Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2018 й. 944-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 22 ноябрдаги

944-сон қарорига

ИЛОВА



Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда

нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил

этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом билан тартибга солинмаган давлат-хусусий шерикликнинг ушбу шаклини амалга оширишдаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низом қоидалари асосида тартибга солинади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


давлат-хусусий шериклик - хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат шериги ва хусусий шерикнинг аниқ муддатга юридик расмийлаштирилган мактабгача таълим соҳасидаги ўзаро самарали ҳамкорлиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда битим деб аталади) - хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этишга қаратилган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ёзма шартнома;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) - хусусий шерикка тегишли бўш турган ер участкалари, қурилиши тугалланмаган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ёки жиҳозланадиган бино ва иншоотлар негизида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти - хусусий шерикка тегишли бўш турган ер участкалари, қурилиши тугалланмаган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ёки жиҳозланадиган бино ва иншоотлар;


давлат шериги - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги;


хусусий шерик - давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш бўйича битим тузган ёки битим тузиш истагини билдирган юридик шахс. Давлат ташкилотлари хусусий шерик бўла олмайди, шунингдек, хусусий шерик тарафида иштирок эта олмайди;


ижтимоий кўмакка мухтож оилалар - кам таъминланган оилалар, аъзолари ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, боқувчисини йўқотган оилалар, боланинг ота-онаси квоталар бўйича минтақаларга тақсимланган ижтимоий соҳа ходимлари бўлган оилалар, тўрт ёки ундан кўп болалари бўлган оилалар;

махсус контингент - ҳарбий хизматчиларнинг ва хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг болалари, мактабгача таълим тизими ходимлари ва давлат умумтаълим мактаблари педагог ходимларининг болалари.

3. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси хусусий шерикнинг ташаббуси билан ва у томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида танлов ўтказилмай тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш орқали амалга оширилади.


4. Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


2-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАСИНИ ТАКЛИФ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Давлат хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш истагини билдирган талабгор Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза беради:

ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;

бинога бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда);

ариза тақдим этиладиган кундан узоғи билан бир ой олдин солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда бошқа молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида маълумот;

лойиҳа қийматининг камида 25 фоизини молиялаштириш бўйича хусусий шерикнинг имкониятини тасдиқловчи ҳужжат ёки бошқа ташкилотнинг кафиллиги;

ташкил этиш режалаштирилган нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносининг белгиланган тартибда тасдиқланган ва келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари;

ҳудуддаги экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиология хизмати органларининг мактабгача таълим ташкилотини қуриш бўйича хулосалари;

нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.

6. Хусусий шерикнинг лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги аризаси давлат шериги томонидан ариза тушган кундан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида 7 кун мобайнида битим тузилади. Битимда унинг амал қилиш муддати 30 йил этиб белгиланади.

Ҳудуддаги экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, санитария-эпидемиология хизмати органларининг мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича берилган асосланган салбий хулосалари билан таклиф этилган лойиҳалар давлат шериги томонидан 3 кун ичида рад этилади.


3-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА

ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мактабгача ёшдаги болалар учун тўгараклар ва бошқа таълим хизматларини ташкил этиш;

ҳар бир тарбияланувчи учун давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 50 фоизигача, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги ПҚ-5144-сон қарори билан тасдиқланган олис ва чекка ҳудудларда 75 фоизидан миқдорда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан белгиланган тартибда субсидиялар олиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 июндаги ПҚ-5144-сон қарори билан тасдиқланган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари "Ёшлар дафтари", "Темир дафтар" ёки "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун мазкур дафтарлар жамғармалари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида субсидиялар олиш;

давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик компенсациялар олиш;

фойда олиш;

битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилиш.

Битимга мувофиқ хусусий шерик бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда хусусий шерик қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

битим амал қиладиган бутун муддат давомида тарбияланувчилар умумий сонининг 25 фоизи миқдорида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандларини ва махсус контингентларни ота-оналар тўловини тегишли ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ҳажмлардан ошмайдиган миқдорда белгилаган ҳолда имтиёзли қабул қилиш;

нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қуриш, қурилишини тугаллаш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун лойиҳа умумий қийматининг 25 фоизи миқдорида ўз маблағларини киритиш;

фаолияти давомида қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан, давлат таълим талабларига риоя қилиш;

битим амал қиладиган бутун муддат давомида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият турини ўзгартирмаслик;

нодавлат мактабгача таълим ташкилотида санитария қоидалари ва нормаларига, гигиена нормативларига риоя қилиш;

нодавлат мактабгача таълим ташкилотини юқори малакали педагогик ва бошқа кадрлар билан тўлдириш, ўқув-тарбия жараёнини қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиш чораларини кўриш;

тарбиялаш ва ўқитишнинг юқори сифатини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, истеъдодли болаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, усуллари ва замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида мактабгача таълим соҳасидаги таълим жараёнининг самарадорлигини ва натижадорлигини ошириш чораларини кўриш;

тарбияланувчиларнинг ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш, ўқитиш муддатлари ва шартларини, томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳамда бошқа шартларни улар билан келишган ҳолда белгилаш.

Битимга мувофиқ хусусий шерикка бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

9. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда давлат шериги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хусусий шерикдан ҳар чоракда битим шартларини бажариш юзасидан ахборот олиш;

битим шартларини бажариш жараёни устидан мониторинг олиб боришва давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилиши ҳолатини баҳолаш;

қонун ҳужжатларига ва битим шартларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш доирасида аниқланган камчиликлар хусусий шерик томонидан бартараф этилишини талаб қилиш;

битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда, битимни суд тартибида бекор қилиш.

Битимга мувофиқ хусусий шерик бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда давлат шериги қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши мумкин:

хусусий шерикнинг лойиҳани амалга оширишга маблағи етарли бўлмаса, унга имтиёзли кредитлар олишда кўмаклашиш;

хусусий шерикка мактабгача таълим соҳасида услубий ва консультатив ёрдам кўрсатиши;

хусусий шерикнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаслик.

Битимга мувофиқ давлат шериги зиммасига бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


11. Хусусий шерик томонидан битим шартларига амал қилинмаслиги оқибатида битим белгиланган тартибда бекор қилинса:

лойиҳани амалга ошириш доирасида хусусий шерикка ажратилган имтиёзли кредит тегишли банкнинг тижорат кредитлари учун белгиланган фоиз ставкаси асосида қайта ҳисоблаб чиқилади ва оширилган фоиз ставкасида қайтарилади;

сўндирилган кредитлар бўйича ҳисобланган фоиз ставкалари ҳам қайта ҳисоб-китоб қилиниб, етказилган зарар хусусий шерикдан ундирилади;

солиқ ва божхона тўловлари бўйича қўлланилган имтиёзлар ҳам қайта ҳисоб-китоб қилиниб, хусусий шерик томонидан қопланади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


12. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Хусусий шерикка тегишли ер ва бино-иншоотларда

нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил

этиш шаклидаги давлат-хусусий шерикликни

амалга ошириш тартибининг

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар




1-босқич

Талабгор

     

Давлат хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича Мактабгача таълим вазирлигига ариза билан мурожаат қилиш.

Талабгор хоҳишига кўра

  


2-босқич

Мактабгача таълим вазирлиги

Талабгор томонидан лойиҳа бўйича тақдим этилган ҳужжатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш.

Ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб 15 кун мобайнида

3-босқич

Мактабгача таълим вазирлиги


а) Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, музокаралар асосида битим тузиш.


Қарор қабул қилинган кундан эътиборан 7 кун мобайнида



б) Ҳудуддаги экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, давлат санитария-эпидемиология назорати органларининг асосланган салбий хулосалари билан таклиф этилган лойиҳани рад этиш.


Ҳужжат қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида

  

  

4-босқич

Мактабгача таълим вазирлиги


Лойиҳанинг амалга оширилишини ўрганиш ва назорат қилиш.

Доимий равишда


  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 26 ноябрь, 47-сон, 908-модда