Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.03.2019 й. 238-сон "Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.03.2019 й.

N 238




МУҲАММАД РИЗО ЭРНИЁЗБЕК ЎҒЛИ

ОГАҲИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 210 ЙИЛЛИГИНИ

НИШОНЛАШ ҲАМДА ХИВА ШАҲРИДА

ОГАҲИЙ ИЖОД МАКТАБИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбек мумтоз адабиёти, миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 210 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда ижодини тарғиб қилиш, издошларини кашф этиш ва улар ўз истеъдодларини намоён қилишларига шарт-шароит яратиб бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва кенг жамоатчиликнинг 2019 йил декабрь ойида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий (кейинги ўринларда Огаҳий деб аталади) таваллудининг 210 йиллигини мамлакат миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.


2. Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилий қўмитага Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, белгиланган чора-тадбирлар сифатли амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш, юзага келадиган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш вазифалари юклатилсин.


3. Хоразм вилояти ҳокимлиги Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар доирасида:

а) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар Хива шаҳридаги Огаҳий номидаги мажмуа таркибига кирган иншоотларни, жумладан, шоир мақбарасини таъмирлаш ҳамда унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

б) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Шарқ" нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси билан биргаликда 2019-2021 йилларда Огаҳийнинг асарлар тўпламини нашр этиш;

в) 2019 йил декабрь ойида:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда "Огаҳий - шоир, тарихнавис, таржимон ва давлат арбоби" мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда Огаҳий ижодига бағишланган "Назм ва наво" кечасини ўтказиш чораларини кўрсин.

Белгилансинки, Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2019 йил декабрь ойида республиканинг барча таълим муассасаларида Огаҳий ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий тадбирлар, давра суҳбатлари, ижодий учрашувларнинг юқори савияда ўтказилишини таъминласин.


5. Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Хива шаҳрида Огаҳий номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни (кейинги ўринларда Ижод мактаби деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

Ижод мактаби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;

2019-2020 ўқув йилида Ижод мактабининг 5, 6, 7 ва 8-синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига Ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрларнинг салоҳияти ва мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) бир ой муддатда:

Ижод мактабининг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;

б) 2019 йил 1 августга қадар:

Ижод мактабига олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрлар жалб этилишини таъминласин;

Ижод мактабини жиҳозлаш учун мебель, компьютер техникаси, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва спорт анжомларининг техник параметрларини ишлаб чиқсин ва буюртмачига тақдим этсин;

в) 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб:

Ижод мактабини дарсликлар, ўқув-методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Ижод мактабига иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва адабиёт, хорижий тиллар бўйича тест ҳамда ижодий танлов ўтказсин.


8. Хоразм вилояти ҳокимлиги:

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ижод мактаби учун Хива шаҳрида 220 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, 100 ўринга мўлжалланган ётоқхона, 100 ўринга мўлжалланган ошхона қурилиши учун ер майдонини ажратиш чораларини кўрсин;

Ижод мактабининг қурилиш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини жиҳозларнинг техник параметрларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилишини таъминласин;

2019 йил 1 сентябрга қадар Ижод мактаби биноларини фойдаланишга топшириш чораларини кўрсин.


9. Ижод мактабида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари бўйича:

Хоразм вилояти ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб;

Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар - молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги таълим соҳасига ажратилган маблағлар доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ижод мактабини жорий сақлаш учун зарур маблағларни ажратсин.


12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 мартдаги

238-сон қарорига

ИЛОВА



Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий

таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш

бўйича ташкилий қўмита

ТАРКИБИ

  

1. А.А. Абдуҳакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси

2. Ф.Ў. Эрманов

-

Хоразм вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари

3. Б.С. Сайфуллаев

-

маданият вазири

4. Ш. Ҳ. Шерматов

-

халқ таълими вазири

5. И.У. Маджидов

-

олий ва ўрта махсус таълим вазири

6. А.Я. Ҳайдаров

-

молия вазирининг биринчи ўринбосари

7. А.Х. Тўхтаев

-

қурилиш вазири

8. Б.С. Юлдашев

-

Фанлар академияси президенти

9. С.С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

10. А.Д. Хаджаев

-

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи

11. А. Кўчимов

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 март