мавжуд бўлгани ҳолда иқтисодий судга ариза берилган тақдирда, ушбу аризани берган қарздор, суд қарорига кўра, бундай аризани бериш билан етказилган зарар учун кредиторлар олдида жавоб беради.


III. ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИКНИ ЯШИРИШ

АЛОМАТЛАРИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ

21. Тўловга қобилиятсизликни яшириш аломатлари тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатишдан олдинги давр мобайнида, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнида суд бошқарувчиси томонидан аниқланади.

22. Тўловга қобилиятсизликни яшириш юридик ва жисмоний шахс, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ўзининг тўловга қобилиятсизлигини яширишда вужудга келади ҳамда шахс талабни қондириш ёки тўлашдан бош тортишга уринаётган қарзга ёки ҳар қандай турдаги қарздорликка нисбатан қўлланилади.

23. Қарздорнинг кредиторлар талабларини қондиришдан қасддан бош тортиши, шунингдек ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиши, бухгалтерия ҳисоботларини бузиб кўрсатиши ёки ўзининг иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда бекитишга қаратилган хатти-ҳаракатлари тўловга қобилиятсизликни яширишнинг мажбурий аломатлари ҳисобланади.

24. Қуйидаги хатти-ҳаракатлар тўловга қобилиятсизликни яшириш усуллари ҳисобланади:

қарздорнинг кредиторлар олдидаги ўз мажбуриятларини яшириши;

қарздорнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ҳисобга олиш ҳужжатларини яшириши, йўқ қилиши, бузиб кўрсатиши, қалбакилаштириши;

бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулки (шу жумладан, пул маблағлари)нинг берганлигини яшириши;

хўжалик юритувчи субъектнинг иқтисодий қодирлигини кўрсатиш мақсадида молиявий ҳисоботларни бузиб кўрсатиши, яъни уларни қалбакилаштириши;

ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этиш.


IV. ҚАРЗДОРНИ ҚАСДДАН ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИККА

ОЛИБ КЕЛИШ АЛОМАТЛАРИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ

25. Қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлаш иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб эътироф этилган ҳамда тугатишга доир иш юритиш бошлангандан кейин, қарздор учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ёхуд унинг хатти-ҳаракатларини бошқача тарзда аломатлаш имкониятига эга бўлган шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари асосида тўловга қобилиятсизликни келтириб чиқарилишини тахмин қилиш асослари мавжуд бўлганда амалга оширилади.

26. Юридик ёки жисмоний шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ушбу юридик шахснинг муассиси (қатнашчиси) ёки мулкдори ёхуд қонун ҳужжатларида бошқарув вазифалари юклатилган шахс ёки жисмоний шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан фақат, агар у кўрсатиб ўтилган ҳуқуқдан юридик ёки жисмоний шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркор томонидан бунинг оқибатида юридик ёки жисмоний шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги бошланишини олдиндан билган ҳолда юзага келтирилган хатти-ҳаракатлар содир этиш мақсадида фойдаланган бўлса, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш деб ҳисобланади.

27. Қарздорнинг қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари бунинг натижасида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келишини олдиндан билган ҳолда қуйидаги хатти-ҳаракатларни содир этишида ифодаланади:

пул маблағларидан ва бошқа мол-мулкдан қарздорга қасддан зиён ёки зарар етказган ҳолда жиноий тарзда фойдаланиш;

тўлов интизомини бузиш ва шартнома мажбуриятларини бажармаслик;

мол-мулкни баланс қийматидан паст нархда сотиш ёки уни текин бериш;

муддати ўтказиб юборилган дебиторлик қарзларни ундириш бўйича белгиланган муддатларда чора-тадбирлар кўрмаслик;

асосий фаолиятга (ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга) жалб этилган қарздор активларининг 50 фоиздан ортиғини бошқа шахсларга бериш;

ижро этувчи орган ва/ёки кузатув кенгаши томонидан тегишли равишда уларнинг ваколатига кирмайдиган йирик битимлар тузиш.


28. Қарздорни қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатларини аниқлаш мақсадида таҳлил ўтказилади, у икки босқичга бўлинади.

29. Биринчи босқичда ушбу Қоидаларнинг 13 ва 17-бандларида кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича қарздорнинг тўлов қобилияти таҳлил қилинади ва қарздорнинг ўз кредиторлари олдидаги мажбуриятлари таъминланганлигидаги ўрганилаётган даврда юз берган ўзгаришларни тавсифловчи кўрсаткичлар ҳисоблаб чиқилади.


30. Биринчи босқичда мажбуриятлар таъминланганлиги кўрсаткичларида жиддий ёмонлашиш аниқланган тақдирда, иккинчи босқичда шу даврнинг ўзида қарздорнинг ўз кредиторлари олдидаги мажбуриятлари таъминланганлиги кўрсаткичларидаги жиддий ўзгаришларга олиб келган битимларни содир этиш шарт-шароитлари таҳлил қилинади.


31. Кўрсаткичларнинг жиддий ёмонлашиши деганда бирор-бир чораклик даврда уларнинг пасайиши суръати ўрганилаётган даврда ушбу кўрсаткичлар қийматлари пасайишининг ўртача суръатидан ошгандаги пасайиш тушунилади.


32. Қарздорнинг битимларини таҳлил қилиш давомида битимлар ва қарздорнинг бошқарув органлари ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек бозор шартларига мувофиқ бўлмаган шартларда тузилган ёки бажарилган, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келишига ёки кўпайишига сабаб бўлган ва унга аниқ зиён етказган битимлар аниқланади.


33. Бозор шартларига мувофиқ бўлмаган шартларда тузилган битимларга қуйидагилар киради:

а) қарздорнинг олди-сотди битимлари ҳисобланмаган, қарздорнинг активларини камроқ ликвидли активларга алмаштиришга йўналтирилган мол-мулкни ўзгага бериш бўйича битимлари;

б) қарздорнинг мол-мулки билан амалга ошириладиган, қасддан қарздор учун фойда келтирмайдиган шартларда тузилган ёки қарздорнинг хўжалик фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлган олди-сотди битимлари;

в) қарздорнинг мол-мулк билан таъминланмаган мажбуриятлари пайдо бўлиши билан боғлиқ бўлган, шунингдек ликвидли бўлмаган мол-мулк сотиб олинишига сабаб бўлган битимлар;

г) баъзи мажбуриятларни қасддан фойда бермайдиган шартларда бошқа мажбуриятлар билан алмаштириш бўйича битимлар.


34. Қарздор учун олдиндан маълум бўлган фойда бермайдиган шартлардаги битимларга қуйидагилар киритилиши мумкин:

вужудга келган бозор коньюнктурасига нисбатан етказиб бериладиган (сотиб олинадиган) товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг пасайтирилиши ёки оширилиши;

тўловнинг қарздор учун ноқулай муддатлари ва (ёки) усуллари;

қарздор мол-мулкининг ўзгага берилиши ёки мол-мулкка мажбуриятлар юкланишининг ҳар қандай шакллари, агар улар қарздорлик тенг даражада қисқариши билан бирга кечмаса.


35. Қарздорнинг тўловга қобилиятини ва қарздорнинг битимларини таҳлил қилиш натижалари бўйича қуйидаги хулосалардан бири:

агар қарздорнинг бошқарув органлари, якка тартибдаги тадбиркор, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, қарздорнинг муассиси (қатнашчиси) ёки мулкдори томонидан қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келишига сабаб бўлган, уларни содир этиш пайтида мавжуд бўлган бозор шартларига ва иш муомаласи одатларига мувофиқ бўлмаган хатти-ҳаракатлар ёки битимлар содир этилган бўлса, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги тўғрисида;

агар суд бошқарувчиси томонидан тегишли битимлар ёки хатти-ҳаракатлар аниқланмаган бўлса, қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисида;

таҳлил қилиш учун зарур ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қарздорнинг қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжудлигини (мавжуд эмаслигини) аниқлашнинг имконияти йўқлиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

36. Қарздор юридик шахс унга мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ёхуд унинг хатти-ҳаракатларини бошқача тарзда аломатлаш имкониятига эга бўлган унинг муассислари (қатнашчилари) ёки мулкдорининг ёхуд қонун ҳужжатларида бошқарув вазифалари юклатилган шахснинг айбига кўра, шунингдек қарздор жисмоний шахс ёхуд қарздор якка тартибдаги тадбиркор ўзининг айбига кўра банкрот бўлганда, қарздорнинг юридик шахснинг муассисларига (қатнашчиларига) ёки мулкдорига ёхуд қонун ҳужжатларида бошқарув вазифалари юклатилган шахсига - юридик шахсга ёки қарздор жисмоний шахсга ёхуд қарздор якка тартибдаги тадбиркорга унинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, қарздорнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юкланиши мумкин.


V. СОХТА ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК, ТЎЛОВГА

ҚОБИЛИЯТСИЗЛИКНИ ЯШИРИШ ЁКИ ҚАСДДАН

ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИККА ОЛИБ КЕЛИШ

АЛОМАТЛАРИ МАВЖУДЛИГИ ЁКИ МАВЖУД

ЭМАСЛИГИ ТЎҒРИСИДА ХУЛОСА ТАЙЁРЛАШ

37. Таҳлил натижалари бўйича суд бошқарувчиси томонидан сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги тўғрисидаги хулоса ёхуд ушбу аломатларнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек таҳлил қилиш учун зарур маълумотлар ва ҳужжатларнинг йўқлиги тўғрисидаги хулоса тузилади.

Хулоса қуйидагилардан иборат:

а) хулоса тузилган сана ва жой;

б) суд бошқарувчиси тўғрисидаги маълумотлар;

в) иқтисодий суднинг номи, иш сони, иқтисодий суднинг тўловга қобилиятсизлик таомилларини жорий этиш тўғрисидаги қарори (ажрими) чиқарилган сана ва иқтисодий суднинг суд бошқарувчисини тайинлаш тўғрисидаги ажрими чиқарилган сана;

г) қарздорнинг тўлиқ номи ва бошқа реквизитлари;

д) сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса;

е) ҳисоб-китоблар ва сохта тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани асослаш;

ж) ҳисоб-китоблар ва ҳисоб-китоб билан биргаликда қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги юзага келиши ёки кўпайишининг сабабига айланган ёки сабаби бўлиши мумкин бўлган қарздорнинг битимлари ва (ёки) қарздор юридик шахс учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган ушбу юридик шахснинг муассиси (қатнашчиси) ёки мулкдори ёхуд қонун ҳужжатларида бошқарув вазифалари юклатилган шахс ёки жисмоний шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) кўрсатилган ҳолда қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулосани асослаш;

з) таҳлил ўтказишнинг мумкин эмаслигини асослаш (зарур ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда).


38. Сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжудлиги тўғрисидаги хулоса имзолангандан кейин 10 иш кунидан кечикмай кредиторлар йиғилишига, иқтисодий судга ва прокуратура органларига тақдим этилади.

Сохта тўловга қобилиятсизлик, тўловга қобилиятсизликни яшириш ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келиш аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса имзолангандан кейин 10 иш кунидан кечикмай кредиторлар йиғилишига, иқтисодий судга тақдим этилади.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


43. Ушбу Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 19 август, 33-сон, 441-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 8-сон, 54-модда