Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.05.2019 й. 11-сон "Жиноят ишларини назорат тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.05.2019 й.

N 11



ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ НАЗОРАТ ТАРТИБИДА

КЎРИШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ҳамда қонун нормалари бир тахлитда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси (бундан буён матнда ЖПК деб юритилади) 510-моддасига мувофиқ суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими, қарори устидан шикоят бериш ҳуқуқи суд ишини юритишда айблов томони (прокурор, жабрланувчи ёки унинг вакили, фуқаровий даъвогар ёки унинг вакили) ва ҳимоя томони (айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб, жиноят иши тугатилган шахс, маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ёки қонуний вакили, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили) иштирокчисига берилган.

Суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи, шунингдек мазкур қарорлар ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига дахл этган бошқа шахсларда ҳам мавжуд. Бундай шахслар жумласига, масалан, гаров берувчи ёки даъвони ёхуд ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида мол-мулки хатланган шахс киради.

Фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари суд ҳужжатларининг фақат фуқаровий даъвога оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли.

Оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳукмнинг оқлов сабаблари ва асосларига оид қисми устидан шикоят беришга ҳақли.

Қонунда бошқа шахсларга суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи берилмаган.


2. Назорат тартибидаги шикоят, протест бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига (бундан буён матнда Олий суд деб юритилади) берилади.

Назорат тартибида иш юритиш қуйидагича қўзғатилиши мумкин:

Олий суд судьясининг ажрими бўйича - ЖПК 515-моддасига мувофиқ;

Олий суд раиси ёки унинг ўринбосари ажрими бўйича - ЖПК 515-1-моддаси учинчи қисмига мувофиқ;

Олий суд раиси ёки унинг ўринбосари протести бўйича - ЖПК 511-моддасига мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари протести бўйича - ЖПК 511-моддасига мувофиқ;

Назорат тартибида иш юритиш фақат апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича қўзгатилади.


3. Назорат тартибидаги шикоят, протест (бундан буён матнда шикоят (протест) деб юритилади) қуйидаги тартибда берилади:

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига - апелляция ёки кассация инстанцияси судлари қарорлари устидан;

Олий суд Раёсатига - Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция, кассация ёки назорат тартибида чиқарилган ажримлар устидан.


4. Қонунда шикоят (протест) бериш учун бирон-бир муддат белгиланмаган. Шу билан бирга, ЖПК 513-моддаси мазмунига кўра, ҳукм (ажрим) қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест), башарти унда оғирроқ жиноятга доир қонун моддаларини қўллаш зарурлиги, жазони кучайтириш ёки маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган бошқа ўзгаришларга (масалан, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топиш, жазони ижро этиш колониясининг қаттиқроқ турини белгилаш, шартли ҳукмни бекор қилиш, мулкий зиён миқдорини кўпайтириш, башарти бу жиноят квалификациям ёки айблов мазмуни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгаришига олиб келса ва ҳ.к.), шунингдек оқлов ҳукмини ёхуд суднинг ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини бекор қилиш назарда тутилган бўлса, назорат инстанцияси суди томонидан кўрилиши мумкин эмас.

Бунда бир йиллик муддат биринчи инстанция судининг тегишли ҳукми, ажрими ёки қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб, назорат инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилинган кун қўшилган ҳолда ҳисобланиши керак.

Агар шикоят (протест) бир йиллик муддат ўтгунга қадар берилган бўлиб, мазкур муддат иш бўйича қарор қабул қилингунга қадар ўтиб кетса, уни ҳал этиш босқичидан келиб чиқиб, кўрилмасдан ёки қаноатлантирилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда шикоят (протест) берган шахсга маълум қилинади.


5. Шуни назарда тутиш лозимки, шикоят (протест) мазмуни ЖПК 510-моддаси иккинчи қисми талабларига мос бўлиши лозим.

Шикоят (протест) қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

у ЖПК 502-1-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган талабларга жавоб бермаса;

иш апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган бўлса.

Шикоят, шунингдек, унга мазкур иш бўйича суд томонидан тасдиқланган суд қарорлари кўчирма нусхаси илова этилмаган ҳолда ҳам қайтарилади.

Қайд этилган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг шикоят (протест) умумий тартибда қайта берилиши мумкин.


6. ЖПК 514-моддасига мувофиқ шикоят назорат инстанцияси суди томонидан у келиб тушган кундан бошлаб бир ой мобайнида, иш чақиртирилган ва текшириб чиқилган ҳолларда эса - икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак. Бу муддатга ишни назорат инстанциясида кўриш учун ЖПК 483-моддасида белгиланган вақт қўшилмайди.


7. Судларга тушунтирилсинки, қонунда назорат тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар назарда тутилган.

Чунончи, ҳукм чиқарилгандан сўнг қабул қилинган амнистия актини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалалари юзасидан, шунингдек, маҳкумга нисбатан ижро этилмаган бир неча ҳукм мавжуд бўлиб, вақт жиҳатдан охирги ҳукмни чиқарган суд бундан бехабар бўлган ҳолларда берилган шикоят (протест), агар унда айни бир пайтда айблов мазмуни ёки суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилиги бўйича бошқа масалалар қўйилган бўлмаса, назорат инстанцияси суди томонидан кўрилмайди. Бу масалалар биринчи инстанция суди томонидан ЖПК 540-моддаси ва 541-моддаси биринчи қисми қоидаларига мувофиқ ҳал этилади.


8. ЖПК 76-моддасига мувофиқ шикоят, шунингдек, талаб қилиб олинган ёки шикоят (протест) билан келиб тушган жиноят иши мазкур ишни кўришда муқаддам иштирок этмаган судья томонидан ўрганиб чиқилиши лозим.

Шикоят (протест) ёки жиноят иши мазкур ишни кўришда муқаддам иштирок этган судьяга тайинланган ҳолда, у ЖПК 80-моддасига мувофиқ ўзини ўзи рад этиши шарт.

Ишни назорат инстанциясида кўришда иштирок этган судья, башарти назорат инстанциясида унинг иштирокида чиқарилган ажрим бекор қилинмаган бўлса, шу ишни бошқа маҳкумга (оқланган шахсга) нисбатан кўришда иштирок этиши мумкин.


9. Назорат инстанциясига келиб тушган дастлабки шикоят Олий суд судьяси томонидан шикоятга илова этилган материаллар, зарурат бўлганда эса, жиноят ишини талаб қилиб олган ҳолда ўрганиб чиқилади.

Олий суд судьяси шикоятни ўрганиб чиқиш натижаси бўйича ўз ажрими билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида;

шикоятни иш билан бирга кўриб чиқиш учун Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига бериш тўғрисида.

Қабул қилинган қарор тўғрисида шикоят берган шахсга уч кунлик муддат ичида хабар қилинади.


10. Шикоятни ўрганиб чиқишда судлар шундан келиб чиқишлари лозимки, шикоятда баён этилган важлар суд ҳукми, ажрими ёки қарорининг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан шубҳа уйғотган ёки бундай шубҳа бевосита суд қарорлари мазмунидан келиб чиққан ҳар бир ҳолда иш чақиртирилиши шарт. Иш, жумладан, қуйидаги ҳолатлар юзасидан шубҳа туғилганда талаб қилиб олиниши шарт:

суд терговининг тўлиқлиги;

суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқлиги;

жиноят ёки жиноят-процессуал қонуни нормаларига риоя этилганлиги ва тўғри қўлланилганлиги;

тайинланган жазонинг адолатлилиги.


11. Олий суд судьясининг суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажримида шикоятни кўриб чиқиш учун Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига бериш рад этилганлиги сабаблари ва асослари шикоят важларини рад этувчи ҳамда ҳукм ёки бошқа суд қарори қонунийлиги ва асослилигини тасдиқловчи аниқ далиллар ва хулосалар баён этилган ҳолда кўрсатилиши лозим.

Олий суд судьясининг суд қарорларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ажрими шикоят берган шахсга юборилади ва у ажрим устидан Олий суд раиси ёки унинг ўринбосарига шикоят беришга ҳақли.


12. ЖПК 518-моддасига кўра назорат инстанцияси судида ишни кўриш бошлангунга қадар протест билдирган шахс ўз протестини, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори эса, ўзининг ўринбосари билдирган протестни қайтариб олишга ёки ўзгартиришга (шу жумладан тўлдиришга) ҳақли.

Қонунга кўра, маҳкум ўзининг шикоятини, шунингдек ҳимоячисининг шикоятини шундай тартибда қайтариб олишга ҳақли.

Шикоят (протест)нинг қайтариб олиниши, агар иш бўйича бошқа шахснинг шикояти ёки протести бўлмаса, назорат тартибида иш юритиш тугатилишига олиб келади. Бу ҳақда ажрим чиқарилади.

Шикоят (протест)нинг қайтариб олиниши унинг янгидан умумий тартибда берилишига монелик қилмайди.


13. Маҳкум (оқланган шахс)нинг назорат инстанцияси суди мажлисида иштироки унинг ҳуқуқи ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, жиноят иши келиб тушганидан сўнг суд маҳкум (оқланган шахс)ни назорат инстанцияси судида иш кўриладиган вақт ҳақида хабардор қилиши лозим.

Жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкумнинг назорат инстанцияси суди мажлисида иштироки зарурати, шунингдек уни олиб келиш масаласи суд томонидан ҳал этилади (ЖПК 479-моддаси тўртинчи қисми).


14. ЖПК 480-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра назорат инстанцияси суди мазкур инстанция судида қатнашиш ваколатига эга бўлган прокурорни ҳар бир иш бўйича олдиндан хабардор этиш чораларини кўриши шарт.


15. Назорат инстанцияси суди мажлисида иштирок этишга ҳуқуқи бор шахслар доираси қонунда белгиланган (ЖПК 479-моддаси тўртинчи қисми).

Ишнинг кўрилиш жойи, санаси ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг узрли сабабларсиз суд мажлисига келмаслиги уни кўриш учун монелик қилмайди.

Айни пайтда, қонунга кўра назорат инстанцияси судида прокурорнинг иштироки шарт бўлиб, бундай ҳолда, ЖПК 25-моддаси биринчи қисми, 51-моддаси биринчи қисми 6, 9-бандлари ва иккинчи қисми мазмунидан келиб чиқиб, ушбу инстанцияда ҳимоячининг иштироки ҳам таъминланиши шарт (ЖПК 52-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно). Шу сабабли прокурор ёки ҳимоячи келмаган ҳолларда ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиши керак.


16. Назорат инстанцияси суди холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларга ўз процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишлари учун зарур шароит яратиб бериши шарт.

Назорат инстанцияси судида ишнинг муҳокамаси ЖПК 520-моддасида назарда тутилган қоидалар асосида олиб борилади.


17. Назорат тартибида иш юритишнинг апелляция, кассация тартибидан фарқли хусусияти шундан иборатки, назорат инстанцияси суди фақат қисман суд тергови ўтказиши, шу жумладан, биринчи инстанция суди томонидан текширилмаган далилларни текшириб чиқиши ва уларга суд мажлисида аниқланган янги ҳолатлар натижасига кўра ҳуқуқий баҳо бериши мумкин (ЖПК 490-моддаси тўртинчи қисми).

Назорат инстанцияси суди тарафларнинг илтимосномаларини (янги гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертизалар ўтказиш, ашёвий далиллар ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва бошқалар ҳақида) улар биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан рад этилганлиги сабаблигина, рад этишга ҳақли эмас. Зарур ҳолларда суд қўшимча далилларни талаб қилиб олишда ташаббус кўрсатиши лозим.

ЖПК 481-моддасига кўра, қўшимча материаллар суд томонидан тергов органларига муайян тергов ҳаракатларини ўтказиш тўғрисида топшириқ бериш йўли билан ҳам олиниши мумкин. Бу ҳақда назорат инстанцияси суди ажрим чиқаради, ишнинг муҳокамаси эса кейинга қолдирилади.


18. Процесс иштирокчиларининг суд мажлиси баённомасида қайд этилган кўрсатувлари уларнинг биринчи, апелляция (кассация), назорат инстанциялари судида аслида берган кўрсатувларига мос эмаслиги тўғрисида шикоятда (протестда) келтирилган важлар бу шахсларни сўроқ қилиш йўли билан текширилиши мумкин.


19. Назорат инстанцияси суди биринчи, апелляция (кассация), назорат инстанциялари суди томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари қанчалик тўғри аниқланганлишни, моддий ва процессуал қонун нормалари қанчалик тўғри қўлланилганлигини текширади.

Назорат инстанцияси суди жиноят ишини фақат шахс судланган ёки оқланган айблов доирасида кўриб чиқади.

ЖПК 494-моддасига мувофиқ оғирроқ жиноятга доир қонунни қўллаш ёки жазони кучайтиришга зарурат бўлганда, назорат инстанцияси суди апелляция ёки кассация инстанцияси ажримини бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юборишга фақат шу асослар бўйича жабрланувчи томонидан шикоят берилган ёки прокурор томонидан протест билдирилган ҳолда ҳақли.


20. ЖПК 482-моддасига мувофиқ назорат инстанцияси суди шикоят (протест)да баён этилган важлар билангина чегараланмасдан, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини тўла ҳажмда (тафтиш тартибида) текширишга мажбур.

Иш бўйича бир неча маҳкум (оқланган шахс) ўтган бўлиб, улардан айримларига нисбатан шикоят (протест) берилган ҳолларда назорат инстанцияси судида иш барча маҳкумларга (оқланган шахсларга) нисбатан текширилади. Агар шикоят бермаган ёки (протест) билдирилмаган шахсларга нисбатан суд қарорларини уларнинг аҳволини енгиллаштирувчи томонга бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар борлиги аниқланса, суд тегишли қарор қабул қилади. Бундай асослар мавжуд бўлмаган ҳолда, суд ажрими (қарори)да ишнинг уларга доир қисми текширилганлиги ва уларга нисбатан чиқарилган суд қарорлари кучида қолдирилганлиги кўрсатилмайди.


21. Назорат инстанцияси суди, Олий суд Раёсати бундан мустасно, айнан бир ҳукм, ажрим, қарор устидан айнан бир маҳкум (оқланган шахс)га нисбатан берилган шикоят (протест) бўйича ишни, гарчи у бошқа асослар бўйича берилган бўлса ҳам, такроран кўриб чиқишга ҳақли эмас. Айни пайтда назорат инстанцияси суди илгари назорат тартибида қарор қабул қилинмаган маҳкумга (оқланган шахсга) нисбатан ишни такроран кўриб чиқишга ҳақли.


22. Назорат инстанцияси суди, агар чиқарилган суд қарори моддий ва процессуал қонун талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, уни ўзгаришсиз қолдиради.

Суд қарорини ўзгаришсиз қолдирганда назорат инстанцияси суди қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 533-моддаси биринчи қисми 3-бандида кўрсатилган асос мавжуд бўлганда - ҳукмнинг ижросини кечиктиришга;

амнистия актини қўллашга.


23. ЖПК 484-моддасида суд қарорлари бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган бўлиб, назорат инстанцияси суди, ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, уларни у ёки бу тарзда қўллаши мумкин.

Суд қарорлари қуйидаги ҳолларда, ўзгартирилиши шарт, агар:

суриштирув, дастлабки тергов ёки суд тергови тўлиқ бўлмаса ёки бир ёқлама олиб борилган бўлиб, бироқ йўл қўйилган кам-кўстлар тўлдирилганидан сўнг назорат инстанцияси суди жиноят квалификациям ўзгартирилиши зарурлиги ҳақида хулосага келса;

ҳукмда, ажримда, қарорда баён қилинган суд хулосалари ишнинг ҳақиқий ҳолатларига мувофиқ бўлмай, бироқ назорат инстанцияси суди маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб, уларга тегишли баҳо бера олса;

иш бўйича жиноят-процессуал қонуни нормалари бузилишига йўл қўйилган бўлиб, уларнинг назорат инстанциясида бартараф этилиши суд қарорлари ўзгартирилишига олиб келса;

суд томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) нормалари нотўғри қўлланилган бўлиб, бироқ назорат инстанцияси суди бу хатони маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирмай туриб тузатиши мумкин бўлса;

назорат инстанцияси суди тайинланган жазони енгиллатиш зарур деб ҳисобласа.

Назорат инстанцияси судида камчиликларни тўлдириш ва процессуал қонун бузилишини бартараф этиш имконияти бўлмаса, суд қарорлари барча ҳолларда бекор қилиниши шарт.


24. Назорат инстанцияси суди ҳукмни, ажримни, қарорни ўзгартириш учун асослар мавжуд бўлганда қуйидагиларга ҳақли:

қилмишни ЖК бошқа моддасига (бир неча моддаларига) қайта квалификация қилишга, агар бу маҳкумга биринчи инстанция суди ҳукмида, апелляция ёки кассация инстанцияси суди ажримида баён қилинганидан жиддий фарқ қиладиган айблов қўйилишига ёки унга оғирроқ жазо тайинланишига олиб келмаса;

ҳукмдан айбловнинг бир қисмини (айрим эпизодларини) ёки маҳкумнинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи белгиларни чиқаришга;

ҳукмдан жиноятларнинг идеал мажмуи тариқасида қилмишни нотўғри баҳолаш туфайли ортиқча эълон қилинган ЖК моддасини чиқаришга;

ЖК 70-72-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда - маҳкумни жазодан озод қилишга ёки шартли ҳукм қўллашга;

ЖК Махсус қисми моддаси санкцияси доирасида ёки ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда жазо миқдорини камайтиришга ёки бошқа енгилроқ жазо (асосий ва қўшимча) тайинлашга;

жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ёки камайтиришга, шунингдек ушбу масала суд томонидан ҳал этилмаган ҳолларда, бундай зарарни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга, башарти бу жиноят квалификациясини маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирадиган томонга ўзгартириш заруратини келтириб чиқармаса;

маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишга ёки ҳукмдан уни ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳақидаги қарорни чиқаришга;

маҳкумга нисбатан жазони ижро этиш колониясининг бошқа, шу жумладан қаттиқроқ турини белгилашга.


25. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, маҳкумга нисбатан жазони енгиллатишга ёки уни жазони ўташдан озод қилишга асос сифатида фақат иш бўйича аниқланган ва маҳкумга номутаносиб оғир жазо тайинланганлигидан далолат берувчи ҳолатлар олиниши мумкин. Ҳукм чиқарилгандан сўнг келиб чиққан ҳолатлар, шунингдек маҳкумнинг жазони ўташ вақтидаги хулқ-атвори эса, ўз ўзидан суд қарорларининг ўзгартирилишига олиб келмаслиги лозим ва фақат ишнинг назорат тартибида кўриб чиқилиши учун бошқа асослар мавжуд бўлганда инобатга олиниши мумкин.


26. Назорат инстанцияси суди маҳкумга нисбатан жазони енгиллатиш масаласини ҳал қила туриб, уни нафақат камайтириши, балки енгилроқ жазо турига ҳам ўтиши мумкин. Бунда енгилроқ жазо муддати қонунда белгиланган доирада енгиллаштирилаётган жазо муддатидан ошиши мумкин (ЖК 61-моддасида назарда тутилган ҳисоблаш қоидалари инобатга олинган ҳолда).

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога нисбатан қўлланилган шартли ҳукм ўрнига суд жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинлашга ҳақли.

Асосий жазо енгиллаштирилганда, шу жумладан ЖК 57-моддаси қўлланилганда ҳам назорат инстанцияси суди қўшимча жазони ўзгаришсиз қолдириши мумкин.


27. ЖПК 494-моддаси биринчи қисми талабларига риоя этган ҳолда маҳкумнинг қилмиши ЖК бир моддасидан икки ва ундан ортиқ моддаларига қайта квалификация қилинганда, назорат инстанцияси суди суд қарорларига тегишли ўзгартиришлар киритиши ва ЖК 59-моддасида белгиланган қоидага мувофиқ жазо тайинлашга ҳақли. Бунда узил-кесил тайинланган янги жазо тури ва миқдори ҳукм бўйича тайинланган жазодан оғирроқ бўлиши мумкин эмас.

Агар ЖК бир моддаси билан квалификация қилиниши шарт бўлган икки ёки ундан ортиқ қилмиш ЖК бир неча моддаси билан нотўғри квалификация қилинган бўлса, назорат инстанцияси суди ушбу қилмишларни енгилроқ жиноят тўғрисидаги моддага қайта квалификация қилиб, унинг санкцияси доирасида мазкур модда бўйича тайинланган жазодан оғирроқ, бироқ узил-кесил тайинланган жазо миқдоридан кўп бўлмаган жазо белгилашга ҳақли.


28. Назорат инстанцияси суди ҳукм ва кейинги суд қарорлари ўзгартирилиб, бир ёки бир неча жиноят учун жазо енгиллаштирилганда, жиноятлар мажмуи бўйича ҳукмда қўлланилган қоплаш қоидаси ўрнига жазони қўшиш қоидасини қўллашга ҳақли. Бирок, бунда ЖК 59-моддасига мувофиқ тайинланган жазо ҳукмда белгиланган жазо миқдоридан (кейинги суд инстанциялари томонидан киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда) ошмаслиги лозим.

Агар суд томонидан бир неча ҳукм бўйича жазо белгилашда бир жазони бошқаси билан қоплаш қоидаси қонунга хилоф тарзда қўлланилган бўлса ёки ўталмаган жазо муддатини қўшиш имконияти бўлмаса, назорат инстанцияси суди охирги ҳукм бўйича жазони енгиллаштирганда олдинги ҳукм бўйича ўталмаган жазони қисман ёки тўлиқ қўшишга ҳақли. Бунда узил-кесил жазо ҳукмда белгиланган жазо миқдоридан (кейинги суд инстанциялари томонидан киритилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда) ошмаслиги лозим.


29. Назорат инстанцияси суди ҳукмни, ажримни, қарорни бекор қилганда қуйидагиларга ҳақли:

ЖПК 83, 84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, ишни тўлиқ ҳажмда ёки мустақил квалификация қилинган айблов қисми бўйича тугатишга;

ЖПК 484-моддасида назарда тутилган асослар бўйича, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.

Назорат инстанцияси суди апелляция ёки кассация ажримини, шунингдек кейинги суд қарорларини (агар улар чиқарилган бўлса), бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация инстанциясида янгидан кўриб чиқишга юбориши мумкин. Бунда иш бўйича қўлланилган эҳтиёт чораларини ўзгаришсиз қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласи ҳал этилиши шарт ҳисобланади.


30. Агар вояга етмаган шахсга нисбатан ишни кўришда назорат инстанцияси суди айбдор жиноий жазо қўлламасдан ҳам ахлоқан тузатилиши мумкин, деган хулосага келса, у суд қарорларини бекор қилиб, ишни тугатишга ёки вояга етмаган шахсни жазодан озод этиб, унга нисбатан қонунда белгиланган мажбурлов чораларидан бирини (ЖК 87-моддаси) қўллашга ҳақли.


31. Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши тушунчаси ЖПК 487-моддасида ифодаланган.

Жиноят-процессуал қонуни нормаларининг ҳукм бекор қилинишига сабаб бўладиган даражада жиддий бузилиши аниқланганда, назорат инстанцияси суди иш кимнинг шикояти (протеста) бўйича кўрилаётганидан қатъий назар, йўл қўйилган қонун бузилиши дахл этган барча маҳкумларга нисбатан суд қарорларини бекор қилиши шарт.

Бундай талабга нафақат ЖПК 487-моддаси иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган қонун бузилишлари аниқланганда, балки ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, яъни жиноят- процессуал қонуни нормаларининг бошқача тарзда бузилиши айбланувчи, судланувчи ва процесс бошқа иштирокчиларини қонунда белгиланган ҳуқуқларидан маҳрум қилган ёки чеклаган, судга иш ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона аниқлашга халал берган ҳамда қонуний ва асосли ҳукм чиқаришга бошқача тарзда таъсир этган ёки таъсир этиши мумкин бўлган ҳолда ҳам (айб эълон қилинмаганлиги, судланувчига айблов хулосаси нусхасининг берилмаганлиги, қонунга кўра ўтказилиши шарт бўлган экспертиза ўтказилмаганлиги, судланувчига охирги сўз берилмаганлиги ва бошқалар) риоя этилиши лозим.

Шуни назарда тутиш лозимки, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлигининг аниқланиши назорат инстанцияси судини шикоятда (протестда) келтирилган бошқа важлар (айбловнинг исботланганлиги, квалификациянинг тўғрилиги, жазонинг адолатлилиги тўғрисида ва ҳ.к.)ни ҳам мазмунан кўриб чиқиш ва улар бўйича ажримда (қарорда) тегишли хулоса чиқариш мажбуриятидан озод этмайди.

Жиноят иши бўйича йўл қўйилган жиноят-процессуал қонунининг бузилиши ҳоллари назорат инстанцияси суди томонидан суд қарорлари бекор қилиниб, ишнинг ЖПК 83, 84-моддаларига мувофиқ тугатилишига тўсиқ бўлмайди.


32. Бошқа эпизодлар билан умумий квалификация қилинган бир ёки бир неча эпизод (масалан, бир неча марта пора олганлик) бўйича иш ҳолатлари тўлиқ текширилмаган деб топилганда, агар уларни суд қарорларидан чиқариш учун етарли асослар ёки йўл қўйилган камчиликларни тўлдириш учун имконият бўлмаса, назорат инстанцияси суд қарорларини бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан тўлиқ ҳажмда кўриш учун юбориши керак.

Агар маҳкум ЖК турли моддалари бўйича квалификация қилинган бир неча жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган бўлиб, улардан ҳар бирини алоҳида кўриш имконияти бўлса, назорат инстанцияси суди суд қарорларининг бир ёки бир неча жиноятга оид қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юборишга, айни пайтда, ўша маҳкумга нисбатан суд қарорларининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдиришга ҳақли.

Агар назорат инстанцияси суди суд қарорларининг маҳкумлардан бирига доир қисмини бекор қилиб, ишнинг шу қисмини апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юбориш тўғрисида фикрга келса ва ишнинг шу қисмини ЖПК 332, 416, 417-моддалари мазмунидан келиб чиқиб ажратишнинг имкони бўлмаса, суд қарорлари тўла ҳажмда бекор қилиниши керак.


33. Шахсни жиноий жавобгарликдан озод этишни назарда тутувчи амнистия актига зид равишда ёки жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтгандан сўнг жиноят иши қўзгатилган ҳолларда, суд қарорлари, гарчи уларда маҳкум жазодан озод қилинган бўлса ҳам, бекор қилиниб, иш тугатилиши керак.

Агар назорат инстанцияси маҳкумнинг ҳаракатларини ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келса ва бу модда шахсни жазодан озод этишни назарда тутувчи ёки жазо қўлланилишини истисно этувчи амнистия акти таъсири доирасига тушса, назорат инстанцияси биринчи, апелляция ёки. кассация инстанцияси суди қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак. Маҳкумнинг ҳаракатлари ЖК бошқа моддасига қайта квалификация қилиниб, бу модда бўйича шахс ЖПК 463-моддаси иккинчи қисми 2-банди ҳамда учинчи қисми 2 ва 5-бандларига мувофиқ жазодан озод қилиниши лозим бўлган ёки унга нисбатан жазо тайинланиши истисно этилган ҳолларда ҳам шундай қарор қабул қилиниши лозим.


34. Агар амнистия акти суд томонидан қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўлланилган бўлса, назорат инстанцияси суди жабрланувчининг шикояти ёки протест бўлган тақдирда, суд қарорларининг жазо тайинлаш қисмини бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юбориши лозим.

Бироқ, агар назорат инстанцияси амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукм (ажрим, қарор)да тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юбормасдан, ҳукм (ажрим, қарор)ни ўзгартиришга - ундан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.


35. ЖПК 494-моддаси иккинчи қисми мазмунига кўра, ҳукм (ажрим, қарор) назорат инстанцияси суди томонидан маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга фақат шикоятда (протестда) кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши мумкин. Масалан, агар шикоятда (протестда) фақат маҳкумнинг ҳаракатлари нотўғри квалификация қилинганлиги тўғрисидаги масала қўйилган бўлса, суд қарори жазонинг енгиллиги сабабли бекор қилиниши мумкин эмас.

Маҳкум ёки унинг ҳимоячисининг бошқа маҳкумларга нисбатан оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш ёки жазонинг енгиллиги тўғрисидаги шикояти ҳукм (ажрим, қарор)ни маҳкумнинг аҳволини оғирлаштирувчи томонга ўзгартириш учун сабаб бўлмайди.


36. Назорат инстанцияси суди ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўришга юбориш пайтида айбловнинг исботланганлиги ёки исботланмаганлиги, у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, айрим далилларнинг бошқа далиллардан устунлиги, жиноятнинг квалификацияси ва жазо тўғрисидаги суд хулосаларини олдиндан ҳал қилиб қўядиган кўрсатмалар беришга ҳақли эмас.

Назорат инстанцияси суди, ҳукм (ажрим, қарор)ни бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юбораётганда, ўз қарори (ажрими)да қандай ҳолатлар ҳукм (ажрим, қарор)нинг бекор қилинишига асос бўлганлигини ва йўл қўйилган қонун бузилиши қандай бартараф этилиши кераклигини кўрсатиши шарт.


37. Суд қарорлари бекор қилиниб, иш апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юборилганда ёки янги ҳукм чиқарилганда назорат инстанцияси суди ЖПК 490-моддасига кўра биринчи, апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси судининг барча қарорларини бекор қилади.


38. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, оқлов ҳукмининг асоси фақат бу ҳақда оқланган шахс шикояти ёки прокурор протести берилган ҳолда ўзгартирилиши мумкин (ЖПК 494-моддаси).

Оқлов ҳукми назорат инстанцияси суди томонидан, фақат, шахс асоссиз оқланганлиги тўғрисида жабрланувчи ёки унинг вакили шикояти ёхуд прокурор протести бўлган ҳолда бекор қилиниши мумкин.

Айрим оқланган шахсларга нисбатан протест берилиши бошқа оқланган шахсларга нисбатан ҳукмнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлмайди.


39. Агар иш назорат тартибида кўрилганда суд қарорлари бекор қилиниб, иш маҳкумнинг жиноят содир этилишига дахлдор эмаслиги туфайли тугатилиб, бироқ бу жиноятни содир этган шахс аниқланмай қолса, суд ишни ЖПК 464-моддаси талабларидан келиб чиқиб, айбланувчи тариқасида жиноятни содир этган шахсни аниқлаш юзасидан чора кўриш учун прокурорга юбориши керак.


40. Агар маҳкум шикоят (протест) билдирилгандан сўнг, бироқ иш назорат инстанциясида кўрилгунга қадар вафот этса, иш юритиш умумий асосларда давом эттирилади.

Марҳумни реабилитация қилиш учун асослар бўлган тақдирда назорат инстанцияси суди айблов ҳукмини бекор қилиб, ушбу шахсга нисбатан жиноят ишини ЖПК 83-моддасига мувофиқ тугатади.

Иш тугатилганда ашёвий далиллар тақдири ҳақидаги масала ЖПК 211-моддасига мувофиқ уларнинг тегишлилиги тўғрисида низо келиб чиққанда эса - фуқаролик иш юритув тартибида кўрилиши мумкин. Марҳумнинг ҳаракатлари билан етказилган зарарни ундириш масаласи ҳам жабрланувчи ёки прокурор томонидан марҳумнинг ворисларига ёки унинг мулкини бошқариш ҳуқуқини ўзига олган шахсга нисбатан қўзғатилган даъво бўйича фуқаролик иш юритув тартибида кўрилади.


41. Назорат инстанцияси суди ҳукмнинг фуқаровий даъвога оид қисми нотўғрилигини аниқласа, унга тегишли ўзгартиришлар киритиши, жумладан, ундирув миқдорини кўпайтириши мумкин, башарти иш бўйича далиллар тўплаш ёки уларни қўшимча текшириш зарурати бўлмаса ва иш ҳолатлари биринчи, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тўла ва тўғри аниқланиб, бироқ моддий қонун нормаларини қўллашда хатога йўл қўйилган бўлса.

Агар фуқаровий даъво бўйича ундирув миқдорини кўпайтириш жиноят квалификациясини ёки айблов мазмунини маҳкумнинг ҳолатини оғирлаштириш томонига ўзгартиришни тақозо этса, суд қарорлари фақат жабрланувчи ёки унинг вакили шикояти ёхуд прокурор протести мавжуд бўлганда, ЖПК 513-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда бекор қилиниши лозим.


42. Иш назорат тартибида кўриб чиқилаётганда шикоят (протест) билан бирга тақдим этилган қўшимча материаллардан, башарти улар суд мажлисида текширилган ҳолатларга дахлдор бўлса ва янги очилган ҳолатлар мавжудлигидан далолат бермаса, фойдаланилиши мумкин.

Қўшимча материаллар ишда мавжуд далиллар билан қўшилган ҳолда баҳоланади ва улар билан бирга, фақат суд қарорларини бекор қилиб, ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юбориш лозимлиги тўғрисидаги қарор асосига қўйилиши мумкин. Ишни апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юбориш лозимлиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда, суд иш ҳолатлари тўла ва ҳар томонлама текширилиши ва айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиши заруратидан келиб чиқиши лозим.

Суд қарорлари бекор қилиниб, иш тугатилганда назорат инстанцияси суди ўз ажрими (қарори)да фақат биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан аниқланган ва маҳкумнинг жавобгарлигини истисно этувчи ёки енгиллаштирувчи ҳолатларга таяниши мумкин.

Қўшимча материаллар асосида ҳукм ва кейинги суд қарорлари ўзгартирилиши ёки бекор қилиниб, иш тугатилишига йўл қўйилмайди, бундай материаллар билан аниқланадиган фактлар ҳаққонийлиги биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан текширилиши талаб этилмайдиган ҳоллар бундан мустасно (маҳкум жиноий жавобгарлик келиб чиқадиган ёшга етмаганлиги тўғрисидаги, муқаддам судланмаганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ва ҳ.к).


43. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқишга фақат иш материалларидан келиб чиқадиган асослар мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Агар суд қарорининг қонунийлиги ва асослилиги хусусидаги шубҳалар судга маълум бўлмаган ва тегишли ҳукм, ажрим ёки қарор қонуний кучга киргандан сўнг аниқланган ҳолатлар билан боғлиқ бўлса, бундай суд қарорини қайта кўриб чиқиш масаласи фақат янги очилган ҳолатлар бўйича иш юритиш тартибида ҳал этилиши мумкин. Агар бундай ҳолларда назорат тартибида протест билдирилган бўлса, назорат инстанцияси суди уни кўрмасдан қолдиради ва ишни барча материаллар билан бирга прокурорга янги очилган ҳолат бўйича иш юритишни қўзғатиш учун юборади (ЖПК 522-моддаси).


44. Назорат инстанциясининг ажрими (қарори) аниқ, батафсил, юридик жиҳатдан асослантирилган бўлиши ва унда биринчи, апелляция (кассация), назорат инстанцияларининг айб ҳажми ва исботланганлиги, жиноят квалификациям, ҳукм бўйича тайинланган жазонинг адолатлилиги хусусидаги қарорлари тўғрилиги ёки хатолигига доир хулосалар баён этилиши шарт.

ЖПК 496-моддасига мувофиқ ажрим (қарор)да ҳукмнинг қарор қисми мазмуни билан бир қаторда протест моҳияти, прокурор фикрининг ва ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришларининг қисқача баёни, назорат инстанцияси судининг шикоят (протест) важлари асослилиги тўғрисидаги хулосаси, қабул қилинган қарорнинг сабаблари моддий ёки процессуал қонунга ҳавола этилган тарзда кўрсатилиши лозим. Суд қарорлари бекор қилиниб, иш апелляция ёки кассация тартибида янгидан кўриш учун юборилганда, ажрим (қарор)да қайси ҳолатлар қўшимча тарзда аниқланиши лозимлигини суд аниқ кўрсатиши шарт.

Назорат инстанцияси судининг ажрими (қарори) у эълон қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижрога қаратилиши шарт.


45. ЖПК 298-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, шунингдек суриштирув, дастлабки тергов юритилган ёки суд муҳокамаси вақтида қонун бузилишига йўл қўйилганлигини аниқлаган тақдирда, назорат инстанцияси суди хусусий ажрим (қарор) чиқариш йўли билан тегишли орган ёки мансабдор шахснинг эътиборини бунга жалб этади.

Суд қарори ўзгаришсиз қолдирилганда, назорат инстанцияси суди унинг қонунийлиги ва асослилигини шубҳа остига олувчи хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эмас.


46. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларга ишларнинг апелляция, кассация инстанциясида синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилиши учун қонунда берилган барча имкониятлардан фойдаланиш тавсия этилсин.


47. Мазкур қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2008 йил 15 майдаги "Судлар томонидан жиноят ишларини назорат тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги 12-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов