Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.2017 й. 809-сон "Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.10.2017 й.

N 809



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ

ҲАРБИЙ ТАЙЁРГАРЛИК ЎҚУВ БЎЛИНМАЛАРИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги ва "Мудофаа тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:


1. Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларини жойлаштириш ва ўқув хоналарини таълим дастурларида қайд этилган фанлар бўйича жиҳозлаш тасарруфида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари бўлган Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларига юклатилади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларини қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник анжомлар билан таъминлайди;

олий таълим муассасалари ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларининг шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларини белгиланган нормадаги озиқ-овқат, кийим-кечак, пул таъминоти, штатдаги лавозимларга тайинланган ишчи ва хизматчиларини пул билан таъминлаш учун маблағлар тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ушбу олий таълим муассасаларини сақлаш бўйича назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида ажратилади;

ўқув режасида ҳарбий тайёргарлик учун зарур миқдордаги ўқув соатларини ажратиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юклатилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда қуйидагиларни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш дастурлари бўйича ўқитиш учун талабаларни саралаш танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига "Чақириққача ҳарбий таълим" йўналиши бўйича қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида ўқув жараёнини ташкил қилиш ва амалга ошириш бўйича Йўриқнома;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида якуний давлат аттестациясини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича Йўриқнома.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, 2017 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлар параметрига зарур ўзгартиришлар киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлайдиган олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири А.А. Азизов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 10 октябрь