Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Нукус" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 22.11.2019 й. 941-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 22 ноябрдаги

941-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Нукус" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Нукус" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси" (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади ва ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи - муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.


2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобрақамларига, шу жумладан валюта ҳисобрақамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Нукус" erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi" davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи - "Nukus" EIZ direktsiyasi" DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное унитарное предприятие "Дирекция свободной экономической зоны "Нукус";

қисқартирилган номи - ГУП "Дирекция СЭЗ "Нукус";

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - "Directorate of free economic zone "Nukus" State Unitary Company;

қисқартирилган номи - "Directorate of FEZ "Nukus" SUC.


5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, А. Досназаров кўчаси, 97-уй.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) ҳисобланади.


7. Дирекция ўз номидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларида иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.


9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ

ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


10. Дирекция фаолиятининг асосий мақсади "Нукус" эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда - "Нукус" ЭИЗ) ва "Қорақалпоқ-агро" эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда - "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, "Нукус" ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗлар ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, "Нукус" ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗлар қатнашчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишларни (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш ҳисобланади.

11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикаси махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) қабул қилинган қарорларига мувофиқ "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;

Маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция киритиш тўғрисида битимлар, давлат мулкини "нол" харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ қатнашчилари билан шартномалар тузиш;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни топиш ва жалб этиш;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗнинг ишлаб чиқилган бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;

"Ягона дарча" тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномаларни беришни ташкил этиш;

белгиланган тартибда танланган инвесторларнинг ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажаришини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлашган давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва ташкилотларнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ қатнашчиларига кўмаклашиш;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш;

экологик ҳолатнинг яхшиланиши юзасидан назоратни таъминлаш, шунингдек, "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликлар асраб-авайланиши учун жавоб бериш;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.

Диекция қонун ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.


12. Дирекция қонун ҳужжатларида фаолиятнинг тақиқланмаган бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ДИРЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ

БОШҚАРИШ


13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.


14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки бўйича амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;

меҳнатга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш.


15. Вазирлар Маҳкамаси Дирекция фаолиятига раҳбарлик қилади ва назоратни амалга оширади.

Маъмурий кенгаш "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ мустақил бюджетининг ва "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.

16. Қуйидагилар Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига киради:

Дирекциянинг "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗни ривожлантириш бўйича фаолияти стратегик вазифалари ва йўналишларини белгилаш;

ҳар чоракда Дирекция фаолияти ҳақидаги ҳисоботни эшитиш.


17. Маъмурий кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун Дирекция фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга. Маъмурий кенгаш олинган ҳужжатлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланади.


18. Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Директор раҳбарлик қилади.


19. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.


20. Директор:

қонун ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


21. Директор Муассис ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради.


22. Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг қондирилиши, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан, жумладан, Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


23. "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланадиган мустақил бюджети маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади ҳамда "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни белгиланган тартибда тақдим этади.

24. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


25. Дирекциянинг устав фонди "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.

26. Дирекция устав фондининг миқдори 1 млрд сўмни ташкил қилади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


27. Дирекциянинг устав фонди қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис қарорига биноан кўпайтирилади ёки камайтирилади.



6-БОБ. ДИРЕКЦИЯ МУЛКИНИ

ТАСАРРУФ ЭТИШ


28. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.


29. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


30. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.


31. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;

мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.



7-БОБ. ДИРЕКЦИЯ БЮДЖЕТИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


32. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

"Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ қатнашчиларининг ажратмалари ва "Нукус" ЭИЗ ва "Қорақалпоқ-агро" ЭИЗ қатнашчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларидаги маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.



8-БОБ. ЗАХИРА ФОНДИНИ ВА БОШҚА

ФОНДЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ТАРТИБИ


33. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАРОМАДНИ (ФОЙДАНИ) ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


34. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва муассисга ажратмалар белгиланган тартибда тўлангандан сўнг қоладиган Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.


35. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадлари учун йўналтириладиган маблағларнинг чекланган суммасини уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.


36. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлар ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.



10-БОБ. ҲИСОБОТЛАРНИ ТАҚДИМ

ЭТИШ ТАРТИБИ


37. Дирекция ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.


38. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Маъмурий кенгаш томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.


39. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



11-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


40. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.


41. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



12-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ ТУГАТИШ ВА

ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


42. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.


43. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 ноябрь