Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.07.2018 й. 595-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 30 июлдаги

595-сон қарорига

1-ИЛОВА



Оилавий нодавлат мактабгача таълим

ташкилотлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг мақсади ва вазифаларини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, моддий-техник ва услубий жиҳатдан таъминлаш, молиялаштириш, уларни бошқариш тартибини белгилайди.

2. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги имзолаган давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимга, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.

3. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фақат давлат-хусусий шерикликнинг оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини моддий-техник ва методик жиҳатдан таъминлаш шакли асосида ташкил этилади.

4. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти якка тартибдаги тадбиркор шаклида фаолият юритади ва банк ҳисобрақамига, ўз номи кўрсатилган муҳрга эга бўлади.


2-БОБ. ОИЛАВИЙ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ

5. Қуйидагилар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг мақсади ҳисобланади:

мактабгача ёшдаги болаларни (кейинги ўринларда болалар деб аталади) ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;

таълим-тарбия бериш орқали болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш;

болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш.


6. Қуйидагилар оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг вазифалари ҳисобланади:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш;

болаларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш;

бола шахсини соғлом ва етук, мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириш;

болаларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланишини таъминлаш;

болаларда халқимизнинг юксак маънавияти ва инсонпарварлик анъаналарига садоқат туйғуларини шакллантириш.


7. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари:

ота-оналар билан келишув бўйича қўшимча хизматлар кўрсатиш (шу жумладан ўқитувчилар, мураббийлар, тиббиёт ходимларини таклиф қилиш);

тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллаш;

давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган тартибда ташкилотнинг раҳбари ва ходимларининг малакасини ошириш;

хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобига тарбиячи ва унинг ёрдамчиси ишини қўшимча равишда рағбатлантириш;

фойда олиш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. ОИЛАВИЙ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

8. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари таълим фаолиятини ўзига тегишли уйда (турар жой), битим муддати давомида амал қилиш шарти билан нотариал тасдиқланган ишончнома ёки давлат органларидан рўйхатдан ўтган ижара шартномаси асосида ёхуд қонунчиликда белгиланган бошқа асосларга кўра фойдаланиш мумкин бўлган турар ва нотурар жойларда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаб этилмайди.

9. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг муассислари якка тартибдаги тадбиркор бўлади.

10. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига кириш жойида фуқароларни оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақида маълумотлардан хабардор қилиш мақсадида ахборот пешлавҳаси ўрнатилади.

Унда туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларига Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган ҳолда берилган хабарнома ва унинг қабул қилинганлиги тўғрисида тасдиқнома нусхалари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим нусхаси, педагог ва тиббиёт ходимларнинг дипломлари нусхалари, Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг иш тартиби ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари жойлаштирилади.

11. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 7-50 нафар болаларга тарбия берилишига йўл қўйилади.

12. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши режалаштирилаётган уйда болаларнинг соғлом ўсиши ва тарбия олишлари учун зарур шарт-шароитлар бўлиши, бино ва иншоотлар ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария-эпидемиология хизматининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши лозим.

13. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерик (якка тартибдаги тадбиркор шаклида) давлат шеригига ариза билан мурожаат қилади.

Хусусий шерикнинг лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги аризаси давлат шериги томонидан ариза тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида етти кун ичида битим тузилади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битимларнинг ягона реестри Мактабгача таълим вазирлиги томонидан юритилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларига Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган ҳолда берилган хабарномани қабул қилинганлиги ҳақида тасдиқномани олган кундан бошлаб таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти хабарномага қуйидаги ҳужжатлар нусхасини илова қилади:

давлат-хусусий шериклик битими;

ёнғин назорати органларининг мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мослиги ҳақидаги хулосаси;

санитария-эпидемиология назоратининг мавжуд бинолар ва хоналарнинг гигиена қоидалари, нормалари ва нормативларига мослиги ҳақидаги хулосаси;

соғлиқни сақлаш органлари билан тузилган шартнома.

Қуйидаги ҳужжатлар давлат шериги томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади:

гувоҳнома нусхаси;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиявий-таълим фаолиятини олиб бораётган педагогика ходими олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат.

14. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида таълим мазмуни мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига асосан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ёки тавсия қилинган дастурлар билан белгиланади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз (муаллифлик) дастурларидан фойдаланишга ҳақлидир. Ушбу дастурларни тасдиқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўз (муаллифлик) дастурларида миллий, этник ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик ғояларини акс эттирилишига йўл қўйилмайди.

15. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг иш тартиби ва болаларнинг ташкилотда бўлиш вақти ота-оналарнинг истак ва талабларидан келиб чиқиб муассис томонидан белгиланади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 5 кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, қуйидаги кунлик иш тартиби жорий этилади:

9 соатли;

4 соатли.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти жойлашган ҳудудда яшайдиган аҳоли талабларидан келиб чиқиб, нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 6 кунлик иш ҳафтаси ҳам жорий этилиши мумкин.

16. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг овқатланиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида амалга оширилади.

17. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига тиббий ёрдам кўрсатиш соғлиқни сақлаш органларининг шартнома асосида махсус бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.

Тиббиёт ходимлари оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимлари билан биргаликда болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний ривожланиши, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, овқатланиш режими ва сифатига риоя қилиниши учун жавоб берадилар. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш шартнома асосида амалга оширилади.


4-БОБ. ОИЛАВИЙ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИГА БОЛАЛАРНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ

18. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига болаларни қабул қилиш жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тегишли тиббий хулоса асосида амалга оширилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига болаларни қабул қилиш ва ташкилотдан чиқариш тартиби оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг қарори билан амалга оширилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидаги болалар сони 7 нафардан кам бўлмаслиги ва 50 нафардан ошмаслиги лозим.

19. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида ўқув йили жорий йилнинг 2 сентябридан бошланади ва кейинги йилнинг 1 июнига қадар давом этади. 1 июндан 1 сентябргача бўлган давр ташкилотда соғломлаштириш даври ҳисобланади.


5-БОБ. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИ


20. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болалар, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади), педагог ходимлар таълим-тарбия жараёнининг қатнашчилари ҳисобланади.

21. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти болаларни қабул қилишда ота-оналарни ўз устави, кун тартиби, таълим-тарбия дастурлари ва бошқа ҳужжатлар билан таништириши шарт.

22. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти билан ота-оналар ўртасидаги ўзаро муносабатлар ушбу ташкилотнинг устави ҳамда шартнома билан тартибга солинади. Ота-оналар билан тузилган шартнома болаларнинг ушбу ташкилотда бўлиш вақтини, таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини ўз ичига олади.

23. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан тузилган битимга асосан тарбияланувчилар умумий сонининг 70 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини ва махсус контингентларни ўқитиш, улар учун камида 3 йил давомида ота-оналар тўловининг имтиёзли ҳажмларини (шу жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорларда) белгилайди. Бунда, боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларини ўқитиш бепул амалга оширилади.

24. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз болалари учун таълим-тарбия шаклларини, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида таълим бериш тилини танлаш;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида болаларга таълим-тарбия бериш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини ҳамда боланинг шахсига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти билан тузилган шартнома шартларида белгиланган тартибда кун давомида ўзига қулай бўлган вақтда болаларни мактабгача таълим ташкилотидан олиб кетиш;

ота-оналар қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


25. Қуйидагилар ота-оналарнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

оилавий нодавлат таълим ташкилоти билан тузилган шартномага мувофиқ ота-оналар бадалини ўз вақтида тўлаш;

оилавий нодавлат таълим ташкилотида болага берилган таълим-тарбияни мустаҳкамлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Ота-оналар қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олишлари мумкин.


26. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси ва ходимлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳамкорлик, боланинг шахсини ҳурмат қилиш ва унга шахсий хусусиятларига мувофиқ ривожланиши учун эркинлик бериш асосида олиб борилади.

27. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тегишли олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотли шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотга эга бўлмаган (тегишли ҳудудларда олий ёки ўрта махсус педагогик маълумотли талабгорлар мавжуд бўлмаган ҳолатларда) Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан оилавий нодавлат мактабгача таълим йўналиши бўйича қайта тайёрловдан ўтказилган шахслар ҳам педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Суд томонидан ёки тиббий хулосага мувофиқ бундай фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.


28. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг педагоглари ва бошқа ходимлари билан меҳнат шартномалари тузиш ва уларни бекор қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

29. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари белгиланган тартибда педагог кадрлар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, муаллифлик дастурлари, методик қўлланмалар ва дидактик материаллар жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратади.

30. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг ҳуқуқ ва имтиёзлари қонун ҳужжатларида, ушбу ташкилотнинг уставида, шунингдек, меҳнат шартномасида белгиланади.

31. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг педагог ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини бошқаришда ушбу ташкилот уставида белгиланган тартибда қатнашиш;

ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


32. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг педагог ходимлари қуйидагиларга мажбур:

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш;

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш бўйича ўзига юкланган вазифалар доирасида шарт-шароитлар яратиш;

болаларга юқори профессионал даражада таълим-тарбия бериш орқали мактабгача таълим сифатини ошириш;

педагог ахлоқ-одобига риоя қилиш, боланинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш, болаларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларни меҳнатга, ота-онага ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;

ўзининг касбий кўникмаларини ва педагогик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириш.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.



6-БОБ. ОИЛАВИЙ НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА

ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИНИ БОШҚАРИШ ВА

УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

33. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини бошқариш муассис томонидан амалга оширилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни туман мактабгача таълим бўлимига тақдим этади.

34. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини назорат қилиш муассис томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

35. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларининг ва таълим-тарбия дастурларининг бажарилишини назорат қилиш ушбу соҳадаги ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

36. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш, уларнинг фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш ва тўхтатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


7-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ

37. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига мол-мулк қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктирилади.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўзига бириктирилган мол-мулкни ва ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.

38. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йилги маҳаллий бюджет маблағларидан иқтисод қилиб қолинган маблағлар доирасида ташкил этиладиган янги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти учун мўлжалланган мебель, ашё ва анжомлар билан жиҳозлашга кўмаклашадилар.

Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим бошқармалари орқали оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти учун зарур бўлган ўқув материаллари билан давлат бюджетидан ушбу харажатлар учун ажратилган мақсадли маблағлар доирасида бепул таъминлайди. Мазкур жиҳозлар ва ўқув материалларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш ва уларнинг сақланишига оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти жавоб беради.

39. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ муассиснинг маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобидан молиялаштирилади.

40. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қуйидаги мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади:

ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида - 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда - 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчи хизматларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга тўланадиган ҳаққа тенг шартларда ва ҳажмларда иш ҳақи тўлаш;

давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар бўйича овқатланиш, юмшоқ инвентарь ва дори-дармонларга ажратилаётган миқдорларда харажатларни қоплаш;

боқувчисини йўқотган аёллар фарзандларининг ота-оналар бадали тўловларини тегишли ҳудуддаги 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган миқдорларда қоплаш.

41. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида мактабгача таълим ташкилотининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотларнинг, шу жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ташкил этилишига ва фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотидаги таълим ва тарбия дунёвий хусусиятга эга бўлади.

43. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши, тугатилиши мумкин.

44. Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг халқаро ҳамкорлиги, педагог кадрларнинг амалиёт ўташи ва уларнинг малакасини ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 август