Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.06.2018 й. 474-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 25 июндаги

474-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос

вазирлиги  ҳузуридаги  Маданий  мерос  агентлиги

ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Бадиий экспертлар кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Кенгаш идоравий мансублигидан қатъи назар давлат музейларининг фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб бориш ишларини амалга оширувчи ва асарлар баҳосини уларнинг ижодий ва моддий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиловчи коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.


3. Кенгаш аъзоларининг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади. Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги тавсияси билан асосий иш жойидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.

4. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлигининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


2-БОБ. КЕНГАШНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан тақдим этилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, бошқа маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш ва уларнинг қийматини баҳолаш;

давлат буюртмалари бўйича бажариладиган бадиий асарларнинг эскизларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, уларнинг бадиий қиймати ва шартнома тузиш имкониятлари тўғрисида тавсиялар бериш;

юксак бадиий қийматга эга бўлган ранг тасвир, миниатюра, ҳайкалтарошлик, графика, декоратив-амалий санъат, инсталляция асарларини кўздан кечириш, ғоявий-бадиий қиймати, бажарилган ишларни қабул қилиш ва муаллифлик ҳақининг миқдори бўйича хулосалар бериш.



3-БОБ. КЕНГАШНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


6. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича хулосалар, тавсиялар, таклифлар бериш ва қарорлар қабул қилиш;

давлат бошқаруви органларидан ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Кенгаш ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш.


7. Ушбу Низомда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида Кенгашга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, камида 7 нафар ва кўпи билан 17 нафар (Кенгаш раиси, ўринбосари, масъул котиби ва кенгаш аъзолари)дан иборат таркибда шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

9. Кенгаш таркибига етакчи санъатшунослар ва рассомлар, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, декоратив-амалий санъат усталари, археолог, нумизмат, манбашунос олимлар, мутасадди раҳбарлар, музей муҳофизлари ва кўргазма бўлимларининг мутахассислари, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги таълим ва фан муассасаларининг ходимлари киритилиши мумкин.


10. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Маданий бойликларни экспертизадан ўтказиш бўлими Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

11. Кенгашнинг ишчи органи:

Ўзбекистон Республикаси Миллий музей фондини тўлдириб бориш мақсадида тасвирий, анъанавий ва ноанъанавий декоратив-амалий санъат, театр-безак санъати, археологик, нумизматик, ёзма манбалар ҳамда бошқа тарихий ва замонавий маданий бойликларни харид қилиш бўйича эълонлар беради;

харид қилишга ва бошқа тегишли мақсадларда тақдим этилган маданий бойликлар рўйхатини шакллантиради, уларнинг фотосуратларини рўйхатга илова қилади ҳамда асарларни экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш учун Кенгашга киритади;

Кенгашда иш юритилишини ташкил этади, ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминлайди.


12. Кенгаш мажлисининг кун тартиби Кенгаш котиби томонидан тайёрланади.

Кенгаш мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

Кенгаш котиби экспертизадан ўтказиладиган ва қиймати баҳоланадиган ашёларнинг зарур ҳужжатлари тўпламини тайёрлаб, кўриб чиқиш учун Кенгаш мажлисига киритади.


13. Кенгаш кўргазмалар ва рассомларнинг устахоналарида бадиий асарларни кўздан кечириши, музей ва кўргазма фондлари учун харидлар ҳақида тавсиялар бериши мумкин.


14. Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий ижро этиш учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажарганлик учун, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратганлик, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкаларига мувофиқ, шунингдек, ушбу ҳақ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўланганда унинг энг юқори ставкаларига мос равишда асарларнинг баҳосини белгилайди.

Кенгашга маълум бир асар ёки ашёга хулоса бериш эҳтиёжи туғилганда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан қўшимча соҳа мутахассислари жалб этилиши мумкин.

15. Кенгаш мажлиси Кенгаш раиси ва унинг ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади ҳамда Кенгаш қарори аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда, очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда қатнашаётган мутахассисларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.

Кенгашнинг ҳар бир аъзоси умумий қарордан норози бўлган тақдирда, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва бу баённомада қайд этилади. Баённомада ҳар бир асар бўйича овоз бериш натижалари кўрсатилади. Қўшимча таклиф этилган маслаҳатчилар ва экспертлар овоз беришда иштирок этмайдилар.

Кенгаш аъзоси томонидан яратилган асар экспертизадан ўтказиш ва қийматини баҳолаш учун Кенгашга киритилган тақдирда ушбу Кенгаш аъзоси овоз беришда иштирок этмайди.


16. Кенгашнинг мажлислари баённомаларида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

а) Кенгаш мажлисида иштирок этган аъзолар ва таклиф этилганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

б) ҳомийлик хайриялари кўринишидаги ёки харид қилишга тақдим этилган маданий бойликларни музей фондига киритишнинг мақсадга мувофиқлиги;

в) харид қилишга тақдим этилган маданий бойликлар ҳақида қисқа маълумотлар (номланиши, муаллифи, яратилган жойи, қисқа визуал таърифи, материалнинг номи, техникаси, ўлчами, имзонинг мавжудлиги ҳамда сақланганлик ҳолати кўрсатилган ҳолда);

г) маданий бойликларни ҳомийлик хайрияси сифатида ёки харид қилиш учун тақдим этган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, почта манзили ва паспорт маълумотлари;

д) Кенгаш томонидан кўриб чиқиш учун вақтинчалик сақлашга олинган ашёларни қабул қилиш далолатномаси, ҳадя этиш ёки олди-сотди шартномасининг лойиҳасини илова қилган ҳолда (зарур ҳолатларда коллекция рўйхати билан).


17. Кенгаш баённомасининг қарор қисмида сотиб олинган асар ёки ашёнинг йўналиши бўйича қайси давлат музейининг асосий ёки ёрдамчи фондига киритиш тўғрисидаги тавсия ёзилади.

Баённома Кенгаш раиси, котиби ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.


18. Кенгаш мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг тегишли буйруғи билан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.

19. Кенгашда иш юритиш, ҳужжатларнинг сақланиши ва улардан фойдаланилиши учун масъулият, шунингдек, қабул қилинган қарорларнинг ижросини назорат қилиш Кенгаш раисига юкланади.


20. Музей ашёлари ва коллекцияларини харид қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилганидан сўнг, Кенгаш мажлиси баённомаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги буйруғи нусхаси муаллиф ва мулкни тасарруф этувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига топширилади.

Шунингдек, Кенгаш мажлиси баённомаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги буйруғи нусхаси тегишли давлат музейларининг фондларига келиб тушаётган асарларни қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириш учун топширилади.

21. Кенгаш муаллиф ва мулкни тасарруф этувчининг илтимосига кўра асарни унинг иштирокида кўриб чиқиши мумкин, асарнинг баҳоси тўғрисидаги қарор Кенгашнинг ёпиқ мажлисда қабул қилинади.


22. Кенгаш аъзолари узрсиз сабабларга кўра уч маротаба мажлисларда иштирок этмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги уларни Кенгаш таркибидан чиқариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.


5-БОБ. МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

ҲИСОБ-КИТОБ ТАРТИБИ


23. Сотиб олиш учун Кенгаш томонидан баҳоланадиган ашёлар учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Мустақиллик йилларида яратилган юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарлари, шунингдек, бошқа маданий бойликлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида Кенгашнинг қарорига асосан сотиб олинади.

24. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Кенгашнинг тасдиқланган мажлис баённомасини ва Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг тегишли буйруғи ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда рассомларга муаллифлик гонорари тўлаш ва ашёларни тасарруф этувчилар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ шартнома баҳосининг 15 фоизи миқдорида олдиндан тўловни амалга оширади.

Тегишли давлат музейининг бош муҳофизи имзоси ва муҳри билан тасдиқланган, асарларни музей ва кўргазма фондларига қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан сўнг, рассомлар ва асарларни тасарруф этувчилар билан тўловнинг қолган 85 фоизи ҳисоб-китоб қилинади.


25. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда давлат музейлари фондини шакллантириш ва тўлдириш учун тасвирий, декоратив-амалий, театр-безак санъати асарлари, тарихий ёдгорликлар, архивлар, ноёб китоблар ва бошқа маданий бойликлар, бадиий асарлар, коллекциялар ёки алоҳида буюмларни харид қилиш учун буюртма бериш ҳуқуқига эга.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Кенгаш фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан амалга оширилади. Кенгаш ишчи органи Кенгаш фаолияти юзасидан ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигига маълумот тақдим этади.

27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 июнь