Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳузуридаги Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.11.2020 й. 705-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 10 ноябрдаги

705-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳузуридаги

Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси

маблағларини шакллантириш ва ундан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳузуридаги Пиллачиликни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари хизмат кўрсатувчи банкда очилган тегишли ҳисобварақда жамланади.


3. "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси (кейинги ўринларда - Уюшма) Жамғарма маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари (шу жумладан ипак момиғи) ва хом ипакни (ТИФ ТН коди - 5002 ва 5003) олиб чиқишда ундириладиган йиғимлардан тўлиқ ҳажмдаги тушумлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Жамғарманинг маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

Уюшма бошқарув ходимларининг қўшимча штат бирликларини сақлаш;

Уюшма кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида стажировка ва малака оширишларини ташкил қилиш;

Уюшманинг жорий харажатларини молиялаштириш (мебель, компьютер ва бошқа ташкилий техника ва жиҳозлар, автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ва бошқаларни харид қилиш);

Уюшма таркибидаги ташкилотлар томонидан пилла хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш учун уларга молиявий ёрдам бериш;

Уюшма ходимларини моддий рағбатлантириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, узоқ муддат хизматлари учун ходимларга ойлик маош устамаларини тўлаш;

нархларни индексация қилишни ҳисобга олган ҳолда, овқатланиш ва йўлкира харажатлари, шунингдек, мавсумий тусдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишни қоплаш учун ходимларга қўшимча тўловларни амалга ошириш;

Уюшма ходимлари иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларида ишга жалб этилганлиги учун тўловлар ҳамда бошқа пулли компенсациялар тўлаш;

Уюшмага давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий ва таълим муассасаларининг юқори малакали мутахассисларини, халқаро ташкилотлар ва экспертларни консультант сифатида жалб этиш, шунингдек, тузилган эксперт ва ишчи гуруҳларни мукофотлаш;

Уюшмага малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш ва уларга иш ҳақи миқдори ва бошқа тўловларни тўлаш;

ипакчилик соҳасига оид лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш учун экспертларни (аудиторлар, илмий ходимлар ва бошқалар), шунингдек, халқаро экспертларни жалб қилиш;

делегациялар, меҳмонлар, шу жумладан хорижий делегациялар, меҳмонларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вакиллик харажатлари (тушликлар, кечки овқатларни ташкил этиш, гуллар, эсдалик буюмлари ва бошқаларни харид қилиш) ҳамда меҳмонхона харажатлари;

халқаро йиғилишлар, кўргазмалар, лойиҳалар ва дастурларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатлар;

конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш;

босма нашр маҳсулотларини, электрон дастурлар ишлаб чиқиш, шунингдек, ипакчилик соҳасига оид бланкалар тайёрлаш.


6. Мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси марказий аппарати ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

БОШҚАРИШ


7. Уюшма раиси раҳбарлик қиладиган Жамғарманинг бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда - Жамғарма кенгаши) Жамғармани бошқарув органи ҳисобланади.


8. Жамғарма кенгашининг таркиби Уюшма, Ипакчилик илмий тадқиқот институти, ҳудудий "Агропилла" МЧЖ директорлари ва пиллачилик соҳасидаги бошқа ташкилотлар вакилларидан шакллантирилади ҳамда Уюшма таъсисчилари йиғилишида тасдиқланади.


9. Жамғарма кенгаши ва аъзолари жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.


10. Жамғарма кенгаши:

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган тадбирларнинг устувор йўналишларини белгилайди;

зарур ҳолларда, тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади.


11. Жамғарма кенгашининг мажлиси заруратга кўра чақирилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


12. Жамғарма маблағларидан фойдаланишда келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


13. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 11 ноябрь