Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.09.2017 й. ПҚ-3274-сон "Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.09.2017 й.

N ПҚ-3274



МУҲАММАД АЛ-ХОРАЗМИЙ НОМИДАГИ

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА*


Улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмийнинг буюк ва бебаҳо меросини қадрлаш, уни ёш авлод онгига чуқур сингдириш, ўқувчиларнинг аниқ фанларнинг юксак марраларини забт этишига кўмаклашиш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги иқтидорларини аниқлаш ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни (кейинги ўринларда Ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

ўқувчиларда дастурлаш асосларини, маълумотлар базаларини шакллантириш ва ахборот хавфсизлиги кўникмалари ва медиа маданиятни мактаб давридан бошлаб шакллантириш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш математиклар, ёш физиклар, ёш дастурчилар, ёш ихтирочилар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш;

ўқувчиларни чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;

ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан узвийлигини таъминлаш мақсадида 10-11-синф ўқувчиларининг ахборот-коммуникация технологиялари йўналишидаги етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ўташларини ташкил этиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Ихтисослаштирилган мактабни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги аниқ фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида ташкил этиш;

Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Тепамасжид кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Ихтисослаштирилган мактабга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Мирзо Улуғбек информатика касб-ҳунар коллежининг 2-3-босқич ўқувчилари Ихтисослаштирилган мактаб биносида ўқишни битиргунларига қадар давом эттириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


4. Белгилансинки:

Ихтисослаштирилган мактабга ўқувчилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан белгиланадиган квота доирасида 5-синфдан бошлаб танлов асосида қабул қилинади;

Ихтисослаштирилган мактабнинг биноларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, зарурат бўлганда янги бинолар қуриш, синф ва лаборатория хоналарини, кутубхона ва бошқа иншоотларини замонавий жиҳоз, мебель, компьютер ва бошқа ўқув-лаборатория воситалари билан жиҳозлаш, ўқув адабиётлари ва методик қўлланмалар билан таъминлаш, юқори касб маҳоратига эга ўқитувчилар ва ходимларни қўшимча рағбатлантириш Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Ихтисослаштирилган мактабни сақлаш билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

Ихтисослаштирилган мактабни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, ўқув-тарбия жараёнини халқаро андозалар асосида ташкил этиш мақсадида унга Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкент шаҳридаги Инха университети профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда жалб этсин;

бир ҳафта муддатда - Ихтисослаштирилган мактабнинг уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

уч ой муддатда - республиканинг мактаб ёшидаги иқтидорли ўқувчиларига математика, физика ва информатика фанларини интеграциялашган ҳолда қамраб олган кўрик-танлов натижаларига кўра бериладиган "Муҳаммад ал-Хоразмий издошлари" номли мукофотни таъсис этсин.


6. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ихтисослаштирилган мактабнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, белгиланган тартибда мактабнинг кутубхона фондини зарур дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан 2017 йилги Давлат бюджети параметрларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н. Юнусходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2017 йил 15 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 25 сентябрь, 38-сон, 1031-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 9-сон, 557-модда