Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 28.04.2020 й. 08-сон "Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши муносабати билан қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.04.2020 й.

N 08



СУДЛАР ТОМОНИДАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҲУДУДИДА КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИ (COVID-19)

ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШГА ҚАРАТИЛГАН

ЧОРАЛАР ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар жорий этилиши, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек, моддий ва процессуал қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 16 мартдан бошлаб коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган махсус чоралар (карантин) жорий этилган бўлиб, бу давлат органлари ва бошқа муассасалар ишлаш тартибига, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига жиддий ўзгартиришлар киритилишига, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига, шу жумладан, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини амалга оширишга бўлган ҳуқуқлари чекланишига сабаб бўлди. Бундай чоралар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармони;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарори;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сонли фармойиши билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорлари;

бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ жорий этилди.


2. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, карантин даври ва шартлари Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорлари билан белгиланади ва расман бекор қилингунга қадар амал қилади.


3. Судларга тушунтирилсинки, карантин амал қилиши даврида даъво муддати Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 156-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларига асосан тўхтатилади.

Бунда шунга эътибор қаратиш лозимки, агар карантин даъво муддатининг охирги олти ойида жорий этилган ёки амал қилиши давом этиб турган бўлса, даъво муддатининг ўтиши тўхтатилади.

Даъво муддатининг тўхтатилишига асос бўлган карантин бекор қилинган кундан бошлаб даъво муддатининг ўтиши давом этади, бунда муддатнинг қолган қисми олти ойгача, агар даъво муддати олти ойдан кам бўлса, даъво муддатига қадар узайтирилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 333-моддасининг учинчи қисмига кўра, башарти, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган шахс фақат мажбуриятни лозим даражада бажаришга енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) туфайли имкон бўлмаганлигини исботлай олмаган ҳолдагина, жавобгар бўлади.

Шу муносабат билан судлар мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги масалани ҳал этишда (неустойка ундириш, зарарларни қоплаш, шартномани бекор қилиш ва бошқалар) мажбуриятларни бажармаслик сабабларини аниқлаши, агар мажбуриятни бажариш ёки лозим даражада бажариш карантин жорий этилиши туфайли мумкин бўлмаганлиги аниқланганда, талабни қаноатлантиришни рад этиши лозим.


5. Қонунга мувофиқ жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишларда иштирок этувчи шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган ёки суд томонидан тайинланган процессуал муддатлар ўтиши билан у ёки бу процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади.

Шу билан бирга, процессуал ҳаракатларни карантин жорий этилиши муносабати билан амалга ошириш имконияти бўлмаган ҳолларда, судлар процессуал муддатларни узрли сабабларга кўра ўтказилган муддат сифатида қонунда белгиланган тартибда узайтириш ва тиклаш масаласини ҳал этиши зарур, башарти қонун бундай муддатларни узайтириш ёки тиклашга йўл қўйса.


6. Судлар шунга алоҳида эътибор қаратиши лозимки, карантин жорий этилиши ушлаб туриш, қамоқда сақлаш, уй қамоғида бўлиш тариқасидаги процессуал мажбурлов чораларининг қонунда белгиланган муддатларини, шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш муддатлари ўтишини тўхтатмайди.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича судлар эҳтиёт чораларини қўллаш, ўзгартириш, бекор қилиш, эҳтиёт чоралари муддатларини узайтириш, касаллиги ёхуд ногиронлиги туфайли жазодан озод қилиш, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги ишлар ва материалларни ўз вақтида карантин шартларига риоя этган, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқиш чораларини кўриши лозим.


7. Тегишли процессуал қонунда назарда тутилган фуқаролик, жиноят, маъмурий, иқтисодий иш бўйича иш юритишни тўхтатиш асослари тугал эканлиги сабабли, судлар мазкур ишлар бўйича иш юритишни карантин жорий этилиши муносабати билан тўхтатишга ҳақли эмас ва уларни ўз вақтида, карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда кўриб чиқиши, бундай чоралар кўришнинг ҳамда процесс иштирокчилари иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, ишни кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.

Бунда карантин жорий этилиши муносабати билан қолдирилган ишларни кўриш муддатлари бузилиши ҳоллари судьялар айби билан йўл қўйилган деб баҳоланиши мумкин эмас.


8. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ушбу қарор 7-бандининг биринчи хатбошисида кўрсатилган қоидалар қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

буйруқ тартибида кўриладиган ишларга;

соддалаштирилган тартибда кўриладиган ишларга;

тарафлар томонидан ишни уларнинг иштирокисиз кўриш ҳақида илтимоснома берилган ишларга, башарти суд суд мажлисида тарафлар иштирок этишини шарт деб топмаган бўлса;

кечиктирмай кўрилиши талаб этиладиган бошқа ишларга.


9. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 117-моддасининг 2-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, яъни тараф даволаш муассасасида бўлганда, шунингдек, тарафлардан бирортасида судга келишга монелик қиладиган, тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланган касаллик мавжуд бўлганда, иш бўйича иш юритиш суд томонидан тўхтатилиши мумкин.


10. Судларга тушунтирилсинки, судларнинг қамоқдан ва уй қамоғидан озод қилиш тўғрисидаги ҳукмлари, ажримлари, қарорлари дарҳол ижрога қаратилиши лозим.

Карантин жорий этилгунга қадар қонуний кучга кирмаган суд қарорлари, шунингдек, карантин даврида чиқарилган ва карантин жорий этилиши муносабати билан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) суд қарорлари карантин амал қилиши бекор қилингандан сўнг ижрога қаратилади.


11. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сонли Фармонининг қоидаларини инобатга олган ҳолда:

карантин жорий этилган пайтдан бошлаб ва 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги аризалар келиб тушганда бундай аризаларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиш рад этилиши, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши лозим;

Фармон қабул қилингунга қадар қўзғатилган чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт (импорт) қилувчиларга молиявий жарималар қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича иш юритиш 2020 йил 1 октябрга қадар тўхтатилади.


12. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони қоидаларини инобатга олган ҳолда:

хўжалик юритувчи субъектлар ва божхона органлари ўртасидаги божхона имтиёзларини қўллаш масалалари бўйича низоларни кўришда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган товар Фармоннинг 1-иловасида кўрсатилган товарларга кириши ёки кирмаслиги, қурилиш материаллари коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун, товарлар эса, улар фаолият кўрсатиши учун олиб кирилганлиги аниқланиши ва унинг натижаси бўйича низо юзасидан тегишли қарор қабул қилиниши лозим;

солиқ органларининг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш тўғрисидаги даъво аризаларини кўриб чиқишда жавобгар (солиқ тўловчи) Фармон 4-бандининг "а" кичик бандида кўрсатилган субъектларга кириши ёки кирмаслиги аниқланиши, агар кирганда - солиқ тури ва солиқ ҳисобланган давр, солиқ органи томонидан қўлланилган солиқ ставкаси аниқланиши ва унинг натижаси бўйича низо юзасидан тегишли қарор қабул қилиниши лозим;

солиқ органларининг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш ҳақидаги даъво аризаларини кўришда солиқ органлари мазкур объект 2020 йил 1 апрелгача ёки ундан сўнг аниқланган бўлишидан қатъи назар 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача бўлган даврда фойдаланилмаётган объектларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллашга, 2020 йил 1 апрелга қадар оширилган ставкалар бўйича ҳисобланган мол-мулк солиғи ва ер солиғи суммасига нисбатан пеня ҳисоблашга ва мажбурий ундириш чораларини кўришга ҳақли эмаслигини назарда тутиш лозим;

солиқ органларининг якка тартибдаги тадбиркорлардан солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш ҳақидаги даъво аризаларини кўриб чиқишда солиқ органи томонидан ҳисобланган жисмоний шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ даври аниқланиши лозим, бунда назарда тутиш лозимки, 2020 йил 24 мартдан бошлаб карантин амал қилиниши бекор бўлгунга қадар кўрсатилган солиқлар ҳисобланмайди, агар якка тартибдаги тадбиркор томонидан ўз фаолиятини тўхтатилганлиги ҳақида солиқ органини хабардор қилган бўлса. Бунда судлар шуни назарда тутиши лозимки, агар бундай хабарнома солиқ органига юборилмаган бўлса, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммаси ва ижтимоий солиқ ҳисобланиши тўхтатилмайди;

карантин жорий этилган пайтдан бошлаб ва 2020 йил 1 октябргача бўлган даврда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун киритилган чеклов чоралари туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган қарздор - юридик шахснинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида аризалар келиб тушганда бундай аризаларни ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиш рад этилиши, агар ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш бўйича иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилиши лозим. Ушбу қоида банкротликнинг соддалаштирилган тартибида иш қўзғатиш ҳақидаги аризаларга, шунингдек, кўрсатилган чеклов чоралари киритилгунга қадар молиявий қийинчиликларга дуч келган қарздор - юридик шахснинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризаларга нисбатан татбиқ этилмайди;

давлат корхоналари - давлат мулкларини ижарага бериш марказларининг ижара тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги даъво аризаларини кўришда қарздорлик юзага келган давр аниқланиши лозим. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, агар карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини ижарачи - тадбиркорлик субъекти томонидан тўхтатилган бўлса, 2020 йил 24 мартдан бошлаб карантин амал қилиниши бекор бўлгунга қадар ижара тўловлари ҳисобланмайди.


13. Cудларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сонли Фармони қоидаларини инобатга олган ҳолда, агар 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган давр мобайнида кредит қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ишларни кўришда қарздор томонидан кредит бўйича тўловлар карантиннинг амал қилиш даврида молиявий қийинчиликларга дуч келганлиги сабабли кечиктирилганлиги ва шу сабабли қарздор кечиктириш ҳуқуқига эга эканлиги аниқланганда, арз қилинган талабни қаноатлантириш рад этилиши лозим. Бундай қарор жорий этилган карантин режими қарздорларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатганлиги аниқланганда, қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига жарима санкцияларини ундириш ва ундирувни гаров таъминотига қаратиш тўғрисидаги даъволар бўйича ҳам қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби, Олий суд судьяси

И. Алимов

   


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)