Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2019 й. 379-сон "Ички ишлар органлари тизимида овқатланишни ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.05.2019 й.

N 379



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ

ТИЗИМИДА ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ички ишлар органлари тизимида овқатланишни ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республнкаси Ички ишлар вазирлигининг:

ошхоналар ходимлари сонини, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш, табиий камайиш нормалари доирасида нобудгарчиликларни энг кам даражага келтириш, таомлар турларини хилма-хиллаштириш ва овқат тайёрлаш сифатини яхшилаш ҳамда бўлинмалар фаолиятининг самарадорлигини ошириш имконини берадиган аутсорсинг шартларида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари курсант ва тингловчиларининг овқатланишини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;

овқатланишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш тартибини, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳарбий қисмлари, таълим муассасалари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва даволаш муассасаларида жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

аутсорсинг бўйича умумий овқатланиш корхоналари (кейинги ўринларда аутсорсер деб аталади) хизматларига ҳақ тўлаш миқдорлари аутсорсернинг барча харажатларини (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва бошқалар) ўз ичига оладиган 20 фоизгача устама ҳақ ҳисобга олинган ҳолда, шартнома тузилиши санасида озиқ-овқат махсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари бўйича бир овқатланувчига тегишли контингент учун овқатланишнинг тасдиқланган нормасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади;

аутсорсерга шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш учун ижара шартномаси доирасида вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхоналарнинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебелидан фойдаланганлик учун ижара тўлови нол ставка бўйича белгиланади;

аутсорсер шахсий таркибга овқат тайёрлаш учун фойдаланадиган коммунал хизматлар қиймати ажратилган бюджет маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қопланади;

аутсорсингнинг шартномалар бўйича кўрсатилган хизматлари учун нархлар қоидага кўра, кўпи билан бир ойда бир мартда қайта кўриб чиқилиши керак;

аутсорсинг бўйича шартномалар умумий овқатланиш соҳасида катта иш тажрибасига, тегишли молиявий ва логистика базасига эга бўлган талабгорларга устунлик берилган ҳолда, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тузилади;

санитария коидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ мувофиқ бўлиши керак бўлган овқат тайёрлаш ва махсулотлар сифати зарурат бўлганда, бошқа вазирлик ва идораларнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари томонидан назорат қилинади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

аутсорсинг тизимига ўтиш муносабати билан тежалган пул маблағларини, биринчи навбатда, ички ишлар органларининг ходимлари ва ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари курсант ва тингловчилари, шунингдек, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг овқатланиш шароитларини яхшилашга йўналтирсин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмаларида шахсий таркибнинг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун икки ой муддатда белгиланган тартибда киритсин;

нархларнинг асоссиз ўсиб кетишига ва овқат сифатининг ёмонлашишига йўл қўймаслик бўйича қатъий назоратни таъминласин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бўлинмаларининг сўрови бўйича озиқ-овқатларга амалдаги ўртача бозор нархлари тўғрисидаги маълумотлар мунтазам тақдим этилишини;

аутсорсерларга озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри шартномалар бўйича бевосита фермер хўжаликларидан, улгуржи савдо ташкилотлари ва уларнинг вакилларидан сотиб олишда ҳар томонлама ёрдам берилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчкоров ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 май