Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.06.2017 й. 23-сон "Фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишларни кўришда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.06.2017 й.

N 23



ФУҚАРОЛИК, ЖИНОЯТ ВА МАЪМУРИЙ

ИШЛАРНИ КЎРИШДА СУД МАЖЛИСЛАРИНИ

ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА РЕЖИМИДА

ЎТКАЗИШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари - суд процессы иштирокчиларининг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида янада қулай шарт-шароитлар яратиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, молиявий ва вақт харажатларини қисқартириш, шунингдек ишларни кўришда тезкорликни таъминлаш ва процессуал муддатларни тежаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларга тушунтирилсинки, бундан буён, процессуал қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судлар процесс иштирокчиларининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларида ўрнатилган телекоммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга ҳақли.

Бунда, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг зарурий шарти ишда иштирок этувчи шахслардан лоақал биттаси бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ҳудудида, яъни ишни кўраётган суд жойлашган ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлиши лозимлиги ҳисобланади.


2. Судлар назарда тутишлари лозимки, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси деганда, реал вақт режимида телекоммуникация технологиялари воситасида аудио- ва видео- ахборотлар алмашинуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишни кўраётган суд ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган суд ўртасидаги интерактив ўзаро таъсир қилиш йўли билан масофадан суд мажлисини ўтказиш тушунилади.

Ишни кўраётган суд деганда, иш юритувида бўлган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва маъмурий суд тушунилади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд деганда, видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш учун техник ва бошқа шароитларни таъминлаётган ва ишни кўраётган суд ҳудудидан ташқарида жойлашган иқтисодий суд тушунилади.


3. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишда иш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Жиноят-процессуал кодексининг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.


4. Ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида ва видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда судлар Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2014 йил 28 ноябрдаги 270-сонли қарорининг қоидаларини ҳам қўллашлари лозим.



Олий суд раиси

К.Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И.Алимов