Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.12.2017 й. 1026-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 28 декабрдаги

1026-сон қарорига

3-ИЛОВА



Мактабгача таълим ташкилотларининг педагог

ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини ошириш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат ҳамда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича лавозимлар ва мутахассисликлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан шакллантирилади.

3. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимлари Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази (кейинги ўринларда ҳудудий марказ деб аталади) билан тузилган шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтадилар.

4. Хорижий мамлакатларда таълим муассасаларини тамомлаган педагог ходимлар қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимида ўқишга базавий маълумоти тўғрисидаги ҳужжати нострификациядан ўтгандан кейин қўйилади.


5. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


буюртма - давлат мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг фаолиятини тизимли таҳлил қилиш асосида, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган малака ошириш курсларидан ўтишнинг 5 йилда камида бир марта этиб белгиланган даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ойлар ва ўқиш йўналишлари бўйича шакллантирилган тингловчиларнинг контингенти;

буюртмачи - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, тизимида мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, шунингдек, нодавлат таълим ташкилотлари;

буюртманома - буюртмачи томонидан педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсига қабул қилиш учун Ҳудудий марказга тақдим этиладиган ва ушбу Низомда белгиланган тартибда расмийлаштирилган педагог ходимлар рўйхати;


мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курси - янги касбий билимлар, маҳорат, замонавий кўникмалар ҳамда педагогик фаолиятни юритиш учун малака талабларига мувофиқ ўқув-таълим жараёнига талаб қилинадиган сифатни таъминлайдиган даражада ваколатларни назарда тутадиган ўқитиш шакли;

малака талаблари - қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари битирувчисининг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар;


педагог ходим - давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия фаолиятини амалга оширувчи педагог кадрлар;

педагогнинг электрон портфолиоси - педагогнинг шахсий ютуқлари, малака даражаси ва илмий-методик ишлари қайд этилган электрон тўплам. Педагог ходимнинг билими, касбий маҳорати ҳамда ўз устида мустақил ишлаши - узлуксиз малака ошириш натижаларини баҳолашга кўмаклашади ва унинг касбий малака даражасини аниқлашга хизмат қилади;


тингловчи - ҳудудий марказ директори буйруғи билан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсига қабул қилинган педагог ходим;


тьютор (педагог ўқитувчи-консультант) - масофавий малака ошириш таълим жараёнида тегишли ўқув модули бўйича тингловчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва йўналтирувчи, методик ёрдам кўрсатувчи, ўқиш ва билиш назоратини амалга оширувчи субъект;


якуний назорат - якуний тест синовлари ва битирув малакавий (курсни тугатиш) ишининг ҳимояси натижалари ҳамда педагогнинг электрон портфолиосига қўйилган баҳолар йиғиндиси.



2-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Ўқув-тарбия жараёнини малакавий талабларга мувофиқ юқори илмий-методик даражада таъминлаш, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, шунингдек, ўқитишнинг интерактив усуллари бўйича касбий ва педагогик маҳоратни доимий равишда ривожлантиришга кўмаклашиш учун зарур бўлган касбий билим ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб бориш, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишнинг янги тамойиллари ва замонавий усуллари, малака талаблари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириб бориш - педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг (кейинги ўринларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари деб аталади) мақсади ҳисобланади.


7. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг асосий вазифалари:

педагог ходимларнинг касбий билими, кўникмаси ва маҳоратини узлуксиз янгилаб бориш, замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;

мустақил фикрлаш кўникмаларини сингдириш, педагогик нуфуз ва компетентликни ривожлантириш;

ўз педагогик фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, педагогнинг шахсий ва касбий ахборот майдонини яратиш кўникмаларини шакллантириш;

илмий-педагогик ижодкорлик методологияси ҳамда педагогика фани ва соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича билимларни сингдириш;

ўқув-тарбиявий ва маънавий-ахлоқий ишларни амалга оширишда илғор таълим-тарбия технологиялари ва жаҳон тажрибасидан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш;

педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мазмунини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини шакллантириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тўғридан-тўғри шаклларини амалиётга жорий этиш;

педагог ходимлар томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни ўзлаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;

олий таълим муассасалари кафедраларининг мактабгача таълим ташкилотлари билан ўзаро интеграциясини таъминлаш, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.


3-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРИНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ТИЗИМИ ТУЗИЛМАСИ


8. Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги;

Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти таркибида мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштирувчи кенгаш);

Буюртмачи;

Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти;

Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари.


9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади):

педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига умумий раҳбарлик қилади ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

буюртма асосида ташкил этиладиган малака ошириш курсларини Давлат бюджетидан молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига таклиф киритади;

кейинги календарь йили учун Давлат бюджетидан молиялаштириладиган малака ошириш курсларини, ойлар, малака ошириш шакллари ва ўқиш йўналишлари бўйича буюртмани шакллантиради ва тасдиқлайди;

ҳудудий марказлар томонидан буюртма бажарилиши юзасидан умумий назоратни амалга оширади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди, тегишли ўқув-меъёрий ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди;

ҳудудий марказларнинг ахборот-ресурс маркази ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари битирувчиларининг тайёргарлиги ва компетенциясига қўйиладиган малака талабларини тасдиқлайди.


10. Мувофиқлаштирувчи кенгаш:

мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг ўқув-методик базасини шакллантиришни мувофиқлаштиради ва ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштиришни таъминлайди;

мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларининг илмий муаммоларига йўналтирилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланишлар олиб борилишини мувофиқлаштиради;

ҳудудий марказларда дарс берадиган профессор-ўқитувчилар таркибининг касбий тайёргарлигини узлуксиз ривожлантириб бориш, ўқув жараёнига хорижий мутахассислар, олимлар ва ўқитувчиларни жалб этиш ишларини ташкил этади;

ҳудудий марказлар фаолияти натижадорлигини мунтазам ўрганиб боради ва ўрганиш натижалари юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ҳудудий марказлар раҳбарларининг ҳисоботлари муҳокамасини ташкил этади, муҳокама натижалари юзасидан ҳудудий марказлар раҳбарлари фаолиятига баҳо беради.


11. Буюртмачи:

мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимлари фаолиятининг тизимли таҳлилини амалга оширади ва электрон маълумотлар базасига киритиб боради;

малака ошириш даврийлигига амал қилган ҳолда педагог ходимнинг эгаллаб турган лавозимига қараб кейинги календарь йили учун тингловчилар контингентини вазирликка тақдим этади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режа, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларини тайёрлашда, ўқув курсларнинг давомийлиги ҳамда ташкил этиш шакллари бўйича вазирликка таклифлар киритади;

меҳнат бозорнинг талабларидан келиб чиққан холда янги мутахассисликка талаб ортиши муносабати билан айрим педагогларнинг қайта ихтисослашуви юзасидан вазирликка таклифлар киритади.


12. Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти:

педагог ходимларнинг касбий билими ва малакасини ошириш ишларига илмий-методик жиҳатдан раҳбарлик қилади;

таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олиб, ижодий тафаккурни ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув режа, дастур, ўқув-методик ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқади;

таълимнинг илғор шакл ва усуллари, замонавий таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига жорий этиш асосида педагог ва бошқа мутахассис ходимларнинг касбий билим, кўникма ва малакаларини ошириш чораларини кўради;

педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги хорижий тажрибаларни, шунингдек, энг яхши таълим муассасаларининг ютуқларини оммалаштириш асосида илмий асосланган инновацияларни жорий этади.

14. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари:

мактабгача таълим ходимларининг методик эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг илғор шакл ва усулларини жорий этади;

мактабгача таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини такомиллаштириш юзасидан илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш кўникмаларини ривожлантиради;

масофадан ўқитиш усуллари асосида мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади, курслардаги ўқув машғулотларини онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этишни янада такомиллаштиради;

тегишли йўналишлар бўйича фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этади ҳамда улар бўйича замонавий методик, ахборот-маълумотнома базасини яратади;

буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорликда мактабгача таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим дастурларини узлуксиз такомиллаштириб боради;

ўқув-тарбия жараёнининг амалиёт билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлайди, мактабгача таълим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини сайёр машғулотлар орқали замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган таълим муассасаларида ташкил этади;

инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни, мустақил таълим олишни кенгайтиришни назарда тутувчи техника ва технологияларни таълим тизимига жорий этади.



4-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШНИНГ ТУРЛАРИ ВА ШАКЛЛАРИ


15. Педагог ходимларнинг малакасини ошириш тўғридан-тўғри (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (таълим дастурларисиз ўқитиш) шакллари бўйича ташкил этилади.


16. Педагог ходимларнинг малакасини оширишнинг қуйидаги тўғридан-тўғри малака ошириш шакллари қўлланилади:

малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш;

"устоз-шогирд" усули бўйича ўқитиш;

мустақил ўқиб билим орттириш;

масофавий таълим;

стажировка шаклида тажриба орттириш.


17. Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш - ҳудудий марказда якка тартибдаги топшириқлар ёки аниқ йўналтирилган дастурлар асосида, таълимнинг тегишли тури ўқув-тарбия жараёнининг мониторинги натижаларини ва кадрлар тайёрлаш сифатини ҳисобга олиб, малака талабларига, шунингдек, таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган фанлар бўйича мақсадли касбий таълим дастурларини ўзлаштириш.

Малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида ўқитиш 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 50 ёки 75% - яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 50 ёки 25% - бевосита таълим муассасасида) масофадан малака ошириш шаклида ташкил этилиши мумкин. Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва педагог ходимларнинг малакасини ошириш бўйича махсус виртуал курслар мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.


18. "Устоз-шогирд" усули бўйича ўқитиш - танлов асосида саралаб олинган, мамлакатда (минтақада), илмий ва педагогик жамоатчилик ўртасида ўзининг юқори натижалари, касбий фаолиятининг юқори кўрсаткичлари, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича ўз мактаби билан машҳур бўлган юқори малакали педагог-устозлар раҳбарлигида тегишли таълим муассасаларида фанлар бўйича педагог ходимларнинг малакасини мақсадли ошириш.


19. Мустақил ўқиб билим орттириш - педагог ходимлар томонидан касб маҳоратини оширишга, касбий лаёқат ва илмий дунёқарашни кенгайтиришга йўналтирилган бўлиб, уларнинг ўз лавозими ва мутахассислиги бўйича янги билим, кўникма ва малакаларни узлуксиз равишда мустақил ўзлаштиришини назарда тутади.

Мустақил равишда билим олиш таълим муассасалари педагог ходимлари узлуксиз таълимининг (малака оширишининг) ажралмас таркибий қисмидир, у ахборот технологияларининг эгаллаб олинишини рағбатлантиради. Мустақил таълим, белгиланган тартибда, малака оширишнинг тегишли таълим дастурлари бўйича амалга оширилган бўлса, билимларнинг якуний назорати натижалари асосида педагог ходимга ҳудудий марказ томонидан малака оширганлик ҳақида белгиланган намунадаги ҳужжат (сертификат) берилади.

Малака оширишнинг ушбу шакли таълим дастурини таълим олувчи томонидан тузилган ва ҳудудий марказ томонидан тасдиқланган якка тартибдаги режа асосида мустақил ўқиш воситасида ўзлаштиришни назарда тутади.

Мустақил ўқиб билим орттириш шаклида малака ошириш барқарор юқори профессионал рейтингга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, ўзини ўзи камол топтириш жараёнига танқидий ва ижодий ёндаша оладиган тингловчилар учун тавсия этилади.


20. Масофавий таълим - онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга оширилади.


21. Стажировка шаклида тажриба орттириш - таълим муассасаларида, таълимни бошқарув органларида педагог ходимларни таълим ва уни бошқариш соҳасидаги фан ва техника тараққиётининг энг янги ютуқлари, замонавий техника ва технологиялар билан таништиришни, раҳбарлик салоҳиятини оширишни назарда тутади.

Стажировка хизмат сафарига юбориш тарзида амалга оширилади.

Стажировка тамом бўлгандан кейин кадрларга стажировка муддати кўрсатилган ҳолда уларнинг стажировкадан ўтганлиги тўғрисида тажриба орттирилган муассаса раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган маълумотнома берилади.


22. Қисқа муддатли курслар малака ошириш таълим дастурлари асосида ташкил этилган инновацион менежмент, педагогик ёки ахборот технологияларини ўзлаштириш курсларида ўқиш бўлиб педагог ходимларнинг малакасини оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари тарзида амалга оширилади. Ушбу курслар мажбурий бўлмаган ҳолда педагог ходимларнинг касбий ўсишига кўмаклашади.

Мазкур курсларнинг таълим дастурлари малака ошириш таълим дастурларининг муайян қисмини (фан блоклари ёки модулларини) қамраб олган ва ҳудудий марказ томонидан (ёки у билан ҳамкорликда) ушбу курслар ўтказилган бўлса, курсларни тамомлагандан кейин берилган сертификатларда кўрсатилган ўқиш соатлари ҳажми навбатдаги малака ошириш бўйича зарур соатларнинг жами ҳажмига киради (ҳисобга олинади).


23. Педагог ходимларнинг малакасини оширишнинг билвосита шакллари қуйидагилардан иборат:

очиқ ўқув машғулотлари;

илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарларда, конференцияларда, август ўқишларида маърузалар билан қатнашиш.


24. Очиқ ўқув машғулотлари - замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ўқитишнинг интерактив усуллари қўлланилган ҳолда академик гуруҳларда жадвал бўйича ўтказиладиган олдиндан эълон қилинган муаммо ёки инновация мавзуси бўйича машғулотдир.

Очиқ ўқув машғулотларига тегишли соҳадаги тажрибали педагоглар, олимлар ва мутахассислар таклиф этилади.

Ушбу машғулотларнинг сифати ҳудудий марказ кафедраларининг қўшма йиғилишида муҳокама қилинади.

25. Илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарлар, конференциялар, август ўқишларида маърузалар билан қатнашиш - таълим-тарбиянинг долзарб муаммолари, шунингдек ўқув жараёнининг юқори сифатини таъминлашга йўналтирилган педагогика фани ва амалиёти, ўқитиш методологияси ва технологиясининг муҳим масалалари бўйича илмий ва илмий-методик маъруза (ахборот)лар билан чиқишлари орқали таъминланади.


26. Малака оширишнинг билвосита шакллари педагог кадрларнинг навбатдаги малака ошириш курсигача бўлган даврда ўз устида мустақил ишлаши натижаларини баҳолаш ва унинг касбий малака даражасини аниқлашга хизмат қилади, шунингдек, педагог кадрларни малака тоифаларига аттестация қилиш жараёнида ҳисобга олинади.


27. Педагог ходимларнинг малакасини ошириш қуйидаги кўринишларда амалга оширилади:

асосий ишдан бўшаган ҳолда;

асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усул);

асосий ишдан бўшамаган ҳолда (масофавий таълим).


28. Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усулда) малакани ошириш ҳудудий марказ базасида ўтказилади.

29. Асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган усулда) малака ошириш курси умумий давомийлигининг 50 ёки 25 фоизи - ҳудудий марказда аудитория машғулотларига ажратилади. Курснинг қолган қисми мактабгача таълим ташкилотлари базасида якка тартибдаги топшириқларни бажарган ҳолда амалий машғулотлар ўтказилишини назарда тутади. Амалий машғулотларни асосий иш жойида ўтказишга йўл қўйилади. Амалий машғулотларнинг ҳар бир ўзлаштирилган модули бўйича тест синовлари, реферат топшириш, амалиёт бўйича ҳисобот ва шу кабилар шаклидаги назорат назарда тутилади.

30. Асосий ишдан бўшамаган ҳолда ўқитишнинг масофавий таълим шакли қўлланилади.


31. Қуйидагилар қайта тайёрлашнинг асосий турлари ҳисобланади:

педагогик қайта тайёрлаш;

касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув).


32. Педагогик қайта тайёрлаш - олий маълумотли нопедагог мутахассисларнинг базавий касбий маълумотини таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқув-тарбия жараёнининг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли бўлган педагогик тайёргарлик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида мутахассисларни қайта тайёрлаш.


33. Касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) - олий педагогик маълумотли мутахассислар томонидан таълимнинг тегишли тури малака талаблари билан белгиланадиган ўқитишнинг талаб этиладиган сифатини таъминлайдиган даражада ўқув фани ёки курс бўйича педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли ҳажмда янги касбий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш.

Педагог ходимларни касбий қайта тайёрлаш, қоида тариқасида, кадрлар тайёрлаш ўқув режаларига янги ўқув фанлари ёки курслар жорий этилиши, кадрларнинг буюртмачилари ёки меҳнат бозорининг талаблари билан белгиланадиган айрим педагогларнинг қайта ихтисослашуви ёки янги мутахассисликка эга бўлиши муносабати билан ҳудудий марказ ташаббусига кўра шартнома асосида ташкил этилади.


34. Педагог ходимларни қайта тайёрлаш асосий ишидан ажралган ва ажралмаган ҳолда амалга оширилади.


35. Таълим дастурларининг мазмуни ва ўқитишнинг давомийлиги малака талабларида кўрсатилган тартибда белгиланади. Қайта тайёрлашдан муваффақиятли ўтган педагог ходимларга белгиланган намунадаги диплом берилади.


36. Қайта тайёрлашга иккинчи олий таълимни олиш сифатида қаралмайди. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ёки муайян фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб бориш ҳуқуқини беради.


37. Ҳудудий марказда қайта тайёрлаш курслари буюртмачининг буюртманомаси асосида, малака талабларига, шунингдек, таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастурлар бўйича амалга оширилади.


38. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза, амалий машғулот, интерактив семинарлар, тренинг, кўчма машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш, битирув малакавий ишини (курсни тугатиш ишини) ҳимоя қилиш.

Айрим ўқув машғулотлари мактабгача таълим ташкилоти базасида ташкил этилади.


5-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШНИНГ ДАВОМИЙЛИГИ ВА

ЎҚУВ ЮКЛАМАСИНИНГ ҲАЖМИ


39. Педагог ходимларнинг малакасини ошириш давомийлиги уни ташкил этиш шаклларига ҳамда педагог ходимнинг касбий малака даражасини ва индивидуал касбий эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда буюртмачи томонидан белгиланадиган талабларга боғлиқ ҳолда аниқланади.

Педагог ходимлар 5 йилда камида бир марта малака оширишлари шарт.


40. Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотларининг ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.


41. Педагог ходимларни қайта тайёрлаш дастурларини ўзлаштириш муддати ўқув режасига киритилган фанлар сони ҳамда уларнинг юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади ва у 16 ҳафтадан (576 соатдан) кам бўлмаслиги шарт. Аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг ҳафталик юкламаси энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.


42. Аудитория машғулотларининг барча турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.



6-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШ КУРСЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


43. Малака ошириш курслари вазирлик томонидан тасдиқланган буюртма асосида ҳамда буюртмачилар билан тузилган шартномалар асосида ҳудудий марказларда ташкил этилади.


44. Ҳудудий марказларга тақдим этиладиган буюртманомада ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, педагогик стажи, иш жойи, лавозими, охирги марта малака оширган вақти ва сертификат рақами, малака ошириш йўналиши ва малака оширишга келадиган вақти (ойи) кўрсатилган ҳолда тақдим этилади.


45. Малака ошириш курсларидан ўтиш жадвали ҳар йили 15 декабрга қадар вазирлик томонидан тасдиқланади ҳамда буюртмачиларга етказилади.


46. Буюртмачилар юқоридаги жадвалга асосан тегишли педагог ходимларнинг ҳудудий марказларга ўз вақтида ўқишга етиб боришларини таъминлайдилар.


47. Жорий йилда буюртмага киритилмаган педагог ходимлар ҳудудий марказ билан тузилган шартнома асосида малака ошириш курсларидан ўтишлари мумкин.


48. Шартнома асосидаги педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари буюртмачи талаби ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудий марказда ташкил этилади.

Ҳудудий марказ буюртмачи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш учун вазирликка буюртманома билан мурожаат қилади.

49. Шартнома асосида малака ошириш курсларини ташкил этиш учун ушбу низомнинг 44-бандида белгилаган ҳужжатлар талаб этилади.


50. Шартнома асосида қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

қайта тайёрлаш курсларида ўқиши режалаштирилаётган тингловчилар (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, педагогик стажи) ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш жадвали;

қайта тайёрлаш курслари учун методик таъминотнинг (ўқув-мавзу режа, дастурлар, мажмуалар, ишланмалар ва ҳоказолар) мавжудлиги ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун етарли бўлган илмий-педагогик салоҳиятнинг (маърузачи ва амалий дарсларни олиб борувчи профессор-ўқитувчиларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, илмий даражаси ва илмий унвони, асосий иш жойи) мавжудлиги ҳақида маълумот;

қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун зарур бўлган моддий-техника базасининг (аудитория фонди, компьютер хоналари, фан хоналари, кутубхона ва ҳоказолар) мавжудлиги ҳақида маълумот.


51. Ҳудудий марказда қайта тайёрлаш курслари буюртмачи томонидан таклиф этиладиган йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.


52. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш ҳудудий марказ директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб 3 кун мобайнида расмийлаштирилади.


53. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари бошланиши санасидан бошлаб уч кун мобайнида келмаган тингловчилар, келмасликнинг сабабларидан қатъи назар, курсларга қўйилмайди.


54. Педагог ходимлар малака ошириш курсларига узрли сабабларга кўра ўз вақтида келмаган бўлса, уларга ўқишнинг тегишли йўналиши бўйича навбатдаги малака ошириш курсларида ўқишга рухсат берилади.


55. Ҳудудий марказ қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига тингловчиларнинг ўз вақтида келмаганлиги ҳақида тегишли буюртмачига хабар беради.


56. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёни тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган намунавий ўқув режаси ва дастурларга мувофиқ ишлаб чиқилган ишчи ўқув режаси ва дастурлар асосида амалга оширилади ҳамда машғулотлар жадвали билан тартибга солинади.

Намунавий ўқув режаси ва дастурлар фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.


57. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув жараёнига жалб этилган тингловчилари академик гуруҳларга бўлинади. Бунда, академик гуруҳлар камида 25 кишини ташкил этади. Академик гуруҳларни шакллантиришда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсининг йўналиши, ўқув режа ва дастурлари, педагог ходимларнинг базавий маълумоти ва эгаллаб турган лавозимлари, шунингдек, буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.

Малака ошириш курсларида тингловчилар контингенти етарли бўлмаган йўналишларда, истисно тариқасида, ҳудудий марказ директори буйруғи билан малака ошириш масофавий таълим шаклида амалга оширилиши мумкин.


58. Тингловчиларнинг ўзлаштиришини баҳолаш тизими вазирлик томонидан белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

60. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун ҳудудий марказ профессор-ўқитувчилари, олий таълим муассасасининг етакчи педагог кадрлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг етакчи мутахассислари, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш аъзолари, шунингдек, хорижий мутахассислар жалб этиладилар.

Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўтказиш учун жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


61. Ҳудудий марказ ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади. Бунда, бир нафар ўқитувчи ҳисобига тўғри келадиган тингловчилар нисбатининг чекланган нормативлари олий таълим муассасалари учун белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган нормативларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади.


62. Ҳудудий марказ профессор-ўқитувчилари таркибига қуйидаги талаблар қўйилади:

қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйиладиган малака талаблари асосида тингловчилар билан ўқув-тарбия ишларини олиб бориш;

юксак шахсий сифатларнинг (талабчанлик, холисоналик, ҳаққонийлик, хушмуомалалик) мавжудлиги;

таълим беришда (ўқитишда) касбий маҳоратнинг мавжудлиги;

педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илмий-педагогик асосларини, педагогика фанининг асосий йўналишларини, фанлараро алоқаларни, нотиқлик маҳорати асосларини, узлуксиз таълим атамалари ва тушунчаларини, шунингдек, қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйиладиган малака талабларини билиш;

таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, тингловчиларнинг ташаббускорлигини, ижодий маҳоратини, уларнинг илмий тадқиқотларга интилишлари ва қобилиятларини ривожлантириш кўникмаларининг мавжудлиги;

педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёни мазмунини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориши.


63. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил қилиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим жараёни самарадорлигини таъминлаш ҳамда тингловчиларнинг яшаши учун шароит яратиш (ҳудудий марказда тингловчилар турар жойи мавжуд бўлса) тегишли ҳудудий марказ директори зиммасига юклатилади.



7-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШНИНГ

МАСОФАВИЙ ШАКЛИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


64. Малака оширишнинг масофавий шакли (кейинги ўринларда масофавий таълим шакли деб аталади) вазирлик билан келишган ҳолда, махсус виртуал курслар фаолият кўрсатадиган, ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида ахборотларни узатиш ва қабул қилиш учун зарур база билан жиҳозланган ҳамда тегишли моддий-техника, ўқув-методик базага ва ходимлар салоҳиятига эга бўлган ҳудудий марказлар томонидан ташкил этилади.


65. Масофавий таълим шакли ишчи ўқув дастурлар асосида амалга оширилади.


66. Масофавий таълим шаклидаги малака ошириш курсининг давомийлиги ҳудудий марказда ўқишнинг тегишли курси академик соатларида белгиланади, бунда календарь муддатлар академик муддатлардан ортиқ бўлиши мумкин.


67. Масофавий таълим шакли бўйича курсларга юқори малакали, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини зарур даражада қўллаш кўникмаларига эга бўлган педагог ходимлар қабул қилинади.


68. Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш, ҳудудий марказ профессор-ўқитувчилари таркибидан ҳудудий марказ директорининг буйруғи билан бириктириладиган тьютор (ўқитувчи-консультант) томонидан амалга оширилади.

Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш, якка тартибдаги машғулотни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш тьюторнинг вазифаларига киради. Тьютор якка тартибдаги топшириқнинг тингловчи томонидан бажарилиши холисона баҳоланиши учун жавоб беради.

Тьютор билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, тьютор билан алоқа контакт-сессиялар (бевосита юзма-юз мулоқот) тарзида амалга оширилиши мумкин (курснинг ўқув режасида белгиланган муддатларда).



8-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШ КУРСЛАРИНИНГ

ТИНГЛОВЧИЛАРИ


69. Буюртмага киритилган малака ошириш курслари тингловчилари учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади, уларнинг ўқув юкламаси эса бошқа аъзолар ўртасида тақсимланади.

Ишдан ажралган ҳолда ҳудудий марказларга малака оширишга бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқишга бориш ва ундан қайтиш бўйича бир марталик йўл ҳақи харажатлари уларни юборган томон ҳисобидан қопланади.


70. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг тингловчилари ҳудудий марказдаги ўқув лаборатория, ахборот-ресурс марказлари, соғломлаштириш ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


71. Тингловчи қуйидаги ҳолларда тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизомини ва ҳудудий марказнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз 18 академик соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

таълим дастурларини ўзлаштирмаганлиги учун;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.


72. Тингловчи малака ошириш курсидан четлатилганда, унга ҳудудий марказ томонидан сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақда уни малака оширишга юборган буюртмачига хабар берилади.

Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган буюртма асосида келган тингловчи, кейинги ўқув йили учун буюртмачи томонидан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда, таътил берилиши асосида буюртманомага киритилади.

Малака ошириш курсларига қайта юборилган педагог ходим ўқиш якунлари бўйича якуний назоратдан такроран ўтмаган ёки асосий иш жойи бўйича белгиланган муддатда малака ошириш курсларидан ўтмаган тақдирда, у билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатидан қатъи назар, меҳнат шартномаси белгиланган тартибда икки ой мобайнида бекор қилинади. Улар ўз педагогик фаолиятини таълим муассасаларида давом эттириши учун ҳудудий марказ билан бевосита тузилган шартнома асосида ўз малакаларини оширган бўлишлари талаб қилинади.


73. Қайта тайёрлаш курси таълим дастурларини ўзлаштириш юзасидан якуний назоратдан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга камида 1 ойдан сўнг якуний курсни тугатиш ишини қайта ҳимоя қилиш имконияти берилади.



9-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА

ОШИРИШКУРСЛАРИ ТИНГЛОВЧИЛАРИНИНГ

БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИ (КУРСНИ

ТУГАТИШ ИШИ) ҲИМОЯСИ


74. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан кейин, Якуний аттестация комиссиялари томонидан ўтказиладиган битирув малакавий ишини (курсни тугатиш иши) (кейинги ўринларда битирув малакавий иши деб аталади) ҳимоя қилишдан ўтишлари керак.

Якуний аттестация комиссиялари ҳудудий марказ директорининг буйруғи асосида ташкил этилади.

75. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларига қуйидагилар асосида битирув малакавий ишини ҳимоя қилишига рухсат берилади:

якуний тест синовларининг ижобий натижалари;

педагогнинг электрон портфолиоси (касбий фаолияти мониторинги) баҳолари.


76. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга тегишли равишда давлат намунасидаги қуйидаги ҳужжатлар берилади:

малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат - камида 4 ҳафта (144 соат) ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган тингловчилар учун;

қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом - камида 16 ҳафта (576 соат) ҳажмидаги таълим дастурларини ўтаган тингловчилар учун.

Якуний назорат натижасида ўқитиш дастурини ўзлаштириш юзасидан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома берилади.

Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом ва малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


77. Педагог ходимларнинг малака тоифаларини олиши (ўзгартириши) ва эгаллаб турган лавозимларига мослиги аттестациядан ўтказишда улар қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатнинг (диплом, сертификат) мавжудлиги талаб этилади.


10-БОБ. ҲУДУДИЙ МАРКАЗЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


78. Ҳудудий марказлар фаолиятини молиялаштириш қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

ҳудудий марказни жорий таъминлашга ҳамда тасдиқланган буюртмага мувофиқ ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

шартнома асосида таълим хизматларини кўрсатишдан тушган маблағлар;

педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган грантлар ва хорижий кредитлар маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


79. Шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари учун харажатлар сметаси ҳудудий марказ томонидан тузилади ва белгиланган тартибда вазирлик томонидан тасдиқланади.

Харажатлар сметасида курснинг ўқув режаси ва дастурида назарда тутилган барча дарс машғулотлари учун тўланадиган соатбай ҳақ, ҳудудий марказнинг моддий-техника таъминоти, курсни ташкил этиш ва ўтказишга жалб этилган (раҳбар, педагог ва техник) ходимларга тўланадиган иш ҳақи, уларни рағбатлантириш, шунингдек, тўланадиган солиқлар учун маблағлар назарда тутилади.

Шартнома асосида ташкил этиладиган курсларда ўқиш учун тингловчи томонидан тўланадиган маблағ ушбу курсларни ўтказиш учун сарфланадиган харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (харажатлар сметасидаги жами харажатларни тингловчилар сонига бўлиш орқали) ҳисоблаб чиқилади.

Қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун ҳудудий марказ билан буюртмачи ўртасида белгиланган тартибда тўлов контракти (шартнома) расмийлаштирилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.



11-БОБ. ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ ТИЗИМИДА ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИНИНГ

МАЗМУНИ ВА СИФАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


80. Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида таълим жараёнининг мазмуни ва сифатига қўйиладиган малака талаблари "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ белгиланади ва уларда таълим жараёнини ташкил этишни, унинг мазмунини, методик таъминлашни, сифат ва самарадорлигини оширишни такомиллаштиришга доир талаблар қўйилади.

81. Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида таълим дастури мазмунига қўйиладиган талаблар йўналишлар бўйича зарур ҳамда етарлича билим ва кўникмаларни ўзлаштириш ҳисобга олинган ҳолда, педагог ходимларнинг малака тавсифларига қатъий мувофиқлик тамойиллари асосида белгиланади.


82. Таълим дастури фан, техника ва педагогик технологияларнинг сўнгги ютуқларига мувофиқ ташкил этилиши ҳамда таълим турлари ўртасида узлуксизлик ва узвийликни таъминлаш талабларига мос келиши керак.

Таълим дастурида таълим олувчилар томонидан билимларни мустақил излаш ва уларни ўзлаштириш назарда тутилиши лозим.

Ўқув режаси ва дастурларни тузиш, экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими таълим жараёнига жорий этиш тартиби вазирлик томонидан белгиланади.



12-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


83. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 29 декабрь