Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.07.2019 й. 575-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 июлдаги

575-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат

қилиш инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Инспекция республика ижро этувчи органи ҳисобланади ҳамда ўзига берилган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикасининг агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш вазифаларини амалга оширади.

3. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳайъати қарорлари ва вазир буйруқлари, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

4. Инспекция тизимига қуйидагилар киради:

Инспекциянинг марказий аппарати;

Инспекция қошидаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" давлат муассасаси;

Инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари;

Инспекциянинг туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари.


5. Инспекция ўз фаолиятини маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларидан мустақил равишда, қуйи турувчи раҳбарларнинг юқори турувчи раҳбарларга, шунингдек, бевосита Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бўйсуниши ҳамда ҳисобот бериш асосида амалга оширади.

6. Инспекциянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Инспекция ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий ва халқаро ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.


8. Инспекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда жамғарма деб аталади) маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Инспекция ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг жорий таъминоти ва молиялаштириш харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг тегишли бюджетлари маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


9. Инспекция, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар бошқармалари ва Инспекция қошидаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" давлат муассасаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳр ва бланкаларига, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига эга бўлади.

10. Инспекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;

қисқартирилган номи - "Ўзагроинспекция".

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Инспекция по контролю за агропромышленным комплексом при Министерства сельского хозяйства Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - "Узагроинспекция".

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Inspection on the control of agro-industrial complex under the Ministry of Agriculture of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - "Uzagroinspection".



2-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши;

б) пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига давлат томонидан буюртма бериш, уруғ тайёрлаш ва уни қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши;

в) қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш бўйича талабларнинг бажарилиши;

г) пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотларнинг сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши;

д) қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғликлар сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни, мевали дарахт ва ток кўчатларини сертификатлаштириш, уруғлик ҳамда кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича ишларнинг амалга оширилиши;

з) қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати устидан назоратни амалга ошириш;

и) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғликлари, мевали дарахт, ток кўчатлари ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар сифатининг мажбурий текширувини ўтказиш;

й) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, ваколатлар доирасида тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни расмийлаштириш ҳамда айбдор шахсларни жаримага тортиш.

12. Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан қуйидаги назоратни амалга оширади:

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда соҳани ривожлантиришга оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳайъати қарорлари ва вазир буйруқлари топшириқларида белгиланган талаблар ва қоидаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг тупроққлим шароитидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилиши;

қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва экиш билан боғлиқ ҳамда ўсиш (вегетация) даврида бажариладиган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда минерал ўғитлар ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган кимёвий препаратлар, шунингдек, биомаҳсулотларнинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилиши, сақланиши, реализация қилиниши ва мақсадли қўлланилиши устидан.

Инспекция агросаноат мажмуи соҳасида қонунчилик ҳужжатлари ижросини таҳлил қилиб боради, таҳлил натижалари бўйича соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини ва норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

б) пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига давлат томонидан буюртма бериш, уруғ тайёрлаш ва уни қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича талабларга риоя қилиниши юзасидан қуйидаги назоратни амалга оширади:

фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимларининг қарорлари билан белгиланган пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг майдонларда тўлиқ экилиши ва ялпи ҳосил етиштирилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш ишларининг ташкил этилиши устидан;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари Давлат реестрининг юритилиши устидан;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари сифати устидан;

уруғчилик соҳасига жаҳон ютуқларини татбиқ этиш, уруғлар сифатини халқаро ва миллий стандартлар асосида аниқлаш ҳамда сертификатлаштириш устидан;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган миқдорда районлаштирилган навлар бўйича жойлаштириш ва навли уруғларни тайёрлаш кўрсаткичларининг бажарилиши устидан.

Инспекция:

пахта ва бошоқли дон экинлари уруғлари сифатини аниқлаш усулларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва такомиллаштириш ҳамда уруғлик етиштириш ва унинг сифатини аниқлаш бўйича техник регламентлар ҳамда стандартлар, методикалар ва йўриқномалар ишлаб чиқишда иштирок этади;

Агросаноат мажмуи соҳасида стандартлаштириш бўйича техник қўмитани ташкил қилиш ва унинг фаолият юритишини таъминлайди;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатини шакллантиришда иштирок этади ҳамда агросаноат мажмуи соҳасидаги маҳсулот турлари бўйича рўйхатга киритилиши ёки чиқарилиши юзасидан хулосалар беради.

в) қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш бўйича талабларнинг бажарилиши соҳасида қуйидаги назоратни амалга оширади:

асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш ва уларнинг мақсадли реализация қилиниши устидан;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилишини молиялаштириш механизмлари, ўзаро ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилишини ҳамда хизматлар ва моддий-техник ресурслар билан таъминланиши устидан;

экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш, шунингдек, пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари ҳажмлари ҳамда баланс кўрсаткичлари бўйича таклифларнинг шакллантирилганлиги устидан.

г) пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили, уруғликлари, мевали дарахт ва ток кўчатлари, шунингдек, уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари сифати, улардан оқилона ҳамда мақсадли фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобудгарчилиги камайтирилиши бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

мулкчилик шаклидан қатъи назар, пахта тайёрлаш масканлари, дон қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан пахта, бошоқли дон ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг қабул қилиниши, қайта ишланиши ва сақланиши ҳамда реализация қилиниши устидан;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши, пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари ва уруғлик материаллари бўйича ҳисоботларнинг юритилиши ҳамда табиий камайиши ҳисобига етказиладиган зарарларни белгиланган тартиб асосида ҳисобдан чиқарилиши устидан;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари, шунингдек, уруғлик материалларини қабул қилувчи, сақловчи ва қайта ишловчи корхоналарнинг техник ҳолати устидан;

нобудгарчилик бўйича белгиланган нормаларининг тўғри ва асосли қўлланилиши, пахта тайёрлаш пунктлари ҳамда дон қабул қилиш ҳамда қайта ишлаш корхоналарида технологик жараёнларга ва маҳсулотнинг чиқиши нормаларига ҳамда сифатига риоя этилиши устидан.

Инспекция:

мулкчилик шаклидан қатъи назар, маҳсулотни қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналари томонидан қабул қилинган пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили, уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари, шунингдек, уруғлик материаллари сифати ёмонлашиши, нобуд бўлиши ҳолатлари ва сабабларини ўрганади, зарур ҳолларда уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар беради ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритади;

бошоқли дон экинлари ҳосили ва уларнинг қайта ишланган маҳсулотларининг партиялари бўйича тузилган тозалаш далолатномаларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Инспекцияга юкланган вазифалар доирасида текшириш қоидаларини ва сифат сертификатлари шаклларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг қайта ишланган маҳсулотлари, шунингдек, уруғлик материаллари сифати бўйича хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида низоли масалалар келиб чиққан тақдирда, назорат синовларини ўтказади ҳамда мамлакат ичида ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланган хулосаларни беради;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайта ишловчи корхоналар томонидан техник чигитни тўлиқ технологик циклда (мағизни янчиш, гидротермик ишлов бериш, пресслаш, экстракциялаш, рафинациялаш, дезодорациялаш ва қадоқлаш) мақсадли қайта ишланганлиги ва маҳсулот сифатини тасдиқловчи гигиеник хулосанинг мавжудлиги ҳамда техник регламент ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлиги таъминланганлиги устидан;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, қайта ишловчи корхоналарда 3 ва ундан юқори синфлардаги буғдойдан ун ишлаб чиқариш бўйича қувватларнинг мавжудлиги ҳамда уларда технологик жараёнларнинг белгиланган талабларга мос келиши, маҳсулот сифатини назорат қиладиган лабораториялар фаолиятининг технологик цикли бўйича тўғри йўлга қўйилганлиги устидан.

д) қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва уруғлик материаллари сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини, аккредитация соҳасига мувофиқ уруғликлар, мевали дарахт ва ток кўчатларини сертификатлаштириш, уларнинг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги экинлари навлари бўйича уруғчилик хўжаликларини аниқлаш, янги навларнинг районлаштирилиши ва навдор уруғлик материалларини тайёрлаш кўрсаткичларининг бажарилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг оригинал, элита, биринчи ва кейинги авлодли уруғлик ва кўчат материалларининг етиштирилиши ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва йўриқномалар талабларига риоя қилган ҳолда тежаб сарфланиши устидан;

уруғлик учун экилган қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида апробация ўтказиш устидан;

пахта ва бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш, улардан фойдаланиш, жумладан, экспорт ва импорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш, тайёрлаш ва сақлашда кимёвий препаратларнинг самарали қўлланилиши устидан;

уруғчилик бўйича халқаро ва миллий ташкилотлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилиш, уруғларга экишдан олдин ишлов бериш ва қайта ишлашга оид инновацион технологияларни, шунингдек, соҳага ноу-хауларни жорий этиш устидан;

уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб бориш, тармоқ корхоналарининг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ёрдам берилиши устидан;

аккредитация соҳасига мувофиқ уруғларни сертификатлаштириш ҳамда уруғ ва кўчат материалларининг сифатини аниқлаш ва назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш юзасидан;

экин турлари бўйича уруғлар архивининг таркиби ҳамда уруғлар архивини юритиш устидан.

Инспекция уруғликларни қонун ҳужжатларини бузган ҳолда етиштиришни, сақлашни, реализация қилишни тўхтатиб қўяди ёки тақиқлайди;

мувофиқлик сертификати ва фитосанитария сертификати ёки карантин рухсатномаси мавжуд бўлмаган уруғликлар туркумларининг ташилишини тақиқлайди;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини ишлаб чиқариш ва сифатини аниқлашдаги давлат стандартлари, методикалари ва йўриқномаларини тайёрлашда қатнашади;

қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларини лаборатория шароитида сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва сертификатлаш бўйича ишларнинг амалга оширилиши устидан;

импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларида гени модификацияланган организмларнинг (ГМО) ҳамда хавфли яширин вирусли касалликларнинг мавжудлиги аниқланиши устидан;

пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда уларнинг қайта ишланган маҳсулотлари бўйича доимий ҳамда даврий синаш ва сертификатлаштириш ишларининг ўтказилиши устидан;

қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик ва кўчат материалларини махсус синаш участкаларида экиш ҳамда генетик софлиги сифатини текшириш орқали уларнинг муайян турга ва навга мансублиги, шунингдек, нав жиҳатдан софлиги бўйича ўтказиладиган баҳолаш ишлари устидан.

д-1) қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги ерларидан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши устидан;

тупроқнинг унумдор қатламларининг рухсатсиз олиб ташланиши, кўчирилиши ва йўқ қилинишини тақиқлаш ҳамда ерларнинг қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик устидан;

қишлоқ хўжалиги ерларида ўтказиладиган хатлов ва тупроқ сифатини аниқлаш ишларининг белгиланган тартибда амалга оширилиши устидан;

суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларига қишлоқ хўжалиги экинларининг экилмасдан қолиш ҳолатлари устидан;

ерларни рекультивация қилиш бўйича талабларга риоя этилиши устидан;

ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар натижасида етказилган зарарларнинг ундирилиши устидан.

з) идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларининг техник ҳолати, эксплуатация қилиниши самарадорлиги, шунингдек, сервис ва таъмирлаш хизматларининг сифати бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотларида харидорларга сотилган янги техникалар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар билан бирга Инспекцияда рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳисоб-маълумотнома бериш;

идоравий бўйсунуви ва мулк шаклларидан қатъи назар тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаси, ўзиюрар машиналар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари сонининг ҳисобини юритилиши, сақланиши ва ҳисобдан чиқариш, давлат рўйхатдан ўтказиш, техник кўрикдан ўтказиш, шунингдек, давлат рақами белгиси, техник паспорт ва техник гувоҳнома бериш;

тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш учун имтиҳонлар ўтказиш;

машина-трактор паркларини янгилаш бўйича давлат дастурлари ижро этилишини, эксплуатация қилинаётган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникасининг модернизация қилинишини ва янги намуналари ишлаб чиқилишини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурсларини тежовчи замонавий технологиялари ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникасини, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришнинг ресурсларни тежовчи замонавий технологияларини синовдан ўтказиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг бажарилиши;

машинасозлик ва таъмирлаш корхоналарида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникасини, ускуналарни ва эҳтиёт қисмларни юклашдан олдин уларнинг сифат кўрсаткичлари текширилиши;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаси, ўзиюрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси давлат синовларидан ўтказилганлиги ва уларнинг эксплуатация қилиниши самарадорлиги устидан назорат қилади.

Инспекция томонидан мулкчилик шаклидан қатъи назар, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан амалга ошириладиган назорат тадбирлари, истисно тариқасида, текширувларнинг "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга оширилади.

Инспекция қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ўрганиб боради ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.


и) экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ва уларнинг уруғлари ҳамда мевали дарахт, ток кўчатлари улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади:

пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили ҳамда уларнинг уруғлари, шунингдек, улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифати устидан мажбурий давлат текшируви;

экспорт-импорт ва республика ичидаги ташишларда пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда мевали дарахт, ток кўчатлари уларнинг уруғлари, шунингдек улардан қайта ишланган маҳсулотларни сифатли сақланиши устидан;

й) ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишда қуйидагиларни назоратни амалга оширади:

инспекция ваколатига тааллуқли ишлар бўйича текширув ўтказиш;

минерал ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш материалларини ўғирлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

давлат органлари ва ташкилотларига, шунингдек идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар юридик шахслар ва уларнинг мансабдор шахсларига ҳамда жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

соҳада қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларга ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, Инспекция ваколатига тааллуқли ишларни кўриб чиқиш тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни расмийлаштириш ва айбдор шахсларни жаримага тортиш;

Инспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


13. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Инспекцияга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалардан зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материалларни бепул олиш;

Инспекцияга юкланган вазифалар доирасида тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар фаолияти устидан текширувларни мувофиқлаштирувчи ваколатли орган билан белгиланган тартибда келишилган ҳолда ёки текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширишларни амалга ошириш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш ёки қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

текшириш ва таҳлиллар давомида аниқланган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида идоравий бўйсунувидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда ходимларини жалб этиш қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;

Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб берилган даъволар ҳамда аризалар юзасидан давлат божисиз судга ёки бошқа органга мурожаат этиш;

зарур ҳолларда давлат органлари ва назорат қилувчи органлар ходимларини ҳамда уларнинг воситаларини ўз функцияларини бажариш жараёнида жалб этиш;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши визуал кузатув ёрдамида аниқланганда, қишлоқ хўжалиги мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини тўхтатиш;

Инспекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Инспекция қуйидагилар учун жавоб беради:

агросаноат мажмуининг соҳа ва тармоқларига оид қонунчилик ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлик ва кўчат материалларини тайёрланиши ҳамда уларни қайта ишлаш ва сақлаш бўйича қўйилган талабларнинг бажарилиши устидан қатъий назоратни таъминлаш;

юкланган бошқа вазифаларни самарали ижро этиш.



4-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Инспекцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимдан озод этиладиган бошлиқ бошқаради.

Инспекция бошлиғи меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазирга тенглаштирилади.

Инспекция бошлиғи ўз мақомига кўра Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳайъати аъзоси ҳисобланади.

16. Инспекция бошлиғи ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Инспекция бошлиғи ўринбосарлари меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


17. Зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун Инспекция бошлиғи:

а) Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

б) Инспекция ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

в) Инспекциянинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бошқармалари ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;

г) зарур ҳолларда, Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкилий-штат тузилмаларига белгиланган умумий штат бирликлари доирасида ўзгартиришлар киритади;

д) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритади;

е) Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидагиларни киритади (тақдим этади):

Инспекция ваколати доирасига кирадиган масалалар юзасидан норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини;

Инспекция ходимларини рағбатлантириш ва уларни Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисидаги таклифларни;

ё) белгиланган тартибда Инспекциянинг ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг штат жадвалини, Инспекция марказий аппаратининг бошқармалари ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди, шунингдек, Жамғарма маблағлари ҳисобига фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида қўшимча жалб этиладиган мутахассислар ва бошқа шахслар сонини белгилайди;

ж) ўз ваколатлари доирасида Инспекциянинг фаолиятини ташкил этиш масалаларига доир Инспекциянинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради, кўрсатма ва фармойишлар беради;

з) ажратилган маблағлар доирасида Инспекция ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа тақдирлаш пуллари тўлаш тартиби ва шартларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;

и) Инспекция зиммасига юкланган вазифаларнинг ижроси ҳамда ажратилган маблағларнинг мақсадли ва оқилона ишлатилиши учун шахсан жавоб беради;

й) Инспекциянинг куч ва воситалари самарали тақсимланишини ташкил этади, шу жумладан, муайян функцияларни бажарадиган ходимларни Инспекцияга юкланган бошқа ишларга жалб этади;

к) Инспекция фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича тезкор йиғилишлар ўтказади;

л) қонун ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


18. Инспекция бошлиғи бўлмаган ҳолларда унинг ваколатларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда унинг ўринбосарларидан бири амалга оширади.

19. Қуйидагилар:

Инспекция марказий аппарати барча ходимларни, ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарларини, ҳудудий бошқармаларнинг таркибий бўлинмалари, туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари бошлиқларини, Инспекция қошидаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" давлат муассасаси директорини ва унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Инспекция бошлиғи томонидан амалга оширилади;

Инспекция ҳудудий бўлинмаларининг бошқа ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Инспекциянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ҲАЙЪАТИ


20. Инспекцияда Инспекция бошлиғи (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек, Инспекция фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирадиган таркибий бўлинмалар бошлиқларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Инспекция бошлиғининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.

21. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Инспекция фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Инспекция марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли асосда эшитишни ташкил қилиш, қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича уларнинг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

Инспекция фаолияти соҳасига оид ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш самарадорлигини ҳар чоракда ва тизимли равишда кўриб чиқиш;

ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, жойларда Инспекция фаолияти соҳасига тааллуқли долзарб масалалар муҳокама этилишини таъминлаш;

Инспекция марказий аппаратининг лавозимлар номенклатураси ва унинг тизимини кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;

Инспекция номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш масаласини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда топшириқлари билан белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Инспекция марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ҳамда ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий масъулиятини ошириш.

Ҳайъат Инспекция ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.


22. Ҳайъат мажлисларида Инспекция ваколатига кирадиган масалаларни муҳокама қилиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам таклиф этилиши мумкин.


23. Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқиладиган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


24. Ҳайъат қарорлари Инспекция бошлиғининг буйруқлари билан амалга оширилади.


25. Инспекция бошлиғи ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Инспекция бошлиғи юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Шунингдек, ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига маълум қилишлари мумкин.

26. Ҳайъат фаолиятининг тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.



6-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ҲАМДА КЎРСАТКИЧЛАРИ


27. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳолаб борилади.


28. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган самарадорлик ва натижадорлик мезонлари ҳамда кўрсаткичлари асосида баҳоланади.


29. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Инспекция раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки тегишли интизомий жавобгарликка тортиш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Инспекция фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.


30. Инспекция фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



7-БОБ. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲИСОБДОРЛИГИ


31. Инспекция бошлиғи ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мунтазам ҳисобот беради.

32. Вазирлар Маҳкамаси Инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосарларининг уларга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, Инспекция фаолиятининг самарадорлигини баҳолайди.


33. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Инспекциянинг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарлик чоралари кўрилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Инспекция кўрсатмалари, йўл-йўриқлари, тақдимномалари ва бошқа ҳужжатларини бажармаслик, шунингдек, Инспекция фаолиятига аралашиш ҳамда юклатилган вазифалар ва функцияларнинг қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Инспекция ходимларига ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва бу қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.


35. Инспекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июль