Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.02.2020 й. ПҚ-4594-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3818-сон қарорига қўшимча киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.02.2020 й.

N ПҚ-4594



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2018 ЙИЛ 29 ИЮНДАГИ

"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ТАШҚИ

ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАРТИБГА

СОЛИШ ҲАМДА БОЖХОНА-ТАРИФ ЖИҲАТДАН

ТАРТИБГА СОЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА"ГИ ПҚ-3818-СОН

ҚАРОРИГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ва "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш бўйича ишларни такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3818-сон қарорининг 3-банди тўртинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

"Бунда, 2020 йил 1 августдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари (истеъмол қадоқларига эга бўлмаган товарлардан ташқари) ишлаб чиқарувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида (лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида) маркировка қилинмаган тақдирда, мазкур товарларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно".


2. "Ўзстандарт" агентлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 17 февраль, 6-сон, 60-модда