Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.09.2017 й. 764-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 26 сентябрдаги

764-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида

тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий

экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги ҳамда "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодларнинг соғлиғи ва жисмоний ривожланиши бўйича ички ишлар органларининг шаҳодатланган лавозимларида хизматга яроқлилигини аниқлаш;

ички ишлар органлари шаҳодатланган ходимларининг соғлиғи бўйича хизматни давом эттиришга яроқлилигини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таълим муассасаларига (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) кириш учун номзодларнинг соғлиғи ва жисмоний ривожланишига кўра таҳсил олишга яроқлилигини аниқлаш;

таълим муассасаларида курсант ва тингловчиларнинг соғлиғи бўйича таҳсил олишни давом эттиришга яроқлилигини аниқлаш;

ички ишлар органлари ходимларига касаллиги сабабли таътил бериш ёки уларни хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш;

ички ишлар органлари захирадаги ёки собиқ ходимларининг касалланиши, ярадорлиги, контузиялари, жароҳатланишини уруш ҳаракатларида иштирок этиши натижасида орттирилганлиги, ички ишлар органларида хизматни ўташи, хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқлиги сабабларини аниқлаш;

ички ишлар органлари ходимларининг тан жароҳатларини оғирлик даражасини баҳолаш;

ички ишлар органлари ходимларининг Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароити оғир ва ноқулай ҳудудларида хизматни ўташи муносабати билан уларнинг оила аъзолари яшаши учун соғлиғи бўйича тиббий зид кўрсатмаларни мавжудлигини аниқлаш;

ички ишлар органлари ходимлари оила аъзоларининг узоқ муддат даволаниши ҳамда тиббий кузатувда бўлиши заруратини аниқлаш.


2-1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ходимлар хизмат қиладиган лавозимларга қабул қилинаётган номзодларни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг захирадаги ёки собиқ ходимларини тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш, ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг оила аъзолари, ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодлар ҳамда ички ишлар органларининг захирадаги ёки собиқ ходимлари учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий-тиббий комиссия томонидан амалга оширилади.

3. Ички ишлар органлари тизимида тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тиббиёт бошқармасида ташкил этиладиган Марказий ҳарбий-тиббий комиссия (кейинги ўринларда МҲТК деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Тиббиёт бўлимларида ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар (кейинги ўринларда ҲТК деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг марказий госпиталида даволанаётган ходимларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тиббий кўрсатма асосида ушбу госпиталда ташкил этилган ҳарбий-тиббий комиссия томонидан амалга оширилади.

Таълим муассасаларида тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказиш учун мазкур муассасаларда вақтинча ҳаракатдаги ҳарбий-тиббий комиссиялар ташкил этилади.

ҲТКлар таркиби ва уларнинг ишини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



2-БОБ. ТИББИЙ ТЕКШИРУВ ВА ҲАРБИЙ-ТИББИЙ

ЭКСПЕРТИЗАНИ ЎТКАЗИШНИНГ ОБЪЕКТЛАРИ


4. Қуйидагилар ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилади:

а) ички ишлар органларига хизматга қабул қилинаётган номзодлар;

б) ички ишлар органлари ходимлари;

в) таълим муассасаларига кириш учун номзодлар;

г) таълим муассасалари курсант ва тингловчилари;

д) ички ишлар органларининг захирадаги ёки собиқ ходимлари;

е) ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари;

ж) Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига кириш учун номзодлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий тузилмаларининг ҳарбий хизматчиларини ва уларнинг оила аъзоларини, таълим муассасасига кириш учун номзодларни ҳамда курсантларни ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳарбий-тиббий комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида амалда бўлган ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. ТИББИЙ ТЕКШИРУВ ВА ҲАРБИЙ-ТИББИЙ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


6. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ички ишлар органларининг ёки ушбу органларнинг кадрлар бўлими раҳбарлари йўлланмалари ёхуд суд қарори асосида амалга оширилади.


7. Назорат қилиш тартибида қайта тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ёки қуйи ҲТК қарорини қайта кўриб чиқиш МҲТК томонидан амалга оширилади.


8. Ушбу Низомнинг 4-банди "а" - "г" кичик бандларида назарда тутилган шахсларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш тегишли ҲТКлар томонидан ушбу шахсларда ички ишлар органларида хизматни ўташга (хизматни ўташни давом эттиришга) ёки таълим муассасаларида таҳсил олишга (таҳсил олишни давом эттиришга) тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонларнинг бор ёки йўқлигини аниқлаш йўли билан амалга оширилади.

Ички ишлар органларида хизматни ўташга ёки таълим муассасаларида таҳсил олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар (кейинги ўринда касалликлар ва жисмоний нуқсонлар деб аталади) мазкур Низомга иловадаги рўйхатга мувофиқ аниқланади.


9. Ушбу Низомнинг 4-банди "д" кичик бандида назарда тутилган шахсларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ушбу шахсларнинг касалланиши, ярадорлиги, контузиялари, жароҳатланишини уруш ҳаракатларида иштирок этиши натижасида орттирилганлиги, ички ишлар органларида хизматни ўташи, хизмат вазифасини бажариши билан боғлиқлиги ёки боғлиқ эмаслиги сабабларини аниқлаш, шунингдек улардаги тан жароҳатларининг оғирлик даражасини баҳолаш йўли билан амалга оширилади.


10. Ушбу Низомнинг 4-банди "е" кичик бандида назарда тутилган шахсларни тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш ички ишлар органлари ходимларининг Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароити оғир ва ноқулай бўлган ҳудудларида хизматни ўташи муносабати билан ушбу ҳудудларда уларнинг оила аъзолари яшаши учун соғлиғи бўйича тиббий зид кўрсатмаларнинг бор ёки йўқлиги, шунингдек ушбу кичик бандда назарда тутилган шахсларнинг узоқ муддат даволаниши ҳамда тиббий кузатувда бўлиши заруратини аниқлаш йўли билан амалга оширилади.


11. Ушбу Низомнинг 4-банди "а" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган шахсларнинг амбулатор шароитдаги тиббий текшируви тиббий кўрсатмаларга кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда тиббий текширув натижалари расмийлаштирилиб, тегишли хулоса тиббий текширувдан ўтган шахсга ҲТКга тақдим этиш учун берилади.


12. Ушбу Низомнинг 4-банди "б" ва "е" кичик бандларида назарда тутилган шахсларнинг стационар ёки амбулатор шароитдаги тиббий текшируви Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг даволаш-профилактика муассасаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


13. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказишда иштирок этган ҳар бир шифокор ўз йўналиши бўйича тиббий кўрикни амалга оширади ва тиббий хулоса беради.


14. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтишга ходим саломатлиги ҳолати сабабли ҲТКга кела олмайдиган ҳолларда, ҲТК томонидан сайёр тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза ўтказилади ҳамда бу ҳақдаги маълумот тегишли тиббий далолатномага қайд қилинади.


15. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш жараёнида шахслар, заруратга кўра, тиббиётнинг ихтисослашган соҳалари бўйича шифокорларга (фтизиатр, эндокринолог, уролог, онколог ва бошқалар) ўрнатилган тартибда тиббий маслаҳат ва текширув учун юборилади.


16. Тиббий хулоса ҲТКда кўриб чиқилади ва тиббий текширув ҳамда ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтувчи шахсларнинг саломатлиги тўғрисидаги барча маълумотлар ва унинг жисмоний ривожланиши ҳисобга олинган ҳолда хизматга яроқли ёки яроқсизлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.


17. ҲТК ўз қарорларини тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилаётган ҳар бир шахс бўйича индивидуал тарзда баҳолаш усулидан фойдаланган ҳолда коллегиал тарзда чиқаради. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилаётган шахснинг ҳолатига индивидуал баҳо бериш вақтида касаллик ва жисмоний нуқсоннинг хусусияти, ривожланиш даражаси, бошқа тана аъзолари ҳисобига компенсация қилиниши, тана аъзолари фаолиятининг бузилиши, бузилишларнинг келиб чиқиши ва касаллик прогнози, шахснинг мутахассислиги, хизмат тури инобатга олинади.

Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза натижаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган шаклга мувофиқ ҲТК далолатномаси орқали расмийлаштирилади.


18. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза далолатномасига ҲТК томонидан қарорни чиқаришга асос бўлган тиббий ҳужжатлардан кўчирма ва бошқа тегишли хулосалар ҳамда ҳужжатлар илова қилинади.

Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертиза далолатномасида махфий ҳужжатлардан кўчирмалар қолдирилмайди. Лозим бўлганда далолатномада фақатгина махфий ҳужжатлар сақланадиган йиғма жилд рақами кўрсатилади.


19. Тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш натижасида шахс хизматга яроқсиз деб топилганда, уларни қайта ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказиш учун кўриб чиқиш муддати ҲТК томонидан белгиланади.


20. Ушбу Низомнинг 4-банди "а" кичик бандида назарда тутилган шахсларга расмийлаштирилган хизматга яроқлилик тўғрисидаги ҲТК далолатномаси, улар тиббий текширув ва ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилган кундан бошлаб олти ойдан кўп бўлмаган муддатда, ушбу Низомнинг 4-банди "б" кичик бандида назарда тутилган шахсларга нисбатан эса бир йил муддатда амалда бўлади.

Ушбу Низомнинг 4-банди "а" - "г" кичик бандларида назарда тутилган шахсларда ҲТК далолатномаларида белгиланган муддат ичида соғлиғида сезиларли ўзгаришлар рўй берганлиги аниқланганда, улар такрорий ҳарбий-тиббий экспертизадан ўтказилади.


21. Ҳарбий-тиббий экспертизанинг хулосалари мансабдор шахслар ижро этиши учун мажбурийдир. Ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказган муассасанинг хулосаси устидан фуқаронинг ўзи ёки унинг қонуний вакили судга шикоят қилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


22. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Ички ишлар органларида хизматни ўташга ёки

таълим муассасаларида таҳсил олишга тўсқинлик

қилувчи касалликлар ва жисмоний нуқсонлар

РЎЙХАТИ


1. Юқумли ва паразитар касалликлар.


2. Нафас аъзоларининг сил касаллиги.


3. Бошқа аъзолар ва тизимларнинг сил касаллиги.


4. Захм ва асосан жинсий йўл билан юқадиган, бошқа аниқланган касалликлар.


5. Микозлар.


6. Ўсмалар.


7. Хавфли ўсмалар (лимфа, қон яратувчи ва уларга турдош тўқималарнинг ўсмалари бундан истисно).


8. Лимфа, қон яратувчи ва уларга турдош тўқималарнинг хавфли ўсмалари.


9. Хавфсиз ўсмалар (бош ва орқа мия ўсмалари бундан истисно), in situ ўсмалар.


10. Қон, қон яратувчи аъзоларнинг касалликлари ва иммун механизмини(тизимини) жалб қилувчи алоҳида бузилишлар.


11. Эндокрин тизимининг касалликлари, озиқланиш ва моддалар алмашинувининг бузилишлари.


12. Руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари.


13. Органик руҳий бузилишлар.


14. Эндоген психозлар: шизофрения, шизотипик бузилишлар, шизоаффектив, васвасали, ўткир ва ўткинчи психотик бузилишлар ва аффектив бузилишлар (кайфият бузилишлари).


15. Симптоматик ва бошқа экзоген этиологияли руҳий бузилишлар.


16. Стресс билан боғлиқ невротик ва соматик шаклдаги бузилишлар.


17. Шахс бузилишлари.


18. Руҳиятга фаол таъсир этувчи воситаларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан руҳий ва хулқ-атвор бузилишлари.


19. Ақлий қолоқлик (заифлик).


20. Асаб тизими касалликлари.


21. Эпилепсия и эпилептик тутқаноқлар.


22. Марказий асаб тизимининг яллиғланишлари, миелинсизлантирувчи касалликлари ва уларнинг асоратлари.


23. Кўпроқ марказий асаб тизимини зарарловчи тизимли атрофиялар, экстрапирамидал, бошқа асаб тизимининг дегенератив касалликлар, асаб-мушак синапс ва мушак касалликлари, болаларнинг церебрал фалажи, асаб тизимининг туғма аномалиялари (ривожланишнинг нуқсонлари), бош ва орқа мия ўсмалари.


24. Бош ва орқа мияларнинг томир касалликлари.


25. Бош ва орқа мия жароҳатланишлари ва уларнинг асоратлари. Ташқи таъсир омилларидан бўлган марказий асаб тизимининг зарарланиши асоратлари.


26. Периферик нервлари касалликлари.


27. Периферик нервлар жароҳати ва асоратлари.


28. Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг хуружидан, жароҳат ва жарроҳлик йўли билан даволанишдан кейинги марказий ва периферик асаб тизимлари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


29. Қовоқларнинг касалликлари ва шикастланиш оқибатлари.


30. Конъюнктива, кўз ёши йўллари, кўз косасининг касалликлари, жароҳатлар ва куйиш оқибатлари.


31. Кўзнинг склераси, шоҳ пардаси, томирли пардаси, гавҳари, шишасимон танаси, тўр пардаси, кўрув нервининг касалликлари, жароҳатлар ва куйишларнинг асоратлари.


32. Кўз тўр пардасининг кўчиши.


33. Глаукома.


34. Кўз мушаклари касалликлари, икки кўзнинг ҳамкорликда баробар кўриш фаолиятини бузилиши.


35. Рефракция ва аккомодациянинг бузилишлари.


36. Кўрлик, кўриш ўткирлигининг пасайиши, ранг ажратиш аномалиялари.


37. Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг хуружлари, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги кўриш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


38. Қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқнинг касалликлари.


39. Ташқи қулоқ (шу жумладан туғма) касалликлари.


40. Ўрта қулоқ ва сўрғичсимон ўсиқнинг касалликлари.


41. Организм вестибуляр қобилиятининг бузилиши.


42. Карлик, карсоқовлик, эшитиш қобилиятининг пасайиши.


43. Ўткир касаллик, сурункали касаллик хуружлари, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги қўлоқ ва сўрғичсимон ўсиқ фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


44. Қон айланиш тизими касалликлари.


45. Ревматизм, юракнинг бошқа ревматик ва ревматик бўлмаган (шу жумладан туғма) касалликлари.


46. Гипертония (ҳафақонлик) касаллиги.


47. Юракнинг ишемик касаллиги.


48. Аорта, периферик йирик артерия, вена ва лимфа томирлари касалликлари, ривожланишнинг туғма аномалиялари ва шикастланишлар асоратлари.


49. Геморрой (бавосил).


50. Нейроциркулятор астения.


51. Ўткир касаллик, сурункали касаллик хуружи, жароҳат ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги қон айланиш тизими фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


52. Нафас аъзолари касалликлари.


53. Бурун бўшлиғи, буруннинг ёндош бўшлиқлари ва ҳиқилдоқ касалликлари.


54. Ҳиқилдоқ ва трахеянинг бўйин қисми касалликлари ва шикастланишлари.


55. Нафас олиш аъзоларининг бошқа касалликлари (шу жумладан туғма).


56. Бронхиал астма.


57. Ўткир касаллик, сурункали касаллик хуружи, жароҳат, жарроҳлик амалиётидан кейинги нафас аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


58. Тишларнинг ривожланиши ва чиқиш илдизидаги бузилишлар, тишнинг қаттиқ тўқималари ва юмшоқ қисми касалликлари.


59. Периапикал тўқималар, милклар ва пародонт, сўлак безлари, оғиз бўшлиғи юмшоқ тўқималари, тилнинг (шу жумладан туғма) касалликлари.


60. Юз-жағ аномалиялари, нуқсонлари, шакл ўзгаришлари, жароҳат асоратлари, бошқа касалликлар ва тишларнинг таянч воситаларидаги ўзгаришлар, жағларнинг касалликлари.


61. Қизилўнгач, ичакларнинг (ўн икки бармоқли ичакдан ташқари) ва қоринпарданинг (шу жумладан туғма) касалликлари.


62. Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллиги.


63. Меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг бошқа касалликлари, жигарнинг, ўт қопининг, ўт ажратиш йўллари ва меъда ости безининг касалликлари.


64. Чурралар.


65. Ўткир касаллик, сурункали касалликларининг хуружлари ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


66. Тери ва тери ости қавати сурункали, тизимли касалликлари.


67. Терининг ва тери ости қаватининг ўткир касалликлари асоратлари ва сурункали касалликларининг қайталанишидан кейин фаолиятнинг бузилиши.


68. Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқималарнинг касалликлари.


69. Юқумли, яллиғланиш, аутоиммун ва бошқа сабаблардан келиб чиққан артритлар ва артропатиялар, бириктирувчи тўқиманинг тизимли касалликлари.


70. Суяклар, йирик бўғимлар, тоғайларнинг жарроҳлик касалликлари ва зарарланиши.


71. Умуртқанинг касалликлари ва уларнинг асоратлари.


72. Кафтнинг, бармоқларнинг шакл ўзгаришлари ва умуман йўқлиги.


73. Яссиоёқлилик, оёқ панжасининг бошқа шакл ўзгаришлари ва бармоқларининг нуқсонлари.


74. Оёқ-қўлнинг фаолиятини ўзгартирувчи ва (ёки) хизмат кийимлар, оёқ кийимлар кийишни ва камарлар тақишни қийинлаштирувчи туғма ва орттирилган шакл ўзгаришлари.


75. Оёқ ёки қўлнинг йўқлиги.


76. Жинсий ва сийдик чиқариш аъзолари касалликлари.


77. Буйракларнинг сурункали касалликлари.


78. Буйрак ва сийдик тоши касаллиги.


79. Сийдик чиқариш йўлларида сийдик чиқаришининг бузилиши (гидронефроз), пиелонефрит (иккиламчи), буйрак ва сийдик чиқариш йўлларининг бошқа касалликлари, қовуқнинг яллиғланиши ва бошқа касалликлари, таносил касалликларига алоқаси бўлмаган уретрит, сийдик чиқариш йўлининг торайиши ва унинг бошқа касалликлари.


80. Эркакларнинг жинсий аъзолари касалликлари (шу жумладан туғма бўлган).


81. Аёлларнинг жинсий аъзолари сурункали яллиғланишлар билан кечадиган касалликлари.


82. Эндометриоз.


83. Генитал пролапс, сийдикни тутаолмаслик, оқмалар, аёллар жинсий аъзоларининг бошқа яллиғланишсиз кечадиган касалликлари (шу жумладан туғма бўлган).


84. Ҳайз кўриш фаолиятининг бузилишлари.


85. Ўткир касаллик, сурункали касалликнинг хуружи ёки жарроҳлик амалиётидан кейинги сийдик чиқариш ва жинсий аъзоларнинг фаолиятининг вақтинча бузилишлари.


86. Ҳомиладорлик, туғишдан кейинги давр ва унинг асоратлари.


87. Жароҳатлар, заҳарланишлар ва бошқа ташқи омиллар таъсири оқибатлари.


88. Бош суякларининг жароҳат ва жарроҳлик амалиётидан кейинги нуқсонлари.


89. Умуртқа поғонаси, гавда, оёқ ва қўллар суяклари синиқларининг асоратлари (чаноқ суяклари, курак, ўмров, тўш, қовурғалар, елка, тирсак ва билак, сон суяги бўйинчаси ва сон, кичик ва катта болдир, тизза қопқоғи суяги ва бошқа суякларининг синиқлари).


90. Кўкрак қафаси, қорин бўшлиғи, ва чаноқ ички аъзоларининг жароҳатлари (жароҳат туфайли юзага келган пневмо- ва гемоторакс, юрак, ўпка, меъда ичак йўли, жигар, талоқ, буйраклар, чаноқ аъзолари, қорин бўшлиғининг бошқа аъзолари жароҳатлари, кўп тармоқли оғир жароҳатлар), юқорида қайд этилган аъзоларнинг касалликлари туфайли ўтказилган жарроҳлик амалиётлари асоратлари.


91. Тери ва тери ости қавати тўқималарининг жароҳатлари асоратлари.


92. Дори, тиббий ва биологик воситалар билан заҳарланиш, тиббиётга дахли бўлмаган моддаларнинг токсик таъсири, ташқи омилларнинг таъсири (радиация, паст ёки юқори ҳарорат ва ёруғлик, ҳавонинг ёки сувнинг ортиқча босими ва бошқалар).


93. Суяк-мушак тизимининг, бириктирувчи тўқиманинг, тери ва тери ости қаватининг касалликларидан даволанишдан кейин, жароҳатлар, заҳарланишлар ва ташқи омилларнинг бошқа таъсирларидан кейинги фаолиятнинг вақтинча бузилишлари.


94. Жисмоний ривожланиш етишмовчилиги.


95. Сийдик тутолмаслик (энурез).


96. Нутқнинг бузилиши.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 28 сентябрь