Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Умумий ўрта таълим мактабларнинг ҳарбий-ватанпарварлик синфлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.04.2020 й. 237-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 17 апрелдаги

237-сон қарорига

2-ИЛОВА



Умумий ўрта таълим мактабларнинг

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим мактабларидаги (кейинги ўринларда - мактаблар) ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг мақсади ва асосий вазифаларини, ҳарбий-ватанпарварлик синфларига ўқувчиларни қабул қилиш ва ўқишдан четлатиш, ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида таълим жараёни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (кейинги ўринларда - Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги) томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда - Миллий гвардия) билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.


2-БОБ. ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК СИНФЛАРИНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

3. Умумий ўрта таълим фанлари доирасида ҳарбий-ватанпарварлик йўналиши бўйича ўқувчиларнинг чуқур таълим олишини таъминлаш ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг мақсади ҳисобланади.

4. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга ва ватанпарварлик туйғусига эга интеллектуал ривожланган ёшларни тарбиялаш;

она Ватан келажаги учун ўзига масъулиятни оладиган, Ватан шаънини ҳимоя қилишга тайёр, мустаҳкам қараш ва қатъий фуқаролик позициясига эга ўқувчи-ёшларни тайёрлаш;

ўқувчиларда ҳарбий бурч ва ҳарбий хизматни адо этишда зарур бўладиган профессионал ҳарбий ва ижодий кўникмаларни шакллантириш;

таълим олувчиларни "Темурбеклар мактаблари" ҳарбий-академик лицейлари ва Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли ва чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлаш.


3-БОБ. ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК СИНФЛАРИГА

ЎҚУВЧИЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚИШДАН

ЧЕТЛАТИШ ТАРТИБИ

5. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига мактабларнинг 6-синфини муваффақиятли якунлаган, чуқурлаштириб ўқитиш белгиланган ўқув фанларидан муайян қобилиятини кўрсата олган ўғил ва қиз болалар (кейинги ўринларда - номзод) танлов натижалари асосида қабул қилинади.

Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига номзодларни танлаб олиш ва ўқишга қабул қилиш мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.

6. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактабларнинг раҳбарияти ҳар йили 1 июнга қадар танлов ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон беради.

7. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактабларда ҳужжатларни қабул қилиш, расмийлаштириш, жисмоний тайёргарлик бўйича синовлар ўтказиш, тест синовини ўтказиш учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда ота-оналарнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида қабул комиссияси (кейинги ўринларда - қабул комиссияси) тузилади.

Қабул комиссияси таркиби 7 нафардан кам бўлмаган тоқ миқдорда ташкил этилиб, унинг таркибига ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактаб директори, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари вакиллари, мактаб ўқитувчилари ҳамда Миллий гвардия ҳудудий бўлинмаларининг масъул вакили киритилади.

Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактаб директори комиссия раиси ҳисобланади.

8. Номзодларнинг ҳарбий-ватанпарварлик синфларига кириш учун тегишли ҳужжатлари 1-20 июль кунлари қабул қилинади.

9. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига номзодлар қабули бўйича маълумотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 21 июлга қадар умумлаштирилиб, Миллий гвардияга маълумот учун тақдим этилади.

10. Танловда иштирок этиш учун номзодлардан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактаб директори номига ариза;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;

психоневрологик, силга қарши ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, электрокардиография текшируви (ЭКГ) бўйича тиббий маълумотномалар;

3x4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;

фанларни ўзлаштириши тўғрисида ўқиш жойидан директор томонидан тасдиқланган маълумотнома;

ўқиш жойидан тавсифнома;

жисмоний тарбия ва спорт йўналиши бўйича ўқувчининг эришган ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатидан (фахрий ёрлиқ, сертификат, диплом каби, агар улар мавжуд бўлса) кўчирма.


11. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига кириш учун жисмоний тайёргарлик синовлари 21 июль - 5 август, тегишли фанлар йўналиши бўйича тест синовлари 15-25 август кунлари оралиғида ўтказилади.

12. Қабул комиссияси томонидан тасдиқланган жадвал асосида мурожаат қилувчиларга маслаҳат бериб борилади.


13. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига тегишли фанлар бўйича тест синовлари ҳамда жисмоний тайёргарлик синовлари қабул комиссияси томонидан ўтказилади.

14. Тест синови ҳамда жисмоний тайёргарлик синови материаллари ва методикаси етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади.

15. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига қабул қилиш бўйича танлов тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилади.

16. Жисмоний тайёргарлик бўйича синовда умумий ўрта таълимнинг 6-синфлар ўқув дастури доирасида ҳар бир номзодга 5 тадан жисмоний машқлар берилади. Жисмоний тайёргарлик бўйича синов 100 баллик тизимда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ баҳоланади.

Якунлари бўйича 70 ва ундан юқори балл тўплаган номзодлар тест синовларига қўйилади.


17. Жисмоний тайёргарлик синовларига келмаган номзодлар учун қўшимча синовлар ўтказилмайди.


18. Номзодлар уч тилдан - ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирини шахсан танлаган ҳолда умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари доирасида тест синовлари топширадилар.


19. Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.


20. Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақти қабул комиссияси томонидан белгиланади.


21. Тест топшириқлари умумий ўрта таълим фанларига қўйилган (5-6-синфлар кесимида) давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.

Тест топшириқлари китобида ҳар бир фан (тарих, математика, она тили) учун 10 та топшириқ белгиланади. Умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Тарих фанидан битта тўғри жавобга 4 балл, математика ва она тили фанларидан битта тўғри жавобга 3 балл қўйилади.

Номзодга тест топшириқларини бажариш бўйича ҳар бир савол учун 3 дақиқа вақт берилади.

Жавоблар варақасини тўлдириш учун номзодга белгиланган вақт меъёридан ташқари қўшимча 10 дақиқа вақт ажратилади.


22. Жисмоний тарбия ва спорт йўналишида республика ва халқаро миқёсда муваффақиятга эришган ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик натижаларига максимал баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшилади.


23. Номзодларнинг танловдаги кўрсаткичлари тенг бўлиб қолган ҳолларда қуйидагилар имтиёзга эга бўлади:

ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

спорт йўналишида вилоят, республика ва халқаро миқёсда ютуқларга эришган ўқувчилар;

кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари.

Мазкур банд бўйича кўрсаткичлар тенг бўлиб қолганда жисмоний тайёргарликдан қўшимча синов ўтказилиши мумкин.


24. Жисмоний тайёргарлик ва тест синовларини топширган номзодлар орасидан баллар йиғиндиси бўйича кетма-кетликда камайиш тартибида 30 нафари қабул қилинади.


25. Танловнинг якуний натижалари 25 август куни қабул комиссияси томонидан ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактабларнинг эълонлар тахтасига осиб қўйилади.

26. Танловдан ўтмаган номзодларнинг ҳужжатлари ота-оналарига қайтариб берилмайди.


27. Танловни ўтказиш жараёнидан норози бўлган номзодлар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар амалдаги қонунчиликка мувофиқ мурожаат этишлари мумкин.


28. Танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар 30 августга қадар ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактаб директори буйруғи асосида ўқувчилар сафига киритилади.

29. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактабнинг уставида белгиланган ички тартиб-қоидаларни бузган ҳамда қониқарсиз ўзлаштиришга эга ўқувчилар туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар билан келишилган ҳолда педагогик кенгаш қарори асосида аввал ўқиган синфи ёки мактабига (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда ҳудуддаги бошқа мактабга) қайтариб юборилади.

30. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактабда бўшаб қолган ўринларга танловда иштирок этиб, лекин қабул қилинмай қолган ўқувчилар баллар рейтинги бўйича кетма-кетликда қабул қилинади.

Агар ўкувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан рад жавоби олинса, баллар рейтинги бўйича навбатдаги юқори балл тўплаган ўқувчи чақириб олинади.

Мазкур бандда белгиланган талаблар фақатгина ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактабларнинг 7-синфи ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги бўйича қўлланилади.

31. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг 10-синфига ўтиш даврида ўқувчилар сони 30 нафардан камайганида ("Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейлари, академик лицейлар ёки касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиниш ҳисобига) қолган бўш ўринлар учун қўшимча танлов ўтказилиши мумкин.

32. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг 10-синфи учун бўш ўринларга танлов ўтказиш, 7-синфлар учун танлов ўтказиш тартиби ва муддатларига мувофиқ ўтказилади.


4-БОБ. ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК СИНФЛАРИДА

ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

33. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида таълим 7-11-синфларда кундузги таълим шаклида амалга оширилади. Таълим ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида олиб борилади.

34. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида ўқув-тарбия жараёни умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари асосида ташкил қилинади.

35. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида ўқувчилар билан дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар ўтказишда турли замонавий шакллар ва усуллардан, жумладан ўқитилаётган фанлар бўйича факультатив ва тўгарак машғулотлари ҳамда ўқувчиларни Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш тадбирларидан фойдаланилади.

36. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ўқувчилари учун ўқиш, дам олиш ва турли тадбирларни қўшиб олиб боришга қаратилган кун тартиби тузилади.

37. Ўқув йили якуни бўйича тарих, математика, она тили фанларидан кониқарсиз натижа кўрсатган ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг ўқувчилари мактаб педагогик кенгаши қарори билан мактабнинг умумий синфларига ўқишни давом эттириш учун ўтказилади.

38. Ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг (кейинги ўринларда - ота-оналар) эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг ўқувчиларини дарсдан ташқари машғулотларга тўлиқ жалб этилишига қўшимча шароитлар яратиш мақсадида шартнома асосида кузатув кенгашлари томонидан ўқувчиларни соғлом овқатлантириш ташкил этилиши мумкин.

39. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида ўқувчилар сони (ҳар бир синфда) 30 нафардан ошмаслиги лозим.

40. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларининг 9-синфини якунлаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома, 11-синфини тамомлаган ўқувчиларга умумий ўрта таълим тўғрисида аттестат берилади.

41. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларини якунлаганлик тўғрисида шаҳодатнома (аттестат) бошқа таълим муассасаларига киришда қўшимча имтиёз бермайди.


5-БОБ. ҲАРБИЙ-ВАТАНПАРВАРЛИК СИНФЛАРИДАГИ

ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ

42. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларидаги ўқув-тарбия жараёни иштирокчиларига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси;

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ташкил этилган мактаблар директорлари;

ҳарбий-ватанпарварлик синфларида дарс бераётган педагоглар.

43. Олий маълумотли, таълим муассасалари ўқитувчиларига қўйиладиган малака талабларига жавоб берувчи, юксак ахлоқий сифатларга эга бўлган шахслар ҳарбий-ватанпарварлик синфларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд ҳукми асосида педагогик фаолият билан шуғулланиш ман этилган шахсларга ҳарбий-ватанпарварлик синфларида ушбу фаолиятни юритишига йўл қўйилмайди.

44. Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида дарс бераётган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

45. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари мавжуд умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг "Халк таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида" 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Мактаб раҳбарияти ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ўқувчиларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ўқиш ва дам олиш шароитларига риоя этиши юзасидан жавоб беради.

46. Мактаб директори ҳарбий-ватанпарварлик синфлари фаолиятини назорат қилади, ўқувчиларнинг сифатли ўқитилиши ва тарбияланиши, ўқув режалари ва ўқув дастурларининг бажарилиши, ҳарбий-ватанпарварлик синфининг ўқув-методик ва молия-хўжалик фаолиятининг зарур даражада амалга оширилиши юзасидан жавоб беради.

47. Қуйидагилар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг вазифалари ҳисобланади:

Миллий гвардия билан биргаликда ҳарбий-ватанпарварлик синфларига ўқувчилар қабулини ташкил этиш;

Миллий гвардия билан келишилган ҳолда, давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳарбий-ватанпарварлик синфлари учун ўқув режа ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этиш;

ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш, илғор педагогик ва ахборот технологияларини таълим дастурлари ҳамда ўқув-тарбия жараёнига самарали жорий этиш бўйича амалий илмий-методик ёрдам кўрсатиш;

ўқув, ўқув-методик адабиётлар ва кўргазмали қўлланмалар ишлаб чиқиш, нашр этиш ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик синфларини улар билан таъминлашни ташкил этиш;

ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва эстетик тарбиялашни таъминлайдиган комплекс маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

Миллий гвардия билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ўқувчиларини аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда касбга йўналтириш;

Миллий гвардия таълим муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш ва назорат қилиш;

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари мавжуд мактабларни ўқитишнинг замонавий техник воситалари, компьютер техникаси ва тегишли ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш;

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари мавжуд мактабларнинг маъмурий, молиявий ва хўжалик фаолиятини, шунингдек моддий-техник таъминотини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Миллий гвардия ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик синфлари мавжуд мактабларнинг ўқувчилари ўртасида "Ёш гвардиячилар" танлови (ҳарбий спорт мусобақалари), аниқ фанлар, ижтимоий-гуманитар ва чет тили фанлари бўйича викториналар ўтказиш;

якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва ҳарбий-ватанпарварлик синфлари битирувчиларига шаҳодатнома (аттестат)лар бериш.

48. Қуйидагилар Миллий гвардиянинг вазифалари ҳисобланади:

ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этишда, ҳарбий мавзудаги илғор педагогик ва ахборот технологияларини таълим дастурларига ва ўқув жараёнига жорий этишда амалий методик ёрдам кўрсатиш;

чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дастурига мувофиқ ҳарбий-ватанпарварлик синфларини ҳарбий-муҳандислик асбоб-ускуналари ва кимёвий муҳофаза воситалари, ҳарбий мавзудаги ўқув ва кўргазмали қўлланмалар билан таъминлаш;

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ўқувчилари билан Миллий гвардия таълим муассасалари ва ҳарбий бўлинмалари базаларида ўқ отиш, махсус тайёргарлик бўйича (шу жумладан, дала шароитларида ҳам) амалий машғулотларни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашиш;

ҳарбий-ватанпарварлик синфлари ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириб бориш мақсадида ҳарбий-ватанпарварлик синфлари мавжуд мактабларни Миллий гвардия ҳарбий бўлинмаларига бириктириш;

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дастурини такомиллаштириш;

ҳарбий-ватанпарварлик синфларига ўқувчиларни қабул қилиш, битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси жараёнларида қатнашиш.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


49. Ҳарбий-ватанпарварлик синфлари мавжуд мактабларнинг фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

50. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига номзодларни

танлаб олиш ва ўқишга қабул қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Ижрочилар


Тадбирлар


Бажариш

муддати



I босқич

Мактаб директори


Ҳарбий-ватанпарварлик синфларига танлов ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон беради.


1 июнга қадар













II босқич

Қабул комиссияси


Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилади.


1 - 20 июль













III босқич

Қабул комиссияси


1. Жисмоний тайёргарлик синовларини ўтказади.


2. Тест синовларини ўтказади.


1. 21 июль - 5 август


2. 15 - 25 август













IV босқич

Қабул комиссияси


Кириш имтиҳонларининг якуний натижаларини эълон қилади.


25 августга қадар













V босқич

Мактаб директори


Номзодларнинг ҳарбий-ватанпарварлик синфи ўқувчилари сафига қабул қилиниши тўғрисида буйруқ чиқаради.


30 августга қадар



             





Низомга

2-ИЛОВА



Жисмоний тайёргарлик бўйича

синов натижаларини баҳолаш

МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Синов машқлари


Натижалари ва баллар


Ўғил болалар


Қиз болалар


20


15


10


5


20


15


10


5


1

60 метрга югуриш, сония


10,0

10,5

11,0

11,5

10,3

10,8

11,3

11,8

2

Югуриб келиб узунликка сакраш, см


340

310

280

270

310

270

250

230

3

1000 метрга югуриш, дақиқа


4,10

4,30

5,0

5,50

5,40

6,10

6,40

7,00

4

Тўпни улоқтириш, метр


36

30

21

15

23

18

15

12

5

Баланд турникда тортилиш, марта


6

4

3

2

-

-

-

-

6

Гардишни 1 дақиқагача белда айлантириш, марта


-

-

-

-

65

55

40

30

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 18 апрель