Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси ҳузуридаги тиббий-психологик-педагогик комиссия тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 13.05.2019 й. 391-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 майдаги

391-сон қарорига

4-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача

таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим

бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим

бош бошқармаси ҳузуридаги тиббий-психологик-

педагогик комиссия тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига йўллаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси хузуридаги Тиббий-психологик-педагогик комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Комиссия Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси (кейинги ўринларда мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органлари деб аталади) ҳузурида ташкил этилади.

Комиссия ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.


3. Комиссия қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:

ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни аниқлаш;

комплекс тиббий-психологик-педагогик текширув (кейинги ўринларда текширув деб аталади) ўтқазиш ва текширув натижалари бўйича уларга тиббий-психологик-педагогик ёрдам кўрсатишга доир тавсиялар тайёрлаш, уларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш;

аввал берилган тавсияларни тасдиқлаш, уларга аниқлик киритиш ёки уларни ўзгартириш.


4. Комиссия ўз фаолиятини холислик, шаффофлик, ошкоралик ва бамаслаҳат ишлаш тамойиллари асосида амалга оширади.


5. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.


2-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. Комиссия раис, раис ўринбосари, Комиссия аъзолари ва котибидан иборат таркибда тузилади.


7. Комиссия таркиби ва иш жадвали мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг қўшма буйруғи билан тасдиқланади.


8. Комиссияга раис - мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органининг раҳбари раҳбарлик қилади.

Соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича бошлиғи ўринбосари Комиссия раиси ўринбосари этиб тайинланади.

Мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органининг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи мутахассис Комиссия котиби этиб тайинланади.

Комиссия таркибига педиатр, невролог, психоневролог, ортопед-травматолог, офтальмолог, отоларинголог, дефектолог, педагог-психолог, шунингдек мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органининг ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи мутахассис киради.

Зарурат бўлса, раиснинг қарори билан Комиссия таркибига бошқа мутахассислар киритилади.


9. Комиссия раиси:

ушбу Низомга мувофиқ Комиссия ишини ташкил этади ва фаолиятига раҳбарлик қилади;

Комиссия мутахассисларига ижро этиш мажбурий бўлган топшириқлар беради, уларнинг бажарилишини назорат қилади;

боланинг ота-оналарини ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларни (кейинги ўринларда қонуний вакиллар деб аталади) Комиссия фаолиятининг асосий йўналишлари, жойлашган жойи, Комиссия иш тартиби ва жадвали ҳақида хабардор қилади;

Комиссия ишини ташкил этишни такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

давлат мактабгача таълим ташкилотларда ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш юзасидан Комиссия тавсиялари ҳисобга олиниши устидан мониторинг олиб боради.

Комиссия раиси қуйидагилар учун жавоб беради:

Комиссия фаолиятини ушбу Низомга мувофиқ ташкил этиш;

вазифаларни бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган ва болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари ҳуқуқлари ва манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этмаслик;

текширув ўтказишда болалар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш.


10. Комиссия йиғилиши бир ойда камида бир марта ўтказилади.

Комиссия йиғилишини ўтказиш даврийлиги мурожаатлар сонига ва давлат мактабгача таълим ташкилотларда бўш жойлар борлигига қараб, ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларнинг маълумотлар базаси таҳлили асосида аниқланади.

Комиссия йиғилиши унда Комиссия аъзолари умумий сонининг камида тўртдан уч қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Комиссия котиби Комиссия аъзоларини Комиссия йиғилиши ўтказиладиган сана ҳақида камида уч кун олдин хабардор қилади.

Комиссия сайёр йиғилишлар ўтказишга ҳақли.


11. Комиссия аъзолари Комиссия ишида қатнашади ва унинг қарори қабул қилинишида овоз беради. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси битта овоз бериш ҳуқуқига эга. Овозлар тенг бўлиб қолганда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


12. Текширув натижалари, шунингдек, Комиссияда болаларни текшириш билан боғлиқ маълумот махфий ҳисобланади. Болаларнинг қонуний вакиллари розилигисиз ушбу маълумотнинг берилишига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


13. Болаларни текшириш, уларнинг қонуний вакилларига Комиссия мутахассислари томонидан маслаҳат бериш бепул амалга оширилади.


14. Комиссия фаолиятини амалга ошириш учун мактабгача таълим ҳудудий бошқарув органлари томонидан тегишли жиҳозлар ва инвентарь билан жиҳозланган алоҳида хона ажратилади.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ТЕКШИРУВИ

ВА ХУЛОСАСИНИ БЕРИШ ТАРТИБИ


15. Болани текширувдан ўтказиш учун Комиссияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) боланинг қонуний вакили аризаси;

б) боланинг қонуний вакиллари паспортининг асл нусхаси ва кўчирма нусхаси;

в) боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг асл нусхаси ва кўчирма нусхаси;

г) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган шакл бўйича боланинг тиббий картаси ва профилактик эмлаш картаси;

д) даволаш-профилактика муассасасининг бош врачи томонидан имзоланган боланинг ривожланиши тарихидан муфассал кўчирма, қуйидаги мутахассисларнинг хулосалари билан бирга:

педиатрнинг боланинг умумий ривожланиши ҳолати тўғрисидаги хулосаси;

психоневрологнинг хулосаси (фақат нутқий, психик ва ақлий ривожланишда нуқсонлари бўлган болалар учун), унга психоневрологик диспансернинг герб туширилган муҳр билан тасдиқланган маълумотномаси илова қилинади;

отоларингологнинг хулосаси (фақат эшитишида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун), унга қулоқ, томоқ, бурун ва талаффуз артикуляциясида иштирок этувчи органларнинг ҳолатига тавсифи, нутқ ва шивирлаб айтилган гапни қабул қилиш ҳақидаги маълумотлар, аудиограмма маълумотлари илова қилинади;

офтальмологнинг хулосаси (фақат кўришида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун), унга ташхиснинг кенг изоҳи билан кўриш органларининг тавсифи илова қилинади;

ортопед-травматологнинг хулосаси (фақат таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлар бўлган болалар учун), унга ташхиснинг кенг изоҳи билан рентгенологик тадқиқот маълумотлари илова қилинади;

дефектолог-логопеднинг хулосаси (фақат нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун), унга тил тизимининг ҳар бир компоненти шаклланиш даражаси кўрсатилган ҳолда нутқ ривожи тавсифи илова қилинади.

Комиссияга тақдим этиладиган боланинг ривожланиши тарихидан кўчирманинг ишончлилиги учун даволаш-профилактика муассасасининг уни тасдиқлаган бош врачи шахсан жавоб беради.

Болалар тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин бир ой давомида Комиссиядан ўтади.


16. Боланинг тиббий картасида кўрсатилган маълумотлар асосида болалар Комиссиянинг ҳар бир мутахассиси томонидан якка тартибда ёки бир нечта мутахассислар томонидан бир вақтда текширувдан ўтказилади.


17. Комиссия томонидан мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилмаган ҳужжатлар ва маълумотларни талаб этиш тақиқланади.

18. Текширувлар натижаларига кўра Комиссиянинг йиғилишида ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган боланидавлат мактабгача таълим ташкилотига юбориш бўйича хулоса бериш ёки буни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

19. Комиссиянинг хулосаси, агар Комиссиянинг йиғилишида боланинг асосий ташхиси бўйича тегишли мутахассис қатнашмаган бўлса, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


20. Комиссиянинг хулосасида қуйидагилар кўрсатилади:

боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси маълумотлари;

бола қонуний вакилларининг паспортига оид маълумотлар;

боланинг яшаш манзили;

хулоса, болага қўйилган ташхиси билан;

боланинг давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиш муддати;

бола ўқитиладиган тил.

Хулоса боланинг ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонининг оғирлик даражасига қараб 6 ой ёки 1 йил муддатга берилади.

Агарда бола жорий ўқув йили давомида 7 ёшга тўлса унга, белгиланган муддатлардан истисно ҳолда, жорий ўқув йили тугагунига қадар (сентябрь-май) муддатига берилади.

Бу муддат давомида бола давлат мактабгача таълим ташкилотининг тиббий-психологик-педагогик кенгаши йўлланмаси ёки педагогик кенгаши тавсияси бўйича Комиссия томонидан қайта текширувдан ўтказилиши мумкин.

Хулосада кўрсатилган боланинг давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиш муддати тугаганидан кейин ушбу ташкилотда унинг бўлиш муддатини узайтириш ёки уни умумий турдаги мактабгача ташкилот (гуруҳ)га ўтказиш масаласи Комиссия томонидан белгиланади.

21. Комиссиянинг давлат мактабгача таълим ташкилотига юбориш тўғрисидаги хулосаси ушбу Низомга иловада кўрсатилган ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлар бўлган қуйидаги ёш тоифаларидаги болаларга берилади:

кўришида оғир нуқсонлар бўлган болалар учун - 3 ёшдан 7 ёшгача;

эшитишда оғир нуқсонлар бўлган болалар учун - 2 ёшдан 7 ёшгача;

таянч-ҳаракат аппаратида нуқсонлар бўлган болаларга - 2 ёшдан 7 ёшгача;

нутқида оғир нуқсонлар бўлган болаларга - 3 ёшдан 7 ёшгача;

психик ривожланишда кечикаётган болаларга - 3 ёшдан 7 ёшгача;

ақли ривожланишда нуқсонлари бўлган болаларга - 3 ёшдан 7 ёшгача.


22. Комиссиянинг баённомалари ва хулосаси текширув ўтказилган кун расмийлаштирилади, мутахассислар ва Комиссия раиси томонидан имзоланади.


23. Комиссиянинг хулосаси асосида Комиссия котиби болани 1 иш куни давомида тегишли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотида "Болалар боғчаси" мактабгача таълим ахборот тизимининг махсус ишлаб чиқилган хизмати орқали рўйхатдан ўтказади. Рўйхатдан ўтгандан сўнг, боланинг қонуний вакилига бола навбатга жойлаштирилганлиги ёки ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотига рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида Комиссия котиби томонидан хабар берилади.

Ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотига рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида хабар олгандан сўнг, боланинг қонуний вакили тегишли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотига 15 иш куни ичида келиши шарт.

Боланинг қонуний вакили юқорида қўрсатилган муддат ичида келмаган тақдирда, ихтисослаштирилган мактабгача ташкилоти ёки қўшма турдаги мактабгача ташкилотида рўйхатдан ўтиш қайта тиклаш ҳуқуқисиз бекор бўлади.

24. Комиссиянинг хулосаси ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болани ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотга, қўшма турдаги мактабгача ташкилотга, умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлардаги инклюзив гуруҳларига расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.

Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлмаган болани давлат мактабгача таълим ташкилотга расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан берилган йўлланмаси асос ҳисобланади.

25. Комиссия хулосалари ва ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳужжатлар мактабгача таълим ҳудудий бошқарув ва давлат мактабгача таълим ташкилотида 5 йил давомида сақланади.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


Комиссия фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА


Тиббий-психологик-педагогик комиссия хулосасини

бериш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар

РЎЙХАТИ

Касалликлар номи


I. Психик ривожланишдаги нуқсонлар


1. Психик ривожланишда кечикиш F83


2. Психик-нутқий ривожланишда кечикиш F83


3. Болалар аутизми F84.0


II. Ақлий ривожланишдаги нуқсонлар


1. Енгил даражадаги ақлий заифлик F70


2. Ўрта даражадаги ақлий заифлик F71


III. Нутқдаги нуқсонлар


1. Экспрессив нутқнинг бузилиши (нутқ ривожланишининг биринчи даражали мотор алалияси) F80.1


2. Рецептив нутқнинг бузилиши (сенсор алалия) F80.2


3. Ринолалия (нутқ аппаратининг коррекция бўйича операциялардан кейинги ҳолат) R49.2


4. Ўртача ва оғир даражадаги дудуқлик F98.5


5. Дизартрия (марказий нерв тизимининг органик шикастланиши билан) R47.1


6. Болалар афазияси F80.3


IV. Кўришида нуқсонлар


1. Кўзи ожизлик (амовроз)


2. Туғма нуқсонлар:

микрофтальм, микрокорнеа, анофтальм;

Тўр парданинг ривожланишидаги туғма нуқсонлар;

кўриш нервининг атрофияси;

кўриш нерви диск ва макуласининг оғир даражадаги гипоплазияси;

альбинизм;

аниридия, кўриш ўткирлиги 0,4 гача


3. Катаракта:

марказий зонада тўлиқ ёки қисман хиралашиш, кўриш ўткирлиги 0,4 гача;

афакия (кўз гавҳари йўқлиги, кўриш ўткирлиги 0,4 гача);

кўз гавҳари силжиши (жойи ўзгариши).


4. Глаукома (туғма, иккиламчи)


5. Рефракцион аномалиялар:

кучайиб борадиган узоқни яхши кўра олмасликнинг ўрта ва юқори даражаси (кучайиш тезлиги йил давомида - 0,5Д дан ортиқ);

тахминланган амблиопиялар, анизометрияда рефракциянинг 3,0 Д фарқи билан;

Туғма миопиянинг ўрта ва юқори даражаси. Узоқни яхши кўра олмасликнинг асоратланган шакли.


6. Амблиопиялар:

амблиопиялар (дисбинокуляр, рефракцион, обскурацион) тиббий (плеоптик) даволашга мухтож бўлган кўриш пасайишининг хар қандай даражасида;

узоқни яхши кўра олмасликнинг, яқинни яхши кўра олмасликнинг, астигматизмнинг юқори даражасидаги тахминланган амблиопиялар;

Туғма миопиянинг ўрта ва юқори даражаси. Узоқни яхши кўра олмасликнинг асоратланган шакли.


7. Тўр парданинг кўчиши


V. Эшитишида нуқсонлар H90.3


1. 2 даражали нейросенсор эшитиш пастлиги (эшитишнинг 41-55 дб гача пасайиши (бинаурал қулоқ протезлаш))


2. 3 даражали нейросенсор эшитиш пастлиги (эшитишнинг 56-70 дб гача пасайиши (қулоқ протезлаш))


3. 3-4 даражали нейросенсор эшитиш пастлиги (эшитишнинг 71-90 дб гача пасайиши (агар мияининг эшитиш маркази жароҳат олмаган бўлса, кохлеар имплантация операциясигача))


4. 4 даражали нейросенсор эшитиш пастлиги ва карлик (эшитишнинг 91 дб гача пасайиши (агар миянинг эшитиш маркази жароҳат олмаган бўлса, кохлеар имплантация операциясигача)


5. Карлик ёки кар-соқовлик (эшитишнинг 91 дб дан ортиқ пасайиши (кохлеар имплантация операциясигача)


6. Кохлеар имплантациядан кейин


VI. Таянч-ҳаракат аппарати нуқсонлари


1. 3 ва 4 даражали сколиоз (туғма ва орттирилган)


2. Кўкрак қафасининг 3 ва 4 даражали гирдобсимон деформацияси


3. Кўкрак қафасининг 3 ва 4 даражали килсимон деформацияси


4. 3 ва 4 даражали кифоз


5. Артрогрипоз


6. Болалар церебрал фалажи (БЦФ) ва бошқа неврологик патологиялар оқибатида ортопедик деформациялари


7. 1 даражали Киари аномалиялари


8. Остеомиелит асоратлари (жарроҳлик муолажасидан кейинги ҳолатлар)


9. Туғма маймоқлик (жарроҳлик муолажасидан кейинги ҳолатлар)


10. Қўл ва оёқларда жарохатдан кейинги бўғимлар контрактураси


11. Ортопедиядаги суяк скелетининг тизим касалликлари (ахондроплазия, дисхондроплазия, хондродистрофия)


12. Рахит асоратида оёқлар оғир даражали деформациялари (вальгус ва варус деформациялар)


13. Туғма сон чиқиши (консерватив даволашдан кейинги холат, оператив даволашдан кейинги ҳолат)


VII. Икки ва ундан ортиқ бузилиши бор болалар.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 май