Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.01.2020 й. 5-сон "Радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография марказини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.01.2020 й.

N 5




РАДИОТЕРАПИЯ ВА ПОЗИТРОН-ЭМИССИОНЛИ

ТОМОГРАФИЯ МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 4 апрелдаги ПҚ-2866-сон ҳамда "Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида" 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3450-сон қарорларига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг чет эл инвестицияси иштирокида "Tek grup saglik hizmetleri" МЧЖнинг Тошкент шаҳрида радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография марказини (кейинги ўринларда марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир хафта муддатда "Tek grup saglik hizmetleri" МЧЖга инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда марказни қуриш учун Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Шифокорлар кўчаси, 2-уйда жойлашган Тошкент тиббиёт академиясининг Кўп тармоқли клиникасига тегишли ер участкасининг Н 34 (геомаълумот нуқта) ҳудудидан доимий фойдаланиш учун 0,60 га ер участкаси ажратилишини таъминласин.


3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда зарур бўлган коммуникация тармоқлари йўналиши ва жойлашишини ўзгартириш ҳамда ажратилган ер участкаси чегарасига қадар етказиб бериш чораларини кўрсин.


4. "Tek grup saglik hizmetleri" МЧЖ:

марказни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун 7,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини жалб этиш;

марказни бир йил муддатда фойдаланишга топшириш ҳамда 20 тадан кам бўлмаган иш ўрнини яратиш;

радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография йўналишида 2020 йил давомида 5 нафар тиббиёт ходимларини ўз ҳисобидан чет давлатларга малака ошириш курсларига ўқишга юбориш;

марказ ташкил этилгандан 8 йил давомида онкологик касалликларга чалинган беморларнинг (имтиёзли тоифадаги шахслар) уч нафарига ҳар ойда тўла равишда радиотерапия усулида даволаш ҳамда уч нафар беморни позитрон-эмиссионли томография текширувидан бепул ўтказиш бўйича инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни олганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


5. Белгилансинки, "Tek grup saglik hizmetleri" МЧЖ томонидан олинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, ер участкасига бўлган ҳуқуқ унинг харажатлари қопланмаган ҳолда бекор қилинади.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказ ишга тушишидан аввал чет эл инвестицияси иштирокидаги "Tek grup saglik hizmetleri" МЧЖ билан амал қилиш муддати 8 йил бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни бепул радиотерапия бўйича даволаш ва позитрон-эмиссионли томография текширувидан ўтказиш тартиби ва ҳажмини белгиловчи шартнома имзоланишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 январь