Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.10.2018 й. 856-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун бериладиган ипотека кредитлари бўйича гаров таъминотини расмийлаштириш тартибини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.10.2018 й.

N 856



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА

ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА ЯНГИЛАНГАН НАМУНАВИЙ

ЛОЙИҲАЛАР БЎЙИЧА АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИШ УЧУН

БЕРИЛАДИГАН ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИ БЎЙИЧА ГАРОВ

ТАЪМИНОТИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИНИ

СОДДАЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЎЗГАРТИРИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПҚ-2639-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини самарали амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 23 октябрдаги

856-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 майдаги 148-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 5-сон, 40-модда) билан тасдиқланган Якка тартибда ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича янги типлардаги арзон уй-жойлар қурилишида қатнашувчи тижорат банклари - "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, АТ "Халқ банки", "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши қўшилсин:

"қонун асосидаги ипотека - кредит шартномаси бўйича қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш учун қўлланиладиган ипотека тури бўлиб, бунда қонун асосидаги ипотеканинг вужудга келишига олиб келувчи кредит шартномаси қонун асосидаги ипотеканинг давлат рўйхатидан ўтказилиши учун асос бўлади";

ўн иккинчи - ўн саккизинчи хатбошилари, тегишли равишда ўн учинчи - ўн тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


б) 13-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"13. Ер участкаси билан бирга барпо этилаётган уй-жой ёки арзон уй-жой ипотекаси қарз олувчининг ипотека кредитини тўлаш бўйича мажбуриятларининг таъминланиши ҳисобланади.

Агар банк билан қарз олувчининг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ер участкаси билан бирга барпо этилаётган уй-жой ёки арзон уй-жойга ипотека қонун асосида вужудга келади";


в) 17-банднинг тўртинчи ва еттинчи хатбошиларига "қонун асосидаги ипотека вужудга келган ҳолатлар бундан мустасно" сўзлари қўшилсин;


г) 28-банднинг "г" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"г) қарз олувчи Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органларида қонун асосидаги ипотекани белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиши шарт. Банк билан қарз олувчи ўртасидаги келишувга кўра, Ўзбекистон Республикасининг "Ипотека тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ нотариал гувоҳлантириладиган ва давлат рўйхатидан ўтказиладиган ипотека шартномаси тузилиши мумкин (намунавий шакли 3-иловага мувофиқ)";


д) 29-банднинг "ипотека тўғрисидаги шартномани" сўзларидан кейин "қонун асосидаги ипотека вужудга келган ҳолатлар бундан мустасно" сўзлари қўшилсин;


ж) 31-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"31. Уй-жой ёки арзон уй-жой қурилиши тугаллангандан кейин қарз олувчи бир ҳафта муддатда, туман ҳокими томонидан тузилган қабул қилиб олиш комиссиясига уй-жойни ёки арзон уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади. Қабул қилиб олиш комиссияси томонидан уй-жойни ёки арзон уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси тузилгандан ва у туман ҳокими қарори билан тасдиқлангандан кейин қарз олувчи бир ой муддатда:

а) банкка туман ҳокимининг уй-жойни ёки арзон уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори нусхасини тақдим этиши;

б) қурилган уй-жойга ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаши, шундан сўнг банкка уй-жойга ёки арзон уй-жойга рўйхатдан ўтказилган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат нусхасини ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиши;

в) уй-жойни ёки арзон уй-жойни кредит шартномаси амал қиладиган муддатда йўқолиш ва шикастланиш таваккалчиликларидан суғурта қилиши, шундан сўнг банкка суғурта шартномасини ва суғурта полисини тақдим этиши шарт. Бунда суғурта шартномасида ҳар йили тўланадиган суғурта мукофотини тўлаш назарда тутилиши мумкин;

г) агар банк билан қарз олувчи ипотека кредити тузиш тўғрисида ўзаро келишувга эришган бўлса - банк билан уй-жой ёки арзон уй-жой ипотекаси тўғрисида шартнома тузиши, уни нотариал тасдиқлаши ва рўйхатдан ўтказиши, сўнгра банкка тақдим этиши шарт";


и) 2-иловада:


2.1-бандда:

қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи хатбоши қўшилсин:

"қонун асосидаги ипотека - кредит шартномаси бўйича қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш учун қўлланиладиган ипотека тури бўлиб, бунда қонун асосидаги ипотеканинг вужудга келишига олиб келувчи кредит шартномаси қонун асосидаги ипотеканинг давлат рўйхатидан ўтказилиши учун асос бўлади";

ўн иккинчи - ўн тўққизинчи хатбошилари тегишли равишда ўн учинчи - йигирманчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

ўн саккизинчи хатбошидаги "ипотекани расмийлаштириш учун харажатлар" сўзларидан кейин "қонун асосидаги ипотека вужудга келиши ҳолатлари бундан мустасно" сўзлари қўшилсин";


5.7-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"5.7. Уй-жой ёки арзон уй-жой қурилиши тугаллангандан кейин қарз олувчи бир ҳафта муддатда, туман ҳокими томонидан тузиладиган қабул қилиб олиш комиссиясига уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади. Қабул қилиб олиш комиссияси томонидан уй-жойни ёки арзон уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномаси тузилгандан ва у туман ҳокимининг қарори билан тасдиқлангандан кейин қарз олувчи бир ой муддатда:

а) банкка туман ҳокимининг уй-жойни ёки арзон уй-жойни фойдаланишга қабул қилиб олиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори нусхасини тақдим этиши;

б) қурилган уй-жойга ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқини ҳамда қонун асосидаги ипотекани Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаши, шундан сўнг банкка уй-жойга ёки арзон уй-жойга рўйхатдан ўтказилган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат нусхасини ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиши;

в) уй-жойни ёки арзон уй-жойни кредит шартномаси амал қиладиган муддатда йўқолиш ва шикастланиш таваккалчиликларидан суғурта қилиши, шундан сўнг банкка суғурта шартномасини ва суғурта полисини тақдим этиши шарт. Бунда суғурта шартномасида ҳар йили тўланадиган суғурта мукофотини тўлаш назарда тутилиши мумкин;

г) агар банк билан қарз олувчи ипотека кредити тузиш тўғрисида ўзаро келишувга эришган бўлса - банк билан уй-жойни ёки арзон уй-жойни ипотека шартномасини тузиши, уни нотариал гувоҳлантириши ва рўйхатдан ўтказиши, шундан кейин банкка тақдим этиши шарт";


6.3-банднинг учинчи хатбошига "қонун асосидаги ипотека вужудга келиш ҳолатлари бундан мустасно" сўзлари қўшилсин;


9.2.1-банднинг "б" кичик бандига "қонун асосидаги ипотека вужудга келиш ҳолатлари бундан мустасно" сўзлари қўшилсин;


9.2.9-банд чиқариб ташлансин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 9-10-сон, 68-модда) билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда:


а) 2-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши қўшилсин:

"қонун асосидаги ипотека - кредит шартномаси бўйича қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш учун қўлланиладиган ипотека тури бўлиб, бунда қонун асосидаги ипотеканинг вужудга келишига олиб келувчи кредит шартномаси қонун асосидаги ипотеканинг давлат рўйхатидан ўтказилиши учун асос бўлади";


б) 17 ва 18-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"17. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити ажратиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинганидан кейин кредит шартномаси (намунавий шакли ушбу Низомга 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ) расмийлаштирилади.

18. Ер участкаси билан биргаликда қурилаётган уй-жойнинг ёки арзон уй-жойнинг ипотекаси ипотека кредитини қайтариш бўйича қарз олувчининг мажбуриятлари таъминланиши ҳисобланади.

Банкнинг кредит комиссияси (қўмитаси) қарори асосида қарз олувчининг мулкида ва/ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг кафиллигида бўлган бошқа кўчмас мулк ҳам ипотека кредитини қўшимча таъминлаш сифатида қабул қилиниши мумкин.

Агар банк билан қарз олувчи ўртасида бошқа келишув бўлмаса, ер участкаси билан бирга барпо этилаётган уй-жой ёки арзон уй-жойга ипотека қонун асосида вужудга келади";


в) 18-1-банддаги "Бунда қурилаётган уй-жойни ёки арзон уй-жойни баҳолаш ўтказилган танлов савдолари натижаларига мувофиқ амалга оширилади" сўзлари чиқариб ташлансин.


г) 18-3-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Кредит шартномаси кредит шартномасида назарда тутилган ҳолатларда муддатидан олдин бекор қилинганда қурилаётган (қурилган) уй-жой ёки арзон уй-жой бошқа якка тартибдаги қурувчига қонунчиликда белгиланган тартибда сотилади";


д) 36-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"36. Уй-жой ёки арзон уй-жой қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича инжиниринг компанияси томонидан якка тартибда иморат қурувчига берилгандан кейин якка тартибда иморат қурувчи қурилган уй-жойга ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини бир ой муддатда таъминлаши, шундан кейин банкка уй-жойга ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхасини ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиши шарт.

Ипотека қонун асосида электрон шаклда рўйхатга олиниши мумкин.

Ипотека қонун асосида электрон шаклда давлат рўйхатидан ўтказилиб, уй-жой ёки арзон уй-жой қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича инжиниринг компанияси томонидан якка тартибда иморат қурувчига берилгандан кейин, мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш учун банк филиали имзоланган кредит шартномаси ва топшириш-қабул қилиш далолатномасининг электрон нусхасини ахборот тизими орқали бир ой муддатда юбориши шарт.

Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органи қурилган уй-жой ёки арзон уй-жой ва қонун асосидаги ипотеканинг қонунчиликда белгиланган муддатларда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаши, кейин эса қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги белги қўйилган кредит шартномасининг электрон нусхасини банкка юбориши керак.

Қурилган уй-жой ёки арзон уй-жой ҳамда қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатига олингандан кейин бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органи якка тартибда иморат қурувчига тегишли хабарнома юбориши шарт";


ж) қуйидаги мазмундаги 36-1-банд қўшилсин:

"36-1. Томонлар ўртасида уй-жой ёки арзон уй-жой қурилиши тўғрисида шартнома тузилганда, уй-жой ёки арзон уй-жой инжиниринг компанияси томонидан якка тартибда иморат қурувчига топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан топширилганидан кейин якка тартибда иморат қурувчи қуриб топширилган уй-жой ёки арзон уй-жойнинг Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаб, уй-жой ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхасини бир ой муддатда банкка тақдим этиши шарт";


и) 3-иловада:


6.3-банднинг тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин;


9.2.1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"9.2.1. Мазкур шартнома имзоланган кундан бошлаб 30 (ўттиз) кунгача бўлган муддатда Банк ходими билан ипотека предметини йўқолиш ва шикастланиш таваккалчиликларидан суғурта қилиш шартномасини тузиш";


9.2.6 ва 9.2.7-бандлар чиқариб ташлансин;


10.1-банднинг саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"ушбу шартнома билан боғлиқ бўлган бошқа шартномалар (суғурта ва бошқалар) шартларининг бузилиши";


11.1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"11.1. Банк ушбу шартнома шартлари билан гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги туфайли келиб чиққан талабларни ушбу мулк ҳисобига қондириш учун ундиришни мажбуриятларни таъминлаш сифатида гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга ҳақлидир.";


к) қуйидаги мазмундаги 3а-илова қўшилсин:


"Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг

компанияси иштирокида якка тартибда

уй-жой қурилишини амалга ошириш

тартиби тўғрисидаги Низомга

3а-ИЛОВА



Қонун асосида ипотека билан таъминланган

ипотека кредити ажратиш тўғрисидаги

Намунавий шартнома N_____

   




20__ й. "___" _______________


ҳоли пункти)




_________________(банкнинг номи) номидан Низом ва 20__ йил "___" даги ______-сон бош ишончнома асосида ҳаракат қиладиган _______________ филиали бошқарувчиси __________, кейинги ўринларда "Банк" деб аталади, бир томондан ва "___" йил _____________ да берилган паспорти серияси ______, N_______, кейинги ўринларда "Қарз олувчи" деб аталадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ______________________________ иккинчи томондан ҳамда ва "___" йил _____________ да берилган паспорти серияси ______, N_______, кейинги ўринларда "Биргаликда қарз олувчи" деб аталадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ______________________________ учинчи томондан, кейинги ўринда "Томонлар" деб аталадилар, ушбу шартномани қуйидагилар тўғрисида туздилар:



1. Шартнома предмети


1.1. Банк Қарз олувчига/Биргаликда қарз олувчиларга Ўзбекистон Республикаси,_________ вилояти, _______ тумани, _________ аҳоли пунктида умумий майдони ___ кв. м, турар жой майдони ___ кв. м бўлган ___ та хонали __-уйни (кейинги ўринларда уй-жой ёки арзон уй-жой деб аталади) якка тартибда қуриш учун ушбу шартномада назарда тутилган шартларда ___ (_________) сўм миқдорида мақсадли ипотека кредити маблағлари беради, Қарз олувчи/Биргаликда қарз олувчилар эса кредит беришнинг умумий қоидаларига (мақсадли характери, моддий таъминланганлиги, муддатлилиги, қайтарилувчанлиги ва тўланувчанлигига) риоя этган ҳолда ипотека кредитидан фойдаланади.



2. Асосий тушунчалар


2.1. Ушбу шартнома матни бўйича кейинги ўринларда учрайдиган барча атамалар (агар контекстдан бошқача маъно англашилмаса) ушбу бўлимда баён қилинган маъноларни англатади: ипотека кредити - қишлоқ жойларда тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой ёки арзон уй-жой қурилишига барпо этиладиган уй-жой ёки арзон уй-жой гарови остида бериладиган узоқ муддатли кредит; якка тартибдаги уй-жой (уй-жой) - доимий яшаш, дам олиш ва хўжалик юритиш учун мўлжалланган, битта ер участкасида жойлашган, ўзига қарашли бўлган ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовли иншоотлари билан биргаликдаги бир ёки бир нечта турар жойлар; арзон уй-жой - икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар, 0,02 га бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар, 0,04 га ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли тўрт хонали бирлаштирилган уйлар ва 0,06 га ер участкасида жойлаштирилган бир қаватли 3, 4 ва 5 хонали уйлар; намунавий лойиҳа - замонавий қурилиш материаллари ва технологияларини республика минтақаларининг табиий-иқлим шароитларини ва жойнинг рельефини, ижтимоий-демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қўлланиб намунавий уй-жой қуриш учун "Қишлоқ қурилиш лойиҳа" МЧЖ лойиҳалаш-қидирув институти томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган лойиҳа. Намунавий лойиҳа: ер ости ва ер усти муҳандислик коммуникациялари акс эттирилган ҳолдаги ер участкаси режасидан; уй-жойнинг пойдеворлари, ертўлалари, қаватлари, кесимлари ва фасадларининг режаларидан; смета-молиявий ҳисоб-китобдан иборат бўлади; Қарз олувчи - қишлоқ жойда яшайдиган, қишлоқда инжиниринг компанияси иштирокида уй-жой қуриш учун ипотека кредити оладиган ва олинган суммани кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш мажбуриятини қабул қилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси; Биргаликда қарз олувчи - қарз олувчининг ипотека кредити ва кредит бўйича фоизларнинг ҳар ойдаги тўловларида қатнашадиган, шунингдек ипотека кредити юзасидан биргаликда жавоб берадиган эри (хотини) ҳамда унинг яқин қариндошлари (ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзандлари) ва бошқа жисмоний шахслар; пудратчи - фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шарти билан уй-жой қуришга буюртмаларни жойлаштиришга танлов савдолари натижалари бўйича инжиниринг компанияси билан тузилган пудрат шартномаси асосида якка тартибда уй-жой қурадиган пудрат қурилиш ташкилоти; тўловга қодирлик - Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг кредит шартномаси бўйича ўз тўлов мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича жами даромадлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган қобилияти; кредит бўйича таъминлаш - белгиланган тартибда ер участкаси билан бирга қурилаётган якка тартибдаги уй-жой гарови; бошланғич бадал - Қарз олувчининг икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2- ва 3 хонали) уйлар, 0,02 га бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали арзон уй-жойлар смета қийматининг камида 10 фоизи миқдоридаги ёки ҳовлидаги иморатлари билан майдони 0,04 га бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар ва майдони 0,06 га бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3, 4, 5 хонали уйлар смета қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги Қарз олувчининг (Биргаликда қарз олувчиларнинг) ёки юридик шахснинг - Қарз олувчининг иш берувчисининг ёки бошқа шахсларнинг Қарз олувчининг номига банкда очилган омонат қўйилма ҳисоб рақамига ўтказилган пул маблағлари шаклидаги ўз маблағлари; узил-кесил тўлов - уй-жойнинг бошланғич бадал ва ипотека кредити билан қопланмаган қиймати қолган қисмига тенг бўлган миқдордаги тўлов; ипотека - белгиланган тартибда ер участкаси билан бирга қурилаётган уй-жой ипотекаси учун бериладиган ипотека кредити олиш мақсадидаги кўчмас мулк гарови; қонун асосидаги ипотека - кредит шартномаси бўйича қарз олувчининг мажбуриятларини таъминлаш учун қўлланиладиган ипотека тури бўлиб, бунда қонун асосидаги ипотеканинг вужудга келишига олиб келувчи кредит шартномаси, қонун асосидаги ипотеканинг давлат рўйхатидан ўтказилиши учун асос бўлади; кредит бўйича фоизлар - кредитдан фойдаланганлик учун тўлов; имтиёзли давр - кредит бўйича асосий қарзни қайтариш муддати кечиктирилган давр; кредит берилган сана - маблағларни ссуда ҳисоб рақамидан инжиниринг компаниясининг депозит ҳисоб рақамига ўтказиш санаси; кредитни тўлаш санаси - Қарз олувчининг Банк олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажаришига олиб келадиган ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларнинг жами қолдиғини ва қарз қолдиғини қоплайдиган охирги тўлов тушган сана;тўлов мажбуриятлари - Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг ипотека кредити, унинг бўйича фоизларни ушбу шартномада кўрсатилган суммада ва муддатларда ҳамда бошқа тўловлар (ипотекани расмийлаштириш, суғурталаш ва шу кабилар учун харажатлар) бўйича мажбуриятлари; кредит бўйича тўлов муддати ўтган қарз - Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан белгиланган муддатларда тўланмаган, ипотека кредити ёхуд унинг бир қисми, кредитдан фойдаланганлик бўйича ҳисобланган фоизлар, пенялар ва бошқа тўлов мажбуриятлари бўйича қарзлар суммаси; кредит бўйича қарз - кредитнинг ҳаммаси ёхуд Қарз олувчи томонидан фойдаланилган ипотека кредитининг қолдиғи, тегишли ҳисоб рақамларида Қарз олувчига очилган ҳисоб рақамларидаги ипотека кредитидан фойдаланганлик учун ҳисоблаб ёзилган фоизлар.



3. Қарз олувчининг тасдиқномаси


3.1. Қарз олувчи/Биргаликда қарз олувчи ушбу билан қуйидагиларни тасдиқлайди: Банкка тақдим этилган/этиладиган кредитни расмийлаштириш ва олиш учун ҳужжатлар ва маълумотлар бундай ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилган санада ҳақиқий ва ишончли ҳисобланади; Биргаликда қарз олувчи ушбу шартнома мажбуриятлари юзасидан биргаликда жавоб беради ва ушбу мажбуриятлар ҳақиқий ҳисобланади; Қарз олувчининг (Биргаликда қарз олувчи)нинг ушбу шартномада назарда тутилган мажбуриятларни бажаришдан бош тортиши Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг ушбу шартномага ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлишига олиб келади; агар Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) тўловларни амалга оширишга ёки ушбу шартномада белгиланган талаблардан исталганини бажаришга қодир бўлмаса Банк кредитни муддатидан олдин қайтаришни ва ҳисоблаб ёзилган фоизларни, шунингдек бошқа тўловларнинг муддатидан олдин тўланишини талаб қилишга ҳақлидир. Шу билан бирга, Банк қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредитни таъминлаш бўйича ва Қарз олувчи(Биргаликда қарз олувчи)нинг бошқа мол-мулкига ундиришни қаратишга ҳақлидир; чақириб олмаслик ва муқаррар тартибда кредит бўйича ҳар қандай таъминлашни амалга оширишга ва фойдаланишга ва/ёки Банк томонидан ўз ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур чораларни кўришга Банкни вакил қилади.



4. Кредит суммаси ва кредитдан

фойдаланганлик учун фоиз ставкаси


4.1. Қурилаётган уй-жойнинг умумий қиймати ____(___________) сўмни ташкил қилади. Ипотека кредити суммаси ____(___________) сўмни ташкил қилади, бу қурилаётган уй-жой қийматининг ____ фоизига тенгдир. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг бошланғич бадали ____ (___________) сўмни ташкил қилади, бу қурилаётган уй-жой қийматининг ____ фоизига тенгдир. Узил-кесил тўлов қиймати ___________(_________) сўмни ташкил қилади, бу қурилаётган уй-жой қийматининг _____% га тенг (бундай тафовут мавжуд бўлганда тўлдирилади).

4.2. Ипотека кредитидан фойдаланганлик учун қуйидаги фоиз ставкаси белгиланади: дастлабки 5 йил давомида - йиллик 7 фоиз миқдорида; кейинги даврларда - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ушбу шартнома тузилганда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида, яъни йиллик _____ миқдорида.

4.3. Ипотека кредити бўйича фоизлар Банк томонидан ҳар куни ушбу шартноманинг 4.2-бандида белгиланган фоиз ставкасидан ва кредит берилган санадан бошлаб амалдаги кунлар сонидан келиб чиққан ҳолда Қарз олувчининг ссуда ҳисоб рақамида Банк томонидан ҳисобга олинадиган кредит суммаси қолдиғига ҳисоблаб қўшилади.



5. Ипотека кредити бўйича таъминлаш


5.1. Ушбу шартнома бўйича берилган кредит ер участкаси билан бирга қурилаётган уй-жой ипотекаси билан белгиланган тартибда таъминланади.

5.2. Мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашнинг бир нечта усуллари мавжудлиги бир-бирига зид бўлмайди, мажбуриятларни бажаришнинг ҳар қайси усули мустақил ҳисобланади ва бир-бирига боғлиқ бўлмайди.

5.3. Зарурат бўлганда, ундиришни мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашни қаратишнинг усулларини танлаш ҳуқуқи Банкда қолади, у ўз хоҳишига кўра талабни усуллардан исталганига қўйиши ёки мажбуриятларни бажаришни таъминлашнинг барча усулларига қўйиши мумкин.

5.4. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) кредитни таъминлашни кредит суммаси даражасида тутиш, Банк фойдасига кредит шартномаси амал қиладиган муддатга, ипотека предметини унинг тўлиқ қийматида йўқотиш ва шикастланиш хавфи юзасидан суғурта қилиш мажбуриятини олади.

5.5. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) кредитнинг қайтарилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни зарур даражада расмийлаштириш бўйича ҳар қандай харажатларни ўз зиммасига олади.

5.6. Кредитнинг таъминланишини белгилайдиган ҳужжатлар ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.



6. Ипотека кредити бериш тартиби


6.1. Кредит уч йилдан иборат бўлган имтиёзли давр билан 20 йил муддатга берилади. Ипотека кредитидан фойдаланганлик учун фоизларни тўлаш кредит берилган санадан кейинги ойдан бошланади.

6.2. Кредитни бериш Қарз олувчи билан инжиниринг компанияси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ босқичма-босқич, Қарз олувчининг ёзма топшириқномаси (аризаси) асосида маблағларни Банк очган алоҳида ссуда ҳисоб рақамига ўтказиш, кейинчалик инжиниринг компаниясининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамига юқорида кўрсатилган шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

6.3. Банкнинг кредит бериш бўйича мажбурияти Қарз олувчи томонидан Банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин юзага келади: туман ҳокимининг ер участкаси бериш тўғрисидаги қарори нусхаси; ипотека предметини йўқолиш ва шикастланиш хавфидан суғурта шартномаси ва суғурта полиси;



7. Ипотека кредитини тўлаш тартиби


7.1. Кредит бўйича қарзни тўлаш учун Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан йўналтириладиган тўловлар қуйидагича навбат билан тўланади: кредит бўйича тўлов муддати ўтган фоизларни тўлаш; кредит бўйича тўлов муддати ўтган қарзларни тўлаш; муддатли фоизларни тўлаш; кредит бўйича муддатли қарзларни тўлаш; Қарз олувчининг бошқа тўлов мажбуриятларини тўлаш.

7.2. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) асосий қарзни ва ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлашни муддатидан олдин - ушбу шартномада белгиланган тўлов муддати бошлангунгача ёки тугагунгача амалга ошириш ҳуқуқига эга. Кредитни муддатидан олдин тўлашда Банк бирон-бир қўшимча воситачилик ҳақларини ундирмайди.

7.3. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) ушбу шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланадиган илова қилинаётган тўловлар жадвалига мувофиқ ҳар ойлик тўловларни амалга ошириш йўли билан ипотека кредитини қайтаради ва кредитдан фойдаланганлик учун ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлайди. Кредит бўйича асосий қарз ва фоизлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда тўлаш жадвали тўланмаган суммалар ҳисобга олинган ҳолда ўзгартирилади.

7.4. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан ипотека кредитини тўлаш: иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозлар бўйича бошқа даромадлар ҳисобига маблағларни нақдсиз шаклда ўтказиш; нақд пуллар тўлаш; маблағларни омонат қўйилмалар бўйича ҳисоб рақамларидан ўтказиш; маблағларни пластик карточкалардан ўтказиш йўли билан; пул маблағларини Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг иш берувчиси томонидан моддий ёрдам ва ипотека кредитини тўлаш учун ажратилган бошқа маблағлар ҳисобидан нақдсиз шаклда ўтказиш йўли билан; қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.

7.5. Агар ушбу шартнома бўйича исталган суммаларни тўлаш санаси иш куни ҳисобланмайдиган кунга тўғри келса, у ҳолда ушбу суммаларни тўлаш кейинги иш кунидан кечикмай амалга оширилиши керак.



8. Томонларнинг ҳуқуқлари


8.1. Банкнинг ҳуқуқлари:

8.1.1. Қарз олувчининг айби билан ушбу шартноманинг 6.3-бандида кўрсатилган ҳужжатлар шартнома имзоланган вақтдан бошлаб 30 (ўттиз) банк куни мобайнида тақдим этилмаган тақдирда Банк ушбу шартномани бир томонлама тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга.

8.1.2. Уй-жой инжиниринг компанияси томонидан топширилиб, Қарз олувчи томонидан қабул қилиб олинганидан кейин кредитдан фойдаланишнинг бутун даври мобайнида доимий мониторингни амалга ошириш. Банк мониторинг давомида уй-жойни қуриш жадвалларига амал қилиниши ҳамда кредитдан мақсадли фойдаланилиши, ипотека кредити ва унинг бўйича фоизларнинг тўланиши, гаровга қўйилган мол-мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш қоидаларига амал қилиниши, ипотека предметининг ноқонуний бегоналаштирилишига йўл қўйилмаслиги юзасидан назоратни амалга оширади.

8.1.3. Банк мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ҳоллари бошланган тақдирда ўз ихтиёрига кўра қуйидаги ҳаракатлардан исталганини амалга ошириши мумкин: Қарз олувчига мажбуриятларнинг бажарилмаслик ҳоллари бошланганлиги тўғрисидаги ёзма билдиришномани уни бартараф этиш учун муддатни белгилаган ҳолда юбориш; ушбу шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини қўшимча равишда таъминланишини талаб қилиш; Қарз олувчидан (Биргаликда қарз олувчидан) ушбу шартномада белгиланган тартибда кредитнинг ҳаммасини ёки унинг бир қисмини муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш (қонун ҳужжатларида кредитнинг ҳаммасини ёки унинг бир қисмини муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишнинг бошқача тартиби белгиланган тақдирда кредитнинг ҳаммасини ёки унинг бир қисмини муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади); ундиришни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредит бўйича таъминлашга қаратиш; ушбу шартномани мазкур шартномада белгиланган тартибда бекор қилиш (қонун ҳужжатларида бундай шартномани бекор қилишнинг бошқача тартиби белгиланган тақдирда ушбу шартнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади); ушбу шартномага ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳар қандай ҳуқуқлардан фойдаланиш.

8.1.4. Уй-жойни қуриш бўйича кредит ҳисобига бажарилган ишларни назорат тартибида ҳисоблаб чиқишни амалга ошириш.

8.1.5. Ушбу шартнома бўйича талаб қилиш ҳуқуқини бунга Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг олдиндан розилигини олмасдан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўзгага беришни амалга ошириш.

8.1.6. Қарз олувчидан гаровга қўйилган мулкни сақлаш бўйича зарур чораларни кўришни талаб қилиш.

8.2. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг ҳуқуқлари:

8.2.1. Банкда бўш ресурслар мавжуд бўлган тақдирда ипотека кредитининг ушбу шартномада назарда тутилган ҳажмда, муддатларда ва шартларда берилишини талаб қилиш.

8.2.2. Олинган кредитни тўлиқ қайтариб ва унинг бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлаб Банк билан ушбу шартномани муддатидан олдин бекор қилиш.



9. Томонларнинг мажбуриятлари


9.1. Банкнинг мажбуриятлари:

9.1.1. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан ипотека кредити бериш учун барча зарур шартлар бажарилган тақдирда ушбу шартнома шартларига риоя қилган ҳолда кредитни бериш.

9.1.2. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)ни кредитни муддатидан олдин ундириб олиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиш.

9.2. Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг мажбуриятлари:

9.2.1. Уй-жой инжиниринг компанияси томонидан топшириш-қабул қилиш далолатномаси бўйича Қарз олувчига берилгандан кейин Қарз олувчи бир ой муддатда қурилган уй-жойга ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаши, шундан кейин банкка уй-жойга ёки арзон уй-жойга мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхасини ва қонун асосидаги ипотека давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги штамп қўйилган кредит шартномасини тақдим этиши.

9.2.2. Илова қилинаётган тўловлар жадвалига мувофиқ ҳар ойлик тўловларни амалга ошириш йўли билан кредитни ва унинг бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизларни тўлаш.

9.2.3. Банк талабига кўра Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг ушбу шартнома амал қиладиган бутун муддат мобайнидаги даромадлари тўғрисида Банкни қониқтирадиган шакл ва мазмун бўйича ахборот тақдим этиш.

9.2.4. 5 (беш) кун мобайнида Банкка яшаш жойи, иш жойи, фамилияси ёки исми ва ушбу шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишига таъсир кўрсата оладиган бошқа ҳолатларнинг ўзгарганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиш.



10. Мажбуриятларни бажармаслик ҳолатлари


10.1. Ушбу бандда қайд этилган ҳодисалардан исталгани мажбуриятларни бажармаслик ҳолати ҳисобланади: Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан кредит, фоизлар ва/ёки ҳамда бошқа тўловларнинг ушбу шартнома, унга тўловлар жадвали, шунингдек тузилиши ушбу шартномада белгиланган бошқа шартномалар бўйича зарур санада тўлашни амалга оширмаганлик; Банкни ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар тақдим этиш йўли билан атайлаб чалғитиш; Банкка кредит, Банк хулосаси бўйича Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан тақдим этилган ҳар қандай таъминлашнинг ўз қимматини қисман ёки тўлиқ йўқотганлиги ёки ҳақиқий бўлмай қолганлиги; Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) тўлов қобилиятининг ёмонлашиши ёки ушбу шартнома бўйича мажбуриятларнинг мунтазам равишда бажарилмаслигига олиб келадиган аниқ ахборотнинг яширилиши; ушбу шартнома шартларининг бузилиши; ушбу шартнома билан боғлиқ бўлган бошқа шартномалар (ипотека, суғурта ва шу кабилар) шартларининг бузилиши.



11. Ундиришни кредитни таъминлашга қаратиш


11.1. Банк ушбу шартнома ва ипотека тўғрисидаги шартнома шартлари билан гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги туфайли келиб чиққан талабларни ушбу мулк ҳисобига қондириш учун ундиришни мажбуриятларни таъминлаш сифатида гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга ҳақлидир.

11.2. "Ипотека тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23, 26 ва 28-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда Банк ипотека билан таъминланган мажбуриятларнинг муддатидан олдин бажарилишини талаб қилишга, ушбу талаб бажарилмаган тақдирда эса - ундиришни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга ҳақлидир.

11.3. Томонлар шундай битимга келишдиларки, Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан ушбу шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда Банк ўз талабларини, ундиришни ипотека предметига қаратиш учун асослар пайдо бўлгандан кейин, Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) билан Банк ўртасида тузилган, нотариал тасдиқланган битим асосида суддан ташқари тартибда қондиради.

11.4. Ундиришни мажбуриятни таъминлаш учун гаровга қўйилган, ипотека предмети ҳисобланадиган мол-мулкка қаратиш Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан тўловларни тўлаш муддатлари мунтазам равишда, яъни ўн икки ой мобайнида уч мартадан кўп бузилган тақдирда белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

11.5. Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотишдан олинган сумма Банк талабларини қоплаш учун етарли бўлмаса, у етишмаган суммани Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)нинг бошқа мол-мулкидан олиш ҳуқуқига эга.

11.6. Ундирув суд тартибида мажбуриятларни таъминлаш учун гаровга қўйилган ипотека предмети бўлган уй-жойга қаратилганда, бошланғич сотув баҳоси Банк билан Қарз олувчи томонидан имзоланган ипотека предметини келишув баҳолаш далолатномасига асосан белгиланади.



12. Алоҳида шартлар


12.1. Банк ўз ихтиёрига кўра Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи)га нисбатан ушбу шартнома бўйича ўзи эга бўлган ҳуқуқлардан исталганини қўллаши ёхуд қўлламаслиги мумкин.

12.2. Банк томонидан ушбу ҳуқуқларнинг қўлланмаслиги ёхуд қисман қўлланиши ушбу ҳуқуқлардан воз кечишни англатмайди ва улар келгусида исталган вақтда қўлланиши мумкин.



13. Қўшимча шартлар


13.1. Уй-жойнинг ўзбошимчалик билан қайта қурилганлиги ёки қайта режалаштирилганлиги учун Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради ва ушбу уйни ўз ҳисобидан аввалги ҳолатига келтириши шарт.

13.2. Кредит муддати мобайнида уй-жойни сотиш, ўзгага беришга, ижарага топширишга, текин фойдаланиш учун беришга, ипотека предмети манзили бўйича яқин қариндошларни ва учинчи шахсларни рўйхатдан ўтказишга Банкнинг ёзма розилигисиз йўл қўйилмайди.

13.3. Томонлар ушбу шартноманинг унга биноан тартибга солинмайдиган қисми юзасидан муносабатларини томонлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солади.

13.4. Инжиниринг компанияси билан Қарз олувчи (якка тартибда иморат қурувчи) ўртасида тузилган асосий шартнома бекор қилинган тақдирда Банк ушбу шартномани белгиланган тартибда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу шартнома муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан тўланган кредит бўйича асосий қарз суммаси, агар Томонлар ўртасида бошқача аҳдлашув мавжуд бўлмаса, қурилган уй-жой сотилгандан кейин Қарз олувчига қайтарилади. Бунда Қарз олувчи (Биргаликда қарз олувчи) томонидан тўланган кредит бўйича ҳисобланган фоизлар унга қайтарилмайди.



14. Форс-мажор ҳолатлари


14.1. Томонлар ушбу шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги шартнома тузилгандан кейин, Томонлар олдиндан кўра билмаган, оқилона чора-тадбирлар билан бартараф эта олишмаган, фавқулодда тусдаги ҳодисалар натижасида пайдо бўлган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари оқибатида содир бўлган тақдирда томонлар мажбуриятларнинг қисман ёки тўлиқ бажарилмаганлиги учун жавобгарликдан озод қилинадилар.

14.2. Енгиб бўлмайдиган куч вазиятларига асосланадиган Томон бошқа Томонни бундай вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида ёзма шаклда дарҳол хабардор қилиши шарт, шунингдек исталган Томоннинг талабига кўра бундай вазиятларнинг юзага келганлиги ҳолатини тасдиқлайдиган, тегишли орган томонидан берилган ҳужжат тақдим этилиши керак.

14.3. Агар шартноманинг ушбу бўлимида кўрсатилган енгиб бўлмайдиган вазиятлар уч ойдан ортиқ давом этса, у ҳолда ҳар қайси Томон бошқа Томонни хабардор қилган ҳолда ушбу шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бунда Томонлар ушбу шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилган ва бажарилмаган қисмлари бўйича белгиланган тартибда узил-кесил ҳисоб-китоб қиладилар.



15. Шартноманинг амал қилиш муддати


15.1. Ушбу шартнома Томонлар уни имзолаган вақтдан бошлаб кучга киради ва ушбу шартнома бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунгача амал қилади.



16. Низоларни ҳал этиш


16.1. Ушбу шартномада назарда тутилмаган келишмовчиликлар ва/ёки низоли вазиятлар юзага келган ҳолларда Томонлар, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига амал қилган ҳолда, уларни музокаралар йўли билан ҳал қиладилар. Томонларнинг келишувига эришилмаган тақдирда низо Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун суд органларига ўтказилади.



17. Якунловчи қоидалар


17.1. Мазкур шартноманинг 14.3-бандини истисно қилган ҳолда, ушбу шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ёки Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида амалга оширилиши мумкин.

17.2. Ушбу шартномага барча ўзгартириш ва қўшимчалар Томонлар имзолаган қўшимча битим тарзида ёзма шаклда расмийлаштирилади.

17.3. Ушбу шартнома ҳар қайси Томон учун бир хил юридик кучга эга бўлган уч нусхада тузилди.



Томонларнинг манзиллари, реквизитлари ва имзолари:

         

Банк:

Қарз олувчи:

Биргаликда қарз олувчи:

(филиалнинг тўлиқ номи)

(Ф.И.О. тўлиқ)


(Ф.И.О. тўлиқ)

(индекси, манзили, тел.)

(индекси, манзили, тел.)


(индекси, манзили, тел.)

(банк реквизитлари)

(туғилган санаси)

(туғилган санаси)

(СТИР)

(туғилган жойи)

(туғилган жойи)

(филиал бошқарувчисининг Ф.И.О.)

(СТИР)

(СТИР)


  

  




М.Ў.

(имзо)


(имзо)


(имзо).".

                  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 25 октябрь