Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 20.10.2017 й. 857-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 20 октябрдаги

857-сон қарорига

ИЛОВА



Кам таъминланган оилаларни бандлик билан

таъминлаш учун тижорат банклари томонидан

микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оилаларини етарли даражада таъминлаш имконини берадиган имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар ажратиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда куйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қарз олувчи - Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек тижорат банкларининг масъул ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оиланинг вояга етган аъзоси;


банк - Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгилаб берилган, қарз олувчиларга микрокредитлар ажратадиган тижорат банки.



2-БОБ. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ АЖРАТИШ ШАРТЛАРИ


3. Микрокредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схемага асосан берилади.


4. Микрокредитлар қарз олувчиларга:

тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш;

шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) мақсадлари учун ажратилади.


5. Микрокредитлар банклар томонидан қарз олувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади.

6. Қарз олувчиларга микрокредит қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга банк кредит қўмитасининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарори асосида берилади.



3-БОБ. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


7. Микрокредит олиш учун қарз олувчи томонидан банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган мақсадлар учун микрокредит олиш учун сўралган ариза;

шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш мақсадлари учун микрокредит сўралган ҳолларда қарз олувчида томорқа участкаси мавжудлиги кўрсатилган ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотнома;

микрокредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат.


8. Микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка қуйидаги таъминот турларидан бири тақдим этилади:

мол-мулк гарови;

тижорат банки ёки суғурта компанияси кафолати;

учинчи шахс кафиллиги;

қарз олувчи томонидан олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги.


9. Қарз олувчи мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни топширишда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ҳамда ундан нусха тақдим этади.


10. Микрокредит сўраб, мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза банкка келиб тушган кундан бошлаб, банк кредит қўмитаси томонидан ушбу ариза бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим.


11. Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, банк аризачига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.



4-БОБ. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ АЖРАТИШ

ВА УЛАРНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


12. Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


13. Қарз олувчиларга берилган микрокредитлар ҳисоби алоҳида белгиланган баланс ҳисобварақларида юритилади.


14. Қарз олувчи микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш йўли билан тўлаши мумкин.


15. Банк томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг муддати давомида фуқаролар йигини ходими иштирокида микрокредитдан мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб, доимий мониторинг ўтказилади.


16. Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланилганлик аниқланган тақдирда, банк кредит шартномасида белгиланган тартибда микрокредитнинг мақсадсиз ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олиш ҳуқуқига эга.


17. Микрокредитлар бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.


18. Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, банк ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминот турига қаратади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



Кам таъминланган оилаларни бандлик

билан таъминлаш учун тижорат банклари

томонидан микрокредитлар ажратиш

СХЕМАСИ

Босқич


Субьектлар



Тадбирлар



Муддат


1-боскич

     

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

        


     

Ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилган кам таъминланган оилаларнинг вояга етган аъзоси кўрсатилган умумий рўйхат банкка тақдим этилади.

        


ҳафтанинг иш

кунларида тақдим этилади









2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банки


        

Жамланган рўйхат бўйича Ўзбекистон Рсспубликаси Марказий банки билан келишган ҳолда етарли пул маблағларини шакллантиради.

          


бир иш куни ичида









3-босқич

Тижорат банки


         

Жамланган рўйхат бўйича микрокрсдитлар ажратиш учун кам таъминланган оилалардан аризалар қабул қилади.

          


ҳафтанинг иш кунларида тақдим этилади









4-босқич

Тижорат банки


        

Кам таъминланган оилалардан микрокрсдитлар олиш учун тижорат банкига келиб тушган аризаларни банк кредит қўмитасида кўриб чиқиб, микрокредит ажратиш бўйича қарор қабул қилади.

          


уч иш куни ичида



5-босқич

Тижорат банки


         

Карз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунга қадар депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан ўтказиб беради.

           


бир иш куни ичида



          


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 октябрь