Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 07.08.2017 й. 593-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 7 августдаги

593-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг Балиқчиликни

ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ва унинг

маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма алоҳида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасида тузилади ҳамда унинг маблағлари "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг шахсий ғазна ҳисобварағида ва хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамида жамланади.

3. Мазкур Низом Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги балиқ овлаш хўжаликларига нисбатан татбиқ этилмайди.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

табиий сув ҳавзаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага беришдан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Жамғарманинг ҳар йили тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Жамғарма маблағларидан қуйидагиларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

балиқчилик тармоғида илмий-тадқиқот ва селекция-наслчилик ишларини амалга ошириш;

табиий сув ҳавзаларида балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида балиқлантириш ишларини амалга ошириш;

балиқларни озиқлантириш учун озуқаларнинг замонавий рецептураси ва услубий қўлланмаларини ишлаб чиқиш;

балиқчилик тармоғида замонавий интенсив ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва моддий техника базасини ривожлантириш;

аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан балиқчилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг бир йиллик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизигача, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми;

балиқлар касалликларини олдини олиш ва даволашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари шакллантирилишини молиялаштириш;

табиий ва сунъий сув ҳавзаларида балиқчилик фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг фаолиятини қонунийлаштириш мақсадида мазкур сув ҳавзалари бўйича кадастр ҳужжатларини тузиш ва рўйхатдан ўтказиш.

7. Жамғарма маблағларидан қатъий равишда мақсадли фойдаланилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


8. Уюшма раиси бошчилик қилувчи Жамғарманинг бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма кенгаши деб аталади) Жамғармани бошқариш органи ҳисобланади.


9. Жамғарма кенгашининг шахсий таркиби Уюшма, Балиқчилик илмий тадқиқот институти, ҳудудий "Балиқсаноат" МЧЖ директорлари ва балиқчилик хўжаликлари вакилларидан ташкил топади ҳамда кенгаш таркиби Уюшма таъсисчилари йиғилиши томонидан тасдиқланади.


10. Жамғарма кенгаши ва аъзолари жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.


11. Жамғарма кенгаши:

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;

жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни танлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.


12. Жамғарма кенгаши мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари ҳолларда чақирилади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ,

НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


13. Жамғарма бўйича маблағлар тушуми ва ҳаракати ҳисоби Уюшманинг Молия, бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва Жамғарма маблағларининг бошқариш бўлими томонидан алоҳида юритилади.


14. Уюшма томонидан ҳар чоракдан кейинги ойнинг 5-санасида Жамғарма маблағларини шаклланиши ва харажатлари тўғрисидаги маълумотномаларни мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ Жамғарма кенгашига тақдим этади.


15. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Жамғарма кенгаши томонидан амалга оширилади.


16. Жамғарма маблағларининг сарфланишида Уюшма қуйидагилар учун жавобгардир:

жамғарма маблағлари бухгалтерия ҳисобини тўғри юритилишига;

жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишга;

танлов (тендер) савдолари ўтказиш тартибига риоя қилиниши ва етказиб берувчиларни танлашда мақсадга мувофиқлик ва нарх-наво ечимига.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Жамғарма маблағларидан фойдаланилишида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Балиқчиликни ривожлантириш жамғармаси

маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши

тўғрисида 20___ йил __________ ҳолатига

МАЪЛУМОТНОМА

Т/р

Кўрсаткич номи


Сумма (минг сўм)


1.

01.01.20____га қолдиқ



2.

Ҳисобот даврида тушган маблағлар (жами)



шу жумладан:




3.

Ҳисобот давридаги харажатлар (жами)



шу жумладан:




4.

Ҳисобот даврига қолдиқ



"Ўзбекбалиқсаноат"

уюшмаси раиси





(имзо)


(Ф.И.Ш.)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 814-модда