Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.10.2019 й. ПҚ-4484-сон "Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.10.2019 й.

N ПҚ-4484



ТОВАР-ХОМАШЁ БИРЖАЛАРИ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ   ОШИРИШ   ВА

БИРЖА САВДОСИ МЕХАНИЗМЛАРИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

[Кўчирма]


Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни реализация қилишда бозор механизмларини ҳамда биржа савдоларида шаффофлик даражасини ошириш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш учун биржа фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича изчил чоралар қабул қилинмоқда.

Шу билан бирга, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларга нарх шакллантиришнинг бозор механизмларини яратиш ва биржа фаолиятини янада ривожлантириш учун фақат биржа савдолари орқали сотиладиган товарлар рўйхатини кенгайтириш, биржа савдоларининг динамикасини таъминловчи янги савдо инструментларини жорий қилиш лозим.

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотиб олишда тенг шароитлар яратиш ҳамда республикада биржа савдосини фаоллаштириш мақсадида:


1. 2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб белгилансинки, унга кўра:

устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда - давлат улуши мавжуд ташкилотлар) томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади;

монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан техник мой, омухта-ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади;

маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно;

монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади, махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно;

биржа савдоларига қўйилиши лозим бўлган, монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ички бозорда тўғридан-тўғри шартномалар орқали реализация қилинадиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулот сотувчилар томонидан мажбурий тартибда товар-хомашё биржаларида ҳисобга қўйилади ва ушбу маълумотлар тегишинча шартнома тузилган ва мажбуриятлар бажарилган вақтдан бошлаб уч кун муддатда биржанинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади;

товар-хомашё биржаларида томонларнинг келишувига мувофиқ биржа савдолари қоидалари асосида чет эл валютасида импорт битимлари тузилиши мумкин. Бунда, тузилган шартномалар бўйича маълумотлар товар-хомашё биржалари томонидан Валюта операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни товар-хомашё биржаларининг биржа савдоларида, шу жумладан биржа товарларини 1 ойдан ортиқ муддатга кечиктириб етказиб бериш шарти билан олди-сотди битими (форвардлар) тузиш орқали реализация қилиш тартибини назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш жадваллари монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан товар-хомашё биржаларининг расмий веб-сайтларига, зарур ҳолларда, ҳар ойда янгиланган тарзда жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларига ўрнатилган тартибда қўйиб борилиши устидан назоратни таъминласин.

4. Биржада камида 100 та сотилган (бепул тақдим этилган) брокерлик ўринлари мавжудлиги ва биржа фаолиятини амалга оширишда товар-хомашё биржалари раҳбарлари малака талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги шартлар ва талаблар бекор қилинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига:

Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда монополист корхоналар томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига мажбурий қўйиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

биржа савдолари қатнашчилари доирасини чегаралаб қўйишнинг олдини олиш учун биржа савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг битта лот бўйича максимал ҳажмини қайта кўриб чиқиш юзасидан товар-хомашё биржаларига кўрсатмалар бериш ҳуқуқи тақдим этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


8. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Ғуломов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 8 октябрдаги

ПҚ-4484-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги "Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-торожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3386-сон қарорида:


1-банднинг "б" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) Монополист корхоналар ҳамда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материалларнинг рўйхатини иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги";


илованинг рус тилидаги матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"ПРИЛОЖЕНИЕ

к постановлению Президента РУз

от 14 ноября 2017 года N ПП-3386



ПЕРЕЧЕНЬ

высоколиквидных и монопольных видов продукции,

сырья и материалов, реализуемых на внутреннем рынке

предприятиями-монополистами и юридическими лицами с долей

государства в уставном фонде (капитале) в размере 50 процентов

и более или юридическими лицами, в уставном фонде (капитале)

которых 50 процентов и более принадлежит юридическому лицу

с долей государства 50 процентов и более, на основе рыночных

принципов исключительно через биржевые торги


1. Бензин автомобильный

2. Бензин экстракционный

3. Дизельное топливо

4. Керосин технический

5. Полипропилен

6. Полиэтилен

7. Сера техническая

8. Уголь

9. Минеральные удобрения

10. Сода кальцинированная

11. Медь катодная

12. Медная катанка

13. Алюминий вторичный

14. Прокат черных металлов

15. Цинк металлический

16. Цемент

17. Цементный клинкер

18. Стекло строительное

19. Сахар

20. Пшеница

21. Ячмень

22. Хлопок-волокно

23. Хлопковый линт

24. Масло растительное (хлопковое)

25. Шелуха хлопковых семян

26. Шрот хлопковых семян

27. Технические хлопковые семена

28. Технические масла

29. Печное топливо

30. Мука пшеничная*

31. Комбикорма

32. Топочный мазут

33. Сжиженный газ

34. Хозяйственное мыло

35. Нефтяной растворитель

36. Нефтяной парафин

37. Нефтяной битум

38. Медный купорос


Примечание:

при необходимости, Антимонопольным комитетом по согласованию с Кабинетом Министров Республики Узбекистан могут приниматься решения о выставлении других высоколиквидных и монопольных видов продукции на биржевые торги, не предусмотренных в настоящем перечне;

товары, указанные в настоящем перечне, реализуются с учетом пункта 2 постановления Президента Республики Узбекистан от 17 января 2018 года N ПП-3479 "О мерах по стабильному обеспечению отраслей экономики страны востребованными видами продукции и сырья";

*) срок перевода на биржевые торги муки пшеничной определяется решением Кабинета Министров Республики Узбекистан".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги "Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3479-сон қарорида:


1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги "Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-торожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3386-сон қарорига мувофиқ Монополист корхоналар ҳамда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар томонидан ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материалларнинг рўйхати тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин";


2-банд "а" кичик бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"техник чигит - мулкчилик шаклидан қатъи назар пахта чигитини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватига ва тегишли (мувофиқлик ва гигиеник) сертификатларга эга бўлган маҳаллий корхоналарга. Бунда тегишли (мувофиқлик ва гигиеник) сертификатларни олиш учун техник чигит мулкчилик шаклидан қатъи назар маҳаллий корхоналарга 5 тоннагача ҳажмда сотилади, сотиб олинган пахта чигитини қайта сотиш эса фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 январдаги "Ёғ-мой тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3484-сон қарори 3-бандининг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"кейинчалик саноатда қайта ишлаш учун мўлжалланган экстрактли пахта ёғи биржа савдолари орқали мулкчилик шаклидан қатъи назар экстрактли пахта ёғини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларига ва тегишли (мувофиқлик ва гигиеник) сертификатларга эга бўлган маҳаллий корхоналарга сотилиши ҳақидаги тартибни белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. Бунда тегишли (мувофиқлик ва гигиеник) сертификатларни олиш учун экстрактли пахта ёғи мулкчилик шаклидан қатъи назар маҳаллий корхоналарга 1 тоннагача ҳажмда сотилади, сотиб олинган экстрактли пахта ёғини қайта сотиш эса фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 октябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 9 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 октябрь, 41-сон, 770-модда