Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 30.11.2018 й. 33-сон "Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

30.11.2018 й.

N 33



СУДЛАР ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛИК

ИШЛАРИНИ АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ

ТАРТИБИДА КЎРИШ АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилиниши, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, фуқаролик ишини апелляция ва кассация тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 383, 403-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судида иш юритиш:

а) даъво тартибида юритиладиган ишлар бўйича:

даъвогар, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакиллари, давлат бошқаруви органининг шикояти ва прокурорнинг протести бўйича;

б) алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича:

аризачи, манфаатдор шахс, уларнинг вакиллари ва прокурорнинг протести бўйича қўзғатилади.

Апелляция, кассация тартибида иш юритиш, шунингдек ФПК 373-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Ушбу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, унинг устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланади.

Суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек тарафлар, учинчи шахслар ёки қонуний вакилнинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга.

Шахснинг биринчи инстанция судида қатнашаётган вакили, шу жумладан адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли (ФПК 69-моддасининг иккинчи қисми).


3. Қонунга мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протест) ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида, кассация шикояти (протест) эса, у қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки қонуний кучга кирган куннинг эртасидан ҳисобланади (ФПК 152-моддаси).


4. Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан ФПК 155-моддаси қоидалари бўйича кўриб чиқилади.

Апелляция, кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ёки рад қилиш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан ФПК 155-моддасининг олтинчи қисмига кўра, хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.

Суднинг ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят (протест) берилганда, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятни (протестни) асосли деб топганда, биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиб, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди ва шикоятни (протестни) ФПК 386, 406-моддалари талабларига мувофиқлигини текшириш ҳамда ФПК 389, 409-моддаларида кўрсатилган ҳаракатларни бажариш учун ишни биринчи инстанция судига юборади.


5. ФПК 385, 405-моддаларига кўра, апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судига, кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судига берилади, аммо ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни қабул қилган судга топширилади.

Бевосита апелляция, кассация инстанцияси судига берилган шикоят (протест) ФПК 389, 409-моддаларида назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш учун суд ҳужжати қабул қилган судга юборилиши лозим.

Ҳар бир шикоят (протест) келиб тушган санаси кўрсатилган ҳолда рўйхатга олиниши лозим.


6. Судларга тушунтирилсинки, қонунда апелляция, кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланган. Жумладан, қуйидагилар устидан апелляция, кассация тартибида шикоят (протест) берилмайди:

1) суд буйруғи;

2) қонунда шикоят қилиниши назарда тутилмаган ёки ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайдиган, шунингдек иш муҳокамасини кейинга қолдириш ҳақида, шу жумладан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича эр-хотинга ярашиш учун муддат тайинланиши муносабати билан чиқарилган биринчи инстанция судининг ажримлари.


7. ФПК 386, 406-моддаларида апелляция, кассация шикояти (протести)нинг мазмуни юзасидан муайян талаблар белгиланганлиги туфайли, биринчи инстанция суди шикоят (протест) берувчи шахс томонидан уларга риоя этилганлигини текшириши шарт.

Мазмуни ФПК 386, 406-моддалари талабларига жавоб бермайдиган шикоят (протест), шунингдек давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланмаган шикоят камчиликларини бартараф қилиш учун муддат берилган ҳолда, судьянинг ажрими билан ҳаракатсиз қолдирилади. Кўрсатилган муддат шикоят (протест)нинг камчиликларини бартараф этишнинг реал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тайинланиши лозим.

Ажримда кўрсатилган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилганда, шикоят (протест) дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади, акс ҳолда, шикоят (протест) берилмаган ҳисобланиб, қайтарилади ва бу ҳақда судья томонидан ажрим чиқарилади.

Қонун тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ҳал қилув қарори нусхасини топшириш фактини апелляция, кассация шикояти (протест) бериш ҳуқуқини амалга ошириш муддати билан боғламаслиги сабабли, ҳал қилув қарорининг нусхасини олгандан сўнг "асосий" шикоят (протест) тақдим этилишини кўрсатиб, "дастлабки" апелляция шикояти (протести) берилиши қонунда назарда тутилмаганлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


8. Қонунга мувофиқ шикоят (протест) юзасидан судга тушунтиришлар (эътирозлар) уларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиб, тақдим этиш ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқи бўлганлигини инобатга олиб, уларни биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги ишни апелляция, кассация инстанцияси судига юборишга тўсқинлик қилмайди.

Шикоят (протест) юзасидан тушунтиришлар (эътирозлар) иш апелляция, кассация инстанцияси судига юборилгандан сўнг келиб тушса, улар тегишли инстанция судига юбориш билан бирга нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга ҳам юборилади.


9. ФПК 393, 413-моддалари талабларига кўра, апелляция, кассация шикояти берган шахс апелляция, кассация инстанцияси суди маслаҳатхонага киргунига қадар шикоятни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки ундан воз кечишга, протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор эса, протестни тўлдиришга, ўзгартиришга ёки қайтариб олишга ҳақли.

Шикоятдан воз кечиш (протестни қайтариб олиш)ни қабул қилиш масаласи апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан шикоят (протест)ни кўриш учун тайинланган суд мажлисида ҳал қилинади ва бунда шахснинг шикоятдан воз кечиш (протестни қайтариб олиш) ваколати текширилиши зарур. ФПК 69-моддаси мазмунига кўра, ишончномада вакилга берилган биринчи инстанция суди суд ҳужжатига нисбатан шикоят келтириш ҳуқуқи, агар ишончномада бошқа ҳолат махсус кўрсатилмаган бўлса, шикоятдан воз кечиш ҳуқуқини бермайди.

Агар шикоятдан воз кечиш қонунга зид бўлмаса ёки бошқа бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, апелляция, кассация инстанцияси суди уни қабул қилишга ҳақли.

Агар тегишли суд ҳужжатига нисбатан бошқа шахслар томонидан шикоят берилмаган бўлса, суд шикоятдан воз кечиш қабул қилинганлиги тўғрисида, шунингдек протест қайтариб олинганда ажрим чиқаради ва апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатади.

Шикоятга қўшилиш ҳақидаги ёзма ариза мустақил шикоят сифатида кўриб чиқилиши сабабли, агар суд процессида шикоят берган тараф томонида иштирок этаётган шерик иштирокчилар ёки учинчи шахслар берилган шикоятга қўшилган тақдирда, шикоятдан воз кечишни қабул қилиш апелляция, кассация тартибида иш юритишни тугатишга олиб келмайди. Шуни эътиборга олиш лозимки, кўрсатилган шахслар берилган протестга ҳам қўшилишлари мумкин.

Апелляция шикоятидан воз кечилганлиги (протест қайтариб олинганлиги) муносабати билан апелляция тартибида иш юритиш тугатилганда, суд ҳужжати қонуний кучга киради.


10. ФПК 166-моддасига кўра, суд тарафларни яраштириш чораларини кўради, уларга фуқаролик суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади. Апелляция, кассация шикояти (протести) берилгандан кейин даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида тегишли инстанция судига тақдим этилиши керак. Бунда тарафларнинг тасдиқлаш учун тақдим этилаётган келишув битими ФПК 166, 167-моддалари талабларига жавоб бериши лозим.

Агар даъвогарнинг арз қилинган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг арз қилинган талабларни тан олиши ёхуд тарафларнинг келишув битимига эришиши ишни апелляция, кассация инстанцияси суди муҳокамасида амалга оширилса, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди даъводан воз кечишни қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга (тарафларга) ФПК 126-моддасида назарда тутилган иш бўйича иш юритишни тугатишнинг оқибатларини тушунтириши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси суди даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечишини қабул қилишда ва тарафларнинг келишув битимини тасдиқлашда ҳал қилув қарорининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги масаласини муҳокама қилишга киришмасдан, уни бекор қилади ва иш бўйича иш юритишни тугатади.


11. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларни шикоят (протест) бўйича ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиши мажбурий эканлиги қонунда белгиланганлиги сабабли, ФПК 389-моддасининг биринчи қисми, 409-моддасининг биринчи қисми талабларининг бажармаслиги ФПК 397, 417-моддаларига мувофиқ ишни кўришни кейинга қолдиришга сабаб бўлади.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахслар иш кўрилиши ҳақида тегишлича хабардор қилинганлиги тўғрисида маълумотлар бўлган тақдирда ҳам, улардан бирортасининг келмаганлик сабабини узрли деб топса, ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлик сабаблари узрсиз деб топилган тақдирда, шунингдек келмаганлик сабаблари ҳақида маълумотлар ва бу сабабларни узрли эканлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд бўлмаганда, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест) бўйича ишни уларнинг иштирокисиз кўришга ҳақли.


12. Тарафларнинг бири, учинчи шахс ёки уларнинг қонуний вакили низоли ёхуд суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (фуқаронинг ўлими, юридик шахснинг қайта ташкил қилиниши, бошқа шахс фойдасига талабдан воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши ва ҳ.к.) апелляция, кассация инстанцияси суди процессуал ҳуқуқий ворислик ФПК 47-моддасига кўра, суд процессининг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда, бундай шахслар уларнинг ҳуқуқий ворислари билан алмаштирилишига йўл қўяди ҳамда уларга ишга доир барча материаллар билан танишишга имкон беради. Ҳуқуқий вориснинг процессга киришганлиги ҳақида апелляция, кассация инстанцияси суди ажрим чиқаради.


13. Судларнинг эътибори ишларни апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича кўришда ФПК 395, 415-моддаларида белгиланган муддатларга, шунингдек апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтган ҳолда ҳам риоя қилиниши лозимлигига қаратилсин.

Шикоят (протест) бўйича тушган ишни апелляция, кассация тартибида кўриш муддатлари қонунда белгиланган муддат доирасида (ФПК 395, 415-моддалари) иш ўта мураккаб бўлган ёки бошқа алоҳида ҳолларда узайтирилиши мумкин (масалан, бир иш юритувида бир нечта талабларнинг бирлаштирилиши, суд жараёни иштирокчиларининг кўплиги, қўшимча ҳажмдаги далилларни талаб қилиб олиниши ва уларни текшириш, ишга мутахассисларни жалб қилиш, суд топшириқларини юбориш зарурати ва ҳ.к.).


14. Қонунга кўра иш апелляция, кассация тартибида кўрилаётганда қуйидагилар аниқланиши лозим:

биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширган-текширмаганлиги;

суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар исботланган-исботланмаганлиги;

суднинг ҳал қилув қарорида, ажримида, қарорида баён этилган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқлиги;

моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган-бузилмаганлиги, улар тўғри қўлланилган-қўлланилмаганлиги;

биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари қонун талабларига мувофиқлиги.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ФПК 396, 416-моддаларига мувофиқ биринчи инстанция суди суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини тўлиқ ҳажмда текширади.

Шикоят (протест) важларидан қатъи назар, ишда иштирок этувчи шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд ҳужжатини тўлиқ ҳажмда текшириш деганда, биринчи инстанция суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари аниқлаганлигини, моддий ва процессуал нормалари тўғри қўлланилганлигини текширишни тушунмоқ лозим. Шикоят (протест) важларидан қатъи назар, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш, иш бўйича иш юритишни тугатиш ёки аризани кўрмасдан қолдиришга асослар бор ёки йўқлигини аниқлайди.


15. ФПК 377-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтади ва бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқаради.

Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш ҳақидаги ажрим билан шикоят (протест) берилган суд ҳужжати бекор қилинмайди ва бу ажрим ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги сабабли, унинг устидан шикоят (протест) берилмайди.


16. Апелляция, кассация инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси судида ишнинг кўрилиши коллегиал тарзда, уч нафар судьядан иборат таркибда ФПК 397, 417-моддаларида назарда тутилган истисноларни инобатга олган ҳолда, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари асосида амалга оширилади.

Бунда дастлаб шикоят берган шахс ва унинг вакилининг тушунтиришлари тингланади. Суд ҳужжати устидан ҳар иккала тараф шикоят қилган бўлса, биринчи бўлиб даъвогар ва унинг вакили сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахслар ўзларининг тушунтиришларида шикоят (протест)да кўрсатилмаган важларни келтиришга ва қўшимча материаллар тақдим этишга ҳақли.


17. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция, кассация инстанцияси суди ҳар қандай далилларни, улар биринчи инстанция суди муҳокамасида бўлганлигидан ва янгидан тақдим этилганлигидан қатъи назар, текширишга ҳақли.

Апелляция, кассация инстанцияси суди янги тақдим қилинган далилларни текширишни рад қилишни ажримда асослантириши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг экспертиза ўтказиш, далилларни таъминлаш ва талаб қилиб олиш, гувоҳларни сўроқ қилиш ҳақидаги ва бошқа илтимосномаларини улар биринчи инстанция суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас.

Далиллар биринчи инстанция суди учун белгиланган тартиб бўйича текширилади.


18. Судларнинг эътибори биринчи инстанция судида муҳокама предмети бўлмаган, шу жумладан, қарши даъво тариқасида келтирилган янги моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек тарафнинг даъво муддатини қўллаш ҳақида арз қилган талаби апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилиниши ва кўрилиши мумкин эмаслигига қаратилсин.

Бу қоида апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш чоғида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган ёки хабардор қилинмаган жавобгар томонидан берилган талабларга нисбатан қўлланилмайди.


19. Апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан иш юритишни тўхтатиб туриш ФПК 10-бобида назарда тутилган асослар ва тартибда амалга оширилади.

Иш юритиш тикланганлиги тўғрисида тегишли инстанция суди ажрим чиқаради ва ишда иштирок этувчи шахсларни иш кўриладиган кун тўғрисида хабардор қилади.


20. Апелляция, кассация инстанцияси суди шикоят (протест) бўйича ишни кўриш натижалари юзасидан ажрим чиқаради.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг эътибори шикоят (протест)да келтирилган ҳар бир важни, унинг асосли ёки асоссиз эканлиги ҳақидаги хулосани ажримда кўрсатган ҳолда муҳокама қилиш зарурлигига қаратилсин.

Шуни инобатга олиш лозимки, асослантирилган ажрим тузилиши кейинга қолдирилган ва суд мажлисида унинг хулоса қисми эълон қилинганда, апелляция, кассация инстанцияси судида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ажрим билан қачон танишишлари мумкинлигини тушунтириши шарт.

Апелляция, кассация инстанцияси суди ажримининг хулоса қисмида ФПК 399, 419-моддаларида белгиланган ваколатлар доирасида ишни шикоят (протест) бўйича кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар, зарур ҳолларда эса, суд харажатлари тақсимланиши кўрсатилиши керак.

Апелляция, кассация инстанцияси суди қабул қилинган ажримни ўқиб эшиттирганидан сўнг унинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтириши шарт.


21. ФПК 375-моддасига мувофиқ суд ҳужжатини апелляция, кассация тартибида бекор қилишга ёки ўзгартиришга қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) суднинг ҳал қилув қарорида баён этилган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;

4) моддий ҳуқуқ нормаларининг ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.

Қонунга кўра, мазмунан тўғри бўлган суд ҳужжати фақат расмий, яъни ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлмаган асослар (масалан, суд музокараларини ўтказиш тартиби бузилганлиги, давлат божи асоссиз камайтирилганлиги ёки кечиктирилганлиги ва ҳ.к.) бўйича бекор қилинишига йўл қўйилмайди. Йўл қўйилган қоидабузарлик расмий эканлиги тўғрисидаги масала апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ҳар бир муайян ҳолда, ишнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб аниқланади.


22. Моддий ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўллаш деганда, биринчи инстанция суди томонидан қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилмаганлиги ёки қўлланилиши лозим бўлмаган қонун ёки бошқа қонун ҳужжати қўлланилганлиги, қонуннинг ёки бошқа қонун ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги тушунилади.

Шуни назарда тутиш лозимки, процессуал ҳуқуқ нормаларини бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши фақат ишни нотўғри ҳал этилишига олиб келган бўлсагина, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни бекор қилишга асос бўлади.


23. ФПК 399, 419-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ишни янгидан кўриш учун ўтказмасдан ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини, қарорни бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга;

3) ҳал қилув қарорини, қарорни қисман ёки бутунлай бекор қилишга ҳамда аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тугатишга.


24. Апелляция, кассация инстанцияси суди, агар биринчи инстанция суди иш ҳолатларини ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаб, қонуний, асосли ҳамда адолатли суд ҳужжати чиқарган, деган хулосага келса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарорни ўзгаришсиз, шикоят ёки протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиради.

Бунда апелляция, кассация инстанцияси суди ажримида шикоят ёки протест важлари нотўғри ва суд ҳужжатининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига асос бўлмайди деб топилганлиги сабаблари кўрсатиб ўтилиши лозим.

Биринчи инстанция суди томонидан ишнинг тўғри ҳал қилинишига таъсир қилмаган ва таъсир қилиши мумкин бўлмаган ҳуқуқ нормалари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ФПК 379-моддасига мувофиқ уларни ўз ажрими ёки чиқарган хусусий ажримида кўрсатиб ўтишга ҳақли.


25. Шуни назарда тутиш лозимки, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарори бекор қилинганда, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилишига йўл қўйилмайди (ФПК 399, 419-моддалари). Бундай ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди мавжуд, шунингдек қўшимча тақдим этилган материаллар (далиллар) асосида иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаб, ўзи ҳал қилув қарори, қарорни ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиб, янги ҳал қилув қарори, қарор чиқаришга ҳақли.


26. Суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш деганда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмига ўзгартиришлар киритиш тушунилади.

Янги ҳал қилув қарори деганда, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суднинг асосий хулосасини жиддий ўзгартирадиган ажрим қабул қилиниши тушунилади.


27. Апелляция ёхуд кассация инстанцияси суди ФПК 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга, аризани кўрмасдан қолдиришга ёхуд иш юритишни тугатишга агар апелляция ёхуд кассация инстанцияси судида шундай қарор қабул қилинишига сабаб бўлувчи ҳолатлар аниқланган бўлса, ҳақлидир.


28. Шуни назарда тутиш лозимки, суд харажатларини тақсимлаш масаласининг ҳал этилмаслиги ёки нотўғри ҳал этилиши, ўз-ўзидан суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишга ёки ўзгартиришга асос бўлмайди. Бундай ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди ажримининг хулоса қисмида суд харажатларини ФПК 138-141-моддаларида назарда тутилган қоидалар бўйича янгидан тақсимлаш ҳақида кўрсатилади.


29. Апелляция, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилганда ва янги ҳал қилув қарори қабул қилганда, қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда (ФПК 261, 262 ва 263-моддалари) қуйидагиларга ҳақли:

ажрим ёзувда йўл қўйилган хатоларни ва аниқ кўриниб турган арифметик хатоларни тузатишга;

қўшимча ажрим чиқаришга;

ажримни тушунтиришга.

Ушбу масалалар суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлиси ўтказилиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилган ҳолда кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаслиги бу масалаларни ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.


30. ФПК 400, 420-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судига, шикоят қилиниши (протест келтирилиши) қонунда назарда тутилган, шунингдек ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят қилинади.

Биринчи инстанция суди ажрими устидан апелляция, кассация тартибида хусусий шикоят (протест) бериш ва кўриш суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция, кассация шикояти (протести) бериш ва кўриш учун назарда тутилган қоидалар бўйича амалга оширилади.


31. Биринчи инстанция суди ажрими устидан шикоят (протест) бериш учун ФПК 400-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ўн кунлик муддат суд ажрими тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга топширилган ёки юборилган кундан эътиборан, кассация тартибида ажрим устидан шикоят (протест) бериш учун ФПК 420-моддасининг биринчи қисмида белгиланган олти ойлик муддат эса, биринчи инстанция суди ажрими қонуний кучга кирган кундан эътиборан ҳисобланади.


32. ФПК 402, 421-моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси суди хусусий шикоятни (протестни) кўриб чиқиб:

1) ажримни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ажримни бекор қилишга ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга;

3) ажримни бутунлай ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга ҳақли.

Ариза биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилинибва иш қўзғатилгандан сўнг чиқарилган ажрим бекор қилинганда (масалан, даъвони таъминлаш, аризани кўрмасдан қолдириш, иш юритишни тугатиш ва ҳ.к.), апелляция, кассация инстанцияси суди ишни келгусида мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади.

Биринчи инстанция судининг иш қўзғатилгунга қадар қабул қилинган ажрими бекор қилинган ҳолда апелляция, кассация инстанцияси суди устидан шикоят (протест) берилган ажрим чиқарилишига сабаб бўлган (масалан, аризани қайтариш, аризани қабул қилишни рад қилиш тўғрисидаги) процессуал масалани ўзи мазмунан ҳал қилади.


33. Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни кўришда давлат органи ёки бошқа орган, ташкилот, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилиши фактлари бўйича, уларнинг суд процессида иштирокидан қатъи назар, хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланганда эса, суд бу ҳақда жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар беради.

Хусусий ажрим суд мажлисида эълон қилинади ва баённомада акс эттирилади.


34. Апелляция, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича чиқарилган хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослилигини текширишга ҳамда ушбу ажримнинг чиқарилишида хатолик бўлганлигини аниқлаган тақдирда, уни бекор қилишга ҳақли.


35. ФПК 276-моддаси талабларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судининг ҳар бир суд мажлисида, шунингдек суд мажлисидан ташқарида амалга оширилган процессуал ҳаракат ҳақида баённома тузилади.


36. Шикоят апелляция, кассация инстанцияси судига иш бошқа шикоятлар бўйича кўрилгандан сўнг келиб тушганда, мазкур апелляция, кассация шикоятини берган шахсга суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.


37. Фуқаролик ишларини ўз вақтида ва тўғри ҳал этилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига ишларни апелляция, кассация тартибида кўриш бўйича суд амалиётини ҳар чоракда умумлаштириш тавсия этилсин.


38. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2001 йил 1 июндаги "Фуқаролик ишларини апелляция, кассация ва назорат тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 4-сонли қарорининг апелляция, кассация инстанцияси судида ишларни кўриш амалиётига тааллуқли тушунтиришлари қисми, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги "Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида"ги 5-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил