Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.12.2019 й. 26-сон "Апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.12.2019 й.

N 26



АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

СУДЛАРИ ТОМОНИДАН ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ

ҚОНУН НОРМАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) амалга киритилганлиги ва суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек, ишларни апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўришда ИПК нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция ҳамда кассация инстанцияси судларида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этиш имконини беради.


2. ИПК 259-моддасига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти, прокурор эса, апелляция протести беришга ҳақлидир.

Айнан шу шахслар қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса, кассация протести беришга ҳақлидир (ИПК 282-моддасининг биринчи қисми).

Иқтисодий судларга (бундан буён матнда судлар деб юритилади) тушунтирилсинки, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилинган шахснинг (шу жумладан, жисмоний шахснинг) апелляция, кассация шикоятини кўришда, бундай шахс ИПК 42-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади.


3. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, апелляция, кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан нафақат тўлиқ, балки унинг бир қисмига нисбатан ҳам берилиши мумкин. Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ҳам, хулоса қисми ҳам шикоят (протест) беришнинг мустақил предмети бўлиши мумкин.

ИПК 259-моддасининг биринчи қисми ва 282-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар ИПК 189-моддасига мувофиқ, қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорига ҳам апелляция ёки кассация шикояти (протести) беришга ҳақлидир. Бунда шуни назарда тутиш керакки, қўшимча ҳал қилув қарори устидан апелляция (кассация) шикояти (протести) бериш муддати асосий ҳал қилув қарори қабул қилинган (қонуний кучга кирган) кундан ҳисобланади.


4. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, гарчи шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш учун асослар мавжуд бўлса-да, ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция, кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.

Биринчи инстанция суди томонидан шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал этилишига йўл қўйилмайди.

Биринчи инстанция судига шикоятга алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслар томонидан янги шикоят берилган тақдирда, улар ҳам апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборилади.

Агар апелляция ёки кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарорини тушунтириш, ҳал қилув қарорида йўл қўйилган хатоларни, ҳарфий хатоларни ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар бўйича суд мажлиси тайинлангандан кейин келиб тушса, биринчи инстанция суди бундай ариза бўйича иш юритишни ИПК 101-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тўхтатиб қўяди, ишни эса шикоят (протест) билан бирга апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборади.


5. Умумий қоидага кўра, ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Шу билан бирга шуни инобатга олиш лозимки, суднинг соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги, ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) у қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.

Кассация шикояти (протести) ҳар қандай иш бўйича суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин.

Судларга тушунтирилсинки, апелляция тартибида шикоят қилиш (протест бериш) муддатини ҳисоблаш ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан кейинги кундан, кассация тартибида шикоят қилиш (протест бериш) муддати эса, ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган санадан кейинги кундан бошланади.


6. ИПК 262-моддасининг учинчи қисми ва 285-моддасининг иккинчи қисмига кўра, апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, у шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномасига кўра, тегишли равишда апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тикланиши мумкин.

Илтимосномада шикоятни (протестни) берган шахс ҳавола этаётган муддатнинг ўтказиб юборилиши сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоят (протест) матнида ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин ва шикоят (протест) билан бир вақтда берилиши лозим.

Судлар шуни инобатга олиши лозимки, агар ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома шикоят (протест) қайтарилгунга қадар берилган бўлса, у шикоят (протест) билан бирга берилган ҳисобланади.

Судларга тушунтирилсинки, ИПК 262-моддасининг учинчи қисми ва 285-моддасининг иккинчи қисмида апелляция, кассация шикояти бериш муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома бериш учун белгиланган икки ойлик ҳамда олти ойлик муддат қатъий ҳисобланади ва ушбу муддат ўтказиб юборилганидан кейин берилган бундай муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома рад этилиши, муддати ўтказиб берилган апелляция, кассация шикоятини (протестини) қабул қилиш эса, ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 4-банди ва 291-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан рад этилиши лозим. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам бундай шикоятни (протестни) қабул қилиш шу асослар билан рад этилади.

Агар апелляция, кассация шикояти (протести) қонунда белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган ва у хатога йўл қўйилиб иш юритишга қабул қилинган бўлса, апелляция, кассация шикояти бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ҳамда 296-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.


7. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан, апелляция, кассация инстанцияси судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Муддат ўтказиб юборилганлигининг узрли сабаблари сифатида судга бундай шикоят (протест) билан ўз вақтида мурожаат қилишга объектив равишда тўсқинлик қилган ҳолатлар ҳисобланиши мумкин.

Апелляция, кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тикланиши сабаблари ҳақида шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.


8. Апелляция, кассация шикоятининг (протестининг) мазмуни, тегишлича, ИПК 263 ва 286-моддалари талабларига мос бўлиши керак.

Апелляция, кассация шикояти уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёхуд бошқа ҳужжат илова қилинади.

Агар шикоятни қабул қилишда судьяда уни имзолаган шахсда таъсис ҳужжатларига мувофиқ шикоятни имзолаш ҳуқуқи борлиги борасида шубҳа туғилса, судья апелляция, кассация шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади. Шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаганда, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятни ИПК 272-моддасининг биринчи қисми, 295-моддасининг биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдиради.


9. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, апелляция, кассация шикоятига давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари илова қилиниши керак, тўлов электрон тарзда амалга оширилган ҳоллар бундан мустасно.

Шикоятга (протестга) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция, кассация шикояти (протести) ва унга илова қилинган, уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлиги ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилиниши керак.

Қайд этилган талабларга риоя этмаслик, шикоятни (протестни) ИПК 269-моддаси биринчи қисмининг 2 ва 3-бандларига, 292-моддаси биринчи қисмининг 3 ва 4-бандларига асосан қайтариш учун асос бўлади.


10. Судлар шуни эътиборга олиши керакки, ИПК 269-моддасининг биринчи қисми ва 292-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган апелляция, кассация шикоятини (протестини) қайтариш асосларининг рўйхати тугал бўлиб, уни кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.


11. Судлар даъво аризасини қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан берилган шикоятга (протестга) қайтарилган даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар, апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) эса, қайтарилган апелляция шикояти (протести) ва унга илова қилинган ҳужжатлар илова қилиниши кераклигига эътибор қаратиши керак.

Ушбу талабларга риоя қилмаслик шикоятни (протестни) қайтариш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда судья шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилади ва аризачига кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этишни таклиф қилади.


12. Апелляция, кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш, қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) иш билан бирга судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади (ИПК 266-моддасининг биринчи қисми, 289-моддасининг биринчи қисми).

Апелляция, кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилганда, ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга шикоятни (протестни) берган шахсга юборилади. Шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаси ишга қўшиб қўйилади.


13. ИПКда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади. Шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) кўриш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, протестни берган прокурорга, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган, шикоят берган шахсга юборилади.


14. Шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан кейинги барча суд ҳужжатлари ҳайъатда қабул қилинади.


15. Судларга тушунтирилсинки, ИПК 50-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа шахслар (масалан, Савдо-саноат палатаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ва ш.к.) фақат даъво улар томонидан берилган ҳолдагина суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериши мумкин.

Улар томонидан бундай шикоят берилган бошқа ҳолларда, уни қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 291-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилади.


16. Шикоят (протест) қонун ҳужжатларига мувофиқ апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиниши (протест берилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса, шикоятни (протестни) қабул қилиш ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 2-банди, 291-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади.

ИПКга кўра, судья, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимонни рад қилиш ва ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари (ИПК 23-моддаси); ишни бошқа иқтисодий судга тегишлилиги бўйича ўтказиш (ИПК 39-моддаси); ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш (ИПК 45-моддаси); ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш (ИПК 47, 48-моддалари); мутахассисни суд мажлисида иштирок этиш учун жалб қилиш (ИПК 57-моддаси); далилларни талаб қилиб олиш ва уларни турган жойида кўздан кечириш (ИПК 69, 70-моддалари); ашёвий далилларни қайтариш (ИПК 79-моддаси); экспертиза тайинлаш ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш (ИПК 80-моддаси); суд топшириғи (ИПК 91-моддаси); суд топшириғининг ижроси (ИПК 92-моддаси); иш юритишни тиклаш (ИПК 106-моддаси); процессуал муддатларни тиклаш (ИПК 123-моддаси); процессуал муддатни узайтириш ёки узайтиришни рад этиш (ИПК 124-модда); келишув битимини тасдиқлашни рад этиш (ИПК 134-моддаси); суд буйруғини бекор қилиш (ИПК 147-моддаси); даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш (ИПК 153-моддаси); даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, даъво талаблари миқдорини кўпайтиришни ёки камайтиришни, даъвогарнинг даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш (ИПК 157-моддаси); ишларни бирлаштириш (ИПК 158-моддаси); талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш (ИПК 159-моддаси); қарши даъвони қабул қилиш (ИПК 161-моддаси); ишни суд муҳокамасига тайёрлаш (ИПК 162-моддаси); ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаларини ҳал этиш (ИПК 169-моддаси); суд муҳокамасини кейинга қолдириш (ИПК 171-моддаси); қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишни рад этиш (ИПК 189-моддаси); қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иш юритишга қабул қилиш (ИПК 330-моддаси) ҳақидаги ажримлар, шунингдек, суд буйруғи (ИПК 143-моддаси) ва ижро варақаси (ИПК 336-моддаси) устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят (протест) қилинмаслиги инобатга олиниши лозим.


17. Шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати тикланиши рад этилганлиги сабабли (ИПК 268-моддаси биринчи қисмининг 4-банди, 291-моддаси биринчи қисмининг 4-банди) уни қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш нима сабабдан рад этилганлиги асослантириб берилиши, ажримнинг хулоса қисмида эса, ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилганлиги кўрсатилиши керак.

Шикоятни иш юритишга қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримда, шунингдек, шикоятни беришда тўланган давлат божининг қайтарилиши ва бу тўғрисида маълумотнома берилиши кўрсатилиши лозим.


18. Судларга тушунтирилсинки, шикоятда уни имзолаган шахснинг фамилияси тўлиқ, исми ёки исми ва отасининг исмининг бош ҳарфлари кўрсатилган бўлса, шикоятни ИПК 269-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига ҳамда 292-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтариш, агар шикоят иш юритишга қабул қилинган бўлса, уни ИПК 272-моддасининг биринчи қисми ҳамда 295-моддасининг биринчи қисмига асосан кўрмасдан қолдириш учун асос бўлмайди.

Апелляция, кассация шикояти (протести) электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши мумкин. Шикоятдаги (протестдаги) электрон рақамли имзо айни бир вақтнинг ўзида қўлда қўйилган имзо билан бир хил аҳамиятга эгадир.

Бунда судларнинг эътибори электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборот тизимида тасдиқланишига ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборот тизимида электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганлиги шикоятни (протестни) имзоланмаган деб баҳолаш учун асос бўлишига қаратилсин.


19. ИПК талабларига кўра, агар шикоят (протест) ҳал қилув қарорини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса, шикоят (протест) апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан қайтарилади. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, агар шикоят (протест) қайд этилган асос билан қайтарилса, суд ажримида шикоят (протест) ҳал қилув қарорини қабул қилган суд орқали берилиши лозимлиги кўрсатилиши керак.


20. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, агар шикоятни (протестни) қайтариш учун бир нечта асослар мавжуд бўлса, суд ажримида ушбу асосларнинг ҳар бири кўрсатиб ўтилиши ва улар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс апелляция, кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилиши керак.


21. Судларга тушунтирилсинки, апелляция, кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр ИПК 270-моддасининг биринчи қисми ва 293-моддасининг биринчи қисмида белгиланган муддат ўтганидан кейин, аммо шикоят (протест) бўйича якуний қарор қабул қилингунга қадар берилган бўлса, ушбу ёзма фикр қабул қилиниши ва унга тегишли баҳо берилиши лозим.


22. Апелляция ва кассация инстанцияси судлари ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида ИПК 271-моддасининг биринчи қисми ва 294-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, берилган илтимосномани муҳокама қилишда иш ҳолатларини ва илтимосномада келтирилган важларни ўрганиши лозим. Агар суд аризачининг важларини асослилиги ҳақида хулосага келса, у бундай илтимосномани қаноатлантиришга ҳақли.

Суд ҳужжатининг ижроси апелляция, кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин. Бундай ҳолда судлар шуни инобатга олиши лозимки, шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижасида ҳал қилув қарори кучида қолдирилган бўлса, унинг ижросини давом эттириш (тиклаш) юзасидан алоҳида ҳужжат қабул қилинмайди.


23. Апелляция ва кассация инстанцияси судларида ИПК 101 ва 102-моддаларида назарда тутилган иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги қоидалар қўлланилади.

Бунда судлар шуни эътиборга олиши лозимки, ИПК 101-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганида суд иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур. ИПК 102-моддасида қайд этилган асослар мавжуд бўлганида эса, иш юритишни тўхтатиб туриш масаласи суд томонидан ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал этилади. ИПК 101-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида белгиланган нормани қўллашда шуни назарда тутиш керакки, суд иш юритишни ушбу ишни конституциявий, фуқаролик, иқтисодий, жиноят ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ёки масала бўйича қаpop қабул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаган ҳолда тўхтатиб туришга мажбур. Кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса-да, улар ишни кўришга тўсқинлик қилмаса, иш бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш мумкин эмас.


24. Шикоятдан (протестдан) воз кечилганда апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилади.

Протест чақириб олинганлиги муносабати билан у бўйича иш юритиш тугатилганлиги ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни қонунда белгиланган муддатларда апелляция, кассация шикояти бериш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


25. Судлар шуни эътиборга олиши лозимки, агар ишда тараф бўлган юридик шахс апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса, шикоят (протест) бўйича иш юритиш ИПК 273-моддаси биринчи қисмининг 6-банди ва 296-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан тугатилади.

Агар ишни апелляция, кассация инстанцияси судида кўриш жараёнида ишда тараф бўлган юридик шахс биринчи инстанция суди томонидан суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилганлиги аниқланса, ушбу асос билан шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда суд ҳужжати бекор қилинади ва иш юритиш ИПК 110-моддасининг 4-бандига асосан тугатилади.


26. ИПК 273-моддасининг иккинчи қисми ва 296-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар апелляция, кассация шикоятида (протестида) биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар билдирилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси суди шикоятнинг (протестнинг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади.

Бунда янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек, биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан билдирилган талаблар тушунилади.


27. Апелляция, кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида ИПК 34 ва 35-бобларида белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда биринчи инстанция судида ишни кўриш қоидалари бўйича кўриб чиқади.

Апелляция, кассация инстанцияси судида, жумладан, бошқа жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб қилиш (ИПК 44-моддаси), ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни алмаштириш (ИПК 45-моддаси), учинчи шахсларни ишда иштирок этишга жалб қилиш (ИПК 47, 48-моддалари), даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини ўзгартириш (ИПК 157-моддаси), ишларни битта иш юритишга бирлаштириш (ИПК 158-моддаси), талабларни бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш (ИПК 159-моддаси), қарши даъвони тақдим этиш (ИПК 161-моддаси), шунингдек, қонунда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.


28. Апелляция, кассация инстанцияси судининг мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, шикоятни (протестни) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди.

Жамият ёки давлат манфаатларини кўзлаб қўзғатилган ишлар бўйича суд мажлисида прокурорнинг иштироки шартлигидан келиб чиқиб, бундай ишлар бўйича суд мажлисини ўтказиш жойи ва вақти тўғрисидаги суд ажрими қонунда белгиланган тартибда прокурорга юборилиши лозим.


29. Судлар шуни инобатга олиши лозимки, апелляция, кассация шикояти (протести) ИПК 277-моддасининг биринчи қисми ва 300-моддасининг биринчи қисмида белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши лозим.

Алоҳида ҳолларда апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати суд раиси томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

ИПК 171-моддаси талабидан келиб чиқиб, ушбу нормада белгиланган асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина, апелляция, кассация шикояти (протести) бўйича суд муҳокамаси ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қолдирилиши мумкин.

Шуни эътиборга олиш лозимки, суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони уч мартадан ошмаслиги лозим.


30. Судлар ИПК 278-моддасининг 5-банди ва 301-моддасининг 3-банди нормаларини қўллашда шуни инобатга олиши лозимки, ҳал қилув қарори ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида қабул қилинган бўлсагина, ушбу нормада кўрсатилган асос билан ишни янгидан кўриш учун юбориш мумкин.


31. Суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш деганда, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи ва (ёки) хулоса қисмига ўзгартиришлар киритиш тушунилади.

Янги қарор деганда, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суднинг хулосасини жиддий ўзгартирадиган қарор қабул қилиниши тушунилади.


32. Апелляция, кассация инстанцияси судлари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари ИПК 279 ва 302-моддаларида белгиланганлигига эътибор қаратиши лозим. Бунда судлар шуни инобатга олиши лозимки, биринчи инстанция суди томонидан ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларининг қўлланилганлиги ҳам моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб баҳоланади.

Шу билан бирга назарда тутиш керакки, айрим қонун ҳужжатларида муносабатлар вужудга келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилиши назарда тутилиши мумкин.

Бундай ҳолда суд томонидан ўз кучини йўқотган ёки ўзгартирилган қонун ҳужжатлари қўлланилганлиги моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаш ҳисобланмайди.


33. Апелляция, кассация инстанцияси судининг қарори ИПК 280 ва 303-моддалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Апелляция, кассация инстанцияси судининг қарорида шикоятда (протестда) баён қилинган ҳар бир важга баҳо берилиши керак.

Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, даъвони тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёки иш юритиш тугатилса ёхуд даъво кўрмасдан қолдирилса, апелляция, кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундирув тўлиқ ёки қисман бекор қилиниши кўрсатилади.


34. Апелляция ва кассация инстанцияси судлари шуни инобатга олиши лозимки, биринчи инстанция суди ажрими устидан апелляция, кассация тартибида шикоят (протест) бериш ва кўриш суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция, кассация шикояти (протести) бериш ва кўриш учун ИПК 34 ва 35-бобларида назарда тутилган қоидалар бўйича амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий суд судьяси

И. Алимов