Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонуни нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 07.02.2020 й. 64-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 7 февралдаги

64-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва

Марғилон шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг

"Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги

Қонуни нормаларини апробация қилиш юзасидан

ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Вақтинчалик низом Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида Ўзбекистон Республикасининг "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонуни нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент (кейинги ўринларда ҳуқуқий эксперимент деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ҳуқуқий эксперимент даврида Ўзбекистон Республикасининг "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонуни нормаларида белгиланган тартиб-таомилларнинг муддатлари ушбу Вақтинчалик низомда қисқартирилган.


3. Мазкур Вақтинчалик низомнинг амал қилиши кўп квартирали уйнинг мулкдори битта юридик ёки жисмоний шахс бўлганда татбиқ этилмайди.



2-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ

БОШҚАРИШ УСУЛЛАРИ


4. Кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари (кейинги ўринларда жойларнинг мулкдорлари деб аталади)нинг умумий йиғилишида белгиланади.


5. Кўп квартирали уйни бошқариш:

бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан;

юридик шахс бўлган бошқарувчи ташкилот томонидан ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган бошқарувчи (кейинги ўринларда бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи деб аталади) томонидан шартнома асосида;

битта ёки зич жойлашган бир нечта кўп квартирали уйда турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорларини бирлаштирувчи уй-жой мулкдорлари ширкати бўлган нотижорат ташкилот (кейинги ўринларда ширкат деб аталади) томонидан амалга оширилиши мумкин.


6. Жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиши кўп квартирали уйнинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.


7. Ҳар йилги умумий йиғилиш календарь йил тугаганидан кейин ўттиз кундан кечиктирмай чақирилади.


8. Навбатдан ташқари умумий йиғилиш кўп квартирали уйни бошқариш органининг ташаббуси билан ёки жойларнинг мулкдорларини камида ўн фоизининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.


9. Жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиши ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида хабардор қилиш йиғилиш ташаббускорлари томонидан умумий йиғилиш ўтказилишидан камида ўн кун олдин амалга оширилади.


10. Жойларнинг мулкдорларини умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш тегишли эълонни уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига илиб қўйиш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.


11. Жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик шахсларни хабардор қилиш тегишли хабарни буюртма хат билан юридик манзилга юбориш, электрон хабар қилиш ёки хабарни ваколатли вакилга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.


12. Кўп квартирали уйларни бошқариш фуқаролар учун қулай ва хавфсиз яшаш шароитларини таъминлаши керак.


13. Кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилганда умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича уй-жой-коммунал соҳасидаги ташкилотлар билан хизматлар кўрсатишга доир шартнома жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида кўп квартирали уй кенгашининг раиси томонидан тузилади. Бунда учинчи шахслар билан муносабатларда кўп квартирали уйнинг мулкдорлари номидан жойларнинг мулкдорлари умумий йиғилиши ваколат берган бир ёки бир неча жой мулкдори иштирок этишга ҳақли.


14. Жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддатда умумий йиғилишда кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Бундай қарор қабул қилингунига қадар мулкдорлар умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавоб беради.



3-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙНИ БОШҚАРИШ

УЧУН ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


15. Ушбу Вақтинчалик низомнинг 14-бандида кўрсатилган муддат мобайнида жойларнинг мулкдорлари томонидан кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса ёки кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисида қабул қилинган қарор амалга оширилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади) кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича бир ойлик муддатда очиқ танлов ўтказади.


16. Кўп квартирали уйни бошқариш учун очиқ танлов ушбу Вақтинчалик низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


17. Ваколатли давлат органи бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборотни икки кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштиради.


18. Умумий мол-мулкни бошқариш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун танлов асосида юридик ҳамда жисмоний шахслар билан шартнома тузиш умумий йиғилиш қарори асосида амалга оширилади.


19. Кўп квартирали уйни бошқариш учун очиқ танлов қуйидаги принципларга асосланади:

танловда иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиш;

ҳалол рақобат;

танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборотни олиш эркинлиги.


20. Ваколатли давлат органи танлов тўғрисида эълон қилинган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай танлов комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилади, унинг таркиби ва иш тартибини белгилайди.


21. Танлов комиссияси таркиби камида етти кишидан иборат бўлиши керак.

Танлов комиссияси таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ваколатли давлат органи вакиллари ва жойларнинг мулкдорлари киритилади.


22. Танлов комиссияси, агар унда комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


23. Танлов комиссиясини ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, янги мажлис ўтказиладиган сана эълон қилинади.

Танлов комиссиясининг қарори у қабул қилинган кунда баённома билан расмийлаштирилади ва комиссия аъзолари томонидан имзоланади.


24. Ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган танлов ҳужжатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

кўп квартирали уйнинг кадастр паспорти;

кўп квартирали уй умумий мулкининг ҳолати тўғрисидаги далолатнома;

кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг лойиҳаси.


25. Талабгор танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига ахборот жойлаштирилгандан кейин ваколатли давлат органига ўн беш кун муддатда электрон ёки қоғоз шаклида буюртма беради.

Буюртма қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили ва жойлашган жойи;

якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойи, шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

телефон рақами;

банк реквизитлари.


26. Буюртма танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича электрон тарзда ёки талабгорнинг ҳохишига кўра қоғоз шаклида тақдим этилади.


27. Танловда қатнашиш учун тушган ҳар бир электрон ва қоғоз шаклидаги буюртма рўйхатга олинади ва талабгорнинг талаби билан буюртмани олганлик тўғрисида тилхат берилади.


28. Агар танловда иштирок этиш учун бирорта ҳам буюртма тушмаса, танлов комиссияси буюртма беришнинг тугаган муддатидан бошлаб беш кун мобайнида умумий тартибда қайта очиқ танлов ўтказиш тўғрисида эълон беради.


29. Танлов комиссияси беш кун муддатда талабгорлар томонидан берилган таклифларни баҳолаш учун навбатма-навбат кўриб чиқади ва натижалар асосида ғолибни аниқлайди.

Таклифларни кўриб чиқиш баённома билан расмийлаштирилади.


30. Таклифларни кўриб чиқиш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

талабгорлар таклифлари кўриб чиқилган жой ва сана;

ҳозир бўлган танлов комиссияси аъзоларининг ва талабгор ёки унинг вакиллари таркиби ҳақида;

талабгорларнинг таклифларини рад этишнинг аниқ сабаблари ҳақида;

танлов ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида;

танлов ғолибининг номи (юридик шахс учун), фамилияси, исми, отасининг исми (якка тартибдаги тадбикор учун), яшаш жойи (почта манзили).


31. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси танлов комиссиясида иштирок этган аъзолар томонидан имзоланади ҳамда ундан олинган кўчирма у имзоланган кундан эътиборан икки кун ичида ваколатли давлат органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


32. Талабгор таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг ваколатли органга танлов натижалари бўйича тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Ваколатли давлат органи бундай сўров тушган санадан эътиборан уч кун ичида талабгорга тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.


33. Бошкарув ташкилотини ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танловни ўтказиш xаражатлари ваколатли давлат органи маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


34. Кўп квартирали уйларни бошқариш шартномаси беш кун мобайнида танлов ғолиби бўлган бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилади.


35. Кўп квартирали уйларни бошқариш шартномаси камида бир йил ва кўпи билан беш йилгача бўлган муддатга тузилади.


36. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномаси бўйича бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи жойларнинг мулкдорлари топшириғига кўра умумий мол-мулкни бошқариш, лозим даражада сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш бўйича келишилган муддат ичида ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш, кўп квартирали уйни бошқариш мақсадига эришишга қаратилган бошқа фаолиятни амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.



4-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ САҚЛАШ

УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ХИЗМАТЛАР ВА

ИШЛАРНИНГ МИНИМАЛ РЎЙХАТИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


37. Кўп квартирали уйларни талаб даражасида сақлаш учун зарур хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат томонидан шакллантирилади.


38. Ҳар бир кўп квартирали уйга тааллуқли хизматлар ва ишлар рўйхати қуйидагиларни инобатга олган ҳолда белгиланади:

кўп квартирали уйнинг тузилмавий элементлари;

истеъмолчиларга ички муҳандислик тизимлари орқали керак бўладиган коммунал хизматлар таъминланиши мумкин бўлган ички муҳандислик тизимларининг мавжудлиги ва таркиби;

кўп квартирали уйга хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш учун мўлжалланган, ушбу уйни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш элементлари ва кўп квартирали уйга туташ ер участкасининг мавжудлиги;

кўп квартирали уй жойлашувида геодезик ва табиий иқлим шароити.


39. Хизматлар ва ишлар рўйхатида назарда тутилган хизматларнинг тақдим этилишини ва ишларнинг бажарилишини таъминлаш учун кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотлар, бошқарувчи ва ширкат қуйидаги мажбуриятларни амалга оширади:

авария-тиклаш хизматини таъминлаш;

белгиланган тартибда кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини сақлаш ва олиб бориш;

кўп квартирали уйни сақлаш ва таъмирлаш учун режалаштирилган жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича таклифларни амалга ошириш ҳамда уларни ваколатли орган эътиборига етказиш;

турар жой биноларини сақлаш ва таъмирлашга мўлжалланган тўловларни йиғиш бўйича ишларни ташкил этиш.



5-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ БОШҚАРИШ

ОРГАНИНИНГ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДАГИ

МАЪЛУМОТЛАРНИ ОШКОР ҚИЛИШ

ТАРТИБИ


40. Кўп квартирали уйни бошқариш бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчи томонидан бошқарилганда, улар томонидан қуйидаги маълумотлар ошкор қилиниши керак:

а) бошкарувчи ташкилот ва бошқарувчининг маъмурий биносида кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга:

бошқарувчи ташкилот номи ва бошқарувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, жойлашган жойи (почта манзили), телефон рақамлари ва электрон почта манзили;

бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчининг иш тартиби.

Ўзгаришлар юз берганда, ушбу маълумотлар ўзгартирилган кундан бошлаб икки иш куни ичида ошкор килиниши керак;

б) кўп квартирали уйнинг барча кириш жойларида ёки кўп квартирали уй жойлашган ер участкасида жойлашган эълонлар таxтасида:

мазкур банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган маълумотлардан ташқари бошқарувчи ташкилот мансабдор шахслари ва бошқарувчининг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан аттестациядан ўтказилганлиги ҳамда уларга кўп квартирали уйларни бошқариш учун малака сертификати берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

қилинадиган ишлар, асбоб-ускуналарни текшириш, таъмирлаш ишлари, жойларнинг мулкдорларига ва фойдаланувчиларга ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган бошқа тадбирлар ҳақида xабар бериш ёки бундай тадбирларни ўтказиш вақти тўғрисидаги маълумотлар.

Ўзгаришлар юз берганда, ушбу маълумотлар ўзгартирилган кундан бошлаб икки иш куни ичида ошкор килиниши керак.


41. Агар кўп квартирали уйни бошқариш ширкат томонидан амалга оширилса, улар қуйидаги маълумотларни ошкор қилишлари керак:

а) кўп қаватли уйнинг барча кириш жойларида ёки кўп каватли уй жойлашган ер участкасида жойлашган эълонлар таxтасида:

ширкатнинг номи, жойлашган жойи (почта манзили), телефон рақамлари, электрон почта манзили ва иш тартиби;

бошқарув раислари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан аттестациядан ўтказилганлиги ҳамда уларга кўп квартирали уйларни бошқариш учун малака сертификати берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

қилинадиган ишлар, асбоб-ускуналарни текшириш, таъмирлаш ишлари, жойларнинг мулкдорларига ва фойдаланувчиларга ноқулайлик туғдириши мумкин бўлган бошқа тадбирлар ҳақида xабар бериш ёки бундай тадбирларни ўтказиш вақти тўғрисидаги маълумотлар.

Ўзгаришлар юз берганда, ушбу маълумотлар ўзгартирилган кундан бошлаб икки иш куни ичида ошкор килиниши керак.


42. Бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларга ошкор қилинадиган аxборотларнинг сақланишини таъминлайдилар, ўз аҳамиятини йўқотган ахборотлар бундан мустасно.


43. Бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат жойларнинг мулкдорлари ва ижарачилар томонидан ушбу Вақтинчалик низомнинг 40 ва 41-бандларида назарда тутилган ахборотлар бўйича сўров тушганида беш иш куни мобайнида тақдим этилишини таъминлайди.



6-БОБ. АВАРИЯ-ТИКЛАШ XИЗМАТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


44. Бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат кўп квартирали уйларда авария-тиклаш xизмати фаолиятини бевосита ёки авария-тиклаш xизмати фаолиятини амалга оширувчи ташкилот (кейинги ўринларда авария-тиклаш xизмати деб аталади) билан шартнома тузиш орқали ташкил этади.


45. Авария-тиклаш xизмати кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланишдаги муҳандислик тизимларининг ишларини ҳар куни (жорий) назорат қилади.


46. Жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларнинг уй ичидаги муҳандислик тизимларининг шикастланганлиги тўғрисидаги аризаларини рўйхатга олади ва уларнинг бартараф этилишини амалга оширади.

Фавқулодда вазиятлар ёки уларнинг юзага келиши xавфи пайдо бўлган тақдирда фуқароларнинг xавфсизлигини таъминлаш учун белгиланган тартибда тезкор чоралар кўради.


47. Авария-тиклаш xизматининг фаолияти меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ сменалар бўйича амалга оширилади.

Муҳандислик асбоб-ускуналари ишини узлуксиз назорат қилиш натижасида олинган маълумотлар авария-тиклаш xизмати томонидан тегишли журналларда, шу жумладан, электрон ҳужжатлар шаклида акс эттирилади.


48. Авария-тиклаш xизмати куйидагиларни таъминлайди:

кўп квартирали уйларда сув чиқариш ва чиқинди сув ўтказгичларнинг ички муҳандислик тизимидаги тўсиқларни дархол бартараф этиш;

совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сув чиқариш ва ички иситиш ва электр таъминоти тизимларининг ички муҳандислик тизимларидаги авария оқибатида вужудга келган камчиликларни бартараф этиш.


49. Жойларнинг мулкдорлари ва ижарачилар бошқарувчи ташкилотга, бошқарувчига ва ширкатга авария-тиклаш xизматини амалга ошириш учун бино учун теxник ҳужжатлар тўпламини тақдим этадилар.


50. Авария-тиклаш xизмати жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларнинг аризаларини қабул қилади ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни амалга оширади.


51. Аризалар авария-тиклаш xизматига, шу жумладан, телефон алоқаси орқали, кўп квартирали уйлар ва лифт кабиналарининг кириш жойларида ўрнатиладиган музокара қурилмалари ёки бошқа алоқа воситалари орқали амалга оширилиши мумкин.


52. Аризаларни рўйxатга олиш кўп квартирали уйларда ёки бундай аризаларни автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимида (агар мавжуд бўлса) жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларнинг аризалари журналида амалга оширилади.


53. Авария-тиклаш xизмати журналлари сақланиши ҳамда жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларнинг талаби билан таништирилиши таъминланиши шарт.



7-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙГА ТЕXНИК

ХУЖЖАТЛАРНИ ВА БУНДАЙ КЎП КВАРТИРАЛИ

УЙНИ БОШКАРИШ БИЛАН БОҒЛИК БОШКА

ХУЖЖАТЛАРНИ, ТЕXНИК ВОСИТАЛАР ВА

УСКУНАЛАРНИ ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


54. Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганлиги ёки бундай шартнома муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулки билан боғлиқ теxник ва бошқа ҳужжатлар, теxник воситалар ва ускуналар жойларнинг мулкдорлари томонидан танланган бошқарувчи ташкилотга, бошқарувчига, ширкатга ёки жойларнинг мулкдорлари йиғилиши қарорида кўрсатилган бошқа шахсларга топшириш-қабул қилиш далолатномаси орқали топширилиши мумкин.


55. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уйнинг теxник ҳужжатлари ва кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни шартнома тузилган кундан бошлаб ўн кундан кечиктирмай бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчига тақдим этади.


56. Кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулки таркибига қуйидагилар киради:

кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар;

квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар;

даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар;

уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари;

кўп квартирали уйларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар.


57. Мазкур Вақтинчалик низомнинг 55-бандида назарда тутилган ҳужжатлар топширилиши вақтида долзарб ҳолатда бўлиши ҳамда жойларнинг мулкдорлари умумий мулкининг таркиби ва ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.


58. Агар кўп квартирали уйларни бошқариш усули ўзгариши муносабати билан бир ёки бир неча ҳужжатлар йўқолган тақдирда уларни тиклаш чоралари бир ой муддатда амалга оширилади.


59. Кўп квартирали уйдаги теxник ҳужжатларни ва ушбу уйларни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни топшириш қабул килиш далолатномасига мувофиқ амалга оширилади.

Далолатномада тузилиш санаси, жойи ва топширилаётган ҳужжатлар рўйхати хақидаги маълумот бўлиши керак.


60. Кўп квартирали уйлар учун теxник ҳужжатлар ва бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар ҳамда теxник воситаларни қабул қилишда мавжуд келишмовчиликлар топшириш ва қабул қилиш далолатномасида акс эттирилади.

Далолатноманинг нусхаси ваколатли давлат органига топшириш ва қабул қилиш далолатномаси томонлар томонидан имзоланган кундан бошлаб уч кун мобайнида юборилиши керак.



8-БОБ. КЎП КВАРТИРАЛИ УЙНИ БОШҚАРИШДА

ЖОЙЛАРНИНГ МУЛКДОРЛАРИ ВА ИЖАРАЧИЛАР

БИЛАН БОШҚАРУВЧИ ТАШКИЛОТ, БОШҚАРУВЧИ

ВА ШИРКАТНИНГ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


61. Бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорлари ва ижарачилар билан шаxсий мурожаат қилиш имкониятини яратиш орқали ўзаро ҳамкорликни таъминлаши шарт.

Бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат ўзи томонидан бошқариладиган кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорлари мурожаатларини ҳамда кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиши керак.


62. Бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат бир ойда камида бир марта жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларни қабул қилиши керак.

Жойларнинг мулкдорлари ва ижарачиларни қабул қилиш бошқарувчи ташкилот, бошқарувчи ва ширкат раҳбари ёхуд бошқа масъул ходимлар томонидан амалга оширилади.

Қабул натижаси шаxсий қабул журналида кайд этилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


63. Ушбу Вақтинчалик низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


64. Ушбу Вақтинчалик низом фақат Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида 2020 йил 1 майгача амал қилади.






Вақтинчалик низомга

ИЛОВА



Кўп квартирали уйни бошқариш

учун очиқ танлов ўтказиш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси

Кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш.

бир ой

2-босқич

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси


Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш.

  

икки кун

  

3-босқич

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси


Очиқ танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган кундан бошлаб танлов комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш, унинг таркиби ва иш тартибини белгилаш.

беш кун

4-босқич

Жисмоний ва юридик шахслар


Очиқ танловда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига ахборот жойлаштирилгандан кейин ваколатли органга электрон ёки қоғоз шаклида буюртма бериш.

ўн беш кун

5-босқич


Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси


Танловда иштирок этиш учун буюртма тушмаган тақдирда қайта очиқ танлов ўтказиш.


беш кун

6-босқич


Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси


Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари асосида ғолибни аниқлаш ва баённомани расмийлаштириш.


беш кун


7-босқич

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси

Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасидан кўчирмани Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш.


икки кун







8-босқич


Кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорлари


Танлов ғолиби бўлган бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги шартномани тузиш.


беш кун

9-босқич


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорлари

Кўп квартирали уйнинг теxник ҳужжатлари ва кўп квартирали уйни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни бошқарувчи ташкилотга ёки бошқарувчига тақдим этиш.

ўн кун

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 8 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 10 февраль, 5-сон, 51-модда